Ижодкор Яратганнинг кўзгусидир

Жияним Достонбекка хат ўрнида

Юсуф Расул

Ассалому алайкум Достонбек!
Соғ – саломат юрибсанми?

Шеърлар китобинг чиқаётган экан, бугун онанг айтиб қолдилар. Табриклайман!

Сен анча ақлли йигитсан? Жуда ҳам камтаринсан. Яхшигина шоир бўлсанг ҳам, ҳеч жойда ўзингни шоир деб танитмайсан. Бу жуда яхши.

Аслида шоирлик касб эмас. Шоирман деб мақтаниб юрган одам шоир бўладими? Баъзи бир ёшларни уялмай ўзини шоир деб таништириши мени кулгумни келтиради. Ким уларни шоир дейди?

Мен тўртинчи синфдан шеър ёзишни бошлаганман, лекин ҳеч бир жойда шоирман деб айтганим йўқ. Шоир деб халқ, миллат, одамлар тан олса, шунинг ўзи катта гап. Шоирни шоирлигини унинг ўзи белгиламайди.

Аслида, ижодкор одамнинг оддий одамлардан фарқи уни дунёга, одамларга ва ўзига нисбатан ўзгача қараши, оддий қолипларга сиғмаслиги, ҳеч нарсадан қониқмаслиги, деб биламан. Ижодкор аввало ўзига нисбатан муросасиз бўлади. Ўзини жуда кўп тафтиш қилиб яшайди. Одатдаги тушунчалар ва фикрларга, одат ва анъаналарга нисбатан тоқатсиз бўлади.

Умуман, ижодкор жамиятнинг юзига тутилган Яратганнинг кўзгусидир. Одамлар ижодкор орқали ўзларини танийдилар. Ўзларини ўзлари англаб етадилар. Бу жуда катта фалсафа.

Мана сенга оддий мисол. Умрида бир китоб ўқимаган одам албатта қўшиқ эшитади. Қўшиқда ўз кўнглидаги нарсасини топгандек бўлади. Ишқ, вафо , садоқат, ота – онага муҳаббат мавзуларидаги қўшиқлардан таъсирланади, қайғуга ботади, кўзларига ёш келади. Бу қўшиқлар сўзларини шоирлар ёзган эмасми?

Оддий одам шоирнинг кўнглидан чиққан туйғуларда ўзининг дарду армонлари ифодалангани боис шу ҳолатга тушади. У шоир шеърлари орқали ўз қалбидаги туйғуларни ҳис қилади, ўзини теранроқ англай бошлайди. Ижодкорнинг зиммасидаги масъулият шу боис ҳам жуда улуғдир.

Умуман, шеър ва шоирлик илоҳий ҳолатдир. Шоир ўз дардларини қоғозга тўкар экан, худди оғир юкдан халос бўлиб осмонга кўтарилган улкан шардек елгил тортади. Шоирнинг дардлари, туйғулари юзлаб, балки минглаб одамларга таниш эканлиги сабаби – ижодкор ижод қилиш пайтида кўнгли орқали илоҳий дунёга боғланади. Ғарб файласуфлари кўнгил дунёсини инсоният хотираси жойлашган улкан хазина ёки онг ости оқими дейишади. Ўқувчилар шеър ўқиётганларида нафақат ижодкор қалбига, балки илоҳиёт дунёсига боғланиб қолганликларини сезмайдилар ҳам…

Достонбек, узр шеър баҳона баъзи фикрларимни кенгроқ ифодалашга киришиб кетибман.. Майли, шоир бўлмоқчи бўлсанг шуларни эсдан чиқармасанг бўлгани.

Шоир шеър орқали ўзини ўзи қутқаради. Шеър воситасида у жамиятдан, майда туйғулардан, маънавияти пас, бадбин одамлардан юқорига кўтарилади. Шоир учун энг муҳими шу.

Саломат бўлгин!!!

Швеция. 2016 йил 5 май.

Дўстимга мактуб

Юсуф Расул

Дўстим Ўткирбек!

Сизни мендан озроқ ранжиб ёзган фикрларингизни ўқиб, ўйланиб қолдим. ”Токи мен эсламасам бир йўқламайсиз ҳам….” деб ёзибсиз.

