Kategoriarkiv: Шеърлар

Муножот

Юсуф Расул

Гар кетсам бир куни лошимни судраб
Сен мени ёд этма,
Бўлма ҳеч пурғам…
Хотирам уйғонса,
Руҳим нурланар,
Сўнг эслашга мажбур бўларман мен ҳам.
Ўтган кунларимни
Қора тунларни,
Сенинг ҳорғин чеҳранг
Маҳзун кўзингни
Ёдларман
Ҳавода туриб муаллақ…
Ёдларман
”Унутгин!” деган сўзингни…
Яхшиси эслама,
Бўлмагин ғамнок,
Токи унут бўлсин бу дардли очун.
Шунда…
Сени эслаб
Саҳарда туриб,
Йиғларман
ЎЗимни унутмоқ учун…

Умид

Юсуф Расул

Ёмғир ёғар эди шивирлаб, бесас,
Ҳали ухлар эди табиат сархуш.
Гўёки уларга қарши, басма бас,
Уфқларга қараб учарди бир қуш.

Булутлар қоплаган, қорайган осмон,
Ёришаркан аста беҳис, умидсиз,
Бир қуш учар эди уфққа томон
Қанотларин қоқиб кўкда тинимсиз.

Бир қуш учар эди ёвқур, мардона,
Писанд қилмай шамол, ёмғир, дунёга.
Бир қуш учар эди кўкда – ягона,
Интилиб ҳув олис тонгга, зиёга.

Сентябр, 2012.

Узундир зулм тунлари…

Юсуф Расул

(Андижонлик қочқинлар шеърларини ўқиб)

Бу сўзлар кўнгилнинг тубидан кўчган
Зулматни ёритган митти бир чўғдир.
Бу сўзлар адолат томондан манфур
Зулмга, золимга отилган ўқдир.

Булар оддий сўзлар эмас шунчаки,
Қирғин, қатағондан кўтарилган дод.
Ёлғонлар пардасин ёриб чиққандек
Андижон томондан ўрлаган фарёд. Läs mer

Қудрат Бобожонга

ЮР

Мана, ботмоқдадир умр шоми ҳам,
Қайтмоқда кўзларга ғам, алам, қайғу.
Осмондай бир кўнгил бердинг, Оллоҳим,
Бироқ бир кичкина сўзга сиғмас у.

Киприкдаги ёшдек омонат бу жон,
Қабоқлар юмилар – келмоқда уйқу.
Осмондай бир кўнгил бердинг, Оллоҳим,
Бироқ бир кичкина кўзга сиғмас у.

Дўстим Алишер Соипов хотирасига

Юсуф Расул

Билмам қай манзилни ихтиёр этдинг,
Жуда тез келдингу жуда тез кетдинг.

Шунчалар шошилинч эдими ишинг?!
Шунчалар кўпмиди сени ташвишинг?!

Чақмоқдек ёндингу, чақмоқдек ўчдинг,
Борлиқ қолиб нега йўқликка кўчдинг?!.

Сени соғинганми эди ё тупроқ,
Сени соғинганми эди ё фироқ?!.

Қайдан билган эдинг умр сарватин?
Қайдан билган эдинг яшаш санъатин? Läs mer

Юрак

July 31st, 2009

Мўътабар Тожибоевага

Юрак, мени чорла яна олдинга,
Унутма, ғам юки писандмас бизга.
Агар сен ёнмасанг тугайди умр,
Агар сен ёнмасанг ожизман сўзга!

Қаршимизда турар тўзғиган туман,
Келарми ғамларни аритгувчи он!?
Сен ёнсанг – тўзонлар тинади бешак,
Сен ёнсанг – булутлар тарқайди ишон! Läs mer

Ўлсам унутарман…

Юсуф Расул

(Онам Садбарг Абдураҳмон қизига)

1

Мени ёдга солар кўзингдаги ёш,
Эслайсан, дуолар қиласан мулзам.
Шеърларим дилингда, бўлмагай одош,
Орзуинг – доимо ёнинггда бўлсам.
Унутгани қўймас шафқатсиз йиллар,
Унутгани қўймас, қишлоқ, тор кўча.
Унутгани қўймас мен юрган йўллар,
Унутгани қўймас афсункор кеча.
Мени ёдга солар мавҳум қўшиқлар,
Йўловчи қушларга термуласан жим.
Қалбингда бир йўл бор, олди тўсилган,
Қўлингда сарғайган хат бордир ғижим. Läs mer

Севги тили

Юсуф Расул

Исмат Хушевга

Сен эмасми умидимга берган қўш қанот!?
Сен эмасми кўзларимда порлаган ҳаёт?!
Сен эмасми зор умримга бахш этган нажот!?
Қалбим, сендан ҳали қарзим кўп менинг…

Сен эмасми ошно этган умримга зийнат?
Сен эмасми дилга солган ишқдан фазилат!?
Сен эмасми илҳом берган илоҳий хилқат!?
Қалбим, сендан ҳали қарзим кўп менинг… Läs mer

Ўтди Сулаймон Мурод

June 7th, 2008

Юсуф Расул

Ўтди Сулаймон Мурод – орқага қайтармикан?
Халқини озод кўрмоқ розини айтармикан?

Қалбида тўлиб тошган халқ ишқи, ватан дарди,
Покиза бу инсондан хотира – қайдлармикан?

Ёниб ўтди самандар қуш мисол бу очундан,
Ҳаёти ёзилмаган илоҳий байтлармикан?

Жимгина ўтиб кетди борса келмас ёқларга,
Билмадик, ҳаёт чоғи бетакрор пайтлармикан?

Бахтиёр Ҳасанга

Юсуф Расул

Юрак оғир тошдир-кўтармоқ душвор,
Вужудинг -ёмғирдан ивиган тупроқ,
Тоқат қила олмас – чўкар тобора
Кўкрагингга ботган абадий фироқ.

Туманли, қуёшсиз, мубҳам йўлларда,
Сендан паноҳ истар чўкиб ётган тош.
Сен эса яшайсан ўзингдан айро,
Юрак оҳларига беролмай бардош. Läs mer