Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар

Муаллиф ҳақида: Баҳодир Файз 1971 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йил Тошкент Давлат университетига ўқишга кирган.
Қайта қуриш йилларидаги норасмий гуруҳлар ҳаракатида фаол иштирок этган.

1993 йил Туркияга бориб, Бурса шаҳридаги Улуг Тоғ университетига ўқишга кирган. 1994 йил Ўзбекистон ҳукумати Туркияда таҳсил олаётган талабаларни мухолифат аъзолари билан яқинлашишда айблаб мамлакатга қайтишни талаб қилган.

Бу “қора” рўйхатда Баҳодирнинг ҳам номи бор эди. У ўзини хавф хатар кутаётган Ватанига қайтмасликка қарор қилгач, Истамбулда тазйиққа учрайди: Ўзбек режими фатвоси билан стипендиядан маҳрум қилиниб, ётоқхонадан қувилади.

Кўп ўтмай ўқишдан ҳам ҳайдашади… Лекин яхши одамларнинг ёрдами билан бир оз вақтдан сўнг яна университетга тикланиб, ўқишини муваффақиятли якунлашга муваффақ бўлади. Лекин таъқиб ва тазйиқлар авж олган Ватанга қайтиш имкони бўлмагани боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. 1999 йил БМТнинг қарори билан Америка Қўшма Штатларига келиб, Пенсильвания штатида яшай бошлайди.
У ҳозир Поинт Парк Моррис коллежида илмий иш билан банд. Уйланган, бир қизи бор…

****

Сўзбоши ўрнида

Советлар давридаги ва Горбачёвнинг қайта қуриш йилларидаги ўзбек мухолифати тарихи тадқиқотчилар томонидан ҳали ўрганилмаган. Бунинг обьектив сабаблари бор: авторитар тузум бунга йўл қўймайди! Ҳали ҳануз “Эрк” газети ва ё ўзбек мухолифати ҳақидаги бирор хориж муаллифи китобини ўқиганлиги учун одамлар 10-15 йил қамоқ жазосига ҳукм этилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Мухолифат ҳақида хорижда китоблар чиққан. Мен бу матнларни ёзарканман, улардан фойдаланиш билан бирга ўз ҳаётий кузатишларимга ҳам суяндим. Совет империяси умрининг сўнгги даврларида бевосита ўзим кўрган ва гувоҳ бўлган воқеа, ҳодисалар, сиёсий лидерлар ҳаёти ва фаолиятини баҳоли қудрат акс эттиришга ҳаракат қилдим.

Ўзбек мухолифати ҳали мухолифат номини олмай туриб тузилган эди. У илк бора Ўзбекистонда ижодий зиёлилар тарафидан дастаклангани ва шакллангани ҳеч кимга сир эмас. Ижод аҳли, зиёли ва адабиётчилар ўша қайта қуриш йилларида Совет Иттифоқининг деярли барча республикаларидаги мухолифат ҳаракатларига етакчилик қилганлари бугун ҳаммага маълум. Лекин ўша пайтлар ҳеч қаерда бу куч Ўзбекистондагидек миллий ҳаракатга ва қудратга эга бўлолмаган эди.

Шу маънода истеъдодли шоир Муҳаммад Солиҳни мазкур миллий ҳаракат раҳнамоси десак муболаға бўлмас.

Америкалик тадқиқотчи Руф Диблер ёзади: “Масаланинг эътиборга молик томони шундаки, бу даврда сиёсий курашнинг йўлбошчиси бўлиб ижодий зиёлилар майдонга чиқа бошладилар. Бу ҳол собиқ Иттифоқ республикаларининг деярли барчасида содир бўлди ва бу халқларнинг миллий ўзлигини таниб, қадриятларини ўрганиш борасидаги жасоратли ҳаракатларига асос бўлиб хизмат қилди. Бу ҳаракат – миллий халқлар бирлигининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Ўзбекистонда ҳам айнан шундай бўлди. Бунда, сўзсиз Муҳаммад Солиҳнинг ҳиссаси беқиёсдир.” (“literature and Politics: Moohammad Salih and Political change in Uzbekistan from 1979 to 1995″ Ruth Diebler, Indiana University, 1996)

Ёзганларимни ўқиркансиз, Муҳаммад Солиҳ фаолиятига оид қайдларга кўп маротаба дуч келасиз. Зотан, агар шундай қилмаганимда, эҳтимол бу китоб ёзилмаган бўлармиди. Негаки, ўзбек мухолифати фаолияти бу ном билан ниҳоятда уйғунлашиб кетган. Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Бу – ҳаётий ҳақиқат!

Ўзбекистонда асосан икки сиёсий мухолифат ташкилоти мавжуд: “Эрк” ва “Бирлик”. Бу уюшмаларнинг ҳар иккаласига ҳам, истаймизми йўқми, Му?аммад Солиҳ асос солган.

“Эрк” ва “Бирлик” номи билан айни ташкилотлар Туркистон ва Повольже ўлкасида жадидлар томонидан 1910 йилларда ташкил топган. Лекин бу тарихий номларнинг асл моҳияти билан ўшанда ҳеч ким қизиқмади. Фақат хориждагина Муҳаммад Солиҳ бу борада ойдинлик киритиб, нима сабабдан ташкилотлар учун айнан шу номлар танланганини шарҳлаб берди. Унинг фикрича, бу номларнинг ўшанда шарҳланиши одамларни “Жадидий устунлиги” “джадидовской преемственностью” билан чўчитиб қўйиши мумкин эди.

Негаки, 1988 йил “Бирлик” ташкил топаётганда мамлакатда бу қадар эркин сиёсий фаолият юритиш, ҳур фикрни баралла айтиб, шунга мос бўлган жадидчиликдай ёрқин бир миллий ғоя тарфдори бўлишга ҳали бир оз вақт бор эди… Бу икки ташкилот ҳукумат тарафидан 1993 йилдан эътиборан тақиқланади. Худди шу вақтдан бўён бу икки ташкилот лидерлари ҳам хорижда, муҳожирликда. Яқинда, “Бирлик” ҳукумат томонидан тан олиниб, расмий сиёсий мақом олармиш деган гап чиқиб ?олди. Айни пайтда, мухолифатнинг асосий қисми бўлмиш “Эрк” ҳақида ҳеч нима дейилмаган… Назаримда, ҳукуматнинг бу “танлови” билан Каримовнинг террорга қарши бирга курашган шериги бўлмиш америкаликлар ҳам розига ўхшайди. Нега энди “Бирлик” кутилмаганда Каримов режими учун хавфсиз бўлиб қолди-ю, “Эрк” ҳануз улар учун хавфли бўлиб, даҳшат солиб турибди?

Бу саволга тўғри жавоб топиш учун мухолифат тарихини чуқур ўрганиш керак… Бу китоб менинг шу борадаги баимкони қудрат бир ҳаракатимдир. Мен китобни ёзар эканман, ҳалол мушоҳада юритиб, воқеаларга имкон қадар холис муносабат билдиришга ҳаракат қилдим. Ҳолбуки, сен ўзинг ёзаётган воқеа – ҳодисаларнинг фаол иштирокчиси бўлсанг, адолат посангиси бирор томонга оқиб кетмаслигига кафил бўлолмасанг ҳам…

Куртаклар.

1984 йил ўзбек зиёлилари учун оғир келди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг янги идеология секретари Раъно Абдуллаева ўзбекларни миллат сифатида ажиб бир синовдан ўтказа бошлади. У Москванинг (Андропов) кўрсатмасига асосан халқимизнинг миллий, маданий ва диний қадриятларига қарши кураш йўлига ўтди.

Абдуллаевани “хомо советикус” тарбиячиларининг энг сўнггиси ва “ислом фундаменталистлари”га қарши кураш пионерларидан бири деб аташ мумкин. Худди ана шундай хавотирли бир дамда “53 кишининг хати” дунёга келди. Бу Ўзбекистонлик 53 нафар ёш ва истеъдодли шоир ва ёзувчиларнинг Сиёсий Бюро аъзоларига йўллаган норозилик мактуби эди.

Хатда Ўзмарказқўм котибасининг халққа қарши сиёсати ҳақида сўз юритилганди. Мактуб Кремлга 1985 йилнинг бошларида жўнатилган бўлиб, жавоб май ойида – энди Горбачёв маъмуриятидан келган эди. Лекин жавоб шикоятчиларга эмас, балки Абдуллаеванинг ўзига келди. У исёнкор ёш ёзувчиларни Марказий Қўмитага чорлаб, уларни тўғри йўлга ўтишга ундади, лекин унинг бу ҳаракатлари самарасиз қолди. Фақат уч кишигина ожизлик қилди. Лекин хатга имзо чеккан 56 кишидан 53 нафари ўзларида инқилобий руҳ сезиб, ёзганларидан тонмадилар. Ана шу жасоратли 53 киши Ўзбекистоннинг келажакдаги миллий озодлик ҳаракатига асос солди.

“53 кишининг хати” Муҳаммад Солиҳ томонидан ёзилган эди. Абдуллава тузган “қора рўйхат”да ҳам бу ном биринчи ўринда турарди…


Табиат мусаффолиги учун кураш

Ижодкор зиёлиларнинг илк мухолиф чиқишлари “Атроф муҳит тозалиги ва табиат мусаффолиги учун кураш” деб номланган эди. Эмин Усмон, Дадахон Нурий ва Муҳаммад Солиҳ каби ёзувчилар экология, қуриётган Орол ва ўзбек аёлининг соғлиги муаммолари хусусида қатор ўткир чиқишлар қилишди. Муҳаммад Солиҳнинг мақолалари Москва нашрларида ҳам чоп этилгани боис у анча машҳур бўлиб кетди. Ҳали Иттифоқ таркибида бўлган ҳамма ижодкорлар ҳам бундай дадилликка журъат қилолмас эди. Боз устига Муҳаммад Солиҳнинг ғарб стилидаги шеърлари ҳали вери унга бу қадар катта обрў келтирмаган бўлиб,унинг шеърларини расмий адабий танқид сирли ва мубҳам, ҳеч ким тушунаолмайдиган ва халқни йўлдан урадиган, миллатга қарши шеърият деб баҳолаган эди. Лекин бир оз синчков мухлис унинг шеърларидаги ажиб пардаларга ўралган ва миллат дарди билан йўғрилган тузумга қарши мухолифликни англаб олиши мумкин эди. Масалан, ҳали турғунлик пайтларидаёқ у шундай сатрлар битган эди:


Бўм-бўш қўллар

Нақадар зерикарли далалар –
пахтасиз!
Осмонга анграяр бўм-бўш чаноқлар,
Деҳқоннинг бўм-бўш панжаси каби!
Бўм – бўш қўллар…

1975 йил.

(“Ёшлик баёзи”альманахи, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва саньат нашриёти. Тошкент шаҳри).

Бир оз шеърий мушоҳада юрита оладиган ҳар қандай одам ҳам бу топишмоқ (ребус) сатрлар мазмунида пахта уни етиштираётганларники эмас деган яширин фикр борлигини англаб олиши мумкин эди…

Мен бир пайтлар интернет баҳсларида “ҳукуматпараст” жамоат арбоби Марат Зоҳидовнинг Совет давридаги Муҳаммад Солиҳ ижоди символикасини ипидан игнасигача таҳлил қилишга уринган мақолаларини ўқиган эдим. Муҳаммад Солиҳ ижодидаги мавҳумлик ва миллатга қаршилик ҳақидаги совет тарғиботчиларининг афсоналари қанчалик тутириқсиз бўлса, унинг қайта қуриш йилларидаги ижодини, ёзган мақолаларини миллатчиликка йўйиш ҳам шунчалик бемаънилик эди. Ўз ижодининг ўта сиёсийлашганига изоҳ бераркан, Муҳаммад Солиҳ шундай дейди: “Мен узоқ вақт сиёсатдан ҳазар қилиб, “ғоявий шеър ёзган”ларни калака қилиб келдим. “Буюк Октябрь” ва ё “Порлоқ келажак” ҳақида куйлаганларни эса умуман жиним суймасди. Бутун ижодим давомида принцип нуқтаи назаридан бирор марота ҳам “Ленин”, “социализм” ва “коммунизм” сўзларини ишлатмадим. Мен соф ижод билан шуғулланишни афзал билардим. Масалан, 1980 йилларда мен “ижодни ўзинг учун рақсга тушиш, ўз ички дунёнгга назар ташлаш, ўзинг куйлаб ўзинг тинглаш” санъати деган ақидага амал қилардим…”

( «Ёшлик» журнали. 1981йил, Иброҳим Ҳаққулов билан суҳбатдан).

Лекин ўша – 1980 йилда ёзилган бошқа бир шеърида, менинг қарашларимдан қатъий назар, баъзан “соф шоирона” бўлмаган сатрлар ҳам бор эди:

Сўзларни яратиб
уларга бўйсунамиз бир куни.
Ҳар кимнинг бўйнида осилиб турар
маълум ҳарфлардан ташкилланган сўз.
Дейлик, “Аҳмад” деса уйғонмайман мен,
уйғонмайман “Тошмат” деб ҳайқирсалар ҳам =
Исмимни билса ҳам момоқалдироқ
уйғота олмайди мени ҳеч қачон!

Ўйлаб кўринг энди, нақадар қийин
бутун халқни уйғотмоқчи бўлган доҳийга.

1980

– Бу сатрлар фақат санъат маҳсули десак тўғри бўлмас. Булар кўпроқ ритм ва ё қофияга туширилган сиёсий декламация десак тўғрироқ бўлар… (“Muhammad Salih in Turkish and Western Press, Ankara, “Berikan” -2001 p.388)

Бир сўз билан айтганда, саксонинчи йилларнинг ўрталарида ўзбек зиёлилари биз тилга олганимиздек, нафақат табиат, атроф муҳит ва экология учун, балки соф идеология учун ҳам кураш олиб борганига гувоҳ бўлдик. Лекин бу пайтда ҳали ҳеч ким орадан қандайдир 5-6 йил ўтиб, дунёдаги энг буюк идеология етакчиси – Совет Иттифоқи қулашини тасаввурига ҳам келтиролмас эди…


Ёзувчилар уюшмаси

“53 кишининг хати” дан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳукуматга норасмий мухолифатда бўлган кучларнинг марказига айланиб қолди. 1986 йилдаёқ ёш ёзувчилар йигирманчи йилларда репрессия қилинган ёзувчиларни оқлаш ва уларни реабилитация қилиш масаласини кўтарган эдилар. Ҳолбуки, бу масалани кун тартибига қўйиш у пайтларда тақиқланган эди. Лекин шунга қарамай у кўтарилди ва жараён давом этарди. Репрессияга учраганлар ҳақида секин аста кекса ёзувчилар ҳам гапира бошладилар…

1988 йил Ёзувчилар уюшмаси тарихда биринчи маротаба ўз котибларидан бирини коммунист бўлмаганлар орасидан сайлади. Бу котиб – Муҳаммад Солиҳ эди. Бу сайлов ва танлов – Ёзувчилар уюшмасининг Коммунистик партия идеологияси маркази сифатидаги фаолияти инқирозининг бошланиши эди! Энди Ёзувчилар уюшмаси олдида Ўзбекистон миллий ҳаракати марказига айланишдек шарафли вазифа турар эди…

СИЁСАТ

1988 йилнинг 11 ноябрь куни шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасановнинг уйида “Бирлик” Халқ ҳаракатига асос солинди. Юқорида айтганимиздек, бу халқ ҳаракатининг бошида Муҳаммад Солиҳ турар эди.

Қайта қуришнинг дастлабки йилларида ёзувчилар, ўз касбларидан келиб чиққан ҳолда, сиёсий ўйинларда ҳали тажрибасиз ва ғўр эдилар. “Бирлик” раҳбариятига халққа умуман таниш бўлмаган ва омма орасида номи чиқмаган кишиларни сайлаб катта хатога йўл қўйишади. Ҳатто ўз сафдошлари орасида “антикоммунист” номини олган Муҳҳаммад Солиҳнинг атрофини ҳам асосан коммунистлар ўраб олган эди. Ажабки, шахсан Муҳаммад Солиҳнинг таклифи ва талаби билан кейинчалик “Бирлик” таназзулига жуда кўп ҳисса қўшган Абдураҳим Пўлатов унинг раҳбари этиб сайланади. Мазкур миллий ҳаракат ветеранлари ҳануз Муҳаммад Солиҳга буни маломат қилиб келадилар. Абдураҳим Пўлатов Кибернетика институтининг илмий ходими бўлиб, унинг директори бўлишни кўнглига тугиб келарди. Фақатгина бу орзунинг амалга ошишида институт директори Восил Қобулов тўсқинлик қиларди, холос. Пўлатов ўз директори устидан “фақат ўзбекларни ишга олувчи миллатчи” деб Москвага шикоятлар ёзиб ҳам натижага эришаолмагач, “Бирлик” норасмий гуруҳлари сафига ўтади. Агар ҳукумат уни ўша пайтлар директорликка тайинлаганида эди, у “ўзбек тили тарафдорлари” га қарши “Бирлик” сафида “ўзбек тили учун” қандай курашган бўлса, худди шундай кураш олиб борган бўларди…

Ўша йиллардаги сиёсий жараёнларни кузатган америкада чиқадиган “Уолт Стрит Жорнал” газетасининг махсус мухбири Питер Гамбел шундай деб ёзади: “Ўзбек жамиятининг янгиланаётганига яна бир мисол шуки, яқинда “Бирлик” халқ ҳаракати вужудга келди. Биз бу ҳаракат билан КПСС партиясига кризисдан чиқишида кўмак бермоқчимиз”, – дейди биз билан суҳбатда КПСС аъзоси Абдураҳим Пўлатов… (Peter Gumbel, The Wall Street Journal, 28.06.1989)

Пўлатов, гарчи компартияга ёрдам берамиз деган бўлса ҳам, лекин ҳеч қачон унинг ғояларига ишонмаган. Лекин партияга аъзо бўлиш учун умрининг ажойиб дамларини ва анчагина пулларини сарф қилган. Чунки партиясиз бўлса, раҳбарликни орзу қилган умри давомида ҳеч нарсага эриша олмаслигини, ҳаётини хор-у зорликда ўтказишини яхши биларди. Эҳтимол шунинг учун ҳам партияга кириши ниҳоятда қийин бўлгандир. Бунинг учун киши ниҳоятда манфур ва фирибгар бўлиши керак шекилли. Пўлатовнинг кутилмаганда қарама қарши лагерга ўтиб кетиши ҳеч кимни ажаблантирмади. Чунки ўша пайтда компартия Ватани бўлмиш бутун Россияда шунақа парокандалик руҳи ҳукмрок эди. Ҳолбуки, Пўлатов партия сафидан чиқмади. Атайлаб чиқмади, кор эҳтиёт учун… Ҳатто уни партия сафидан ўчирмоқчи бўлганларида бирликчиларни уюштириб, ўз ҳимояси учун норозилик намойиши ҳам ўтказди. Ҳолбуки,у раҳбарлик қилаётган “Бирлик” аслида компартия ва унинг сиёсатига қарши кураш учун ташкил этилган эди…

Пўлатов “Бирлик”да ёзувчиларнинг соясида юрарди ва кўп ўтмай соядан чиқиш учун Ленинча метод – иғво ва шантаж ёрдамида уларнинг ўзларига қарши интригаларни бошлаб юборди. Аслида, “Бирлик”ка асос солган ёзувчилар ва кейинчалик уларга келиб қўшилган коммунистлар феълу, табиатлари бўйича бошқа бошқа кишилар эди. Ўзбек махсус хизматлари ёзувчилар билан коммунистик мафия орасидаги бу табиий тафовутдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Лекин Абдураҳим Пўлатовни ҳеч бир гувоҳ ва асоссиз “у КГБ нинг агенти” десак адолатдан бўлмас. Назаримда у табиатидаги интриганлик ва провакаторлик боис КГБ нинг “Бирлик”ни бўлиш ва парчалаб тугатиш мақсадига мос тушгандир. Негаки, у “Бирлик” раиси бўлган заҳотиёқ бу миссияни шараф билан адо этишга киришган эди…

Пўлатов “Коммунистик ҳокимият билан келишиш борасида” ким у билан якдил бўлмаса ҳаммани айблаб, мағзава тўка бошлади. Уларни ҳатто “Халқ ҳаракати душманлари” дейишгача бориб етди. Ўша пайтларда ашаддий коммунистлар бир юмалаб ашаддий антикоммунистларга айланиб қолишар ва коммунистларга қарши толмас курашчиларга айланишарди. Вазият шу даражага бориб етдики, ҳатто бир намойишда Пўлатовнинг навбатдаги провакациясидан руҳланган оломон Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига бориб ўт қўйишига оз қолди… Муҳаммад Солиҳ коммунистларни қириб йўқ қилиб ташлашга мутлақо қарши эди. У бу ҳақдаги нутқида шундай деган эди: Коммунистлар осмондан тушган бошқа ирқ эмас. Улар орамиздан чиққан сиз билан бизнинг жигарларимиз, ака опаларимиздир. Биз улар билан бирга яшаб, мустақиллик насимларини ҳам бирга баҳам кўришимиз лозим!”