Ҳақиқатдан, олдин менга ёзган хатларингизни ўқиб кўрсам, аксариятида, ҳол – аҳвол сўраб ёзган мактубларингизга жавоб сифатида шунчаки арзимас фикрлар қолдирган эканман. Шу ҳам инсофдами? Ахир болалик кунларим бирга кечган синфдош дўстимга шундай муносабатда бўлиш уят эмасми?

Балки, ишларим кўпдир. Балки истамагандирман… Одатдаги кўнгил сўраш деб ўйлаган бўлсам бордир. Лекин бунинг учун сиз айбдор эмассиз-ку!

Эътибор бераяпсизми? Шу оддий дўстона муносабатларда ҳам албатта ёлғон аралашади. Биз ўзимизни шахсий ҳаётимиз, турмушимиздаги янгиликлар, аҳвол – руҳиятимиз ҳақидаги саволларга истанг- истаманг тўғри жавоб бермаймиз. Кўпинча ҳаётимиз муаммоларга тўлиқ бўлса ҳам, ҳамма ишларимиз яхши деймиз. Соғлигимиз издан чиқиб касалхонада ётган бўлсак ҳам соғ- саломат юрибман, деб ўзимизни ҳам, савол бераётган дўстимизни ҳам алдаймиз. Нега шундай? Нега биз одамлар рост гапиришни билмаймиз ёки истамаймиз? Тўғри гапириш, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ, наҳотки, шу қадар қийин бўлса?!.

Бундай ҳолат бошқаларда ҳам бўлиши табиий-ку! Шундай эмасми? Ким ҳам ”Ишлар қандай биродар?” деган саволга, ”Ишларим жуда ёмон” деб жавоб беради? Менимча ҳеч ким. Жавоб берувчи бундай вазиятда биринчи навбатда ўз ҳаётидаги муаммоларга дўстини аралаштиришни истамайди ёки уни аяйди. Кейин, шахсий ҳаётимда нимаики бўлса ўзимга тегишли, бунинг учун бошқаларни безовта қилиш шарт эмас, деган фикрга бориши мумкин. Бошқа томондан ўзини ношудлигини яшириш мақсади ҳам бор бу ерда.

Муаммога қайси томондан ёндошманг, одамлар ўз ҳаётлари ҳақидаги саволларга жавоб беришар экан, албатта ёлғон гапиришларига гувоҳ бўласиз. Ёлғон – камчиликларни яшириш учун энг қулай восита эмасми? Нафақат бирор шахс, балки катта – катта жамоалар, корхона ва ташкилотлар, ҳатто давлат идораларида муаммоларни яшириш ва йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш учун ёлғон ёрдамга келади. Ёлғон одам болалари учун яшаш усулига айланиб қолган, десам асло ранжимассиз, деган умиддаман.

Дўстим, мени тўғри тушунинг, ҳеч ким ёлғон гапиришни истамайди, лекин ҳамма ёлғон гапиради. Ёлғон гапираётган одам ўзини рост гапираяпман, деб ишонтирмоқчи бўлади. Ўзи ҳам ўзини ёлғонларига гарчанд улар ёлғонлигини яхши билсада ишонгиси келади. Худди Афанди билан содда болалар ҳангомасига ўхшаш ҳолат бу.

Афанди бозордан бир кило ёнғоқ олиб, уйига қайтаётганда, кўчада ўйнаб ўтирган бир тўп болаларга дуч келиб қолади. Уларни алдаш учун қўлидаги ёнғоқларни кўрсатиб: ”Ҳой болалар, нариги кўчада катта ёнғоқ дарахтини қулатишибди. Ҳамма териб олаяпти. Югуринглар”, дебди. Болалар суюнганларидан Афанди кўрсатган томонга чопиб кетишибди. Болаларни қийқириб югуриб кетаётганларини кўрган Афанди, ”Ҳақиқатдан ёнғоқ дарахти қулаган бўлса, мен ҳам қуруқ қолмай”, деб уларни орқасидан чопган экан.

