Юсуф Расул
Дўстим Рустам Қобилга.
Сундсвал – қуёш шаҳри. Нарёғи Тимра – икки дарахт шарафига қўйилган мафтункор маскан. Европа шимолидаги бу икки шаҳар юрагингга яқин. Биринчи келиб тушган жойинг. Худди ўз ватанингдек – қадрдон ва азиз.
Бу ердагилар шимол ва жанубликларга ажратилади. Жанубда аҳолининг асосий қисми яшаса, шимолда, бор – йўғи ўн фоизга яқини истиқомат қилади. У ерда ҳаёт қайнаса, бу ёқда ўлик сукунат ҳукмрон. Лекин, бу жимликда ҳам ҳикмат кўп. Тинчлик, хотиржамликка нима етсин!.
Яна хаёллар… Сенга шунақа ҳаёт керакмиди? Ўзинг истамаганмидинг осуда бир жойни? Бу ерда фақат хаёл суриш мумкин. Ўйлайсан, фикрлайсан… Ҳеч ким сенга хаёл суришдек руҳий лаззатни тортиқ этолмайди. Ҳеч ким сендан бу бахтиёрликни тортиб ололмайди ҳам. Айниқса тун бўлса, ўзинг билан ёлғиз қолсанг, бу сукунат қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини юрак- юракдан ҳис қиласан. Ҳаёлларингни ўзгалардан қизғанасан. Уларни руҳ тўлғонишлари, руҳнинг осмону фалакка парвози деб биласан. Жисминг ерда, руҳинг хаёллар билан бирга самода парвоз қилиб юради. Хаёллар сени одам қадами етмас юксакликларга олиб чиқиб кетади. Қайтиб тушгинг келмайди. Läs mer →