КГБ эса аллақачон Москвадан ажралиш иштиёқида бўлган ижодий зиёлиларга қарши кенг фронт бўйлаб кураш олиб бораётган эди. Бу яширин кураш “Ҳақиқатгўй Муҳаммаднинг икки қиёфаси” номли мақола (20 декабрь, 1988-йил, “Правда Востока” газетаси. Муаллифлар: Ю.Кружилин, И.Хисомов) эълон қилингандан сўнг очиқ ойдин расмий тус олди. Унда Муҳаммад Солиҳни пахта монокультураси ва Москва мустабидлиги ҳақида Американинг “Нью-Йорк Таймс” газетасига берган интервьюси учун нақ Ватан хоини даражасига чиқариб қўйишган эди…

”Нью-Йорк Таймс” даги интервью

“Нью Йорк Таймс” газетаси ёзади: “Унча катта бўлмаган бир гуруҳ ўзбек ёзувчилари гуруҳи, иқтисодчилар ва расмий доиралар Ўзбекистон пахта плантациялари Москва қарамлиги остида эканлиги масаласини кўтариб чиқа бошладилар. Шоир ва Ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, барча фожеалар Сталиннининг мамлакатни пахта мустақиллиги билан таъминлаш ҳақидаги кўрсатмасидан сўнг бошланган. СССРнинг бу “мустақиллиги” Ўзбекистоннинг қуллиги эвазига пайдо бўлди…” (The New York Times, 06.11.1988, Bill Keller)

1998-йилда бу гапларни айтиш жуда хавфли эди. Агар шу гапларни айтган Муҳаммад Солиҳ мабодо КПСС аъзоси бўлганида эди, у ўша заҳотиёқ партия сафидан ҳайдалган бўларди. Лекин, афсуски, Муҳаммад Солиҳ КПССга аъзо эмас эди ва уни Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдашга қарор қилишди. Навбатдан ташқари Пленум чақиришди, лекин йиғилиш уни котиблик вазифасига муносиб деб топди.Энди КГБ тарғиботдан амалий ишга ўтиша бошлади. Чунки унга ҳамкор ва ҳамфикр бўлган норасмий ташкилот ва унинг “қайта қуриш” шарофатидан маст бўлиб юрган йўлбошчиси Пўлатов хизматга доим тайёр эди. КГБ “Пўлатов гуруҳи”нинг (Кейин маълум бўлишича уларнинг аксарияти КГБнинг штатсиз ходимлари экан) жирканч ниятларини амалга оширишда актив ёрдам бера бошлади. Охир оқибатда КГБ шу йўл билан тобора оммалашиб бораётган халқ ҳаракатини тамомила парчалаб, йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

Маҳаллий турк-месхетинларига қарши уюштирилган иғвогарлик ҳаракатлари КГБнинг мафия билан уюштирган дастлабки ҳамкорлиги самараси эди. Ўшанда ҳукумат бунга дастлаб “Бирлик”ни айблаб чиқди. Лекин воқеа жойига етиб келган Муҳаммад Солиҳ ҳукуматнинг бу айблови асоссиз ва бўҳтон эканини ўша куниёқ “Литературная Россия”да ёзиб чиқди. Репрессияга бу гал йўл очилмади. Лекин КГБ бу билан ҳам қаноат қилмай, энди фожеа содир бўлиши лозим маконни яқинроқдан – Ғазалкентдан топди. Бу ерда ўша “яроқсиз ва ўтмас қурол” – Пўлатовдан фойдаланилди. У ўша жойга бориб, халқни очиқ ойдин исёнга, қўзғолонга чорлади. Шундан сўнг ҳукумат маъмурлари митингларни тақиқлаб, Тошкент вилоятидаги фаол “Бирлик”чиларни ҳибсга ола бошладилар. Лекин Пўлатовга тегинишмади. (Мухолифатнинг бошқа лидерларидан фарқли ўлароқ Пўлатов бирор маротаба ҳам ҳукумат томонидан ҳибсга олинмаган…)

Бу Горбачёвнинг “қайта қуриш” йилларидан бўён амалга оширилган биринчи репрессия эди. Оломоннинг кайфиятини яхши ҳис қила билган КГБ унинг фидойилигидан ҳам фидойи ҳамкасбларига қарши яхши фойдалана билди…

Пўлатовнинг “Радикализм”и унинг оломонга ёқиш истагидан келиб чиқади. Буни нафақат “Бирлик” раҳбарлари, балки хорижлик кузатувчилар ҳам эътироф этишади: “Пўлатовнинг машҳурлиги унинг зиддиятли характери ва халққа ёқишга бўлган кучли хоҳиш ва истагидан иборат худбинлик натижасидир”,деб ёзади Билл Фиерман. (Сentral Asian Survey, Vol. 10. No 3. Bill Fierman p. 57 )

Масалан, Муҳаммад Солиҳнинг кутилмаганда “миллатчи” бўлиб қолган коммунистларни тартиб ва инсофга чорловчи чақириқларини КГБ оммага “халқ ҳаракатига хоинлик” деб тағиб эта бошлади. Бу жирканч ишни ҳам “Пўлатовчилар” оғзи билан амалга оширди…

Бу миллий лидерни обрўсизлантириш йўлидаги янги уриниш эди. Лекин бу гал уни икки йил олдингидек халққа хоинликда эмас, балки энди ҳукумат билан тил бириктиришда айблашди.
Муҳаммад Солиҳ шундай деган эди: “Лидер оломон ортидан эмас, аксинча, оломон лидер ортидан юриши керак. Шу боис “Бирлик” раҳбарларини оломон истакларидан қатъий назар, қон тўкилиши олдини олишга чақираман”.

КГБ эса унинг бу сўзларини ёзувчилар орасида ўзича шарҳларди: “Кўряпсизми, йўлбошчиларингиз энди митинг ва намойишга қарши. У Каримовга сотилиб, уйли жойли, машинали бўлиб олди. Унга энди барҳам бериш керак!”

Кетиш

Машаққатли сиёсий курашнинг турли кирдикорларидан безган Муҳаммад Солиҳ парда орти ўйинларида уқувсиз бўлгани боис маълум муддат четга чиқишга қарор қилди.

Бу ҳақда унинг ўзи шундай деб ёзади: “Мен Миллий Ҳаракат Президиумининг 17 аъзосидан бири эдим. Биринчи таъсис Қурултойи ва унда “Бирлик” раиси сайлангандан сўнг унинг фаолиятида деярли иштирок этмаганман. Вақт бўлмаган. Ёзувчилар уюшмаси ишлари билан тамомила банд эдим. Котиб бўлганим боис ҳар куни публицистика ёзиш, одамлар – студент ва олимлар, ўқитувчи ва шифокорлар билан учрашувларга борар, улар билан мулоқотлар олиб борардим…
Ўша йилларда мен шеър ёзишни тамомила йиғиштирдим. Одамлар йиллар давомида ерга қадалган нигоҳларини ниҳоят қўрқмай баланд баландларга, кўм кўк осмон қаърига қадашлари менга шеъриятдан-да буюкроқ ажиб бир руҳ, ушалиши муқаррар ажиб орзу бахш этган эди.

Аслида айнан шу муқаддас орзуни йўқотмаслик учун ҳам мен “Бирлик”дан кетишга аҳд қилган бўлсам не ажаб! Ҳар қалай шундай бўлса керак. Ҳар қалай деганимнинг боиси шуки, бунинг бошқа сабаблари ҳам бўлган ва мен бу сабаблар ҳақида ўтган йилларда ҳам айтганман. Бугун бу гап сўзлар айтлганига етти йил бўларкан, “Бирлик”дан кетишимнинг сабаблари сиёсий эди деган жиддий важларим энди ўзимни қаноатлантирмаётгандек гўё. Одам озод бўлишни истаб қолади гоҳи ва кетишга қарор қилади. Тамом вассалом! Мен ўзимнинг ўша пайтлардаги ҳолатимни “Бирлик”даги дўстларим айнан шундай контекстда кўришлари ва тушунишларини истардим….

Аслида эса бунинг сабаблари қуйидагича эди: 1989 йилнинг август ва ё сентябрь ойлари менинг кабинетимга “Бирлик” Президиуми аъзоларимдан бир нечтаси келиб ҳаракат раиси Абдураҳим Пўлатовдан шикоят қила бошлашди. Мен уларга Пўлатовнинг ўзини ҳам чақиришларини, бировнинг орқасидан эмас, балки олдида ҳамма гапни айтишлари лозимлигини айтдим. Лекин улар бу масалани у билан муҳокама қилишни исташмади. Республикадаги жуда кўп нуфузли кишилар айнан Пўлатовнинг қўпол муомиласи учун ҳаракатдан кетаётганларини айтишди…

Аслида Пўлатовнинг Ҳаракат раислигига номзодини мен кўрсатган ва унинг сайланиши учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилган эдим. Буни “Бирлик”даги ёзувчилар, унинг таъсисчилари яхши билишади. Шу боис ҳам мен шикоят қилиб келганлар олдида Пўлатовни ҳимоя қилиш баробарида қайсидир маънода ўзимни ҳам ҳимоя қилаётган эдим…

Раисни ёқтирмаганлар сафи кундан кун ортиб борар эди. Бир кун кутилмаганда Ҳаракат Президиумииниг бирваракайига тўрт аъзоси агар у вазифасидан олинмаса, истеъфога чиқишларини маълум қилишди. Мен Пўлатов билан суҳбатлашиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мен ундан одамлар тинчлангунга қадар маълум муддат четга чиқишини илтимос қилдим. У мени тушунгандек ва рози бўлгандек бўлди. Пўлатовнинг ёзувчилар уюшмасидаги кабинетимдан чиққанига ярим соат бўлар бўлмас ҳузуримга сафдошларим янги хабар билан келишди: Каримов Муҳаммад Солиҳ билан келишиб, Пўлатовни олиб ташлашга кўндирибди. Мен бундай иғво ва шантаждан лол қотиб қолдим…

“Муҳаммад Солиҳ “Бирлик” раҳбарлигини забт этмоқчи” деган навбатдаги иғводан сўнг мен ҳеч қачон “Бирлик” раислигини даъво қилмайман деган тантанали қасамёд билан ариза ёздим ва ўз фаолиятимни амалий иш билан давом эттириш ниятида Ҳаракатдан чиқдим…(“Muhammad Salih in Turkish and Western Press” Аnkara, “Berikan”-2001 pp. 388- 396)

Бу ҳаракатларнинг барчаси КГБ нинг пухта ишлаб чиқилган режаси асосида мухолифатни парчалаб ташлаш ва янчиб йўқ қилиш умидида қилинган эди. “Бирлик”даги КГБ чилар гуруҳининг ҳатти ҳаракатлари оқибатида кўп ўтмай, яъни 1989 йилнинг охирига келиб, унинг сафида “Бирлик” ка асос солган кишилардан деярли ҳеч ким қолмаган эди. Муҳаммад Солиҳдан сўнг барча ветеранлар секин аста “Бирлик” Ҳалқ Ҳаракатини тарк эта бошладилар…


“Эрк” пайдо бўлиши

ЭРК партияси ўзининг биринчи Қурултойини 1990 йилнинг 30 апрелида чақирган эди. Ҳукумат бу янги партия тимсолида мухолифатдаги ўз иттифоқчисини кўришни орзу қилган эди. Лекин Муҳаммад Солиҳнинг Қурултойдаги маърузаси ҳукуматнинг бу орзуларини чиппакка чиқарди. Бу мутлақо янги Дастурдаги янги партия экани ва кўп эмас, оз эмас – мамлакат мустақиллиги йўлида йўлбошчи бўлишга жазм этгани маълум бўлди!
Муҳаммад Солиҳ маърўзасини ўқиб тугатаркан маҳаллий мухбирлар ҳам, Москвадан келган журналистлар ҳам баб-бараварига, худди буйруқ берилгандек Қурултойни тарк этишди. Эртайиси куни эса Ўзбекистонда ташкил топган янги сиёсий партия ҳақида ҳеч қаерда ҳеч қанақанги хабар чоп этилмади…

Мустақиллик Декларацияси

Америкалик тадқиқотчилар Надия Дьюк ва Адриан Каратницкий “Тhe hidden nation” номли китобда 1989 йилги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги вазиятни шундай таърифлашади:
“Ёзувчилар уюшмасининг секретари Муҳаммад Солиҳ ўзбек халқининг хоҳиш иродасидан келиб чиқиб, унинг кўнглида чўкиб ётган дард-у, ташвишларини ҳукуматнинг истагига қарама қарши бўлса-да, ошкор ва ифода этувчи озодлик куйчиси эди: “Мен юртимизда юзага келган экологик фожеа билан пахта яккаҳокимлиги ўртасида узвий ва ажралмас бирлик ва боғлиқлик борлигини бугун ошкор айтмоғим лозим. Биз бу қуллик ва мутеълик оқибатида нафақат ерларимиз ва бойлигимиздан, балки халқимизнинг соғлигидан ҳам жудо бўлмоқдамиз” – деган эди у.
Мамлакатнинг янги сайланган биринчи секретари Ислом Каримов ҳақида эса илк маротаба шундай фикр билдирган эди: “Каримов анчайин демократик қарашларни ифода этмоқда. Кўрамиз. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари нечоғлик самимий экан. Ҳозирча яхши кунлардан умид қиламиз, холос.
Зотан, бизнинг умид қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ…” (“Тhe hidden nation”, 1990, Nеw Yorк, William Morris and Company INC)
1989 йил Муҳаммад Солиҳ учун халқ ичига кириш, унинг дарду ташвишларига шерик бўлиш йили бўлди десак муболаға бўлмас. Ажаб, табиатан камгап, одамлар эътиборидан ҳамиша ўзини четда тутиб туришга ҳаракат қилувчи йигит, кутилмаганда, ўзида одамлар билан мулоқотга интилиш фазилатини кашф этди. У шеърларида айтаётган нарсаларни одамлар тушуна бошлаганини кўриш ва ҳис қилиш идроки унга ажиб бир завқ бахш эта бошлаганди. Масалан, озодлик ҳақида….
Айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг янги раҳбари Ислом Каримов ҳам оммавий-сиёсий жараёнларга тезлик билан мослаша борди. Хусусан, у ўзининг собиқ ўриндошлари Иномжон Усмонхўжаев ва Рафиқжон Нишоновлар каби сиёсий популизм ўйинларига ҳам жуда тез суръатлар билан эриша олди. У раҳбарликка сайланган заҳотиёқ, зудлик билан республикадаги барча халққа таниқли бўлган шоир ва ёзувчилар, олиму уламоларни ўз ҳузурига чорлаб, ўзбек халқининг бахту саодати учун улар билан ўла ўлгунча ҳамкорлик қилишга “тантанали” қасамёд қилди…
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом Каримовни биринчи бор учратган одам у ҳақда илиқ таассуротга эга бўлади. Бу самимий ва дилкаш кишига хайрли ва савоб ишларни амалга ошириш чоғи кимдир ҳамиша халақит қилаяпти деган мулоҳазага боради киши. Соддадил ва ишонувчан одамларни чалқитадиган айнан ана шу алдамчи фазилатидан у ҳамиша максимал даражада фойдаланиб келди…
Каримов, ўзининг ибораси билан айтсак, ҳеч қачон “ўзига хос ва ўзига мос” янги дастур ва лойиҳалар яратиш ва ё ўйлаб топишга вақт сарфламаган. У бу ғоя ва кашфиётларни ўз рақибларидан шундоққина олиб, уялмай-нетмай, ўз номидан бемалол ишлатаверган. Унга ҳеч ким эътироз билдиролмасди. Чунки, эътироз билдирувчи барча воситалар унинг ўз қўлида эди…
“Wall Street Journal” номли матбуот нашри мухбирлари 1998 йилнинг 31 август кунги “Central Asia’s emerging fase’s” номли мақолаларида шундай ёзган эдилар: “Солиҳ жаноблари билан Ислом Каримов жаноби олийлари эски танишлардир. Муҳаммад Солиҳ Горбачёв раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарганида мустақиллик ва пантуркизм ғоялари кашфиётчиси эди. Каримов эса, бунинг акси ўлароқ, Ўзбекистон Компартиясининг саркотиби ва айни пайтда Москванинг республикадаги – “Московский сатрап”и, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак – “исковуч ити” эди. Бироқ, Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Каримов Муҳаммад Солиҳнинг баъзи бир пантуркизм ғояларига ўзини мослай бошлади”.
Дарҳақиқат, Каримовнинг суюкли шиори бўлмиш – “Туркистан – бизнинг умумий уйимиз” Муҳаммад Солиҳнинг саксонинчи йиллар сўнггидаги нутқларидан сўзма сўз кўчирилган. Фақат Муҳаммад Солиҳ ўз шиорининг ҳаётийлигига ишонарди, Каримов эса – йўқ. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, у бир пайтлар ўз умрини бахш этган коммунистик ғоялар устидан қанчалар кулиб, масхаралаган бўлса, бу шиордан ҳам шунчалар ор қилгани аниқ. Ажабки, унинг ўз қўшниларига бўлган агрессив ва ножўя ҳатти-ҳаракатлари оқибатида Туркистон энг аввал Каримовнинг, шундан кейингина эса бошқаларнинг “умумий” уйи бўлиши мумкин экан…
1990 йили Каримов Республика Олий Мажлиси (Парламент) га аъзо бўлиш учун атиги беш фоизгина коммунист бўлмаганларга рухсат берди. Ана шу озчилик орасида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Каримов аслида шу йўл билан Муҳаммад Солиҳ раҳнамо бўлган мухолифатни ўз тарафига оғдириб олишни мақсад қилиб қўйган эди. Лекин унинг бу нияти амалга ошмади. Депутатлик мандатини қўлга киритган Муҳаммад Солиҳ энди ўзини олдингидан ҳам эркинроқ ҳис эта бошлади. У ҳатто Совет Иттифоқидан ажралиш ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлади…
Режим таҳликага тушиб қолди.
1990 йилнинг 20 июнида Олий Кенгаш ўз йиғилишини Мустақиллик Декларацияси ҳақидаги баҳс ва тортишувлар билан бошлади. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов эса Олий Кенгаш залининг шоҳона пардалари ортига яшириниб олди. Худди шу муборак кунда Каримовнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, ўзбек
Парламенти “Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси”ни қабул қилди.
Декларация “ЭРК” партияси томонидан тайёрланиб, парламентга тақдим этилган эди.
Ўзбекистондаги русийзабон аҳоли «ЭРК” ка нисбатан “руслар ҳаракатига қарши” деган фикрда эди. Аслида эса «ЭРК” янги бош кўтараётган сиёсий гуруҳлар орасида “Ўзбекистонда руслар иштироки” масаласида энг мўътадили эди…
“Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси” қабул қилингандан сўнг Америкада чиқадиган “Балтимор Сан” газетаси шундай деб ёзган эди: “Июнь ойида Марказий Осиёдаги бу улкан давлат ўз мустақиллигини эълон қилди. Аксар кишиларнинг фикрича бу демократик ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бунинг оқибатлари эса нима билан тугаши эса номаълум. Миллатчилик руҳидаги диктатор тузуми ўрнатиладими? Ёки Ғарб давлатларидагидек демократия ва ошкоралик бўладими? Ва ё инқилоблар – этник, фуқаролик урушларими? Ўзини зиёли сановчи “ақл бошлар” 1966 йилги зилзилани бошидан кечирган , айни пайтда эса хусусийлаштирилган эски шаҳар тарафдаги ошхоналарнинг бирида қўй гўштидан тайёрланган кабоб-шашлик устида айнан ана шундай долзарб масалалар устида бош қотирардилар…
– Биз эртага нима бўлишидан хавотирдамиз,- деди Олий Кенгашнинг ўша пайтдаги раиси Мирзааҳмад Олимов,- миллатчилик тиқини (джин национализма) шишадан чиқарилди, энди уни ортга қайтариш мушкул…
Олимов жаноблари Коммунистик партияга яқин одам. Ундан хафа бўлмаса ҳам бўлади…
– Бизнинг халқимиз пахта плантациялари қулига айлантирилди, – деди “ЭРК” партияси лидери, шоир Муҳаммад Солиҳ: “Биз русларга айтдикки, агар тенг ҳуқуқли бўлса, марҳамат, биз билан яшайверинг. Ҳолбуки, республикада ҳамма яхши иш жойлари русларга берилган бўлиб, маҳаллий ўзбек кадрлари ишсиз эди…” (Scott Shane, The Baltimor Sun, 30.09.1990)


ПАРОКАНДАЛИК

Бу пайтга келиб фақатгина Литва ўз мустақиллигини эълон қилишга улгурди, холос. Бошқа республикалар эса ҳали бу даражага етолмаган эдилар. Республика Олий Кенгаши Мустақиллик деклорациясини фавқулодда қабул қилган куниёқ қаттиқ ваҳимага тушган Каримов ўша куниёқ Андижонга жўнаб кетган эди. У Москванинг бу воқеага муносабатини ўша ердан кузатишга қарор қилди. Тошкентда эса ҳамма Мустақиллик Декларацияси расман эълон қилинишини интизорлик билан кутар эди. Бироқ на телевидения ва на радио ўша куни бу хусусда бирор бир хабар эълон қилишмади. Фақатгина Москвадаги “Время” дастуридан «Ўзбек парламентида содир бўлган воқеа” ҳақида қисқагина маълумот берилди, холос. Шунда Муҳаммад Солиҳ Премьер Министр Шукрилло
Мирсаидов билан боғланиб, Парламент қарори зудлик билан эълон қилинмаса, пойтахт кўчаларида оммавий норозилик митинги бошланишини айтиб, пўписа қилди. Шу заҳотиёқ Каримов Солиҳга телефон қилиб, яқин орада мустақиллик ҳақида расман эълон қилишларини билдирди.
Ниҳоят эълон ҳам қилишди. Фақат, эртайиси куни. Ўшанда ҳам Декларация матни шундай таҳрир этилган эдики, гўё Ўзбекистон Иттифоқ бирлигига, агар у яхшилаб «янгиланса”, қарши эмас эмиш… Ана холос! Бу – халқ вакиллари қабул қилган қарорга тамомила зид нарса эди. Бир сўз билан айтганда бу – бориб турган сотқинлик эди!


РЕФЕРЕНДУМ

Москва Совет империясининг тез суръатлар билан таназзулга юз тутиши боис қаттиқ ваҳимага тушиб, республикаларга баъзи автономиялар бериш билан уни қутқармоққа беҳуда урина бошлади. Ҳолбуки, бу пайтга келиб парчаланиш тобора жадаллашиб борар, уни сақлаб қолишнинг сира иложи йўқ эди. Лекин шунга қарамай, «чиқмаган жондан умид» деганларидек, 1991 йилнинг март ойида “Янгиланган Социалистик Республикалар Иттифоқи учун” (За Обновленный Союз Социалистических Республик) мавзусида Референдум белгилашди.
“ЭРК” партияси Иттифоқни сақлаб қолишга қарши овоз беришга қарор қилди. Партия раҳнамоси Муҳаммад Солиҳ аразлардан кейин биринчи маротаба «Бирлик” штабига келиб Референдумда кучларни жамлаб, “бир ёқадан бош чиқариб” ҳаракат қилиш таклифини билдирди. Пўлатовдан бошқа ҳамма унинг асосли таклифига рози бўлиб, “ЭРК” нуқтаи назарини маъқуллашди. Лекин барибир якдил ҳаракат қилинмади. «Бирлик” раҳбарияти Референдум бўйича қарор қабул қилишни истамади. Унинг аъзолари эса мустақил фаолият юритиб, Референдумда «ЭРК”чилар билан бирга “қарши” овоз беришди…
Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) қабул қилган дастур бўйича “Янгиланган Иттифоқ учун” (За Обновленный Союз) нафақат республика раҳбарлари, балки норасмий гуруҳ ва ташкилотлар ҳам овоз бериши керак эди. Бу ўша пайт учун жуда муҳим эди. Бу СССР нинг лигитимлиги, ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак, қонунийлигини сақлаб қолиш учун жуда зарур эди.
Мустақиллик учун курашаётган Муҳаммад Солиҳ гуруҳига қарши ўлароқ Пўлатовлар Совет Иттифоқини сақлаб қолган ҳолда демократия учун курашар эдилар. Улар: «Агар Ўзбекистон мустақил бўлса, демократия бўлмайди” деган фикрни илгари сургандилар…
Бу КГБ ўйлаб топган мустақиллик кўриниши ”модель независимости” эди. Айнан шунақа “кўриниш” ҳақида Пўлатовлар гуруҳи 1989-йилнинг охирларидан гапира бошлаган эдилар: “1989 йилнинг октябрида 9 нафар “Бирлик”чи ташаббуси билан Ҳаракат номидан чиқарилган Декларацияда, Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий масалалардаги Иттифоқ олдидаги масъулияти Федерация асосида, иқтисодий соҳаларда эса конфедерация асосида белгилаб қўйилган эди.” (Central Asian Survey, Vol.10. No.3, p.63)
Шу билан бирга кўпчилик, мустақилликни қўлга киритгандан сўнг маҳаллий диктаторлар ўз сарҳадларини демократиялаштиришга қаршилик қилишларини ҳам яхши билишарди. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳ ҳам гапирган эди: “Биз икки зулм ва исканжа остида яшаяпмиз – буларнинг бири Москва бўлса, иккинчиси – маҳаллий ҳокимиятдир. Ҳар қалай, аввал асосий зулмкор – Москвадан қутулиш керак. Кейин эса ўзимизнинг – маҳаллий зулмдан қутиламиз”.
Айнан шу Баёнот Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) нинг тизим ва структуралари томонидан Муҳаммад Солиҳни ҳукумат билан тил бириктиришда айблаш учун асос бўлиб хизмат қилди. Ундан кейин эса, Пўлатовларнинг “ЭРК” партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳга қарши олиб борган бутун «мухолифатдаги фаолияти”нинг асосий мазмуни, мақсад ва вазифасини ташкил этди.
Одатда совет кишиси маълум ва машҳур бир одам атрофида мунтазам ва уюштирилган ҳолда олиб борилган тазйиқ ва таъқибдан сўнг, истайсизми, истамайсизми, бу ерда КГБнинг қўли борлигини беихтиёр сезиб қолади. Айни пайтда мени ҳам баъзи дўстларимиз нохолисликда айбламасликлари учун чет эл матбуотида чоп этилган мана бу далилларни келтириб ўтмоқчиман: “1990 йилнинг баҳорида Муҳаммад Солиҳ биринчи маротаба Америка Қўшма Штатларига келганида «Туркистон” жамияти унга гўёки “Бирлик” учун деб компьютер совға қилган эди. Ҳолбуки бу пайтга келиб Солиҳ аллақачон «ЭРК” ни тузган эди. Эҳтимол шунинг учунми, ҳар қалай Тошкентда, КГБ ёрдамида, яна уни “Бирлик” ка берилган совғани ўзлаштиришда айблай бошлашди”.
(Сentral Аsian Survey, Vol.10. No 3, p 71 )
Бу миш-мишларни ҳам айнан ўша Пўлатов тарқатар эди.