Дўстим, булар шунчаки, оддий фикрлар холос. Балки, мен хато ўйлаётгандирман. Лекин инсон руҳиятини чуқур ўрганган Зигмунд Фрейд бутун умри давомида ўтказган тадқиқотлари натижасида тўқсон тўққиз фоиз одамлар ёлғон гапирадилар деган хулосага келган.Бу ниманинг аломати экан?. Фрейддек буюк руҳиятшунос олимни бундай фикрга келиши боиси нимада? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нега одамлар ёлғон гапиришга уста бўладилар?

Эътибор берганмисиз? Эндигина ёруғ оламга келган мурғак чақалоқ онасини эътиборини тортиш учун албатта йиғлайди. Аста – секин чақалоқда ёлғондан йиғлаш инстинкти кучайиб боради. Сал каттарса ўз хоҳиш ёки истакларини амалга ошириш учун яна ёлғондан йиғлаш усулидан фойдаланади. Кейин эса болалик даврида яна ёлғон фикрларга зўр беради. Турли эртак ва афсоналар ҳам болада ёлғон тасаввурларни кучайтириб юборади. Масалан, ота- оналар ёлғондан йиғлаётган болаларини овутиш учун ”Бўжи”, ”Жўжи”, ”Баба” ”Ялмоғиз”, Жин- ажина”лар каби ҳаётда йўқ ёлғон тимсоллардан фойдаланишади. Бу билан катталар болаларда ёлғон ҳиссини кучайтирсалар, бошқа томондан уларда қўрқув туйғусини улғайтириб борадилар. Руҳияти ва тафаккури ёлғон ва қўрқув натижасида шаклланган ўспиринлар катта бўлганларида бир умр бу туйғулардан воз кеча олмайдилар. Ёлғон ва Қўрқув бир умр уларни таъқиб қилиб юради.

Дўстим, балки сиз, инсон ҳаёти ёлғон асосида қурилмаган, дерсиз. Дунёда Гўзаллик, Муҳаббат, Ҳақиқат каби азалий туйғулар бор ва улар албатта инсонни ёлғон зулматидан қутқара олиши мумкин. Шундай эмасми?

Сиз каби инсоннинг ҳаётдаги асосий мақсади ҳақсизлик, риёкорлик, зулм ва адолатсизликларга тўлиб тошган дунё ёлғонларига қарши курашишдан иборат деб ўйлайдиган одамлар сонмингта. Лекин Ёлғон Ҳақиқатдан устун келса, Нафрат Муҳаббатни енгса, Гўзаллик майда манфаатлар асирига айланса, бундан ортиқ фожеа борми?

Агар диққат билан қарасангиз бир- бирини алдаб яшаётган одамлар, ўз шахсий манфаати учун дўстини сотаётган корчалонлар, сохта сайловлар эвазига ҳокимиятга ёпишиб олган амалдорлар,ўзга сайёралардан келиб қолган одамлар эмас. Улар шу юртнинг, шу заминнинг ёлғонларидан озуқланиб улғайган… Сабабсиз Оқибат бўлмайди, дўстим. Улар Оқибат холос, Сабаб эса биз ўзимизмиз.

Узр, узундан узоқ хат ёзиб сизни анча толиқтирдим. Баъзан, яқин дўстингга кўнглингдаги гапларни айтиб енгил тортасан. Мен ҳам шундай қилмоқчи бўлдим шекилли… Агар ёзганларимда ёлғонлар кўп бўлса мени кечиринг. Гапнинг рости ҳам шу…

Ҳурмат билан дўстингиз ЮР.

Муножот

Юсуф Расул

Гар кетсам бир куни лошимни судраб
Сен мени ёд этма,
Бўлма ҳеч пурғам…
Хотирам уйғонса,
Руҳим нурланар,
Сўнг эслашга мажбур бўларман мен ҳам.
Ўтган кунларимни
Қора тунларни,
Сенинг ҳорғин чеҳранг
Маҳзун кўзингни
Ёдларман
Ҳавода туриб муаллақ…
Ёдларман
”Унутгин!” деган сўзингни…
Яхшиси эслама,
Бўлмагин ғамнок,
Токи унут бўлсин бу дардли очун.
Шунда…
Сени эслаб
Саҳарда туриб,
Йиғларман
ЎЗимни унутмоқ учун…

Шеърият – Ўзликка қайтишдир

Юсуф Расул

…Хайрият адабиёт, санъат каби инсон руҳиятини покловчи, инсон қалбини ваҳший тирикчилик зарбидан асраб турувчи илоҳий неъматлар бор. Йўқса, пул топиш, моддий бойлик тўплаш, фаровон ҳаёт иштиёқида ўзлигини унутиб бораётган одамларга ким ҳам ёрдам қўлини чўзарди.

