Dagsarkiv: oktober 16, 2012

Умид

Юсуф Расул

Ёмғир ёғар эди шивирлаб, бесас,
Ҳали ухлар эди табиат сархуш.
Гўёки уларга қарши, басма бас,
Уфқларга қараб учарди бир қуш.

Булутлар қоплаган, қорайган осмон,
Ёришаркан аста беҳис, умидсиз,
Бир қуш учар эди уфққа томон
Қанотларин қоқиб кўкда тинимсиз.

Бир қуш учар эди ёвқур, мардона,
Писанд қилмай шамол, ёмғир, дунёга.
Бир қуш учар эди кўкда – ягона,
Интилиб ҳув олис тонгга, зиёга.

Сентябр, 2012.