ДАВЛАТ ТЎНТАРИШИ (ПУТЧ)

Мулозимлар Совет Иттифоқини ҳеч қанақанги «янгиланиш” лар сақлаб қололмаслигини англаб етганларидан сўнг, бир нечта юқори мартабали «оташин йигитлар” давлат тўнтариши ясаб, шу йўл билан “империя”ни сақлаб қолмоқчи бўлишди. Лекин бу уриниш мағлубият билан якунланди. “ГКЧП” деб ном олган бу хунта атиги уч кунгина ҳукм сурди, холос.

Бироқ шу қисқа муддат ҳам совет кишилари ва раҳбарлари учун яхшигина синов бўлди десак муболаға бўлмас. Бу қалтис вазиятни Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ҳам бошидан кечирди. Ўшанда Ҳиндистон сафарида бўлган Ўзбекистон раҳбари самолёт бортидан хунта раҳбари Янаевга табрик телеграммаси йўллаб, ГКЧП қарорларини тўла қўллаб қувватлашини маълум қилди.

Премьер Министр Шукрилла Мирсаидов эса барча матбуот нашрларига ГКЧП ҳужжатларини зудлик билан эълон қилиш топшириғини берди. Телевизордан сўзлаган депутатлар эса, Москвани ишонтириб, улар бошлаган иш Тошкентда аллақачон ўз самарасини бера бошлаганини башорат қилдилар…

“ЭРК” партияси 1991 йилнинг 19 августида Ўзбекистонда ГКЧП га қарши чиққан ягона сийсий ташкилот эди. Унинг бу борадаги Мурожжат ва Баёнотини чет эл матбуот воситалари бутун дунёга эълон қилди.

“Эрк”чилар бу масалада аслида “Бирлик” билан қўшма Баёнот қилишни мўлжаллашганди. Лекин Пўлатовни Тошкентда топишолмади. Кейин маълум бўлишича у ўша куниёқ Бишкекка жўнаб кетган экан…

Худди шу вазиятда “Эрк” фавқулодда съезд чақириб, ҳукуматдан Март Референдуми боис бекор қилинган Ўзбекистон Мустақиллигини зудлик билан қайта тиклашни талаб қилди.
“ЭРК” съездидан роппа роса беш кун ўтиб йиғилган Олий Кенгаш сессияси Ўзбекистон Мустақиллигини қайтадан эълон қилишга мажбур бўлди…

Михаил Горбачёв ҳокимиятга қайтгани билан, унда энди олдинги салобат ва салоҳият йўқлиги ҳаммага аён эди. Унинг атрофида эмин эркин ўралашиб юрган бир одам бор эди ва у ўзини энди бутун Кремлнинг соҳибидек тутарди. Унинг исми Ельцин бўлиб, воқкалар ривожи ҳам ўз мантиқий якуни сари елиб борарди…

Ўзбек мухолифати эса «ЭРК” тимсолида ўз орзу умидларининг рамзи ўлароқ – мамлакат мустақиллигига эришиш онлари яқинлашаётганини ич ичидан аниқ ҳис этиб турарди. Бу кутилгандан ҳам жуда тез содир бўлди. Ғарб тадқиқотчилари ўша дамларни шундай таърифлашади: ”1990 йилнинг февралидан “ЭРК” партиясига асос солган Муҳаммад Солиҳ иқтидордаги тузум ичида ўз мақсади сари дадил ҳаракат қилаётган лидерлардан бири эди. Лекин бизнинг 1991 йил сентябридаги учрашувимиз Солиҳ фикрларининг бир оз эволюционлашганини кўрсатди: “Ўзбекистоннинг тўлиқ мустақиллигига эришмай туриб на иқтисодий, на маданий ва на бошқа озодлик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, деди у.” (N. Diuk & A. Кaratnycky. New Nation Rising. New York, 1991, p186)

“НОРАСМИЙЛАР” НИНГ РАСМИЙЛАШУВИ

1991 йилнинг сентябрига келиб “Эрк” ва “Бирлик” Ўзбекистон адлия вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтказилди. “ЭРК” ка бир маротаба телевидения орқали расмий мухолиф партия сифатида чиқиш қилишга рухсат беришди. “ЭРК” газетаси чиқа бошлади. Қисқа фурсатда унинг тиражи 100 минг нусхадан ҳам ошиб кетди. Бу Ўзбекистон шароитида мисли кўрилмаган ҳол эди. Ислом Каримов худди совет давридаги каби Парламентда Президент қилиб сайланди. Энди Президент сайловининг бу эскирган усулини янгилаш лозим эди.

Ҳамма умумхалқ сайлови бўлишини орзу қиларди. Халқ кўтаринки бир руҳда эди. Каримовнинг тақдири Президент сифатида ҳануз Парламентга боғлиқ эди. 1991 йилнинг Октябрида бир гуруҳ депутатлар собиқ бош вазир Шукрилла Мирсаидов раҳбарлигида Каримовни олиб ташлашга уриниб кўришди. Лекин гуруҳ уюшмаганлиги ва Мирсаидовнинг қўрқоқлиги боис уриниш натижа бермади. Каримов сувдан қуруқ чиқди. Кейинчалик у бу “кичик исён» гуруҳи аъзоларидан шафқатсиз ва беаёв қасос олди. Озодлик атиги уч ой – 1991 йилнинг декбридаги Президентлик сайловларигача давом этди, холос…

ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВИ

Парламент Президентлик сайловларини декабрнинг охирида белгилади. “ЭРК” партияси Муҳаммад Солиҳни Президентликка номзод қилиб кўрсатди. “Бирлик” эса Ҳалқ Ҳаракати ўлароқ сайловда иштирок этиши учун бир неча ўн минг имзо тўплаши керак эди. Каримов сайловда муқобил номзод бўлишини истамасди. У Муҳаммад Солиҳ сайлов кампанияси даврида номзодини қайтариб олади деб ишонар эди. Атрофидагилар унинг шундай умид қилишига ишонтиришган эди.

Юқори мартабали мулозимлар Муҳаммад Солиҳдан номзодини қайтариб олишни илтимос қилишди. Лекин Солиҳ охиригача курашишга қарор қилди. Бу сайловга халқаро муносабат ва қизиқиш жуда катта эди. Бир неча Ғарб делегациялари шахсан иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди. Америка Қўшма Штатлари сенатор Де Консин бошчилигидаги делегация жўнатишди. Каримов

Ҳисоб Комиссиясига Муҳаммад Солиҳнинг сайлов компанияси учун давлат томонидан ажратилган маблағни беришни тақиқлади. Шунингдек унинг сайловдаги ишончли вакиллари ҳам бир тийин олишолмади. Солиҳ билан бўлган учрашувлар ҳам тазйиқ ва таъқиблар остида ўтар ва ёки умуман ўтишига тўсқинлик қилинарди. Матбуот, радио ва телевидения ҳам фақат бир киши – Каримовни пропаганда қилиш билан банд эди. Муҳаммад Салиҳ фақат бир маротаба телевидения орқали чиқишга эришди, холос. У ҳам бўлса Тошкентдаги телевидения биноси олдида ўтказилган норозилик митинггидан сўнг…

Сайловга ўн кун қоларкан, ҳукумат пойтахтдаги барча талаба ёшларни каникул уюштириб, уйларига жўнатиб юборди. Ҳолбуки Тошкентлик студентлар Муҳаммад Солиҳнинг ашаддий мухлислари эди. Шунга қарамай, Ғарблик кузатувчилар ўз мамнунликларини яширмасдилар: “Кўчаларда “Калашников” билан юриб, одамларни отиб ўлдиришмаганлари учун Худога шукр қилинглар!

Сайловлар бу ҳеч нарса эмас. Улар нохолис ва ноҳалол бўлса ҳам ҳар қалай ўтди-ку! Худога шукр қилинглар!” Ғарбнинг бизга бўлган “иккиламчи” қарашларининг ибтидоси ана шундай бошланган эди. Ҳозир ҳам айнан шу тарзда давом этмоқда… “Бирлик” Ҳаракати ҳам етарли имзоларни тўплашга эришгани билан,ҳукумат турли баҳоналарни рўкач қилиб, уларни сайловга қўйишмади.

Сайлов ўз белгиланган муддати – 1991 йилнинг 29 декабрида бўлиб ўтди. 30 декабрь кундуз куни роппа роса соат 12.00 да Ўзбекистон радиоси сайловнинг тахминий якунларини эълон қилди. Бу маълумотга кўра Муҳаммад Солиҳ Президентликка муқобил номзод сифатида сайловчиларнинг 33 фоиз овозини олгани расман эълон қилинди. Орадан бир неча соат ўтгач эса, худди шу радио “хато бўлганини” айтиб, Солиҳ 33 фоиз эмас, балки, 15 фоиз овоз олганини эълон қилди. Кейинги кун эса Ислом Каримов сайловчиларнинг 86 фойиз овозини олгани, Муҳаммад Солиҳ эса – 12.7 фойиз овозга эга бўлгани эълон қилинди…

СТУДЕНТЛАРНИ ОТИШ

1992 йилнинг 16 январь куни Ҳукумат студентлар намойишини ўққа тутди. Икки нафар ёш йигит ҳалок бўлди, кўплар яраланди. Студентлар шаҳарчаси кўчаларига нон нархи камайишини талаб қилиб, намойишга чиққан талаба ёшлар Ички Ишлар Вазирлиги миршаблари томонидан ўққа тутилди. Президент Каримов ўзининг уч йиллик бошқаруви давомида қайта қуриш давридан бўён салтанатига таҳдид солиб келган жамиятнинг бу қайсар ва бўсунмас авлодидан биринчи маротаба ана шундай қонли ўч олди… Студентларни отиш баробарида у мухолиф кучларга бундан бўён унинг сиёсати билан келишмаган гуруҳлар ана шундай жазоланишини шаъма қилгандек эди гўё. Негаки, студентлар мухолифатнинг катта шаҳарлардаги асосий қатламини ташкил қиларди.

Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар студентларни ўққа тутганларни топиб жазолашни ҳукуматдан талаб қилиб чиқди. Бу иш бўйича парламентда махсус комиссия ҳам тузилди. Айнан шу масала бўйича чиқиш қилган Президент бу тартибсизликларда “ЭРК” ва “Бирлик” алоқадор эмаслигини, лекин бузғунчиларни аниқлаш даркорлигини айтди. Ҳолбуки, бузғунчи ва гиж-гижловчилар Президент саройида эканини ҳамма яхши биларди.

Шу тариқа Парламент комиссияси “студентларни ўққа тутиш” масаласида бирор қарорга келолмай, тарқаб кетди… Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, намойишга чиққан талаба ёшларнинг отиб ўлдирилиши мухолифатни ларзага солиб, анча сергаклантириб қўйди. Энди кучларни бир жойга тўплаб, мухолифат тарқоқлигига барҳам бериш лозим эди. Токи ҳукумат бундан ортиқ фойдаланмаслиги учун ҳам бирлашиш керак эди.

Бу йўлда ҳам биринчи қадамни Муҳаммад Солиҳ қўйди. 1992 йилнинг мартида “ЭРК” ташаббуси билан Ўзбекистон Демократик кучларининг Форуми ташкил топди.

Унга «ЭРК”, “БИРЛИК”, “ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР УЧУН” ҳаракати, “ТУРКИСТОН”, “ТУМАРИС”, “ЎЗБЕКИСТОН ЁШ ОЛИМЛАР УЮШМАСИ” каби ташкилот ва бирлашмалар жам бўлган эди. Унинг биринчи анжумани Муҳаммад Солиҳ раислигида ўтди. У ўз нутқида мухолифат учун бирлашиш тарихий зарурат экани ҳақида гапирди. Ўшанда у ошкоралик ва демократия тарафдорлари учун репрессиялар бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди…

САРОЙГА ТАКЛИФ

1992 йилнинг май ойи эди. Иккинчи Форум анжумани ўтказилиши арафасида Муҳаммад Солиҳни Президент Каримов ўз ҳузурига тушликка таклиф қилиб, Форумни тарқатиб юборишни илтимос қилди. Бунинг эвазига у «ЭРК”чиларга бир қанча вазирлик вазифасини, Солиҳнинг ўзига эса ҳукуматдаги энг юқори ўринни таклиф қилди.
Солиҳ бу таклифни рад этди. У бу ҳақда ўзининг “Йўлнома” асарида шундай ёзади:
“Бу таклиф билан Каримов мендан «Ўзбекистон Демократик кучлар Форуми”ни тарқатиб юборишни сўраётган эди. Мен Президентга миннатдорчилик билдириб, Форумни таркатиб юбориш менинг қўлимда эмаслигини айтдим. Аксинча, Сиз Форумга келиб, биз билан халқ бахт саодати учун қўлни қўлга бериб ишламоқчи эканингизни айтинг, дедим. Ва яна: “Биз конструктив мухолифат бўлайлик, Сиз конструктив ҳукумат бўлинг. Мухолифат билан мулоқотга киришинг!” деб айтдим.
Президент: “Сиз билан мулоқотга доим тайёрман, ҳатто телевизорга ҳам чиқиб баҳслашишим мумкин, лекин Сиз айтган таклиф менга тўғри келмайди!” деб жавоб қайтарди.
Мен унга агар Форумда сўзга чиқиб, мухолифат билан алоқа ўрнатса, ўзига яхши бўлишини, Ғарб наздида демократик лидер бўлиб кўриниши ва охир оқибат чет эл инвестициялари мамлакатга кела бошлашини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Энг муҳими мухолифат билан ҳукумат орасидаги низо барҳам топиб, нормал муносабатлар шаклланишига эътибор қаратдим.
Мен бу сўзларни мутлақо самимий айтдим. Унинг менга ўтказган тазйиқ ва таъқибларини унутиб, мухолифат вазиятини ўзгартириш учун имкон борлигидан максимум фойдаланиш илинжида эдим.
Лекин Президент ҳануз ўз таклифлари билан овора эди:
– “Токи мен таклиф қилган вазифалар ҳақидаги бирон бир Фармонга имзо қўймагунимча, бу ердан чиқиш йўқ! – деди у муғомбирона жилмайиб…”
Солиҳ ҳукуматга кирса, мухолифат лидери ва сиёсатчи сифатида қайта қуриш йилларидан бўён йиққан барча обрў эътибори ва нуфузи инқирозга учрашини яхши биларди. Шунинг учун ҳам у Каримовга шундай жавоб қилди:
” – Нормал сиёсий партияларнинг нормал сиёсий фаолият юритиши фақат демократик тузумлардагини мумкин. Бизда эса, ҳамма нарса бир кишининг, яъни Сизнинг хоҳиш иродангизга боғлиқ бўлиб қолган. Ҳукуматга кирган мухолифат аъзоларини истаган пайтингизда бўшатиб юборишингиз мумкин. Сиз жуда импульсив характерга эга одамсиз, Ислом ака.
– Нима, Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?, – сўкиниб тиржайди Каримов”.
(“Йўлнома”, 1999, Анқара, 282 бет)
Солиҳ Каримов табиатини мукаммал ўргангани учун ҳам унинг биринчи таклифи биланоқ ҳукуматга кириш гумроҳлик эканини яхши биларди. Шу билан бирга у мухолифат билан ҳукумат муносабатлари тобора таранглашаётганини ҳам тушунарди. Лекин, энг муҳими, у не-не машаққатлар билан дунёга келган Форумдан воз кечишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.
Демократик Форумнинг иккинчи йиғилиши белгиланган муддатда ўз ишини бошлади.
Президент дарғазаб эди.
КГБ Пўлатов гуруҳи билан актив ишлай бошлади.
Пулатов Демократик кучларнинг иккинчи анжуманида иштирок этмади. Форумни эса, ўзининг унга кечикиб таклиф қилингани учун, легитим эмас деб эълон қилди. Лекин унинг бу баёнотига ҳеч ким эътибор бермади. Чунки, «Бирлик” ҳамраисларидан Бек Тошмуҳамедов Форум йиғилишида “Бирлик”ни легитим вакили сифатида иштирок этган эди…
Лекин Пўлатов барибир тинчимади. У КГБ нинг ошкора ёрдами билан «Бирлик”чилар орасида янгидан янги иғво ва бўҳтон ёйиш, тарқатиш билан шуғулланарди. Унинг беминнат ёрдами билан шундоғам камайиб бораётган сафдошлар орасидан яна янгидан янги «сотқин” ва “хоинлар” аниқланаётганди…
“Бирлик” ичидаги бўлиниш ва инқирознинг навбатдаги тўлқини ана шундай бошланган эди.

“БИРЛИК” ҚУРУЛТОЙИ

1992 йилнинг 23 майида “Бирлик” Ҳаракатининг 5 съезди ўз ишини бошлади.
Ҳакат лидерларидан бири Алибой Йўляхшиев ўзининг “Бирлик” ҳақида менинг билганларим” номли китобида шуларни ёзади: “Қурултойда ташкилий масала кўрилиб, Ҳаракатнинг янги дастури муҳокама қилинди. Ташкилий масала жуда оғир кечди. Қўқонлик делегатлар ва Тошкентлик вакилларнинг аксар қисми А. Пўлатов Ҳаракат раиси бўлишга номуносиб деб, унга қарши чиқишди. Баҳслар ҳам натижа бермади. Абдулазиз Маҳмудов бошчилигидаги гуруҳ ўзини “Ўртадаги центристлар” ёки “Марказчилар фракцияси” (Фракцией центристов) деб эълон қилишди. Қўқонлик делегатлар билан Абдулазиз Маҳмудов гуруҳи Пўлатовга қарши овоз беришди. У бир озгина устунлик билан раис қилиб сайланди.
Кейинчалик “Бирликчилар”нинг ҳикоя қилишларича КГБ Қурултойнинг кириш эшикларида ўз одамларини қўйиб, Пўлатовга қарши бўлганларнинг йиғилишга киришларига тўсқинлик қилган. Улар бунга қайсидир маънода эришдилар ҳам, лекин тўлиқ эмас…

БИРИНЧИ АЙБЛОВ.

1992 йил июнь ойи охирларида Пўлатовни уриб кетишди. Мутахассислар фикрича, бу “буюрилган уриш” эди (избиение было заказным). Уларнинг фикрича, уриб, калтакланиб кетилган гуруҳ ичида КГБ нинг ҳам одами бор эди. КГБ “уриб кетган гуруҳ” ва унинг ортида ким турганини яхши билган. Лекин иш тергов қилинмади. Бунда албатта калтаклашни буюрган кишининг шахси ҳам катта рол ўйнаган эди. Улар “бир ўқ билан икки қуённи уриб”, бу ишлари билан ҳатто Каримовга ҳам доғ туширишмоқчи бўлишган. Негаки, яқин кунларда “ҳокимият алмашинуви” мумкинлигига ҳали кўплар ишонишар ва мабодо шундай бўлиб қолган тақдирда ҳар бир “клан” “ҳукмдор” бўлиши мумкин бўлган ўз раҳнамосига эга эди. КГБ ҳам бундан мустасно эмас эди…
Уриб кетилгандан сўнгги воқеалар шиддат билан ривожлана борди.
1992 йилнинг 2 июль куни Муҳаммад Солиҳ Парламент минбаридан айтгани каби «Мамлакатда диктатура ўрнатилгани” боис бунга норозилик сифатида истеъфо берди.
Назаримда, у ўзи орзу қилганидек “Бутун миллат иштирокида ҳуқуқий давлат қуриш” режаси рўё бўлиб чиққанини тушунган ва ҳукумат билан мулоқот ўрнатилишидан тамоман умидини узган эди.
Америкалик журналист Скотт Малкомсон ўша давр ҳақида шундай ёзган эди: “Эрк” партияси янги Конституция Лойиҳаси устида ишлар ва ўз тузилмаларини мукаммаллаштириш ҳақида бош қотирарди. Шароитлар жуда ёмон эди. Газета чоп қилиши мумкин бўлган ҳукуматнинг бирдан бир “Матбуот уйи” “ЭРК” ҳафталиги тиражини юз мингдан ўн икки мингга тушириб қўйди. Энди эса, мана, унинг лидери Олий Кенгаш деб аталган Парламент аъзолигидан истеъфо берди. Унинг истеъфоси кўпчилик овоз билан қабул қилинди (Scott Malcomson, “Empire’s edge”, Travel in South-Eastern Europe, Turkey and Central Asia. London and New-York, 1994, pp: 187-191).
Ҳеч шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳнинг иштироки Парламент “об ҳавоси”га сезиларли таъсир кўрсатаётган эди. Унинг истеъфоси эса шундоғам эркин Каримовни тамомила эмин эркин қилиб қўйди. Буни ҳатто чет эллик таҳлилчилар ҳам сезган эдилар: “Июлнинг сўнггида Солиҳнинг Олий Кенгашдаги истеъфосидан сўнг қабул қилинган янги Қонун итоатгўй кўпчилик томонидан мустақил депутатларни Парламентдан бемалол ҳайдашга яхшигина замин яратди” (Willliam Fierman, Conflict, cleavage and change in C. Asia and Cauc. Cambrige Un. Pres-97, p 386)

“МИЛЛИЙ МАЖЛИС”

Бир нечта узоқни кўра олмайдиган кишилар «Миллий мажлис” деган акцияни бевақт ва бемавруд кун тартибига олиб чиқишди. Уни тузиш таклифига Бобир Шокиров деган бизнесмен асос солган бўлса-да, лекин ундан асосан «ЭРК” ва “Бирлик”чилар зарар кўришди.
1992 йил июл ойининг охирларида «ЭРК” партияси котиби Отаназар Орипов, Президиум аъзоси Саловат Умурзоқов ва “Бирлик” Халқ Ҳаракати Тошкент вилоят раиси Ҳазратқул Худойбердиевлар ҳибсга олиниб, қамоққа ташландилар.
Муҳаммад Солиҳ бу ноаниқ ва тушуниб бўлмас «Мажлис”га бошиданоқ қўшилмаган бўлса-да, лекин унга ҳам бу борада айб эълон қилишди. 1992 йилнинг кеч кузида ундан Тошкентни тарк этмаслик ҳақида тилхат олишди…