…Хайрият инсонни Ўзлигига қайтарувчи шеърият бор. Шеър бор…

”Олис қишлоқ қорга бурканиб,
Мўрилари кўкка оҳ урар.
Ташқарида изғирин, онам
Юпунгина, ғам суриб турар…

Балки ўйлар, қор босиб қолган,
Эрта кетган отам қабрини.
Шундай кунда кимга ҳам айтар,
Дил тубига чўккан дардини.

Қор кўп ёққан, синдирмасин, деб
Тиргак қўяр олма шохига.
Лекин ўзи тиргакка муҳтож,
Бўлиб турар гоҳи-гоҳида.

Фарзандлардан ортган ушоқни,
Мусичага тўкар, илиниб.
Қабарган қўл бармоқларининг,
Ёриқлари турар билиниб.

Уйга кирди, чироқ ҳам ўчди,
Қоронғи тун чўкканди, бироқ.
Мунис онам қалби тубида,
Ёнар эди умидли чироқ.”

(Облоқул Мусоев).

Адабиётнинг мақсади инсон қалбини қутқариш эмасми?

Ўзини унутган одамларга Ўзлигини танитгувчи яна нима бор?

Капиталистик тузум сабаб инсоният моддий неъматларга боши билан шўнғиб кетди. Ишлаб чиқариш, бозор иқтисодиёти шароитида одамлар ҳаётида яна пул топиш ва тўкис яшаш иштиёқи ғолиб келди.

Йигирма биринчи асрдаги техникавий тараққиёт ҳаммасидан ошиб тушди. Инсоният тарихида ҳеч бир ижтимоий тузум инсон қалбига бу қадар зулм қилмаган эди.

Борган сари Инсон ўз аслини, Ўзлигини, Ўзининг асл манбаи бўлган илоҳий дунёни унутиб бормоқда. Одамлар ўз турмушларидаги муаммоларни ечаман деб жуда катта муаммога дучор бўлмоқдалар. Бу муаммо Инсоннинг асли, Инсоннинг Ўзи билан боғлиқ муаммодир.

”Олис қишлоқ қорга бурканиб,
Мўрилари кўкка оҳ урар…”

Нақадар таниш манзара… Узун қиш тунлари олис қишлоқ уйлари мўриларидан кўкка ўрлаётган тутунлар одамлар қалби туйнукларидан кўтарилаётган оҳу зорларни эслатмайдими Сизга?!

Совуқдан тош қотган деворлар ичида хаёлга толиб ўтирган муштипар она Ер юзидаги ўзи каби ёлғиз инсонларнинг ғамангиз тимсоли эмасми?

Тўкин ҳаёт албатта бир куни жонга тегади. Ҳаётингизда нимадир камдек, нимадир етмаётгандек туюлаверади. Излаб тополмаётган, кўнглингизнинг туб- тубида яшириниб ётган нарса тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, асло моддий неъматлар эмасдир.

Инсон қалбидаги сирли туйғулар Шеърият воситасида юзага чиқади. Кўнгилга маҳзунлик ҳисларини солувчи шеърларни ўқир экансиз, излаб юрган нимангизнидир топгандек бўласиз. Руҳингиз поклангандек сезасиз ўзингизни. Одамларга, ҳаётга ва дунёга ўзгача қарай бошлайсиз. Шеърият сизни моддий неъматлардан юқорига, қандайдир сирли, илоҳий дунёга ошно қилгани ҳақида эса ўйлаб ҳам ўтирмайсиз.

Аслида қор босиб қолган қишлоқ уйлари мўриларидан кўтарилаётган тутунлар бир воситадир. Хаёл суриш учун, хотирлаш учун, бир дам руҳий ҳаловат топиш учун бир имкониятдир. Мақсад – турмуш ташвишлари ортидан Ўзидан узоқлашган, Ўзлигини унутган одамлар қалбига ойна тутиш, одамларни Ўзини Ўзига танитиш эмасми?

Шеърият Инсонни Ўзини Ўзига ошно қилади. Инсонни Ўзи билан ”гаплаштиради” . Инсонни турмуш ташвишлари ва нафс истакларига берилиб унутиб қўйгани – Ўзлигига қайтаради. Шу боис ҳам чин шоирнинг ва шеърнинг қадри баланддир…

Швеция. 2016.03.21.

Инсонга ўзгача қараш

Мансуралар

Шахсият ва Моҳият

Инсоннинг ташқи кўриниши, унинг ички дунёси инъикосидир.

Ички дунё Инсон Моҳияти асоси бўлса, ташқи дунё Инсон Шахсияти ифодасидир.

Инсон Шахсияти қанчалик етук бўлса, унинг Моҳияти шу қадар мукаммал бўлади.

Шахсият Инсоннинг Ўзидир, Моҳият эса Инсоннинг Илоҳий дунёга тааллуқли руҳий томони.

Фақат мукаммал Шахсият воситасида Инсон ичидаги Илоҳий Дунё, яъни Ўз Моҳияти билан ”дўстлашиши” мумкин.

Шахсиятсиз, оми одамларнинг Илоҳий Дунёга ошнолик иддаолари ўз – ўзини алдаш ва риёкорликдан бошқа нарса эмас.

хххх

Фикр ва Тафаккур

Фикр ва тафаккур Инсон умри ва тақдирини қай томонга қараб ўзгаришида асосий ҳодисадир.

Инсоннинг фикрлаш тарзи ва тафаккури қандай бўлса, унинг ҳаёти ҳам шундайдир.

Ҳар бир кишининг фикри ва сўзларига қараб унинг кимлигини билиш қийин эмас. Фикрлар унинг маънавий қиёфасини ошкор қилиб туради.

Инсон тафаккур орқали Ўзини Ўзи кашф этади. Ўзини Ўзи ”яратади”.

Яхши фикр, Эзгу сўз ва Эзгу амал ҳар бир оила ва жамият учун катта кучдир.

Эзгу фикрдан мосуво жамиятда ёвузликлар кўпаяди.

Яхши фикрли, илм тафаккурли кишилар ҳар бир халқ ва жамият учун асосий халоскор ва эзгу куч ўлароқ фойдалидир.

Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал йўқолган жойда ҳаёт ҳаёт эмас, жаҳаннамга айланади.

хххх

Табиат ва Инсон

Инсоният томонидан яратилган жамийки моддий ва маънавий неъматлар табиатга тақлиддан бошқа нарса эмас.

Айниқса, маънавий – руҳий кашфиётлар табиатдаги бор нарсаларнинг инъикосидир.

Адабиёт, санъат ва турли динлар табиат қаршисидаги Инсоннинг ўз – ўзини ифода этиши жараёнида, айнан шу табиатдан олган кўчирмасига ўхшайди.

Инсон бор экан маънавий қадриятлар яшайди. Маънавият эса Табиатнинг кўзга кўринмас руҳий томонининг инсонда акс этишидир.

Инсон табиатсиз яшай олмагани каби, табиат инсонсиз яшай олмайди.

Инсон табиат ёрдамида ўзини англайди, Ўзини кашф этади. Табиат ҳам ўз навбатида Инсон орқали ўзини ифода этади.

хххх

Ҳаёт ва Шахс

Ҳаёт ва Тирикчилик, Инсон ва Шахс муносабатлари борасидаги баҳс ва зиддиятлар ҳали бери тугамайди.

Ҳаётда яшасангу, лекин Ҳаёт моҳиятини тушуниб етмасанг, Ўзингни Инсон қиёфасида кўрсанг-у, бироқ Инсонлик нима эканлигини билмасанг, бундан-да ортиқ фожеа борми?

Бу Ҳаёт Инсонга Яшаш учун берилган беқиёс имкониятдир. Лекин, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, ҳамиша бу имконият бой берилади. Кунларингиз бесамар ўтади. Ҳаёт кечиришни тирикчилик ўтказиш, кун кўриш воситасига айлантириб олганингизни сезмай қоласиз.

Яшаш учун курашни, тирикчилик ўтказиш учун курашдан қандай фарқи борлигига эътибор бериб ўтирмайсиз.