РЕПРЕССИЯНИНГ БОШЛАНИШИ

Шуни айтиш жоизки, ўзбек мухолифати давр ва вақт тақозоси билан бунёд этилган бўлиб, у ҳали тез ўзгариб турадиган сиёсий вазятларга тайёр эмас эди. Президентлик сайловларидан сўнг эса унга кучли сиёсий партия бўлиб шаклланишига бир оз вақт керак эди. Лекин бу вақт унга берилмади.
Президентлик сайловларидан сўнг дарҳол мухолифатни тамомила тугатиш ҳақида кўрсатма берилди.
Буннинг икки сабаби бор эди.
Биринчи сабаб: сайловлар мухолифатнинг халқ орасида кучли иттифоқчи ва хайрихоҳлари борлигини аниқлади. Сайлов ҳисоботидаги беҳисоб кўзбўямачилик ва лўттибозликларга қарамай мухолифатдан Президентликка кўрсатилган номзод сайловчиларнинг 12.7 фойиз овозини олишга муваффақ бўлди. Бу дегани, мухолифат учун сайловчиларнинг бир миллион 115 минг аъзоси овоз берди дегани эди. КГБ мухолифатни тизилмалар ва лидерлар аро уриштиришга улгурган бўлса-да, лекин катта халқ оммасига ҳали таъсир қила олмаган эди. Ҳукумат доим алдаб келгани учун ҳам халқ унга ишонмас эди. Шунинг учун ҳам ярим-ёрти ошкоралик шароитида ўтган биринчи сайловданоқ ҳукумат сасосимага тушиб қолди. Ҳолбуки, бу сайловга кирган «ЭРК” ҳали кучли сиёсий партия сифатида етарлича шаклланиб улгурмаган эди. Лекин шунинг ўзиёқ агар эркин ва ошкора сайловлар ўтказилса, бу ҳукумат имконлари ҳаминқадар эканини кўрсатиб қўйди…
Иккинчи сабаб: Мухолифат батамом бирлашиш арафасида турган эди. Яна бир неча ойлик ҳатти-ҳаракатлардан сўнг “ЭРК” ва “Бирлик”нинг барча маҳаллий ташкилотлари бир бутун бўлиб бирлашишга тайёр эди. Масалан, Фағона воҳасининг уч вилоятида Бирлашган Мухолифат Демократик Форуми бўлинмалари аллақачон янги куч ва ғайрат билан ишга киришган эдилар. Энди режимни ўз ноаён келажаги ташвишга солар ва шунинг учун ҳам вазиятни тамомила қўлга олишга у астойдил киришган эди.
Президентнинг «ҳукуматга кириш” ҳақидаги таклифи Муҳаммад Солиҳ томонидан рад этилди. Каримовда эса: “Ким биз билан бўлмаса, у бизга душман” деган шиор бор эди. Қолаверса, “агар душман таслим бўлмаса, одатда уни йўқ қилишади”…
Лекин қандай қилиб, қайси йўллар билан?
Ғарб ҳали ўзбек мухолифати тимсолида “мамлакат хавфсизлигига дахл” сезмаган эди.
Шунинг учун ҳам уни батамом йўқ қилиш учун «тош босадиган” баҳона ва аргументлар зарур эди…
“Миллий мажлис” ўзбек режими учун ана шундай вах-корсон вазифасини ўтади. Бу Каримовнинг Ғарб олдида ўзини оқлаш борасидаги дастлабки уриниши эди. “Миллий мажлис” асосчиларини мамлакат Парламентига муқобил бўлган тузилма тузиш ва ҳукуматни куч ишлатиш орқали ноқонуний алмаштириш каби даъволар билан айблашди. Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Ана шунақа!
Зотан, ҳеч қанақанги тузилма ҳам, “давлат тузумини ўзгартириш” деган гап ҳам йўқ эди. Ҳолбуки, А. Пўлатовдан бошқа барча мухолифат лидерлари “назорат”га олинган бўлиб, афсонавий жиноий иш бўйича аллақачон КГБ биносида “кўрсатма” бераётган эдилар.
“Эрк” ва “Бирлик” амалда ҳануз қонуний жамоат ташкилоти бўлиб қолаётган эсалар-да, бироқ «ЭРК” газетаси аллақачон расмий цензура назоратига олинган бўлиб, ойда атиги бир мартагина нашр этиларди, холос. Бу пайтга келиб “ЭРК” партияси газетасининг бирданига уч вилоятдаги тиражи расман тақиқланган эди.
Хуллас, мухолифат ахборот марказларини режали йўқ қилиш ҳаракатлари муваффақиятли давом этаётган эди.
Энди Каримов режими репрессияларга юз бурганига шубҳа қилмаса ҳам бўларди…

МАШАҚҚАТЛИ ЙИЛ

1992 йилнинг иккинчи ярми мухолифат учун мухолифат бўлиб шакллангандан бўён бошидан кечирган энг оғир йил бўлди.
“Эрк” партияси котиби Отаназар Орипов, ЭРК Марказий Кенгаши аъзоси Саловат Умрзоқов ва «Бирлик” МК аъзоси Хазратқул Худойбердиевлар ҳануз Ички Ишлар вазирлиги ертуласида ўтирар, “Миллий Мажлис» бўйича маҳкама жараёнини кутишарди. Мухолифатнинг барча фаоллари кузатувга олинган эди. Жумладан Муҳаммад Солиҳ ҳам Тошкентдан ташқарига чиқмаслик шарти билан тилхат бериб, гўё уй қамоғида ўтирди.
“Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлатов эса яраланган бошини даволаш учун Туркияга жўнаб кетади…
Ўзбекистон Демократик Форуми иқтисодчи олимларни тўплаб «Республиканинг иқтисодий дастури”ни ишлаб чиқмоқчи бўлганида ҳукумат бу олимларнинг одатда Форум аъзолари йиғиладиган «ЭРК” биносига келишларига тўсқинлик қилиб, уларга турли йўллар билан тазйиқ ўтказа бошлади.
Бу воқеалардан бир оз вақт ўтиб социолог Баҳодир Мусаев Муҳаммад Солиҳ билан 1992 йил якунлари бўйича суҳбатлашган эди. Қуйида шу суҳбатдан бир парчани келтириб ўтсам:
“М. Солиҳ: “Эрк” партияси узоқ муддат республикадаги вазиятни барқарорлаштириб келди. Лекин бу ҳукумат томонидан қадрланмади. Аксинча, мамлакатдаги бу барқарорлик фақат давлат олиб бораётган фаолият маҳсули деб қаралди. Биз бу осойишталик ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади деб ўйлаган эдик. Лекин акси бўлиб чиқди. Бу барқарорлик эски тартиб ва қоидалар, ҳукмдорликлик ва диктатни қайтадан тиклаш учун сарф бўлган экан”. (“Эрк йўлида” Бахтиёр Исо, 1993, Ташкент)
Кейинчалик Муҳаммад Солиҳ ўз мақолаларининг бирида бу барқарорликни «Қабристонлар барқарорлиги”га менгзаган эди. Ростдан ҳам мустақиллик эълон қилингандан сўнг қисқа муддатда республика ҳаётнинг барча жабҳалари бўйича сирли бир сукунатга, ажиб бир бўшлиққа шўнғиган эди…

КОТИБНИНГ ИСТЕЪФОСИ

1992 йилнинг охирига келиб мухолифатнинг асосий нашри бўлмиш «ЭРК” газетасининг чиқиши тўхтади. Газета Бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққулга нисбатан «бировларнинг гонорарини ўзлаштириш” айби билан жиноий иш очишди. Шунга ўхшаш жиноий ишлар “Эрк” нинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳам очилган эди. Бошқача қилиб айтганда, азроилнинг ўзи ҳали кўринмасада, лекин унинг ўткир панжалари ўз машъум ишини қилишга аллақачон киришган эди. Машаққатли ва оғир кунлар келаётганди. Энг “ҳушёрлар” вақтида эсини йиғиб олишга ҳаракат қила бошлашди. Буни биринчилардан бўлиб “ЭРК” нинг асосий котибларидан бир Аҳмад Аъзам амалга оширди. Лекин шуни айтиш жоизки, тобора яқинлашиб келаётган репрессияларга қарамай, аксар эркчилар ўз қўрқоқ котибларининг изидан боришмади. Унинг шармандали истеъфоси кўпларни саросимага солиб қўйса-да, лекин унга бошқалар эргашмади, аксинча “ЭРК” сафлари янада мустаҳкамлана борди.

СЎРОҚЛАР

Уч ойдирки, Ички Ишлар вазирлиги ертўласида Отаназар Орипов, Саловат Умурзоқов ва Ҳазратқул Худойбердиевларнинг “Миллий Мажлис” га оид азоб ва уқубатли тергов жараёни давом этарди. Миллий Хавфсизлик Хизмати ертўласида эса «Миллий Мажлис” асосчиси Бобур Шокиров сўроқ қилинаётган эди. 1992 йилнинг декабрида шу масала бўйича Муҳаммад Солиҳни ҳам КГБ га чақириб сроқ қилишди. У билан бирга «ЭРК” газетаси ходими бўлган унинг кенжа укаси Муҳаммад Бекжонни ҳам бир неча бор сўроқ қилишади.
“The Sunday Telegraph” газетаси 1993 йил 10 январь сонида шундай ёзган эди от: “Муҳаммад Солиҳ ўз офисида ўтирар, авзойи ниҳоятда бузуқ эди. Телефонлар уч ҳафта бурун ўчирилган, ундан “ЭРК” партияси биносини бўшатиб беришни талаб қилишган. КГБ номини СНБ га алмаштирган идора эса мухолифат лидерлари устидан янгидан янги ва антиқа кузатув (слежка) лар ўрнатиб, ўз имкониятларини қайта ва қайта синаб кўраётган пайтлар эди”.
Бошқа бир газетадан кўчирма: “Ҳукуматнинг қаттиқ ва қўпол чора тадбирлари мўътадил қарашдаги мухолифатчилар ҳафсаласини ҳам пир қилди. Расман рўйхатдан ўтган мухолифат партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзининг сўнгги интервьюсида: Биз деворга қадаб қўйилгандек чорасизмиз, бирдан бир йўлимиз – бўйсунмаслик ва қарама қаршилик қилиш қолди, холос. Мулоқотлар даври тугади!»
Мазкур баёнотидан сўнг Солиҳ милициянинг қатор сўроқларига дучор бўлган ва охир оқибатда, бизга кейин билдиришича, унга ўлдириш билан таҳдид қилишган.” (The Baltimor Sun, 30.09.1990, Will Englund)
1993 йилнинг мартида Солиҳ яширинча Қозоғистонга бориб, ўзининг «Давлат сирлари” номли китобини ёзиб, ўша ерда эълон қилади. Тошкентга қайтгач эса ўзига нисбатан “Тошкентни тарк этмаслик” ҳақидаги берган кўргазмасини бузганлиги учун яна бир жиноий иш очилганига гувоҳ бўлади.
Унга бўлаётган таъқиб ва тазйиқлар ўзининг “сирли” якунига етаётган эди…

ҲИБС ВА КОНФИСКАЦИЯ

1992 йил якунида Бишкекдан “Бирлик”даги инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Абдуманноб Пўлатовни ўғирлаб Тошкентга олиб келишди
Уни Президент Каримов шаънини ҳақорат қилганликда айблашди. У ИИВ ертўласида икки ойча ўтириб, “Ҳақоратланган Президент” дан узр сўраб, пушаймон хати ёзганидан сўнггина ҳибсдан озод этилди. “Миллий Мажлис” иши бўйича эса тергов ҳануз давом этар, айбдорлар ҳануз ИИВ КГБ ертўласида сақланар эди.
1993 йилнинг февралида ҳукумат «ЭРК” ни қайта рўйхатдан ўтказишни талаб қилди. Бунинг учун эса партия аъзоларининг тўла рўйхати ва яшаш манзилларини ҳам тақдим этиш лозим эди. Партия раҳбарияти бундай рўйхатни ҳукуматга бериш – унинг аъзолари ҳаётини хавф остига қўйиш билан баб-баравар деб бундай қилмасликка қарор берди.
Адлия вазирлиги эса партиянинг бу қарорини ноқонуний билиб, уни рўёхатдан ўтмаган деб эълон қилди.
Газета ”The san Francisco Chronicle” ёзади: “Ўз ҳаётларида ўзгаришлар бўлишини орзу қилган аксар ўзбеклар дин ва тадбиркорлик эркинлиги тарафдори бўлган қирқ уч ёшлик алпқомат ва бўйчан Муҳаммад Солиҳга ишонч билдиришган эди.
Бугун Каримов режими «ЭРК” партияси штаб-квартирасида чироқни ўчириб, газетани ёпди ва бир қанча лидерларни ҳибс этди. Партия фаолларига эса гуруҳ гуруҳ бўлиб тўпланишни қатъиян тақиқлади…
Солиҳга Парламентда сўз беришмади. Махсус хизмат ходимлари унинг халқаро анжуманда иштирок этишига монеълик қилишди. Январь ойида эса давлат рақами бўлмаган автомобиль уни босиб кетишга уринди…
Саросима ва таҳликада қолган Солиҳ ўзининг сўнгги интервьюсида шундай деган эди: “Демократик ҳаракатимиз ўзининг катта-катта ва дадил одимларидан сўнг, ниҳоят, тўхтатилди. Бугун “ҳаёт ва мамот” масаласи кун тартибига чиқди. Вазият шу қадар жиддий. Энди бизнинг вазифамиз – жон сақлаб тирик қолиш!”
Солиҳ бу мушкул ва аянчли вазият «ЭРК” томонидан ҳукуматдаги порахўрлик ва коррупция танқид қилиниб, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги уринишлари боис юзага келганини яхши биларди. “Министрлар кундан кун бой, халқ эса тобора камбағаллашиб бормоқда” деган эди у”.
29 июнда “Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлатов ва унинг ҳамкори Миролим Одиловлар темир дастаклар билан қуролланган кишилар томонидан ваҳшийларча катлакланишди. Энди Пўлатов Москвада яшаяпти”. (The san Francisco Chronicle, 19.02.1993)
1993 йилнинг мартида партиянинг барча компьютер техникаси ва автомобиллари мусодара қилинди.
Апрелнинг бошларида эса Муҳаммад Солиҳ ҳам ҳибсга олиниб, ИИВ ертўласига ташланди. Уни Тошкент шаҳар прокурори Эркин Жўраев сўроқ қилди. Энди ундан “ЭРК” аъзоси Бахтиёр Исабековнинг чет элда нашр этилган “ҳукуматга қарши” китоби бўйича сўрай бошлашди. Китоб Туркияда чоп этилган бўлиб, Солиҳ унинг ношир ва ҳомийларини билиши мумкин экан. Аслида, бу билан улар Муҳаммад Солиҳни маълум муддат “кўздан яшириб” ҳаёт даражаси кундан кун тушиб бораётгани боис бугун эрта бош кўтаришга шай турган ололмондан узоқлаштиришни мақсад қилган эдилар.
“Эрк” лидерини ИИВ ертўласида уч кун сақлаб, дунё ҳамжамияти талаби билан озод этишади. Кўплар уни Турғут Озал ҳимоя қилган дейишади. Негаки, Солиҳ ҳибс этилганда, Туркия Президенти Тошкентда расмий сафарда эди…
Уни қамоқдан озод этсалар-да, лекин мунтазам кузатар эдилар. Орадан бир кун ўтиб, уни яна ИИВ ертўласига олиб келиб, тунги 12 гача сўроқ қилишади.
Сўнг ИИВ биноси олдида тўпланган сафдошлари талаби билан уни уйига қўйиб юборишади.
Худди шу оқшом унинг уйига келган дўстлари ундан маълум муддат Тошкентни тарк этишини талаб қилишади. Солиҳ уларга қулоқ солмайди. Кўп ўтмай дўстлари яна келиб, охир оқибат уни кетишга кўндиришади.
У Қозоғистонга кетади.
Муҳаммад Солиҳ мамлакатни тарк этганидан сўнг ҳукумат «ЭРК” Марказий офиси жойлашган бинони область ижрои қўмитасига олиб берди…


“ЭРК”НИ ТАВБАСИГА ТАЯНТИРИШ ҲАРАКАТЛАРИ

Муҳаммад Солиҳ мамлакатни тарк этганидан сўнг, ҳукумат ишга киришди. Расман раҳбар бўлиб қолган «ЭРК” партияси Биринчи котиби Содиқали Йигиталиев Президент саройига чақиртирилди. Саройда унга: партияни қайта рўйхатдан ўтказиб, конфискация қилинган мол мулкни қайтариб олишларингиз мумкин. Фақат бир шарти бор: Партия съездини чақириб, Муҳаммад Солиҳни раислик лавозимидан олиб ташласангиз кифоя!
Йигиталиев ҳукуматнинг бу лўттибозлигини сиёсий партия ўлароқ жон сақлаб қолишнинг ягона йўли деб тушунтиришга кўп уринди. Партиянинг бошқа раҳнамоларига ҳам бу йўл маъқулдек туюлди. Лекин кўпчилик қарши чиқди. Барибир партия съездини чақиришга қарор қилишди. Кўпчилик нима деса шу бўлади деб бир тўхтамга келишди.
КГБ Муҳаммад Солиҳни ўзи йўқ бўлса ҳам партия лидерлигидан олиш осон кечмаслигини яхши биларди. “ЭРК” Марказий Кенгашининг партия съездини чақириш ҳақидаги қароридан сўнг махсус ва хуфёна хизматлар кенг фронт бўйлаб партия лидерини обрўсизлантиршга киришди. Бу ишни улар партия съездига қадар амалга оширишлари лозим эди.
Қаердандир “ЭРК” Марказий Кенгаши аъзоси Сафар Бекжонга бир пайтлар қандайдир музей тангасини берган нусхани излаб топишди. Унинг кўсатмасига асосан Сафар Бекжонни ҳибсга олишади.
1993 йилнинг июль ойи эди.
Содиқжон Йигиталиев Сафар Бекжон ҳибсда сақланаётган ИИВ ертўласига келиб бу тангани олишни ундан Муҳаммад Солиҳ илтимос қилган деб кўрсатма беришини илтимос қилди. Унга ҳатто бу ҳақда олдиндан ёзиб қўйилган иқрорлик баённомасини ҳам кўрсатишади. Агар шунга имзо чекса уни ҳозироқ озод қилишга ваъда беришади. Лекин Сафар Бекжон бундай ёлғон гувоҳликка қўл қўйишдан бош тортади. Уни 3,5 йилга озодликдан маҳрум этишади…
Ҳукумат матбуоти эса бу орада Муҳаммад Солиҳ танга ўғриси деган ўйдирма асосида уни айбловчи кампанияни бошлаб юборади.
Бу иш бир ой давом этади. “Ўғри ким?” деган энг сўнгги мақола эса “Ўзбекистон овози” газетасида съездга уч кун қолганда чоп этилади.
“ЭРК” съезди ана шундай тўҳмат ва бўҳтонлар силсиласида бошланади.
Содиқжон Йигиталиев, Тошкент бўлими котиби профессор Шоди Каримов ва яна бир неча Президиум аъзолари Муҳаммад Солиҳни партия раҳбарлигидан силжитиш тарафдори эдилар. Улар уч ой давомида бутун вилоятларга бориб, “Солиҳсиз янги партия” афзалликлари ҳақида оғиз кўпиртириб, тарғибот қилдилар. Ҳаммаси рисолидагидек бўлаётганди. Ҳукумат Йигиталиев гуруҳи фаолиятидан мамнун эди.
Кейинчалик маълум бўлишича, уларнинг барча йўл ва сафар харажатлари ҳам ҳукумат томонидан қопланган бўлиб, вилоятларда уларни маҳаллий ҳокимият вакиллари кутиб ва кузатиб қолишар экан…
Йигиталиев гуруҳи ҳам, ҳукумат ҳам муваффақиятдан умидвор эди.
Партия сьезди 1993 йилнинг 25 сентябрь куни Текстилшик (газламачи)лар саройида бошланади. Унинг Президиумида ҳукумат вакиллари қўр тўкиб ўтиришарди. “ЭРК” тузилгандан бўён бунақаси ҳали бўлмаган эди…
Сьездни Йигиталиев очади. У Солиҳ тарафдорлари реакциясини билгани учун ҳам уларнинг қарши саволларига яхшигина тайёргарлик кўрганди. Лекин у бир нарсани ҳисобга олмаган эди. Аксар «ЭРК”чилар учун ўз лидерларидан у мамлакатда йўқ пайтда воз кечиш, уни алмаштириш одобдан эмаслигини, бу бориб турган виждонсизлик эканини ўйламаган эди. Бундай пайтда эмоция ва ҳис-ҳаяжон кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Ҳукумат ҳам, Муҳаммад Солиҳга қаршилар ҳам айнан шу нарсани ҳисобга олмаганлари боис ютқизишди. Сьезд бир овоздан Муҳаммад Солиҳни яна партия раиси қилиб сайлади. Ҳатто Йигиалиевнинг ўзи ҳам залдагиларнинг гулдурос қарсаклари таъсирида беихтиёр Солиҳ учун қўл кўтариб, овоз беришга мажбур бўлди…
Бу ҳукуматнинг тамомила мағлубияти эди.
Энди у “ЭРК”чилардан шафқатсизларча ўч олишга киришади.
Партиянинг янги сайланган биринчи котиби Самад Мурод ваҳшийларча калтакланиб, беҳуш ҳолда ахлат қутисига ташлаб кетилади.
Съездда иштирок этган икки депутат – Насрулло Саидов ва Имом Файзиевларга жиноий иш очиб, иккаласини ҳам Парламентдан ҳайдашади.
Съездда фаол иштирок этиб, маърўза қилган Эломон Шукуровни эса ўша заҳотиёқ ҳибсга олиб, ўша ерда ўлдириб юборишди Муҳаммад Солиҳнинг съездга йўллаган мактубини ўқиб берган Намоз Нормўмин эса вақтида мамлакатни тарк этгани боис муқаррар ҳибсдан қутилиб қолади.


МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ САЙЛОВЛАРИ

1995 йилнинг бошларида Парламентга илк сайловлар бўлиб ўтади. Бўлғуси депутатларнинг рўйхати аллақачон тайёрланган бўлиб, уни шахсан Президент кўриб тасдиқлаган эди.
Бу парламентга ҳукуматга меҳр қўймаган бирорта ҳам депутат сайланмади…


ИСТАНБУЛ, ГЕРМАНИЯ, АМЕРИКА

Муҳаммад Солиҳ Туркияда ҳукумат мулозимларини дарғазаб қилмай бир йил ҳам яшолмади.
Унинг иштироки қисқа муддатда халқаро муаммога сабаб бўлади. Муҳаммад Солиҳнинг Европадан кўра Туркияда яшаши ҳам маиший ва ҳам сиёсий жиҳатдан афзалроқ эди. Унинг Туркия сиёсатчилари, зиёлилари ва жамоат арбоблари орасида ҳамфикр дўстлари талайгина эди. Улар демократия тантанаси борасида Солиҳ олиб бораётган кураш тарфдори эдилар ва бу борада ундан қўлларидан келган ёрдамларини аямас эдилар. У Туркияда нафақат шоир ва сиёсатчи сифатида, балки Турк халқларини бирлаштириш тарафдори сифатида ўнг миллатчилар ва сўл тарафдорлар орасида ҳам маълум ва машҳур эди.
Ўзи асли шоир бўлган сўл демократлар партияси лидери, Туркия Премьер Министри Булент Ежевит Муҳаммад Солиҳ китоби сўзбошисида шундай сўзлар битган эди: “Ғарб сиёсатчилари орасида шоирлар жуда кам, Шарқда эса уларни давлат мулозимлари орасида тез тез учратиш мумкин. Муҳаммад Солиҳ – бугунги замонавий Турк сиёсатчи шоирининг мукаммал ва типик намунасидир!”
Муҳаммад Солиҳ ўз шеърларини тоталитар тузум даврида ёзган. Афсуски, бу тузум қайсидир маънода бугунги мустақиллик даврида ҳам давом этаётир. Айни шундай қийин бир шароитда эрк ва озодлик маёқини доимо ёниқ ҳолда тутиб туриш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу – ҳақиқий истеъдод соҳибларигагина хос фазилатдир!
Муҳаммад Солиҳ ўз поэзияси билан курашга даъват этади:
Мени ҳаддан зиёд ерга уриб, таҳқирламаганларида эди, мен осмонга бу қадар сакрамаган бўлардим…”
(“Коке сачраябилен бир озан”, Булент Ежевит, Агачлар шаир олса, 1997, Истанбул, Отукен нешрияти).
Каримов Солиҳнинг нуфузини яхши билгани учун ҳам Туркиядан уни ушлаб беришни ва ё бошқа мамлакатга чиқариб юборишни қаттиқ талаб қила бошлади.
1995 йилнинг бошида Америка Қўшма Штатлари Миллий Демократик институти ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳукумат ва мухолифат мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтади. Унга Франкфуртдан Муҳаммад Солиҳ (“ЭРК”) ва Истанбулдан Абдураҳим Пўлатов (“Бирлик”) таклиф этилган эдилар. Шунингдек мазкур семинарда Каримов ҳукумати вакили – Ўзбекистон Адлия вазири Алишер Мардиев ҳам иштирок этади. Семинарга раислик қилган АҚШнинг фавқулоддаги элчиси Нельсон Ледский ўзбек ҳукумати билан мухолифат орасида бирон бир яқинлик топиб, мулоқот бошлашга қанчалик уринмасин, унинг бу самимий ҳаракати барибир натижа бермади.
Ҳар ким аравани ўзича олиб қочарди. Мухолифатнинг ўзъаро келишмовчилиги қалқиб чиққач эса, масала янада чигаллашди.
Мазкур семинар иштирокчиси Алибой Йўляхшиевнинг гувоҳлик беришича, Муҳаммад Солиҳ анжуман бошланишидан олдин Абдураҳим Пўлатовдан ички муаммоларни кўтариш ўрнига ҳукумат билан тил топиб, мулоқот ўрнатиш йўллари ва мухолифат лидерларини Ватанга қайтиш масаласига эътибор қаратишни илтимос қилган.
Бироқ Пўлатов бунинг ўрнига маърўзасининг бошиданоқ Муҳаммад Солиҳга ташланиб, уни танқид қила бошлаган. Гўёки Солиҳ қайсидир китобида «Болаларни Оллоҳга ишонч ва эҳтиром руҳида тарбиялаш” га даъват этган ва ҳокозо. Бу жуда ҳам ачинарли ва шармандали ҳол эди.
Бунинг устига ўзбек режими вакили ҳам мухолифат ҳақида ҳукумат муносабатини ойдинлаштириш учун тайинли гап айтолмаган. У Америкага гўё бошқа мақсадда келгандек таассурот қолдирган.
Каримов Америкага бу вазирдан бошқа яна бир гуруҳни ҳам йўллаган эди. Бу гуруҳ бошида Президентнинг ишончли маслаҳатчиларидан бири, қачонлардир “Галатепага қайтиш” номли романини дўсти Муҳаммад Солиҳга бағишлаган Мурод Муҳаммад Дўст турарди. Бу гуруҳда Муҳаммад Солиҳнинг яна бир қаламкаш дўсти Эркин Аъзамов ҳам бор эди. Уларнинг иккалови ҳам мухолифатни яраштириш бўйича норасмий мулоқот олиб борар, шу билан бирга улар ўзларининг собиқ дўстлари, эндиликда мухолифатдаги «ЭРК” партияси лидери ва айни пайтда ўзларининг эндиги шефлари Каримовнинг рақиби кўнглига қўл солиб, унинг мақсад ва ниятларини билишга уринар эдилар.
Афтидан, бу дипломатия ҳам самара бермади, чоғи. Америкадаги учрашувлардан уч ой ўтар ўтмас ўзбек режими “ЭРК”чиларга нисбатан матбуотда янги қоралаш кампаниясини бошлаб юборди.

“ДАВЛАТ ТЎНТАРИШИ” УРИНИШИДА АЙБЛАШ

Вашингтон ушрашувлари Ўзбекистон ҳукумати учун Америка олдида ўзини мухолифат билан мулоқотга тайёр қилиб кўрсатиш учун керак эди. Бу учрашувдан сўнг ўзбек ҳукумати “ЭРК” партиясини энди чел эл разведкаси ёрдамида оз эмас, кўп эмас – давлат тўнтариши тайёрлашда айблай бошлади. Гўё Туркия унга ҳомийлик қилганмиш. Давлатни тўнтарувчилар 1994 йилнинг ноябрида ушланган бўлсаларда, лекин бу ҳақда 1995 йилнинг февралигача, юқорида тилга олинган Вашингтон учрашувларига қадар негадир овоза қилинмаган.
“Тўнтарувчилар отряди” 11 кишидан иборат бўлиб, улар уч ва тўрт кишилик гуруҳга бўлиниб, Ўзбекистонга тақиқланган “ЭРК” газетасини олиб боришган. Улар осонгина ушланган, ҳолбуки улар яширинмаганлар ҳам. Негаки уйга, ўз Ватанларига қайтаётган эдилар.
КГБ уларга шарт қўйган, ё улар ўзларининг Туркияда партизанлик ҳаракатига ўқиганликларини тан олишади, ё қамалишади. Уларнинг баъзилари Ўзбекистон телевизори орқали “Истанбулда каратега ўқиганлигини” тан ҳам олди.
Лекин давлат тўнтаришига бунинг нима дахли бор?
Ҳеч ким бу саволни бермади.
КГБ бу “тўнтарувчиларнинг” “гуноҳидан ўтиб” баъзиларини ҳатто милицияга ишга ҳам олди…
Ҳукумат матбуоти эса “ЭРК” ва унинг лидерига нисбатан ўз исботсиз ва ланж хуружини ҳануз давом эттирар эди.
РЕФЕРЕНДУМ
1996 йилнинг январида Президентлик сайловлари бўлиши керак эди. Лекин Каримов уни бекор қилиб, ўз ваколатини узайтириш мақсадида “референдум” ўйлаб топди ва белгилади. Ва бу “референдум” ҳеч иккиланмай, Конституцияни оёқ ости қилиб, унинг ваколатини айтган муддатгача узайтириб берди…

МУХОЛИФАТНИ БИРЛАШТИРИШ УРИНИШИ

1996 йилнинг бошларида – Ўзбекистон Демократик кучлари Форумидан сўнг биринчи маротаба Ўзбекистоннинг собиқ Примъер Министри Шукрилла Мирсаидов мухолифатни бирлаштиришга уриниб кўрди. У “ЭРК” ва “Бирлик” лидерларига ўзи бошчилигидаги Ўзбек Мухолифати Координацион Кенгашини тузишни таклиф қилди. “Бирлик» номидан Абдураҳим Пўлатов, “ЭРК” номидан Муҳаммад Солиҳлар бу декларацияни имзолашди.
Ҳамма иш рисоладагидек бораётганди. Ҳамма бир бирини табрикларди.
Не кулфатки, яна ана шундай муҳим бир пайтда бўлиши лозим бўлган ҳол юз берди. Абдураҳим Пўлатов 1990 йилларда ҳукумат билан бирга бўлган «ЭРК” партияси энди мухолифат сафига ўтмоқчи деб яна иғводан иборат мактуб тарқатди. Ҳа, у яна ўз провакаторлик ролини ўйнади ва Муҳаммад Солиҳ бунақанги «мухолифат координацияси” га киришни, табиийки, рад этди…
Орадан бир мунча вақт ўтиб, ҳукумат Шукрилла Мирсаидовнинг олиб қўйган уйини қайтиб берди ва у бунга миннатдордлик эвазига «Озодлик” орқали мухолифатдан чиққанин эълон қилди…
Яна ҳамма нарса ўз измига қайтган эди…

СИЁСИЙ МАҲБУСЛАРНИНГ АМНИСТИЯ ҚИЛИНИШИ

1995 йилнинг охири ва 1996 йилнинг бошларида “ЭРК”чи сиёсий маҳбуслар Отаназар Орипов, Сафар Бекжон, Саловат Умурзоқов, Рашид Бекжон (Солиҳнинг укаси) ва Муҳаммад Исломовлар амнистия қилиндилар. Ўзбекистон Президенти уларни Америка Қўшма Штатларига қилажак сафари олдидан амнистия (авф) қилган эди…

МУХОЛИФАТНИ ҲУКУМАТ БИЛАН ЯРАШТИРИШГА УРИНИШ

1996 йилда таниқли сиёсатчи, Туркия Миллий партияси лидери Алпарслан Туркеш Ислом Каримовга уни Муҳаммад Солиҳ билан яраштириш мақсадида мактуб битади.
Ўта нозик дипломатия ва эҳтиром туйғулари билан ёзилган бу мактубда Туркеш жаноблари сулҳ ва ярашишга рози бўлиш, бир бирини кечириш кучли ва буюк шахсларгагина хос фазилат эканини айтиб, Ислом Каримовни ҳам ана шундай мард ва жасур лидерлар қаторида кўришига умид қилаётганига алоҳида урғу беради.
Ўзбекистон Президенти эса унинг мактубига қуйидагича жавоб беради: (жавоб хати қисқартирилган ҳолда келтирилади) :
“Ҳурматли Алпарслан Туркеш жаноблари!
Сизнинг Туркиядаги элчимиз орқали йўллаган 1996 йил 4 август кунги мактубингизни катта қизиқиш ва эҳтиром билан ўқиб чиқдим. Сизнинг мустақиллик йилларидаги биз қўлга киритган ютуқларга берган баҳонгиз мени ғоятда ҳаяжонга солди. Мустақилликдан бўён ўтган беш йил муддат биз нақадар тўғри йўлда эканимизни яна бир бор исботлади. Бу йўл бизнинг халқимиз ва жамиятимз томонидан бениҳоя қўллаб қувватланмоқда.
Шу қисқа давр мобайнида биз мустақилликнинг ниҳотда оғир ва машаққатли йўлини босиб ўтдик. Кўплар биз танлаган йўл учун астойдил курашдилар, баъзилар бизга ишонмадилар ва яна баъзилар талай хатоларга йўл қўйишди. Агар бугун улар ўз хатоларини англаб етган бўлсалар, улар бундан кейинги ҳаётларини Ўзбекистон келажаги учун бахшида этсалар, бунга ҳеч ким қарши эмас.
Муҳаммад Солиҳ жанобларига келсак, бу киши ҳам бошқалар қатори юртига қайтиши мумкин. Лекин бу қайтиш ҳеч қанақанги талаб ва келишувларсиз, муайян мансаб ва ё имтиёзлар ҳисобига бўлмаслиги керак. Сиз, муҳтарам Туркеш жаноблари, Ўзбекистонда ҳамма нарса Коституцияга сўзсиз ва изчил амал қилинган ҳолда олиб борилишини яхши билсангиз керак деб умид қиламан.
Чексиз ҳурмат билан;
Ислом Каримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тошкент,
1996 йил, 18 ноябрь
И-1973

ҚУВҒИНЛАР

1997 йилнинг кузида Муҳаммад Солиҳ Франкфуртдан Истанбулга келди. Бу ерда унинг оиласи яшарди.
Туркия ҳукумати унинг келганини гўё билмаганга олди. Бироқ Ўзбекистон элчихонаси “Каримовнинг душмани” Истанбулга келганини Анқарадагиларга маълум қилди.
1997 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи муносабати билан Анқара Каримовнинг ҳурматига Муҳаммад Солиҳни Болгарияга чиқариб юборди.
Салиҳ Софияда бир ойча яшаб қолди. Сўнг яна норасмий тарзда Истанбулга келди.
Туркия ҳукумати бундан яна ранжиди.
1998 йилнинг мартида Муҳаммад Солиҳ энди Руминияга чиқариб юборилди.
У бу ерда бир ойча ҳам турмади. Апрель ойининг бошларида Киевга келди. Украинада у «Руҳ” Халқ Ҳаракати лидери Вячислав Черновил билан учрашди. Украина мухолифатчиси ўзбек демократини қўллаб қувватлашга ваъда берди.
Май ойида Солиҳ Москвага келади. “Литературная газета” ва “Люди как они есть” журнали у билан суҳбатлашиб, суҳбат матнини ўз саҳифаларида чоп этишади.
Июль ойида эса Базель шаҳри Мэри таклифи билан уч ойлик муддат билан Швейцарияга келади. Шу ерда у ўзининг «Йўлнома” номли хотиралар тўпламини қоғозга туширади.
Сентябрда яна Туркияга қайтади. Сафар норасмий бўлгани учун ҳам у ўз оиласи билан дўстларининг уйида учрашади.
1998 йилнинг ноябрида Бокуга бориб, Абулфайз Элчибей билан кўришади. У ердан эса Москвага ўтиб, генерал Александр Лебедь билан учрашади.
Декабрда яна Истанбулга қайтиб келади…

СОКИН МУХОЛИФАТЧИ

“Бирлик” раҳнамоси ҳам Истанбулда яшарди.
У Туркияда 6 йил яшаса-да, нафақат Туркия, балки Ўзбекистон ҳукумати ҳам уни эслашмади. Туркияда Муҳаммад Солиҳдан бошқа яна бир мухолифатчи – Пўлатов ҳам борлигини ҳеч ким билмасди.
1998 йил бу сокин мухолифатчи Вашингтонга кўчиб ўтади. Бу ерда унинг укаси яшарди…

ПОРТЛАШЛАР

1999 йилнинг 13 февралида Анвар Солиҳбоев бошчилигидаги бир гуруҳ ўзбек миллий хавфсизлик хизмати (СНБ) ходимлари Анқарага келишади. Солиҳбоев Туркия ҳукуматидан терроризмга қарши кураш битими доирасида Ўзбекистонга жўнаётган экстримистларни кузатиш учун Туркия аэропортларида ўз жосус агентларини жойлаштиришга рухсат сўрайди. Улар яқин кунларда содир этилиши лозим бўлган ўта жиддий воқеага ишора қилишади.
Айни шу кунларда Тошкентда ҳам ғаройиб воқеалар содир бўлаётган эди. Барча фаол мухолифатчиларнинг уйлари кузатувга олинган эди. Масалан, Тошкентда уч кун 13 – 16 февраль кунлари СНБ агентлари ва махсус хизмат ходимлари “Эрк” партияси котиби Отаназар Орипов, ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Аҳмедова, ёзувчи мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Солиҳнинг қизи Нигор, ака-укалари Комил, Жуманазар, Рашид Бекжоновлар яшайдиган Хоразмдаги барча уйлари қаттиқ кузатув остига олинган эди.
16 февраль кунги Тошкент марказида бомбалар портлашидан сўнг биринчи бўлиб айнан шу кузатувга олинган уй эгалари ҳибсга олинади.
Ҳали портлатганларнинг бирортасини ушламай туриб, ҳукумат бу ишни дин фанатиклари билан бирга Муҳаммад Солиҳ амалга оширди деб жар солди. Гўё бу ишнинг сиёсий тамғаси аввалдан маълум эди…
Муҳаммад Солиҳ бу айбловларга “Тўҳмат сеҳри” ёки “Магия лжы” номли мақоласида батафсил жавоб берган эди. Қуйида мазкур мақолани қисқартирилган ҳолда келтиришни лозим топдим:
“Мен 16 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган портлашлар ҳукумат томонидан уюштирилган деб тўла ишонч билан айта олмайман. Лекин мен тўла ишонч билан шуни айтишим мумкинки, мухолифатнинг бу портлашларга мутлақо алоқаси йўқ. Портлашлар ортида ким турганилигини билиш учун, бу фожеа кимлар учун зарур бўлганини яхшилаб ўйлаб кўриш керак бўлади.
Биринчидан, бу портлашлар Ўзбекистон Президентини ўлдиришга қаратилган эди деган ёлғонга ҳозирданоқ чек қўйиш керак. Портлашлар шаҳарнинг беш турли нуқтасида турли вақтларда содир бўлди ва бу беш бомба фақат бир кишини ўлдириш учун портлаган эди дейиш кулгили ҳолдир.
Фақат бир нарса – бу акциянинг провакация экани мутлақо ҳақиқатдир! Бу провакация нимани бошлаб бериши керак эди? У, кўриб турганимиздек, халққа қарши янги таъқиб ва тазйиқлар тўлқинини бошлаб берди. Бу репрессия ярим оч ва ялонғоч аҳолининг кун сайин кучайиб келаётган исёнини бостириш, қолаверса ҳали ҳануз мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш учун курашиб келаётган мухолифатни тамомила янчиб ташлаш учун жуда зарур эди.
Мухолифат ҳамиша ҳукумат учун халқ норозилигидан ҳам ортиқроқ хавф хатар манбаи бўлиб келди. Негаки, Каримов режими халқнинг бу норозилиги айнан шу мухолифат томонидан дастакланиб келинмоқда деган хаёлда эди. Шунинг учун ҳам 16 февраль портлашларидан кейинги биринчи ҳибслар ҳам айнан шу мухолифатдан бошланди. Аввал ҳаммани ҳибс этиб, кейин уларнинг алоқадорлигини эълон қилиш лозим эди. Улар шуни режалаштирган эдилар.
Ҳибсларнинг иккинчи тўлқини эса мухолифатга хайрихоҳ бўлган кишилар қатламини ўз ичига олди. Тошкент ва вилоят олий ўқув юртлари муаллимлари ҳибс этилдилар. Университетлардан мухолиф кайфиятдаги студентлар ҳайдалди, давлат идораларидан мухолифат билан алоқаси бор деб гумон қилинган ходимлар ишдан бўшатилди.
Қамоққа олиш ва ҳибслар бутун МДҲ (СНГ) давлатларини қамраб олди. Аресты охватили и территорию СНГ. 15 март куни Киевда Муҳаммад Бекжон билан “ЭРК” фаоли Юсуф Рўзимуродов, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Марказий Кенгаши аъзоси Қобил Диёров ва унинг жияни ҳибсга олиндилар. Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам Ўзбекистонга қарши “терррор”да айбланиб қирқдан зиёд киши ҳибсга олинди.
Норасмий манба ва маълумотларга қараганда 16 февраль портлашларидан сўнг ўзбек ҳукумати томонидан Президент ҳаётига суиқасд қилганликда айбланиб икки мингга яқин киши ҳибс этилган. Ўз ўзидан савол туғилади: Шунча одамни ўз ҳаётига суиқасд қилганликда айблаш учун Президент бу халққа нисбатан нима қилган бўлиши мумкин?
Бундан ўн йил муқаддам Президент Каримов Ўрта Осиёдаги энг илғор ва уйғоқ мухолифатга эга эди. У бунинг учун Худога минг бор шукр қилиб, шу мухолифат билан мамлакат равнақи йўлида ишлаши керак эди. Лекин у мухолифатнинг радикал бўлиб шаклланиши учун қўлидан нима келса, барини қилди. Мақсадига эришолмагач эса, у мухолифатни шундай деб эълон қилди ва кейинги етти йил давомида деярли ҳар куни уни йўқотиш учун тинмай иш олиб борди.
Лекин мухолифат, мана етти йилдирки, гарчи ҳукумат уни халқ орасида обрўйи йўқ деб ҳисобласа ҳам, ҳануз Каримов режими учун қўрқув ва таҳлика манбаи бўлиб келмоқда. Мен кўпам сийқалашмоқчи эмасман, аммо халқ орасида обрўси бўлмаса, нега унда мухолифатдан бунчалар қўрқишади деб сўрамоқчиман.
Шу нарса яққол аниқки, мухолифат кучи – режимнинг унга нисбатан бўлган таҳлика ва қўрқуви билан теппа тенг! Яна шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, яқинлашиб келаётган парламент сайловлари ва унда мухолифатнинг иштироки ҳақидаги гап сўзлар бу қўрқувни икки карра оширди.
Портлашларга қадар ўзбек мухолифатининг масъул кишилари Тошкентда ОБСЕ вакиллари ва қатор Ғарб ташкилотлари билан учрашган эдилар. Бу учрашув ва мулоқотлар ҳукуматни саросимага солиб қўйди. Айнан шу учрашувларда мухолифат вакилларининг парламент сайловларида иштирок эттирмаслик учун ўзбек ҳукумати яқин кунларда қандайдир провакацияга бориши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар айтилган эди. Кўп кутилмади. 16 февраль куни Тошкентда портлаган бомбалар нафақат бегуноҳ кишилар ҳаётига зомин бўлди. Балки, сайловлар арафасида пайдо бўлган яхши кунлар умиди ва демократия ҳақидаги орзуларни ҳам саробга айлантирди.
1994 йилги парламент сайловлари олдидан ҳам биз ҳақимизда худди шунга ўхшаш “давлатни куч билан эгаллаш” деган сохта айблар билан жиноий иш очишган эди. Лекин унда Каримов Ғарбни мухолифат хавфи билан ишонтиролмаган эди. Бомбалар билан ишонтириш асосли ва ишончли, шекилли. Шу аснода нафақат ўзининг диктаторлик бошқарувини оқлаш, балки, шу баҳонада мухолифатдан ҳам қутилиш мумкин!
Ўзбекистон телевиденияси тўрт йил муқаддам суъратга олинган қашқадарёлик йигитлар ҳақидаги кадрларни тез тез қайтириб туради. Улар гўё Чечинистон жангоҳларида ҳарбий тайёргарликдан ўтишган эмиш. Бугун бу йигитларнинг аксарияти ўз колхозларида ва ё милицияда ишлашини кўпчилик яхши билади. Улар қачонлардир, 1994 йилларда Ўзбекистонга «ЭРК” газетасини олиб келиб, ҳукумат томонидан ушланган эдилар…
Мартнинг сўнгги кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг АҚШга бўлажак сафари ҳам фақат бир мақсадни – ўзбек сиёсий мухолифатини ер билан яксон қилиш учун Американинг розилигини олишдан иборат!
Яқинда Ўзбекистонга Туркия Президенти Сулаймон Демерал ташриф буюрди. Икки давлат Президентларининг айни учрашувида ҳам асосий масала – мухолифат масаласи бўлди. Энди бу сафар Каримов Туркиядан ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳни тутиб беришни қаттиқ талаб қилди.
Туркия Президенти Демирал жаноблари Каримовга шундай деб жавоб берган: «Ўзбекистон душмани – Туркиянинг ҳам душмани, Каримовнинг душмани – менинг ҳам душманим, Муҳаммад Солиҳ ортиқ Туркияда яшолмайди!».
Мен Туркия Президенти ўзбек ҳукумати тарғиботига ишонди деган фикрдан йироқман. Лекин ёлғон олий ҳукумат доираларида айтилаверса, янгича мазмун касб этади ва унга одамлар секин аста ишона бошлашади.
Ўзбекистон Президенти мамлакатни бошқараётган ўн йил даври давомида ҳали бирор марта ҳам халқига рост сўз сўзламаган. У ҳамиша халқни алдаб келди. Олий ва муҳташам ҳукумат минбарлари бутун бўй басти билан уни доим фош бўлиш даҳшатидан асраб келди. Ва бугун ҳам бу ёлғон давом этиб келаяпти. Энди бу ёлғон Ўзбекистон фаровон юрт, унинг иқтисоди юксалишда, тинчлик мустаҳкамланмоқда, халқ ҳукуматдан миннатдор, мухолифат бизда йўқ, борлари ҳам террорист, халққа қарши репрессиялар йўқ, фақат мамлакат осойишталигини кўролмайдиган ёвуз кучлар бор, холос деган сўзлардан иборат!
Мен ЭРК ва ОЗОДЛИКни, ДЕМОКРАТИЯ ва ҲУРФИКРЛИЛИКни муқаддас деб билган барча тараққийпарвар кучларни бу ёлғонга ишонмасликка чақираман. Мен диктатор Каримовнинг «Ўзбек халқига бахт саодат тилайман ва уни бир кун келиб демократия шароитида кўришни орзу қиламан!” деган ёлғон сўзларига ишонмасликларингизни сўрайман. Мен Сизларни 16 февралдан сўнг ўзбек халқига қарши бошланган репрессияни тўхтатишга, сўз ва иш билан режим жаллодларининг гуноҳсиз кишиларни қатли ом қилишларига йўл қўймасликка чақираман” ( «ЭРК» газетаси. №4 май-август,1999)
“Озодлик” радиосига берган интервьюсида эса Мухаммад Солиҳ Ислом радикализми ва террорчилик ҳақидаги ўз фикрини мана бундай баён этади: “Ҳеч бир ғоя, у хоҳ миллий, хоҳ диний бўлсин, мусулмон кишисини террорга йўналтира олмайди. Ҳатто Каримов режимига ўхшаш тоталитар режимлар олиб бораётган давлат террорига қарши курашлар ҳам. Чунки террор – (аморален) – ноҳалолдир. Художўй одам ноҳалол бўлолмайди. Исломда – террорга ўрин йўқ!”.(“Озодлик” радиоси, 17-01-02, Марказий Осиё ва Кавказ, “Халифат ва Шариат”, Эшиттириш олиб борувчиси ва муҳаррир – Тенгиз Гудава