Ҳаёт кечириш ва тирикчилик ўтказиш бошқа – бошқа нарсалар эмасми?

Яшаш давомида Инсон Ўз – Ўзини англаб етади, Ўз Шахсиятини камол топтиради.

Тирикчилик ва кун ўтказиш учун елиб – югураётганлар ўз шахсиятларини камол топтириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Инсондаги икки хусусият: Инсонлик моҳияти ва Шахс туйғуси тирикчилик исканжасида ўз қадрини йўқотади.

Инсон тирикчилик иштиёқида оила қуради, фарзанд ўстиради, невара кўради.

Насл қолдириш ва фароғат илинжида яшаш ҳар қандай махлуқотларга хос хусусиятдир. Лекин ўз Шахсиятини камол топтириш фақат Инсонга хос фазилат эмасми?

Инсон Инсон ўлароқ, Шахс ўлароқ Инсондир.

Инсонда Инсонийлик туйғуси кучли бўлса, бу унинг оиласи, атрофидаги кишилар учун айни муддаодир.

Ундаги инсонийликдан кўпчилик кишилар баҳраманд бўлишлари мумкин.

Агар инсон Шахс ўлароқ етук бўлса, ундан бутун Миллат, Халқ ва Жамият катта фойда кўради.

Афсуски, Ўз моҳиятига, Ўзлигига эътиборсиз кишилар Ўзларидаги Шахс хусусиятларини унутиб юборадилар.

Инсоннинг Ўзига эътиборсизлиги барча бахтсизликларнинг ибтидосидир.

Ғарб индивидуалликни ёқлаб, бу бахтга эришган бўлса, Шарқ жамоа бўлиб яшашни тарғиб қилиб, инсонда ҳайвоний хусусиятларни кучайиб кетишига йўл очди.

хххх

Туғилиш ва Ўлим оралиғи

Инсон ҳаётидаги энг улуғ жумбоқлардан бири Туғилиш ва Ўлимдир.

Ҳеч ким ўз ихтиёри билан дунёга келмагани каби , Ўзи истаган куни бу ҳаётни тарк эта олмайди.

Демак, инсон ҳаётининг ибтидоси ва интиҳоси унинг ихтиёридан ташқаридаги сирли ҳодисадир.

Лекин, Туғилиш ва Ўлим оралиғида неки мавжуд бўлса, одам болаларининг истак ва хоҳишлари, саъйи ҳаракатлари билан амалга ошади.

Ҳар бир киши мурғак гўдаклик чоғидан Ўзини Ўзи ҳимоя қилиб улғаяди. Унинг Ўзини Ўзи англаб етиши, ШАХС сифатида камол топиши, ҳаётдан ўз ўрнини топишга урунишлари фақат ҳаракат, умид ва интилишлар боис амалга ошади.

Фикрлаш ва Тафаккурдан мосуво одамлар нима сабабдан дунёга келганликларини ва қачон вафот этишларини тушуниб етиш у ёқда турсин, Яшаш ва Инсонлик моҳиятини ҳам англамай бу дунёдан ўтиб кетадилар.

Ҳаёт Туғилиш ва Ўлим оралиғида Инсонга ўзининг Инсонлигини намоён этиши учун энг улуғ имкониятдир. Ҳаётдан олдин ҳам, Ўлимдан кейин ҳам бу имконият йўқ.

хххх

АҚЛ ва Худо

Инсон ўз ҳаракатлари маҳсулидир, дейишади. Ҳаракат, интилиш, илм ва тафаккур йўқ жойда фаол ҳаёт кечириш, бир инсон ўлароқ яшаш имконсиз.

Ниманидир ўрганиш ва билиш инсон ҳаётининг асл моҳиятидир. Бунинг учун АҚЛ инсонга энг яхши ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. ”Мен фикрлаш учун яшайман”, деганда Киркегард бу дунёда тафаккур қилиш қанчалик муҳим неъмат эканлигини назарда тутган эди. Лекин ақл , тафаккур инсонга дўстми ёки ғанимми, деган азалий саволга ким жавоб бера олади?