ПРОВОКАЦИЯ

Портлашлар ўзбек режимининг пухта ўйлаб амалга оширган провакацияси эканига шубҳа йўқ эди. Мен махсус хизматлар бу акцияни ўз режимларини замонавий ва демократик ҳамда дунёвий мухолифатдан батамом халос этиш учун амалга оширганларига шубҳа қилмайман. Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари ва мухолифат аҳволи ҳақидаги дашномлари Президент Каримовнинг бўғзига келиб тақалган эди. Шунинг учун ҳам у “мухолифатнинг террористик ниқоби”ни йиртиб, унинг асл башарасини бутун дунёга кўрсатиб қўйишни анчадан бўён ўйлаб юрарди. Тошкент портлашлари айни шу мақсадда уюштирилган бўлиб, айтиш мумкинки, у Каримов кутган эффектни берди ҳам…

ҲИБСЛАР ВА ҚИЙНОҚ

Олдин айтиб ўтилганидек, портлашлардан сўнг биринчилардан бўлиб демократик мухолифат аъзолари Мўътабар Аҳмедова, Мамадали Маҳмудов, Солиҳнинг ака-укалари – Комил ва Рашид, бир оз кейинроқ эса – Муҳаммад Бекжонлар ҳибсга олиндилар. Мўътабар Аҳмедова кўп ўтмай қўйиб юборилган бўлса-да, аммо қолган бошқа мухолифатчилар режим жаллодлари томонидан ҳибснинг биринчи куниданоқ даҳшатли қийноқларга дучор бўлдилар. Кейинчалик улар маҳкама жараёнида ўзларининг барча гувоҳликлари қийноқлар остида олинганини очиқ ойдин баён этдилар…

ҚОРАЛАШ, ИҒВО ВА БЎҲТОН КОМПАНИЯСИ

Портлашлардан кейинги дастлабки кунданоқ, гарчи ҳеч бир исбот ва “ашёвий далил” бўлмаса-да, ҳукумат матбуоти, радио ва телевизоридан Муҳаммад Солиҳга қарши қоралаш компанияси авж олди. Ўзларининг асосий рақиблари – “Ислом фундаменталистлари” бир ёқда қолиб, бутун умри давомида террорни қоралаган, улуғвор ва юксак ғоялар билан торрорни ёқлаб келганларга ҳамиша қарши бўлган кишига нисбатан тўҳмат ва бўҳтондан иборат шармандали жараён узоқ давом этди.
“Инсон ҳақ-ҳуқуқи ва озодлиги” журнали Россиянинг бир гуруҳ кўзга кўринган таниқли ёзувчилар, сиёсатчилар ва жамоат арбоблари Мурожаатини эълон қилади. Унда жумладан шундай сўзлар бор эди: “Газета ва журнал саҳифалари, радио ва телевидения эшиттиришлари орқали Муҳаммад Солиҳ номига бўҳтон ва тўҳматдан иборат иғво хабарлар тинимсиз тарқатилмоқда. Корхона ва ташкилотларда, маҳалла ва олий ўқув юртларида тепадагиларнинг топшириғи билан “Жонажон Президентимизни ҳимоя қиламиз!”, “Мустақиллик ва осойишталик душманлари йўқолсин!”, “Йўқолсин Муҳаммад Солиҳ!” деган шиорлар ва хитоблар остида йиғилишлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси Сталин ва Брежнев давридаги тоталитар совет тузумининг машъум йилларини, Андрей Сахаров ва Александр Сольженицинларга бўлган таъқиб ва тазйиқларни эслатмоқда.” (“Защита прав и свобод человека”, Номeр 4 (11) 21.05.1999.)
Бу хатга Людмила Алексеева, Белла Ахмадуллина, Елена Боннэр, Лариса Богараз, Сергей Ковалев, Андрей Битов, Фазыл Искандер, Константин Боровой, Александр Ткаченко ва Россия Думасининг кўплаб бошқа депутатлари ҳам имзо чекишган.
Дунё ҳамжамиятига Муҳаммад Солиҳ ва ўзбек мухолифатини ҳимоя қилиб худди шундай Мурожжатномани Озарбайжон Халқ Фронти раҳбарлигидаги Озарбайжон мухолифати ҳам қабул қилган эди. Мазкур Мурожаатномага Озарбайжон сиёсий партияси раҳбарларидан 12 нафари имзо чекишган. Уларнинг орасида Абулфайз Элчибей, Иса Гамбвров ва бошқа таниқли арбоблар бор эди.
Солиҳни унинг учун оғир бўлган дамда украиналик сиёсатчилар ҳам унутишмади. Украина Олий Радасининг 36 депутати у раҳбарлигидаги ўзбек мухолифатини ҳимоя қилиб дунё халқларига Мурожаат қабул қилишди. Хатга имзо чеккан депутатлар орасида Қрим турклари лидерлари Мустафо Жамил ва Руфат Чубароғлилар ҳам бор эди.
Солиҳга қарши олиб борилган бу қоралаш компаниясида, ажабки, “оппозиционерлар”дан ҳам икки шўрлик нусха қўшилиб қолган эди. Булар ўша ўзингизга маълум бўлган ожиз кимсалар А.Пўлатов ва Ж.Маматовлар эди. Улар ўзларининг “Бирлик” интернет сайтларида Муҳаммад Солиҳ мухолифатдан чиқди, Ўзбекистон эса уни фуқароликдан маҳрум қилди деган бўҳтон тарқатиш билан овора эдилар…
Нима ҳам дердик, бу дунёда ҳар кимнинг ўз “ташвишлари” бўларкан…

МУҲОЖИРОТ

1999 йилнинг март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочоқлар бўйича Комиссарлиги Муҳаммад Солиҳ ва унинг оила аъзоларига сиёсий қочоқ мақомини берди.
Апрель ойида у оила аъзолари билан Ослога келади.
1999-2000 йилларда Ўзбекистон ҳукумати Норвегия давлатига уч маротаба Солиҳни ушлаб бериш ҳақида мурожаат қилишди ва ҳар гал рад жавоби олишди…

ДЕМОКРАТИК МУХОЛИФАТ УСТИДАН СУД

Маҳкама жараёни 1999 йилнинг 18 август куни Тошкент вилоятининг мўъжазгина шаҳарчаси – Янги йўлда бошланди. Суд ҳукми ўқиб эшиттирилишидан икки кун олдин ёзувчи Мамадали Маҳмудов бошчилигидаги гуруҳ халқаро жамоатчиликка қилган Мурожаатномасини эълон қилди. Мана ўша мактуб:
“Халқаро радиостанцияларга судланувчилар, “Ўзбекистон Демократик кучлари” аъзоларидан Мурожаатнома:
Биз судланувчилар – Мамадали Маҳмуд, Муҳаммад Бекжон, Рашид Бекжан, Юсуф Рўзимуродов, Қобил Диёров ва Неъмат Шарипов шуни маълум қиламизки, бизларни Ички Ишлар Вазирлиги ертўласида узоқ муддат сақлаб, “ЭРК” лидери Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Демократик кучларига қарши кўргазма олиш учун мислсиз азоб ва қийноқларга солишди. Бизга “Ўлим халталари” кийдиришди, электр токи билан қийнашди, резинали дубинкалар, сув тўлдирилган пластмасса идишлар ва қўллари билан уришди, ҳақорат қилишди. Аёлларимизни олиб келиб зўрлаймиз деб қўрқитишди. Лекин биз барибир бўҳтон ва ёлғон кўргазмаларни тан олмадик. Биз барча демократик давлатлар ва халқаро ташкилотлардан бизларни ҳимоя қилишларини илтимос қиламиз!
Яна шуни қўшимча қилмоқчимизки, Мамадали Маҳмудовдан Муҳаммад Солиҳни ўлдиришни талаб қилишди.
Судланувчилар (имзо): Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) ёзувчи
Муҳаммад Бекжон, “Эрк” партияси аъзоси
Рашид Бекжон, “Эрк” партияси аъзоси
Юсуф Рўзимуродов, “Эрк” партияси аъзоси
Қобил Диёров, “Бирлик” аъзоси
Неъмат Шарипов, бизнесмен.
1999 йил 18 август.”
Судланувчиларнинг маҳкамада маълум қилишларича, уларни судга қадар адвокатсиз сўроқ қилишган ва ҳатто судга ҳам улар ҳимоячиларсиз келишга мажбур бўлишган.
Лекин булардан қатьий назар, суд, ҳеч бир далил ва исботсиз уларнинг ҳар бирини 14 ва 15 йилга (қаттиқ ва кучайтирилган тартибли калонияда) озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди…

(Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси).

Ёзувчи Мамадали Махмудовнинг суд залидан ёзган мактуби

Бу хатни тўқсон тўққиз фоиз ёпиқ ҳолда, юзлаб қуролланган погонли, каскали кишилар қуршовида кечган суд залида ёздим. Унинг бир нусхасини бир амаллаб умр йўлдошим Муқаддас Махмудга бердим. Мақсадим: кўплаб нусхага кўчирилажак бу хатни Сизларга етказиш… Менга қасддан қилинган тўхмат-бўҳтонлару жабр-зулмларни шу қоғозда акс эттирдим…
1999 йил 19 феврал куни кеч соат олтиларда қора ниқоб кийган зўравонлар мени ўғирлаб кетишди.
Воқеа шундай юз берди: мен ‘’Тико”да маҳалламиз (Салар-1) дўконига борган эдим. Умр йўлдошим Муқаддас Махмуд ёнимда эди. Дўкондан чиқишим билан қора ниқоб кийганлар алланарса билан менинг бошимга уришди. Кейин мени судраб, буклаб машинага тиқишди. Умр йўлдошимнинг чинқириғи, маҳалладошларимнинг қий-чувлари қулоғимга чалиниб қолди. Бу ҳодиса яшин тезлигида кечди. Ойлар кечароқ билсам, ниқобдорлар ‘’Тико”мизни ҳам ўғирлаб кетишибди. Мени ўғирлашган соатнинг ўзида бу зўравонликни бутун маҳалла, сўнг Ўзбекистон, сўнг дунё билди…
Ҳар куни ‘’тоталитар тузим’’ деб ёмонлаётганимиз – СССР пайтида ҳам менга бундай ваҳшийлик қилинмаган.
Мустақиллик даврида миллий ёзувчини асоссиз равишда таҳқирлаш – зулмми, адолатсизликми, буни ўзларингиз баҳоларсизлар.
Мабодо, 16 феврал воқеасида менинг тариқча ҳам айбим бўлганда эди мен ўз уйимда бўлмас эдим… Менинг ҳам ўзимга яраша ақл-фаросатим бор… Бу пайтда мен, олти-етти ойдан бери, уйдан эшикка чиқмай китоб ёзаётган эдим.
Мадомики мендан гумон қилинса, мени қонун йўли билан чақирса бўлмасмиди? Қонунга қарши ким боряпти?
Ниқобдорлар менга қора ниқобни терс кийдиришганда, мен ҳушимга келдим. Улар мени уриб, сўкиб тагларига босиб олишди. Тағин ҳушимдан кетдим. Тошкентдан номаълум томонга тахминан 2-3 соатча (кейин сездим…) йўл босилгач, мени зулмат ичида уриб, тепиб, судраб, сўкиб, таҳқирлаб номаълум ертўлага олиб тушишди. Ниқобда ҳеч нарсани кўрмадим. Сездим. Фақат эшик яқинида саноғи йўқ ваҳший итларнинг ваҳший вовуллашларию ертўлада тарс-турсларни, аянчли инграшлару, дод-фарёдларни эшитдим.
Вужуд-вужудни ларзага солиб юрак-бағримни сил этувчи бу чинқириқ, инграш, йиғиларга одам боласи чиқай олмайди. Бу олис, овлоқ, номаълум ертўлада ҳар куни шундай…
Мени қўрқув босди, “ном-нишонсиз ўлдириб юборишади” деб ўйладим. Мен инграб юбордим. Тағин мени сўкиб, таҳқилаб, уриб тепишди. Менинг қўлларимни орқамга қайириб, кишанлашди. Мен қимирласам, кишан менинг қўлларимни баттар қисарди.
Кейин қанча кун, қанча тун кечди, мен билмадим, менинг қўлларимни кишандан ечишмади. Қишда тақир, заҳ ерда, ўттиз учта танга-танга тешикдан совуқ иззилаб кираётган бетон зиндонда бир ярим ойча бир ўзим юпун, ҳўл ва қонга беланган ҳолда ўлим билан олишиб ётдим…
Номаълум ертўлада мени юзида холи бор йигит сўроқ қилди. Унинг ёнида доим ниқоб кийган баҳайбат-баҳайбат уч палач тўппонча ва дубинкаларда турди. Сўроққа мени ниқобдорлар ниқобда, кишанда камерадан олиб чиқар, сўнг шу зайлда – ниқобда, кишанда судраб чалажон ҳолда олиб келар эди. .
Юзида холи бор кимса менга ўзини таништирмади.
У мени истаган онда ўлдириши, Ахмаджон Одиловдай қамоққа чиритиши, уй-жойимни ёқиши, бола-чақамни автоҳалокатга йўлиқтириши, уларга турли-туман тазйиқлар қилиши, менинг умр-йўлдошим билан икки қизим ҳам шу зиндонда экани, кўз олдимда зўрлашлари ва ўзига шундай ҳуқуқ берилганлиги ҳақида қайта-қайта таъкидлади.
Бундай ишларга олтин, пул аямаслигини айтди. Юзида холи борнинг буйруғи билан, айрим кечаларда балки унинг буйруғусиз ниқобдор уч палач (ниқобдорларга нисбатан палач сўзини юзида холи бор айтган) мени кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усуллар билан қийнади. Дубинкаларда уравериб, тепавериб қонга белади. Менинг соғ ерим қолмади. Бутун баданим қорайиб, кўкариб, шишиб кетди. Қўл-оёқларимни куйдирди. Игнадан тирноқларим қорайиб, қўпорилиб кетди. Орқамга қўлларим кишанланган ҳолда мени соатлаб осиб қўйди. Менга аллақандай уколлар қилди. Аллақандай суюқликлар ичирди…
Мен юзлаб марта ҳушимдан кетдим, мени юзлаб марта ҳушимга келтирди.
Мен ҳушимдан кетган онларимда, қишда, совуқда менинг бошимга совуқ сувлар қуйди, бурнимга аллақандай сасиқ нарсаларни тиқди… мен ҳўл уст-бошим билан муз зиндонда ёлғиз ўзим тун-кунларни чидаб бўлмас азобда ўтказдим…
Менинг ҳар куним, ҳар туним қўлларим кишанланган ҳолда олис, овлоқ, номаълум ертўлада шундай қийноқ, азоб билан кечди. Мен бу қоғозда менга берилган мингдан бир азобни ёздим. Мен бунчалик ёвузликни бирон китобда ҳам ўқимаганман, бирон кинофилмда ҳам кўрмаганман.
Ўз ўлимимга рози бўлдим. Тинимсиз хўрлаш, таҳқирлаш, қийноқлардан ўлим енгил. Фақат бир нарсага – болаларимни кўрмай ўлаётганимга, ўлигимни ҳам уларга бермаслигига ачиндим.
Оғир қийноқлар сўнгида юзида холи бор кимсанинг буйруғи билан қип-ялонғоч қилиб ечинтиришди, сўнг ўлим стулига ўтқазишди. Сўнг қайтадан менинг қўл-оёқларимга кишан солишди ва ҳамма ёғимни чандиб боғлашди.
Мен ҳаёт билан видолашдим.
Болаларим, набираларим кўз олдимдан ўтди. Бундан менинг юрак-бағрим эзилиб қон бўлди. Оғир, тўхтовсиз хўрсиниқлар томоғимга тиқилди. Ҳаётдан ном-нишонсиз кетаётганимдан, жасадим кулга айланажагидан, бундан болаларим, набираларим, умр йўлдошим хабар топмаслигидан хўрлигим келди. Ўзимга-ўзим ачиндим.
Менга ўлим қопи кийдиришди. Палачлар менга 5 марта ўлим қопи кийдиришди. Кейин юзида холи бор кимса:
– Тошкентдан ‘’ҳозир ўлдирилмасин’’ деган буйруқ олдик, деди менга, энди сени ойлаб қийнаб ўлдирамиз ё айтганларимни ёзиб берасан. Яна мени тунлар, кунлар қийнашда давом этишди. Мен юролмай, ўтиролмай қолдим. Чала жон ётдим. Менинг оёқ-қўлларим яралардан шишиб, йиринглаб кетди. Туфлим оёғимга сиғмай қолди. Дубинкалар зарбидан пайпоқларимнинг тит-пити чиқиб кетди. Мени терговхонасига яланғоёқ ҳолда ўликдай судраб олиб борар, терговдан судраб олиб келар, юзимдан қора ниқобни, орқамга қайирилган қўлларимдан кишанни ечмас эди.
Хотиним билан қизаримни ўртага қўйишди…
Бу олис, овлоқ, номаълум, қўрқинчли ертўлада аёлларнинг оҳ-фарёдларига одам зоти чидолмас эди!
Сўнгсиз қийноқлардан сўнг ‘’истаганини ёзиб бераман, хотиним билан қизларимнинг ор-номусларини сақлаб қоламан, сўнг судда ҳақиқатни айтаман’’, деб ўйладим. Ва шундай қилдим. Шундай қилишга мажбур бўлдим.
Мажбур этишди!… Ҳатто ‘’16 февралда ҳамма ерни мен портлатдим’’, деб ёзиб бердим.
Шундан кейин мен кўчада юрган ҳар қандай бегуноҳ одамга ҳам мислсиз, даҳшатли қийноқлар билан ундан шундай ёздириб олишлари мумкинлигига ишондим.
16 феврал воқеасини ким қилган? Кимлар?
Бу асл ҳақиқат вақт кечароқ очилади. Албатта очилади…
Лекин бунда Муҳаммад Солиҳнинг қўли йўқ. Шоир одам, ўз миллатини ўзидан ҳам ортиқ севадиган одам бундай қилмайди. Мен Муҳаммад Солиҳни етарли билганимдан шундай дейишга журъат этдим…
Юзида холи бор менга шундай деди:
– Кўп одамларнинг ҳаётларини сақлаб қолишинг учун ҳам ёзасан, ҳали телевизорда ҳам чиқасан, кейин Муҳаммад Солиҳни ўлдириб келасан…
Айни шу гапларни менга уч марта айтди. Мен қандай одамларнинг ҳаётларини сақлаб қолишим керак эди? Бу менга қоронғу ҳам сирли эди.
Холи бор кимсадан буни сўрадим. У менга жавоб бериш ўрнига ўлимдай совуқ тикилди. Шундан кейин мен унга дедим:
– Мен қотил эмасман, ёзувчиман.
– Сен шаҳсан президентнинг назоратидасан… – деди юзида холи бор кимса, – сенинг ҳар қадаминг ўлчанган… Истаган пайтда сени ‘’ол’’ дейиши мумкин… Ёз!…

Юзида холи бор мендан ҳамма нарсани президент номига ёздириб олди.
Унга бундай эрк, чексиз ҳуқуқни ким берган, билмадим. Мени тўкиб ташлади, мен бутунлай соғлигимдан айрилдим. Мени халқаро холис экспертлар экспертиза қилишларини сўрайман. Мутлақо махфий равишда турли йўл, усул, найранглар билан, ёлғон, туҳмат, бўҳтонлар билан ўлдириб юборишлари, менинг оиламга турли-туман тазйиқлар қилишлари мумкин. Бу ҳақда айтишди ҳам…
Мени ва оиламни булар зулмидан ҳимоя этишларингизни сўрайман.
Мен Муҳаммад Солиҳ тўғрисида соҳта нарсалар ёзишга мажбур бўлганимдан кейин, Ўзбекистон республикаси Ички Ишлар Вазири ўринбосари Сайфулла Асадов, тергов Бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафиддинов, унинг муовини А. Эгамбердиевлар бир неча марта келиб кетдилар. Улар менга ўзларини таништирдилар ва мен билан одамларча муомалада бўлдилар. Мен уларда президентга садоқатни кўрдим.
Лекин мен ҳали номаълум ертўлада эдим…Ҳали менинг ҳаётим қил устида эди…Шу сабабли холи бор мендан нимани ёздириб олган бўлса, уларга ҳам шуни ёзиб бердим. Нима ёзган бўлсам, ҳаммасининг тагига соҳта қўл қўйдим…Бу олис, номаълум, ўлим ҳиди анқиган ертўлага врачлар ҳам бир-неча марта келиб кетишди. Мени даволашди. Ҳатто энди ниқобдорлар ҳам соғайишимга қарашди.
Чунки, мени телевидениега чиқаришлари керак эди…Тўҳмат текст… Сохта чиқув…
Баъзан, ниқобдорлардан бири (уни танийман, кўрсам учовини ҳам танийман) маст ҳолда мен ётган зиндонга кирар, мендан доллар талаб этар… мени урар, тепар, сўкар эди. Тунда бу мудҳиш ҳол кечар эди…
Бу номаълум, қўрқинчли ертўладан ниқобдорлар менга ниқоб кийдириб, мени машинага юзтубан босиб, беш-олти марта ИИВга олиб боришди. Энди холи бор кимса кўздан бутунлай ўчган (мен уни суд маҳали август ойида ИИВ ертўласида тасодифан кўриб қолдим…), энди мен билан С. Асадов, А. Шарафиддинов, А. Эгамбердиевлар шуғулланишар эди.
Дубинкалар зарбидан янги шим-кастюмим, кўйлак, майкаларим титилиб, йиртилиб кетган эди. Шу сабабли С. Асадов менга ички кийим, қора кўйлак, галстуг олиб берди. Шу кийимда мени ИИВ биносида телевизорга олишди… Текстни ўзлари ёзиб беришди.
Мен уч кеча-кундуз ИИВ биносида қолиб шу ёлғон, Муҳаммад Солиҳга туҳмат текстни ниқобдорлар зулмида ёд олдим. Мажбуран ёд олдим. Ёд олдиришди…Бу муҳим экан! Жуда муҳим экан!…
‘’Шахсан президентнинг ўзи кўради… Энди сенинг ҳаётинг шунга боғлиқ… Балки эрта-индин уйингга ҳам бориб қоларсан…’’ дейишди… Ҳали мен узоқ ва номаълум ертўлада эдим. Ҳали менинг ҳаётим қил устида эди…
ИИВ биносида мени тўрт марта телевизорга олишди.Телевидение ходимлари мени ниқобда олиб киришди. Ниқобдорларни ҳам. Бир марта эмас, бир неча марта…
Нима учун мени ИИВда тўрт марта телевизорга олишганининг сабабини айтишди…
‘’Президентга ёқмаяпти… Сохта…’’ деб айтаяпти дейишди…Фақат тўртинчи ёзув тўғрисида индашмади.
Тағин мени узоқ, номаълум зиндонга олиб кетишди. Тағин тун ва кунларим ғариблик ва азоб-уқбатда кечарди.
Қоқ тунда бир ниқобдор маст ҳолда менга:
– Агар яна бир ҳафта ўлмай турсанг, кейин узоқ яшайсан, – деди.
Бир ҳафта кечди. Мен ҳали тирик эдим. Тунда ўша ниқобдор темир эшикни шарақлатиб очиб, мен ётган камерага кирди. У маст эди. Сўнгги дамларда менга зулм қилишдан ўзини анча тийган эди у. Баъзан ҳатто унинг юзида кўзида менга нисбатан ачиниш аломатлари ҳам бордай туюларди. Балки, мен янглишаётгандирман. Ҳар ҳолда менга шундай туюларди… У менинг елкамга оғир қўлларини қўйиб деди:
– Старик, агар яна 15 кун ўлмай турсанг 50 йил яшайсан… – деди.
Мен бу қоғозда унинг сўзларини айнан келтирдим.
Бу гаплар… Бу сирли гаплар…
Уларга ҳам кўникиб қолган эдим… ‘’Тангри буюргани бўлади’’ деб ўйладим.
19 февралдан апрел ойининг қайси бир кунигача мени номаълум зиндонда сақлашди. Кейин кутилмаганда ниқобдорлар мени уриб, тепиб, ИИВ ертўласига олиб бориб ташлашди. Шунда қўлимдан кишанни, юзимдан ниқобни олишди.
Апрел ойида, яъни мени ўғирлаб кетишгандан бир ярим ой ўтгандан кейин шаҳар прокуратураси қамоққа олишга санктсия берди. Бир-ярим ойдан кейин. “Устувор қонун’’ ҳурматими, бу?
Энди мен шу гапларни айтишни ўз бурчим деб биламан.
Жадидлардан кейин мен ўз элимнинг миллий ёзувчисиман. Бунга менинг китобларим гувоҳ. Ҳамма асарларимни мен Туркистоннинг миллий озодлиги, Истиқлоли учун ёзганман.
Миллатим, ватаним озодлиги – менининг ҳаётим.
Лекин биз, бизлар орзу қилган, курашган, Миллий Озодликка – мустақилликка эришганимиздан сўнг мен не учундир таъқибдаман, тазйиқдаман, қамоқдаман.
Бу иккиюзламачи ғаразгўй ‘’дўст’’ларнинг ишларими?
1991-1994 йилларда мен Ўзбекистон Республикаси Жамғармаси Бошқарувининг раиси эдим. Бу ташкилотни йўқдан юқорига олиб чиққанимизни эл билади…
1994 йил 3 март куни тонгда қуролланган бир қанча киши менимг уйимга қорадори, тўппонча, ишхонамга ҳам қорадори қўйиб, мени ИИВ ертўласига тиқишди.
Мен ИИВ ертўласида 5 ой 18 кун туҳматдан азоб-уқубатда ётдим.
Ертўлада тутқунни 10-15 кундан ортиқ сақлаш қонунан мумкин эмас.
Лекин…
Сўнг мени яна 9 ой зиндонда сақлашди.
Қама-қама билан одамни, жамиятни тузатиб бўладими? Бу эл бирлигини бузишга олиб келмайдими? Бу узун кечмишдан маълум эмасми?…
Қорадори!…
Тўппонча!…
Бу қадар жўн (примитив), бу қадар ачинарли бу!
Ёзувчини шундоқ нарсалар билан қамаш – фожеа!…
Бу бир менинг фожеамми?…
Бу туҳматга ким ишонади? Ҳатто ёввойи ҳам ишонмайди. Нима мен бангиманми ё қотилманми?!
Қорадори…
Тўппонча…
Касаллик… Буюк касаллик… Туҳмат, қасд касаллиги!…
Терговда бир марта ҳам мендан ’’қорадорини қаердан олдинг, тўппончани қаердан олдинг?’’ деб сўрашмади. Ҳатто номига ҳам сўрашмади.
‘’ЭРК’’ газетасини қаердан олдинг, деб сўрашди, азоб беришди.
У пайтда мен (ишдалигимда) ‘’ЭРК’’ газетасини уйимга ким ташлаб кетганини билмас эдим. Шунча газетани ўз хоҳишим билан президент девонига ва ИИВга топширган эдим. Бу ҳақда ўша замонда юртдаги тегишли ерларга ўнлаб хатлар ёзганман… Аммо ҳеч бирига жавоб олмаганман…
Яхшиликка ёмонлик бўлди. Мени 4 йилга озодликдан маҳрум этишди ўшанда.
‘’Заказ…’’ дейишди. Президентнинг номини айтишди… Балки президентга туҳмат қилишгандир? Бу ёғи менга қоронғу.
Энди, замонлар кечароқ ‘’ЭРК’’ газетасини уйимга КГБ одами Ахтам Розиқов қўйиб кетгани аниқ бўлди. Буни мен ҳозирги терговда ҳам, ҳозирги судда ҳам айтдим. Улар эшитишни ҳам исташмади. Мени қасддан, туҳматдан қамашганига ким, кимлар жавоб беришади?
Ахтам Розиқов Самарқанд шаҳар, Титов кўчаси 1-уйда яшайди. Адолат бўлса мени Ахтам билан юзлаштиришларини ва чин (ҳақиқат) қарор топишини истардим.
Мени қасддан, туҳматдан қамашганини балки президент билмас? Қуйидагилар унинг номидан иш кўргандирлар?
Чунки мен қамоқда 2 йил, 5 ой, 6 кун ўтирганимдан кейин президент менга Озодлик берди: афв…
Аслида мен ‘’ЭРК’’га ҳам, ‘’Бирлик’’га ҳам аъзо эмасман. ‘’ЭРК’’, ‘’Бирлик’’ газеталарига бир чизиқ нарса ҳам ёзмаганман. Уларнинг ҳеч биридан намойиш, митингларида қатнашмаганман, тегишли идора… буни чуқур текшириш ўрнига менга туҳмат қилаяпти. Буни ‘’ЭРК’’, ‘’Бирлик’’ аъзоларидан сўрашса ҳам бўлади. Аҳмад Аъзамга ўхшашлардан сўрашса ҳам бўлади.
Мен Муҳаммад Солиҳни турк дунёсининг миллиётчи, йирик шоири, кенг билим эгаси, тўғрисўз одам деб биламан.
Эл, юрт дили бошқа, тили бошқа, манфаат пардаларига чирманган кимсалардан чўчиса бўлади.
Дил, тил бирлиги – элимиз келажаги… Мен президентни кимга, қаерда ёмонлабман? Мен президентни қайси газетада қоралаб ёзибман? Ҳар бир одам каби менинг ҳам президент тўғрисида ўз фикрим бор. Бу менинг шахсий фикрим, нисбий фикрим. Бунинг нимаси ёмон? Фикр билдириш ҳеч бир замон таъқиқланганми?
Мен ҳеч ерда, ҳеч қачон Муҳаммад Солиҳ билан президентни қуршаб олиш тўғрисида гаплашмаганман. Менимча бу бирон ишга илиниш илинжида бўлган Алишер Бегибаевнинг уйдурмаси. Агар шу гапларим ёлғон бўлса: қани аниқ далил-исботлар?
Мен ёнимга одам тўплаган бўлсам, қани ўша одамлар? Ҳеч бўлмаса, биттасининг исмини айтинг.
Мен тўпланган одамларга юз доллардан берибмишман. Қани бунга далил-исботлар? Ҳеч бўлмаса битта исбот борми?
Мен 1998 йилда Юсуф билан Туркияда бозорда учрашган эмишман. Бунга асос борми? Мен умримда фақат бир марта Туркияга борганман. 1992 йилда.
Терговда, судда менга қўйилган айбларнинг биттасининг ҳам исботи йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки бунинг ҳаммаси туҳмат!
Тўғри, 1998 йил 2 марта мен Киевга, Муҳаммад Солиҳнинг олдига борганман. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Мен бошқа ёзувчилар ҳам унинг олдига бориб келишаяпти-ку… Борган одам фитна уюштираверадими? Уюштирса, бунга аниқ исбот қани? Йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки фитна тўғрисида мутлақо гап бўлмаган. Ортиқча хуқуқ берилган тизим нима деса, туҳмат қилса ҳам тўғри бўлаверса – охири нима бўлишини билмадим. Олдин ҳам шу тизим мени туҳмат билан қамаган эди. Яна туҳмат билан қамади. Ишни ҳалол йўл билан очиш керак. Ишни туҳмат билан, хўрлаш билан, қийноқ билан, мислсиз жабр-зулм билан очадими? Мислсиз қийноқ-ҳар қандай туҳматни гуноҳсизнинг бўйнига қўяди. Бу ёвуз усулнинг умри қисқа.
Алишер Бегибаев!
12 йилга кесилган одам озгина ўтирмай қамоқдан чиқди. Бунинг сабаби нимада ёки қаерда?…
Муҳаммад Солиҳнинг қарз гапини – таклифини Алишерга айтдим, холос. У: ‘’акани олдига бирга бориб келайлик’’ деб туриб олди. Алишер билан Муҳаммад Солиҳнинг олдига иккинчи марта бордим. Ўз нафси балоси йўлида бировга туҳмат, жабр қилиш билан бахтга эришиб бўлмайди.
Охир оқибат ўзи қазиган чуқурга ўзи қулайди. Бу ўзбекнинг асрлар давомида синалган мақоли.
Алишернинг бир балоси борки, уни терговга ҳам, судга ҳам чақиришмади…Ўша кезда Алишер Бегибаев Тошкентда эди.
Терговчи Илҳомжoн Турғунов менда айб йўқлигини ич-ичидан биларди. Лекин кўрсатма бўйича иш тутишга мажбур… эди. Мен буни шахсан унинг ўзига айтдим. ‘’Шуни сезибсиз, шунга ҳам рахмат. Илож қанча?…’’ деди у. Энди Илҳомжон бу гапни тан оладими, йўқми, буни Тангри билади.
Моддаларни ҳам талай марта алмаштирди…
Сохта ‘’шерик’’лар ҳам топди…
Спектакл…
Суд… Қора ниқоб кийганлар мени ўғирлаб кетишганидан тортиб, ҳамма гапни судга айтдим. Бироқ у менинг бирор гапимни инобатга олмади. ‘’Ёлғон!’’ деди.
Мени 14 йилга озодликдан маҳрум этди. Спектакл тугади.
Бу кетишда Олий Судда ҳам спектакл ўзгармайди.Мен фақат Сизлардан адолат кутаман.Чуқур ҳурмат билан, тутқун ёзувчи Еврил Турон (Мамадали Махмудов)

Ёпиқ суд зали
18 август 1999 й.


16 феврал “айбдорлари” устидан суд ва маҳкама ҳукми

Нега мен “айбдорлар” жумласини қўштирноқ ичида келтираяпман?
Чунки, суд ҳукми билан отиб ташланган 16 кишини бу портлашларни ташкил қилганликлари ва амалга оширганликларига кўплаб кузатувчилар ишонмайдилар. Уларни ўз айбларини тан олганликларидан бўлак бирор ишончли далил йўқ. Ўзбекистонда ўз айбига иқрор қилиш қандай амалга оширилишини эса ҳамма билади. Даҳшатли қийноқларни ўз бошидан кечирган ёзувчи Мамадали Маҳмудов бу ҳақда бутун дунёга маълум қилди.
Маҳкама ҳукми билан Козимбек Зокиров ва Баҳром Абдуллаев бошчилигидаги гуруҳлар отиб ташлаш воситасида қатл қилинди. Бу гуруҳ бошлиқларидан бири дея кўриладиган Баҳром Абдуллаев портлашлар пайтида Ўзбекистон МХХ ертўласида ўтирганди. У 1998 йилнинг ноябр ойидан қамоқда бўлган, портлашлар эса 1999 йилнинг 16 февралида содир этилди.
Нега унда уни қатл этдилар?
Ўзбекистон махсус хизматлари Баҳром Абдуллаев кўмагида радикал исломий гуруҳлар билан алоқага чиққан ва уларнинг қўли билан портлашларни амалга оширган деган тахминлар бор.
Шу сабабли бу сир ошкор бўлмаслиги учун суд ҳукми жуда тез кунларда амалга оширилган.


“Бир ишдаги” икки сурат

Олдин айтиб ўтганимиздек “16 феврал портлашлари” дунёвий мухолифатни, шахсан Каримов режимининг асосий рақиби “Эрк” демократик партиясини дунё жамоатчилиги олдида ёмонотлиқ қилиш мақсадида ташкил этилганди. Ўзбекистондаги “ваҳобийлар”га қарши ўз қатағонларини қонунийлаштириш, бу режимнинг иккинчи мақсади эди.
Муҳаммад Солиҳ ва “Эрк” партияси бу ишда асосий айбдор сифатида кўрилди ва ҳеч қачон оқловга ўрин берилмади. Тергов ва суд ишлари бошдан то охиригача белгиланган мақсадлар бўйича амалга оширилди.
Мана бир мисол келтираман.
Тергов ишини юритаётганлар қўлида ўзбек мухолифати лидерларини Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакиллари билан танишлигига гувоҳлик берувчи икки сурат бор эди. Биринчи суратда Муҳаммад Солиҳ ва ЎИҲ лидери Тоҳир Йўлдош акс этганди. “Гувоҳ” Зайниддин Асқаровнинг Муҳаммад Солиҳга қарши берган барча ёлғон кўрсатмалари айнан шу суратга асосланган эди. Бу сурат Солиҳни “айбдор” эканлигини тасдиқловчи ягона далил ўлароқ хизмат қилди. (Бироқ З.Асқаровнинг ўзи 2002 йилда ББС радиосининг мухбири Ҳамид Исмоилов билан суҳбатда ва кейинчалик 2003 йилнинг 27 ноябр куни ББС, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари мухбирлари билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳни портлашларга умуман алоқаси йўқлигини тан олганди).
Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ЎИҲ лидери билан учрашувини ҳеч қачон яширмаган. У бу ҳақда ББС ва “Озодлик” радиолари орқали бир неча марта гапирди. Бундан ташқари у учрашган пайтларда ЎИҲ бу қадар мақеъга эга эмас эди. Ўшанда Истанбулда яшаётган бошқа ўзбек муҳожирлари ҳам бир – бирлари билан учрашганлар. Шу сабабли терговчиларда Йўлдошев билан бошқа мухолифат вакиллари тушган яна бир сурат бор эди. Бу сурат “16 феврал” “иши”га қўшилмади, аксинча терговчилар томонидан яширилди.
Нега?
Хоҳловчилар бу суратларни қуйидаги манзиллардан топишлари мумкин:
1 – сурат манзили: www.stability.uz.
2 – суратни “Turkistan Newslatter’’, 2000 манзилида кўриш мумкин.
Биринчи суратда Муҳамад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев ва Зайниддин Асқаров акс этган.
Иккинчи суратда Жаҳонгир Маматов, Тоҳир Йўлдошев, Абдураҳим Пўлатов ва Зайниддин Асқаров учрашуви туширилган.
Икки сурат ҳам 1997 йилда Истанбулда олинган.

Жанжал

Бу воқеа ЕХҲТ (ОБСЕ) нинг Истанбулдаги йиғилиши олдидан содир бўлди.
Йиғилишга Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари қаторида нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам таклиф қилинганди. Таклиф қилинганлар ичида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Бу ҳақда эшитган президент Ислом Каримов ўз одатига кўра ғазаб билан саройдаги бир қанча сўзлашув жиҳозларини (телефонларни) ва қимматбаҳо ликобчаларини отиб синдиради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар Вазири А.Комилов Президентни тинчлантириш мақсадида биринчи навбатда Туркия ТИВ ни агар Муҳаммад Солиҳ йиғилишга келадиган бўлса, бу ҳолат шундоқ ҳам қийинлашиб турган икки “биродар”республика муносабатларини бадтар ёмонлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Шундан сўнг ЕХҲТни “Инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича офиси”ни Каримов душманини шундай муҳим йиғилишга таклиф қилиб “янглиш” қарор чиқарганига расмий равишда эътироз билдирилди.
Бунга ҳам қаноат қилмаган ўзбек ҳукумати турк ҳамкорларига босим кўрсатиб Солиҳни Истанбулга келишига қаршилик қилиш мақсадида тезлик билан “Интерпол”нинг Ўзбекистондаги бўлими Директори М.Ҳаитовни Туркияга юбориш қарорига келади.
“Жуҳурият” оммабоп турк газетаси “ЕХҲТ йиғилишидаги жанжал” номли мақоласида шундай ёзганди: “Солиҳни ЕХҲТ йиғилишига таклиф қилинганини билган Ўзбекистон ЭРК лидерини ташрифига таъсир кўрсатишни талаб қилиб ЕХҲТ ва Туркияга босим ўтказди. Натижада ЕХҲТ Туркия “илтимосига кўра” Солиҳга юборилган таклифномани қайтариб олишга қарор қилди.” (“Cumhuriyet”, 11.11.99)
“Радикал” газетаси ёзади: “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг антидемократик ҳаракати Истанбулда ўтадиган ЕХҲТ йиғилишига соя ташлади. Каримов йиғилишда қатнашмаслиги билан Туркияга таҳдид қилиб ўз рақиби Муҳаммад Солиҳни Истанбулга ташрифини бекор қилинишига эришди. Солиҳни йиғилишга келиши учун ҳатто меҳмонхонада жой ҳам ажратилган эди. Каримовнинг таҳдидидан сўнг Туркия Ташқи ишлар Вазирлиги Норвегия билан боғланди ва Солиҳни Истанбулда бир гуруҳ ўзбек махсус хизматлари кутиб туришганини, Туркия ҳукумати Солиҳни агар келадиган бўлса орқага қайтариб юборишга мажбур бўлишлари ҳақида огоҳлантирди. Туркия ТИВ бу ҳақда расман билдирди”. (“Radikal”, 11.11.99)

“Бу” одам

16 феврал воқеаларидан кейин Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ номини тилга олиш хавфли бўлиб қолди. У ҳақда номини тилга олмасдан, “анаву, бу одам” дея шивирлаб гапиришарди.
Москвали ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Понамарёв бир кўрсатувда ўзбек ўқувчилари чизган суратни намойиш этди. Суратда уч миршаб соқол қўйиб салла ўраган Муҳаммад Солиҳни “судга олиб келишаётгани” тасвирланганди. Сурат ҳукуматни болалар тасаввурига Солиҳни “ваҳобий” ўлароқ тарғибот қилгани маҳсули эди.
Шунга қарамай “бу одамни” ўз номи билан аташдан қўрқмайдиган кишилар топилди. ББС радиоси 1999 йил охирида янги аср яқинлашаётгани муносабати билан Ўзбекистонликлар орасида кичик бир сўровнома ўтказди. “Сизнингча 20 асрда ким тарихда қолади?”, савол шундай қўйилган эди.
Жавоблар қуйидаги тартибда берилган:
1.Ислом Каримов
2.Абдулла Қодирий
3.Шароф Рашидов
4.Йўлдош Охунбобоев
5.Усмонова
6.Чўлпон
7.Файзулло Хўжаев
8.Ҳабиб Абдуллаев
9.Абдулла Орипов
10.Муҳаммад Солиҳ
11.Абдували қори Мирзоев
12.Муҳаммад Содиқ Муфти
13.Эркин Воҳидов
14.Шерали Жўраев
15. Обид қори Назаров
16.Ботир Зокиров
17.Собир Раҳимов
18.Нуриддин Муҳиддинов
19.Усмон Юсупов
20.Боймирза Ҳайит
21.Солижон Шарипов (космонавт)
22.Тоҳир Малик
23.Аброр Ҳидоятов
24.Саид Аҳмад
25.Мукаррама Турғунбоева
26.Руфат Рисқиев
27.Маҳмудхўжа Беҳбудий
28.Мунаввар Қори
29.Акмал Икромов
30.Абдурауф Фитрат
31.Қори Ниёзий
32.Алихонтўра Соғуний
33.Усмон Носир
34.Ҳамза Ҳ.Ниёзий
35.Ғафур Ғулом
36.Маннон Уйғур
37.Вали Қаюмхон
38.Мадаминбек
39.Дадахон Ҳасан
40.Юнус Ражабий
41.Абдулла Авлоний
42.Ҳалима Носирова
43.Тамарахоним
44.Амир Саид Олимхон
45.Абдулазиз Комилов
ва бошқалар.


Президентнинг радикаллашуви

Ўзбекистон президенти 1992 йилда Муҳаммад Солиҳ билан учрашган ва ўшанда Солиҳ ҳукумат таркибига киришга рози бўлмаган эди. Бу воқеадан сўнг афтидан президент Солиҳ ҳеч қачон ўзига “дўст” бўлмайди деган хулосага келган. Каримов мухолифат билан мулоқот қилишнинг бошқа йўллари ҳам борлигини тушуниб етмади.