Ақл инсонни тўлақонли бахтли қила оладими? Нега ақли бор одам ҳамиша ўзини бахтсиз, ёлғиз ҳис қилади. Нега у ҳамиша ғам ғуссалар ичида яшайди? Нега ақл ва тафаккурдан мосуво, руҳий бемор ва девона кишилар бу дунёнинг ташвишлари ҳақида ўйлаб бош қотиришмайди? Улар ақли бор кишига қараганда минг чандон бахтли эмасмилар?

Гегел ёзадики, одамлар таъқиқланган АҚЛ дарахти мевасини еганларидан кейин худди яратувчига ўхшаб фикрлайдиган бўлдилар. Ўртадаги сир кўтарилди. Ҳамма яширин нарсалар аён бўлди.

Бу эса Яратувчи ғазабини қўзғаши аён эди. Одам авлодлари АҚЛ туфайли жаннатдан бадарға этилдилар. Улар энди ўз ақлларини ЎЛИМ воситасида Яратувчига топширмас эканлар, келган жойларига қайтиб боролмайдилар.

АҚЛ инсон ва Худо ўртасидаги тўсиқдир.

Ақл дарахти мевасини еган Одам Ато Яратувчидан – асл ҳақиқатдан узоқда яшашлари учун ўз авлодларига ақл ва билимни мерос қилиб қолдирмаганмикан?

хххх

Ақидапарастлик ва тафаккур

Динлар инсоният учун яшаш тарзини кўрсатиб берувчи тайёр андозалар, яшаш учун бир қолипдир.
Инсоният ҳаётининг мазмуни – Худо яратиб берган тартиб бўйича яшаш…
Фикрлашга, тафаккур қилишга ҳожат йўқ.

Динлар инсондаги гуноҳкорлик туйғусини кучайтиради, айбдорлик ҳиссини юксалтиради. Гуноҳкорлик, гуноҳ учун жазодан қўрқиш ва гуноҳдан қутилиш учун белгилаб берилган тайёр андозалар бўйича яшашга маҳкумлик, инсонда фикрлаш ва тафаккур қилиш имкониятини йўқолишига сабаб бўлади. Киркегард айтганидек ”диний догма бошланган жойда тафаккур қилиш туйғуси ўз- ўзидан йўқолади”.

Ўзларини ”Худо ихтиёри”га ташлаб қўйган, ўз тақдирлари, келажаклари учун курашмайдиган, тайёр андозалар бўйича яшашни одат қилиб олган фикр ва тафаккурга лаёқатсиз минглаб ақидапараст кишилар инсоният ҳаётига фақат зарар келтиришлари мумкин, холос.

хххх

Гуноҳкорлик туйғуси

Гуноҳкорлик туйғуси инсонни бир умр таъқиб этади.
”Биз ҳаммамиз гуноҳкор бандалармиз” деган туйғу ҳар бир кишининг онгу шуурига маҳкам ўрнашиб олган.
Умр давомида одам боласи бу туйғудан воз кечолмайди.

Йиллар ўтган сари инсонда гуноҳкорлик ҳисси улғайиб бораверади. Ўлим қаршисидаги қурқув бу туйғуни баттар кучайтиради.

Диний ақидалар ҳам гуноҳкорлик ва ўлим қурқувини баттар оловлантиради.

Инсон умри гуноҳкорлик исканжасида ҳавога совурилиб кетади.

”Ўзингизни гуноҳкордек ҳис қилманг”, дейди бир донишманд.
”Сиз гуноҳкор эмассиз” .

Айбдорлик туйғуси боис инсонларни бир қолипга солиб туриш осон. Айбдорлик тамғаси билан сизни осонгина қул қилиб олишлари мумкин. Гуноҳкорлик туйғусини рўкач қилиб ҳаётингизни барбод қилишларига йўл қўйманг.

Сиз гуноҳкор эмассиз.
Биз гуноҳкор эмасмиз.

Гуноҳкорлик туйғуси инсон руҳиятига ташланган қафасдир…

хххх

Тушда ҳақиқий ҳаёт бор

Туш кўрсам ўзимни кўраман. Ўзим ўзимга тикиламан. Худди хаёл каби узоқ узоқлардан кўринаман ўзимга.

Уйғонсам ўзимни унутаман.

Туш ҳақиқий ҳаётга ўхшайди. Уйғоқлик эса ҳаётнинг акси, тескарисидек гўё.

Ҳаёт, тирикчилик ва инсоннинг ўзи ҳаракатлар натижасида пайдо бўладиган воқеъликдек. Тушда эса ҳаракат йўқ. Вақт муаллақ қотиб қолгандек.

Тушда инсон руҳий дунёда кезиб юради. Уйғонгач у дунёни эслай олмайди.

Тушга эътибор бермайдиганлар ҳақиқий ҳаётдан узоқлашиб кетган одамлардир.

Тушда биз ўтмишимиз ва келажагимиз билан учрашамиз.

Тушда олдинги ҳаётимиз ва жисм дунёсидан кейинги умримиз давомини яшаймиз…

2015 йил. Швеция.

Парижга йўл

Юсуф Расул

Ҳикоя

…Йўлларда туман…Анча вақтки бу қадар кўнгилга яқин сафар бўлмаган. Олдимизда Дания, Олмония, Нидерландия, Бельгия каби мамлакатлар. Сўнг Франция. Париж…

Биз Парижга борамиз. Орзулар шаҳрига…

“Дадажон…Ўзимни англаб етгач сизни тушуна бошладим. Нима десам экан, туйғуларимни сўзда ифодалай олмайман…” Läs mer

Менинг қалбимдаги ватан

yrkievЮсуф Расул

Нега мен ўз Ватанимни севаман?

Мен Тожикистоннинг Панжакент туманидаги Сўжина қишлоғида туғилиб ўсганман. Ўзбекистонда халқаро журналистика бўйича таҳсил олдим. ББС, “Америка овози” каби нуфузли халқаро радиоларда ишладим. Тақдир тақозоси билан 2006 йилдан буён Швецияда яшаяпман. Шу мамлакат фуқаросиман. Мамлакатда энг қудратли Социал демократлар партияси аъзосиман. Швеция ва Европа Иттифоқи доирасидаги халқаро жараёнларда иштирок этаман. Европа халқлари турмуш тарзи, маданияти ва сиёсий ҳаётидан етарлича хабардорман. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро анжуманларда кўп қатнашганман. Халқаро Амнистия ташкилоти аъзосиман. БМТ ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари аҳволи билан яқиндан танишман. Бундан ташқари журналистика билан мунтазам шуғулланаман. Адабий жараёнларда иштирок этаман. Дўстларим кўп. Ҳаётимдан нолимайман.Ҳамма нарса етарлидек гўё. Лекин менга ҳамиша бир нарса етишмайди. Нимадир камлик қилади. Мен буни ҳар лаҳза ҳис қилиб яшайман. У – ватандир, ватан СОҒИНЧИДИР. Läs mer

Узбекистан: принудительный контроль рождаемости

Малик Бобоев, Галима Бухарбаева, Юсуф Расулов из Андижана и Ташкента. IWPR
(Опубликовано в интернет-газете ”Нхвигхтор” http://www.mizinov.net/articles/?artid=8786)

Безобидная и даже полезная, на первый взгляд, программа планирования семьи на поверку оказалась массовой принудительной стерилизацией.

Под благовидным предлогом заботы о здоровье матери и ребенка в Узбекистане самым жестоким образом нарушаются права женщин. Им насильно делают гистерэктомию и вживляют противозачаточные средства. Таким образом власти пытаются снизить рождаемость и контролировать рост населения страны. Läs mer

Таэквон-до бўйича жаҳон чемпиони “диний экстремист”га айланди

13.04.05 01:59

Тошкент шаҳар маҳкамаси ваҳобийликда айбланган таэквон-до бўйича жаҳон чемпионига эълон қилинган ҳукмни ўз кучида қолдирди – ҳуқуқ ҳимоячилари бу жиноят иши соҳталаштирилганига ишонишади.

Сешанба куни 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган таэквон-до бўйича жаҳон чемпиони Элмурод Нурохунов ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апеляция коллегияси туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирди. Коллегия раиси Шониёз Шораҳмедов ҳукм тўғри чиқарилганини маълум қилди.
Бу борада Нурохуновнинг адвокати ўз ҳимояси остидаги кишига қўйилган айблов ўз исботини топмаганини, унга нисбатан очилган жиноий иш тўла сохталаштирилганини айтди. Läs mer