Муҳаммад Солиҳ унга жуда жўн ташаббусларни таклиф этганди. У Каримовга бирлашган ўзбек мухолифати – Ўзбекистон Демократик Форуми олдида чиқиш қилишни маслаҳат берди. Агар у шундай қилганда эди, ўз мамлакатини демократлаштиришга ҳаракат қилаётган лидер сифатида Ғарб олдидаги мавқеъини яхшилаб олган бўларди. Бундан ташқари Солиҳ Каримовга иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишга имкон берадиган демократик Конститутцияни (ЭРК лойиҳаси) қабул қилишни таклиф этди. Бу ҳам Каримовнинг фойдасига ишларди – хорижий сармоядорларни мамлакатга кириб келишларига йўл очган, Ғарбни сиёсий қўлловига муяссар қилган бўларди.
Нега Каримов Солиҳ таклифларини қабул қилмади?
Бу жуда оддий мантиқ. Агар у мухолифатни қонуний фаолият кўрсатишига рухсат берганда эди, мухолифат янада кўпроқ демократия истаган, алал оқибатда ҳукуматнинг барча бўғинларида демократик сайловлар ўтказишни талаб қилиб чиққан бўларди. Сайловлар эса, агар улар демократик бўлса, ҳеч қачон Каримов режимини шундай сақланиб қолишига кафолат бермас эди.
Ҳатто Ғарб қўлловисиз, демократияни рад этган тақдирда ҳам, ҳукумат Каримовнинг қўлида эди ва ҳамма нарса шу ҳукуматга боғлиқ эди. Ғарб эса биринчи навбатда “демократия тарафдорлари” билан эмас, албатта ҳукумат билан мулоқот қилишга мажбур бўларди.
Бу мантиқ Ўзбекистон Президентини ўз сиёсатини ўзгача фикрловчиларга нисбатан қаттиқлаштиришга, кейинги йилларда эса уларга нисбатан давлат қатағони уюштиришга олиб келди. Шу зайлда дунёвий мухолифат яширин фаолият йўлига ўтиб олди, унинг ўрнида пайдо бўлган бўшлиқни эса Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Ҳизбут Таҳрир тўлдирди.
Ўзбекистон президенти мухолифатдан қутилиш учун қўрқитиш, қамоқхона, осиш ва сиёсий қотиллик каби радикал услубларни танлади.
Ўзбекистон президентининг қора рўйхатида Муҳаммад Солиҳ номи биринчи ўринда турибди. Бу ўрин неча йиллардирки ўзгармасдир.
Муҳаммад Солиҳни ўлдириш учун жиддий ҳаракат 2001 йилда амалга оширилди.
Бу ҳақда “Озодлик” радиосининг рус хизмати томонидан тайёрланган “Муҳаммад Солиҳга суиқасд” эшиттиришини қисқартирилган вариантини келтирамиз.
Бошловчи овози:

Дастурни Тенгиз Гудава олиб боради. Суҳбатда ўзбекистонлик тадбиркор Баҳром Мўминохунов; ўзбек сиёсий муҳожири, ёзувчи, “ЭРК” Партияси лидери Муҳаммад Солиҳ; Экстремал журналистика Маркази Директори Олег Панфилов қатнашади. Шунингдек, эшиттиришимизда Баҳром Мўминохуновнинг Ўзбекистон Интерполи Директори Маҳмуд Ҳайитов билан телефонда қилган суҳбати келтирилади.
Тенгиз Гудава: 10 май куни мен электрон почта орқали қуйидаги мактубни олдим. Ўқийман: ”Билдириш.
Мен, Баҳром Мўминохунов, 1958 йилда туғилганман, Ўзбекистон фуқароси, шуни билдираманки, мен сиёсий қотилликнинг тайёрланишига бевосита гувоҳ бўлдим.
Ва бу ерда ушбу акциянинг асосий гувохи сифатида чиқмоқдаман…”
Ва билдириш давомида ҳозир муҳожирликда яшаётган ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд тайёрлангани ҳақида гапирилади. Мен телефон орқали ҳозир Оврупо давлатларининг бирида яшаётган (тушунарли сабабларга кўра, бу мамлакат номини айтмайман) ушбу билдириш муаллифи Баҳром Мўминохунов билан телефон орқали боғландим. Мана, ёзиб олинган суҳбатимиз:
Баҳром Мўминохунов:
Мен, Баҳром Мўминохунов, 1958 йилда туғилганман, Ўзбекистон фуқароси, шуни маьлум қиламанки, ЭРК партияси лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд тайёрланатганининг бевосита гувоҳи бўлдим. 1999 йилнинг сентябр ойида меникига тижоратчи дўстларим келишди – бу бир гуруҳ чеченлар бўлиб, улар Муҳаммад Солиҳ билан алоқада эканликларини айтиб қолишди. Бу гап менинг бошқа дўстларим ёнида айтилгани учун эртасигаёқ Ички Ишлар вазирлигига етиб борди. Мени Ички Ишлар вазири Зокир Алматов, терроризм билан кураш бўлими полковниги Ботир Турсунов ва Ўзбекистон Интерполи директори Маҳмуд Ҳайитов чақирдилар. Улар мендан ушбу чечен гуруҳи билан учраштиришни илтимос қилдилар. Мен бу чечен гуруҳи билан учрашувни ташкил қилиб бердим – бу одамлар яна бир марта Тошкентга келишди. Уларнинг келишдан мақсади тижорат эди. Бундай одамлар билан учрашиш, биласизми, тижорат бизда фақат МВД (Ички Ишлар вазирлиги) ва СНБ (Миллиий Ҳавфсизлик хизмати)нинг кучли “томи” остидагина қурилади. Хуллас, мен уларни учраштириб қўйдим, улар менинг ёнимга келиб, Ички Ишлар вазирлиги уларга 1 миллион доллар бадалига узбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳни йўқ этишни таклиф қилганликларини айтишди. Мен уларга бу акцияда иштирок этмаслигимни айтдим, аммо музокаралар олиб борилаётгани ва бу одамлар фақат мени таниганлари учун, вазият шундай бўлдики, мен Ички Ишлар вазирлиги ва ушбу гуруҳ уртасида боғловчи занжирга айланиб қолдим. Аммо мен уларга бир шарт қўйдим – бу ҳакда Солиҳ хабар топиши керак, дедим. Бу гуруҳ, бу одамлар Солиҳ билан боғландилар. У ўзига қарши бир неча йилдан бери ана шундай ҳаракатлар булаётганидан хабардор эканини айтди ва Каримов режимининг бутун жиноий режаларини фош қилиш ниятида Ички Ишлар вазирлигининг ушбу таклифини қабул қилишимизни илтимос қилди. Айтмоқчи бўлган гапим шу.

Тенгиз Гудава:

Агар Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд тайёрланаётган бўлса ва сиз ушбу гуруҳ ва ИИВ ўртасида боғловчи бўғин сифатида хизмат қилар экансиз, бўлажак қурбоннинг бу суиқасд ҳақида хабар топиши сизнинг шартингиз бўлиши мумкинми?

Баҳром Мўминохунов:

Ҳа, бу менинг шартим эди… Бу чечен гуруҳи қотиллар гуруҳи эмасди ва яна… Бу тижоратчи структура, жангарилар эмас, нормал одамлар, бизнинг, айтайлик, ҳуқуқ – тартибот органлари раҳбарлари тарафидан ўртага ташланган қотиллик қилиш таклифини эшитиб, ларзага тушганлар.

Тенгиз Гудава:

Яьни, уларга бу таклиф қилинган?

Баҳром Мўминохунов:

Уларга бу таклиф қилинган, чунки улар Муҳаммад Солиҳ билан алоқада бўлганлар. Табийки, тижорат соҳасида ҳам уларга жуда катта имкониятлар ваъда қилинган, яьни, иш битганидан кейин.

Тенгиз Гудава:

Бу одамлар, тижоратчилар, керак бўлган пайтда сизнинг сўзларингизни тасдиқлай оладими?

Баҳром Мўминохунов:

Албатта.
Тенгиз Гудава:

Ўзингизчи, сўзларингизни қасам остида тасдиқлай оласизми?

Баҳром Мўминохунов:

Қандай қасам остида?

Тенгиз Гудава:

Масалан, одатда сўраганларидай…

Баҳром Мўминохунов:

Мен Қуръонда қасам ичишга тайёрман.

Тенгиз Гудава:

Сиз бу маълумот билан бирон ерга мурожаат қилдингизми?

Баҳром Мўминохунов:

Албатта, мурожат қилганман. Бу ҳақда Американинг Москвадаги элчихонаси хабардор. Бу тахминан бир ой олдин бўлган эди. Мен АҚШ элчихонасига мурожаат қилганман, кимга мурожаат қилганимни айтайми?

Тенгиз Гудава:

Сиз бу ўлканинг ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмадингизми? Ҳар ҳолда Муҳаммад Солиҳ бу ўлкада яшайди?

Баҳром Мўминохунов:

Биз… Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Аммо албатта, мурожаат қилганмиз. Бу ерда бу ҳакда аллақачон хабарлари бор. Уни қўриқлаётган хавфсизлик хизмати буни билишади. Бу билдириш ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам хабари бор, жуда кўп ёзувлар мавжуд. Мен ўз дўстларим орқали АҚШ элчилигининг иккинчи котиби Барт Горманн билан ҳам учрашдим, у икки кундан сунг менга: “Сиз хавотирланманг, у киши бу акция ҳақида огоҳлантирилди,” деб айтди.

(Тузатиш: “Свобода” радиосида берилган эшиттиришда Барт Горманнинг кимлиги айтилмаган,эшитганлар ҳам унинг Норвегия элчихонаси ходими деб уйлаган булиши мумкин. Кейин маълум бўлишича, Барт Горман Москвадаги Америка элчихонаси 2-котиби экан).

Тенгиз Гудава:

Айтингчи, жаноб Мўминохунов, сиз лозим бўлганда кўрсатиш мумкин бўлган ҳужжатлар бор деяпсиз, бу қандай ҳужжатлар?

Баҳром Мўминохунов:

Булар – ёзиб олинган суҳбатлар, телефон суҳбатлари.

Тенгиз Гудава:

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги ходимлари биланми?

Баҳром Мўминохунов:

Ҳа, Ҳа.

Тенгиз Гудава:

Марҳамат қилиб, яна бир марта такрорласангиз, Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигидагилардан конкрет кимдан бундай буюртма келди?

Баҳром Мўминохунов:

Бу буюртма Ички Ишлар вазирлигининг буюртмаси эмас, чунки, на вазир, на Интерпол директори мустақил равишда бундай одамни йуқ қилиш ҳакда қарор қабул қила олмади. Бу буюртма тепадан келаяпти, яьни, бу Каримовнинг буюртмаси.

Тенгиз Гудава:

Буюртма қандай ифодаларда берилган?

Баҳром Мўминохунов:

У ерда конкрет равишда бажариш муддатини талаб қилишади.

Тенгиз Гудава:

Яъни, аниқ бир муддат ҳақида гапирилган…

Баҳром Мўминохунов:

Ҳа, албатта.

Тенгиз Гудава:

Ва тўланиши лозим бўлган пул миқдори ҳам гаплашиб олинган?

Баҳром Мўминохунов:

Ҳа, албатта.

Тенгиз Гудава: Бу пул микдори канча?

Баҳром Мўминохунов: Миллион доллар.

Тенгиз Гудава: Олдин сиз сиёсат билан шуғулланганмисиз?
Баҳром Мўминохунов: Мен ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаганман ва Муҳаммад Солиҳ билан ҳеч қачон таниш бўлмаганман. Мен Ҳалқ ичида катта обрўга эга бўлган ЭРК партияси борлигини билардим. Мен жуда яхши тушунаман… Менинг у ёқда қариндошларим қолган, у ерда менинг яқинларим бор. Мен жуда яхши тушунаман, уларга нималар қилишлари мумкин, аммо ортиқ қўрқув билан яшашдан чарчадик… Тушунасизми, оддий қилиб айтганда қўрқиб яшашдан чарчадик. Мен ҳеч қачон ЭРК партиясига аьзо бўлмаганман, мен ҳеч қачон сиёсатга аралашмаганман, мен нормал ишлаганман, менинг ўзимнинг тижоратим бор эди, нормал алоқаларим бор эди, хотиним рус…

Тенгиз Гудава: Бу – менинг ва ўзбек демократик мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд тайёрланаётгани ҳақида асосий гувоҳ сифатида чиқаётган Ўзбекистон фуқароси Баҳром Мўминохунов билан телефон орқали ўтказилган суҳбатимиз эди.

Муҳаммад Солиҳ – ўзбек ёзувчиси, шоир, мухолифатдаги ЭРК Партияси лидери. 1991 йилги президентлик сайловларида президент Каримовнинг асосий рақиби бўлган. 90-йиллар ўрталаридан бери сиёсий муҳожирликда яшаяпти. 2000 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Олий суди уни 1999 йил 16 февралда Тошкентда юз берган портлашларда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм сиртдан чиқарилди. Муҳаммад Солиҳнинг ўзи унга қўйилаётган айбномаларни бемаьни деб ҳисоблайди.

Баҳром Муминахуновнинг очиқ Билдиришидан парча ўқийман: “2000 йилнинг сентябр ойида чечен гуруҳига бу акцияни “тайёрлаш” учун 135 минг долларлик аванс пули накд берилди. Қотиллик учун тўла ҳисоб-китоб эса, Муҳаммад Солиҳ йўқ этилганидан сўнг берилиши лозим эди. Пул мавзуи менинг Маҳмуд Ҳайитов билан телефон орқали ўтказган суҳбатларимда (ёздириб олинган) асосий мавзудир, чунки, фақат шу мавзу менинг суҳбатдошларимнинг ахлоқий моҳиятини очиб бера олиши мумкин эди. Чунки, берилиши лозим бўлган 2 миллион доллардан 1 миллионини полковник Ботир Турсунов ва Ўзбекистон Интерполи Директори Маҳмуд Ҳайитов бўлиб олиши керак эди.(Баҳром Мўминохуновнинг Билдиришидан олинган иқтибос тугади).

Баҳром Мўминохунов қотиллик буюртмачиларидан бири бўлган Ўзбекистон Интерполи директори Махмуд Ҳайитов билан телефон орқали қилган музокараларини ёзиб олган. Мана, шу йилнинг 8 май куни ўтказилган ўша телефон суҳбати, бу ерда музокара буюртмачиларга қандай қилиб, “буюртма”нинг бажарилганини маьлум қилиш ва қурбон ўлдирилгани ҳакда хабар бериш ҳақида кетади. Баҳром Мўминохунов буюртмачилардан бирининг келишини талаб қилади, Интерпол директори Ҳайитов эса, расмий эьлон қилиниши ва Муҳаммад Солиҳнинг ўлдирилгани ҳақида эксперт хулосасининг ўзи етарли эканини айтади. Қурбон – Муҳаммад Солиҳ суҳбатда ”Ҳужжат” номи билан аталади (суҳбат русча):

Аёл овози: Алло…
Баҳром Мўминохунов: Салому алайкум.
Аёл овози: Салому алайкум.
Баҳром Мўминохунов: Маҳмуд акани мумкинми телефонга?
Аёл овози: Ҳа, Ҳа, ҳозир.
Баҳром Мўминохунов: Але, Маҳмуд ака?
Махмуд Ҳайитов: Ҳа, Ҳа, эшитаман.
Баҳром Мўминохунов: Салом алейкум.
Махмуд Ҳайитов: Баҳром, демак, масала шундай қўйилаяпти…
Баҳром Мўминохунов: Ҳа…
Махмуд Ҳайитов: Расмий органларнинг “Ҳужжат”нинг кимга қарашли эканини аниқлашларининг ўзи биз учун етарли.
Баҳром Мўминохунов: Ҳа… Аммо расмий орган деганда нима назарда тутилаяпти?
Махмуд Ҳайитов: Мана бу, масалан, ким кетади ўша жойга…
Баҳром Мўминохунов: … Ҳа, Ҳа, аммо бу ҳақда улар кимга хабар беришлари керак, сизларгами?
Махмуд Ҳайитов: Уйлайманки, шунинг ўзи етарли…биз билиб оламиз… Алло.
Баҳром Мўминохунов: Ҳа. Агар сиз бу ҳақда хабар топмасангиз -чи?
Махмуд Ҳайитов: Қанақасига “хабар топмаймиз”? Бу бизга ўша заҳотиёқ маьлум бўлади. Мана, қара, ҳозир “Ҳужжат” эгалари “Ҳужжат”нинг йўқолгани ҳақида гапираяптилар-ку…
Баҳром Мўминохунов: Улар йўқолди, деяётганлари йўқ, улар “у аллақачон йўқ”, дейишмоқда… Шундан гап кетса, Махмуд ака, мен нима қилай, Қандай харакат қилай?
Махмуд Ҳайитов: Қулоқ сол, бизда бу ерда “Ҳужжат” йўқолса, ким у ерга кетади, буни биласан, тўғрими?
Баҳром Мўминохунов: Ҳа, албатта.
Махмуд Ҳайитов: Мана, мана шунинг ўзи етарли, Ҳужжатни топсалар бўлди. “Ҳужжат”ни топиб, кимга қарашли эканини аниқлайдилар.
Баҳром Мўминохунов: Бу ҳужжатнинг бизга етиб келишига ким гарантия беради? Бу ҳужжатнинг борлигини қандай биласиз?
Махмуд Ҳайитов: Бу ҳақда эртасигаёк айтишади анови нимадан…
Баҳром Мўминохунов: Махмуд ака, вазият шундай: улар ҳозир менга шундай дейишяпти: ҳеч нарсанинг кераги йўқ, пул ҳам керак эмас, ҳеч нарса керак эмас, сиз ҳалол одам эмассизлар. Биз ишимизни 150 фоизга бажардик дейшмоқда. Менга айтишаяптики, улар истамайдими – демак, кераги йўқ…
Махмуд Ҳайитов: Але…
Баҳром Мўминохунов: Ҳа, эшитаяпман…
Махмуд Ҳайитов: Мен сенга хужжат ҳақида гапирганда одам ҳақда гапираяпман, тушунаяпсанми?
Баҳром Мўминохунов: Ҳа, мен тушунаман, албатта.
Махмуд Ҳайитов: Мен сизларга биронта хужжат келсин, деётганим йўқ. Маьлум масьул органлар ўша жойга боришади ва топишади, тўғрими?
Баҳром Мўминохунов: Шундай…
Махмуд Ҳайитов: Масьул органлар шахсини, кимлигини аниқлашади, бу… бизда милиция, у ёқда полиция, тўғрими?
Баҳром Мўминохунов: Шундай.
Махмуд Ҳайитов: Кўздан кечиришади, сен фақат унинг топилганини айт ва мен ўзим биламан қандай хабар олишни, сен фақат телефон қил-да айт: “Тамом, “Ҳужжат”ни топишди”,десанг бўлди. Мен ўзим биламан буни қандай текширишни.
Баҳром Мўминохунов: Биров келсин, Маҳмуд ака, улар бу нарсага ишонишмаяпти. Мен уларни ишонтиролмаяпман. Улар “бу ишни қиламиз” дейишаяпти, аммо бунга ишонишмаяпти.
Махмуд Ҳайитов: Нега ишонишмайди?
Баҳром Мўминохунов: Ишонишмаяпти, улар айтишяапти-ки: улар келишмайди, “Ҳужжат”ни кўришмайди,дейишяпти. Биров келсин, Дилшод келсин, бировга айтинг…
Махмуд Ҳайитов: Мен сенга яна тушунтирман, ҳеч ким у ёққа бормайди. “Ҳужжат”ни топишганда шахсини аниқлашади, тушнаяпсанми йўқми?
Баҳром Мўминохунов: Тўғри, Ҳа…
Махмуд Ҳайитов: Ва тамом, воқеа бўлган жойга кетиб, ҳаммаси расмийлаштирилади, тўғрими? Ва расмий қариндошлари сўрашади “бизга қайтаринг, биз уни қоида бўйича кўмиишимиз керак”,деб, тўғрими?… Але…
Баҳром Мўминохунов: Ҳа, Ҳа.
Махмуд Ҳайитов: Бу “Ҳужжат” қаердадир абадий ётмайди-ку,ахир, тўғрими? Уни эгаларига топширишади, эгалари уни сейфга кўмишлари учун!..
Баҳром Мўминохунов: Ҳа.
Махмуд Ҳайитов: Умуман, вазият…
Баҳром Мўминохунов: Умуман, улар айтишаяптики: “кераги йук, биз ўзимизнинг ҳаракатимизни қиламиз, сиздан ҳеч нарса керак эмас”, дейишяпти.
Махмуд Ҳайитов: Қулоқ сол, мен уларни тушунмаяпман, агар одамлар бу ишни қилаётган бўлса…
Баҳром Мўминохунов: Улар бу ишни қилишга тайёр… аммо бир гап бўлди, икки гап булди… шарт ўзгараяпти, улар кимдир келсин, дейшяапти,. Рустамни жўнатиб юборинг, мен у билан расмга тушай, Дилшод расмга тушсин, эртага бу нарса яна 30 марта эьлон қилинади, биз ўзимизнинг устимиздан ҳукм чиқараяпмиз, биз ўзимизнинг устимиздан ҳукм чиқараяпмиз….
Махмуд Ҳайитов: Қулоқ сол, мен бу ердагиларга шундай тушунтирсам, улар… “улар ишни қиламиз, деб бўйнига олишди, энди бу уларнинг проблемаси”, дейишмоқда.
Баҳром Мўминохунов: Майли бўлмаса…
Махмуд Ҳайитов: Хўп.

Тенгиз Гудава: Бу Баҳром Мўминохунов ва Муҳаммад Солиҳни ўлдиришни буюртма қилганлардан бири, Ўзбекистон Интерполи директори Маҳмуд Ҳайитов ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати эди. Яна бир марта аниқлик киритаман: Суҳбатдошлар назарда тутаётган “Ҳужжат” – бу Муҳаммад Солиҳ эди.

Мана, тайёрланган суиқасд ҳақда Муҳаммад Солиҳнинг фикрлари:

Муҳаммад Солиҳ: Улар фақат шундай хабарнинг тарқалиши билан, 2 миллионни беришмоқчи бўлишган, бир миллиони чеченларга, қолганини ўзлари бўлиб олмоқчи бўлишган.
Тенгиз Гудава: Яьни, улар 1 миллион долларни ўзаро бўлиб олишмоқчи бўлишган? Ботир Турсунов ва Маҳмуд Ҳайитов?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа.
Тенгиз Гудава: Миллионни чеченларга бермоқчи бўлишган?
Муҳаммад Солиҳ: Чеченларга, энди миллион эмас, чунки, 135 минг доллар аллақачон тўланган бўлган…
Тенгиз Гудава: Муҳаммад, шундай савол, демак, чеченлар – мана бу одамлар,яьни, Алматов, Турсунов ва Ҳайитовлар уларга сизга қарши суиқасд уюштиришни таклиф қилганлари заҳоти бу ҳақда сизга хабар беришдими?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, бир ҳафтадан кейин телефон қилишди.
Тенгиз Гудава: Бир ҳафтадан сунг телефон қилиб, шундай гап борлигини хабар қилишдими?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, улар шундай хавф борлиги ҳақида огоҳлантиришди, мен уларга: “қабул этинг”, дедим…
Тенгиз Гудава: Яьни, сиз бу ўйинни ўйнашни таклиф қилдингиз, шундайми?
Муҳаммад Солиҳ: Мен бу ўйинни ўйнашни таклиф қилдим, чунки, уларни фош этишнинг бошқа йўли йўқ эди.
Тенгиз Гудава: Ва чеченлар бунга рози булишдими?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, чеченлар: “Биз гаплашамиз”, дейишди. Улар Баҳром билан гаплашиб, “ўйнаймиз”, дейишди.

Тенгиз Гудава: Хотима ўрнида Баҳром Мўминохуновнинг Билдиришидан яна бир парча келтирамиз:
“Мен гувоҳлик бераманки, шу йилнинг 25 апрел куни Тошкент вақти билан соат 8 да Ички Ишлар вазири Зокир Алматов, тероризм билан кураш бўлими бошлиғи Ботир Турсунов, Ўзбекистон Интерполи директори Маҳмуд Ҳайитовлар Ўзбекистон Президенти резиденциясида Президент Ислом Каримов томонидан қабул қилиниб, ушбу буюртмани муҳокама қилишди” (иқтибос тугади).
Ўзбекистон демократик мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд тайёрлангани ҳақида Норвегия Ташқи Ишлари хабардор. Бу мавзуда бир машҳур теледастур ҳам филм ҳозирламоқда.
(Эшиттириш матни кисқартирилган ҳолда таржима қилинди, – Тахрир.)
Бу дастур эфирга узатилгандан кейин Ўзбекистон тепасида турганлар ҳақиқатдан ваҳима ичида яшадилар. Ички Ишлар Вазири Зокир Алматов ўша куннинг ўзидаёқ Халқаро Жосуслик Хизмати -Интерполнинг ўзбек бўлими директори Маҳмуд Ҳайитовни ишдан бўшатди, ўзи эса шошилинч равишда касалхонага ётиб олди. Ўша кун террорчиликка қарши кураш бўлими раҳбари Ботир Турсунов ИИВнинг вилоят ошқармаси бошлиғи ўрибосари вазифасига Тошкент вилоятга ишга ўтказилди.
Алматов президентнинг олдига чақирилган, атрофдагиларининг айтишларича ўртадаги суҳбат “даҳшатли” бўлган.
Бироқ Алматов вазифасидан озод қилинмади. Кузатувчиларнинг тахминларича Алматовни Каримов билан жуда нозик ришталар мустаҳкам боғлаб туради.

2000 йилдаги маҳкама

Ўзбекистон ҳукумати “16 феврал портлашлари”да айбланганларнинг жиноий ишларини маҳкамада кўришни бошлади. Асосий айбланувчилар ичида Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. АҚШ ҳукумати балки шу сабаблими “Эрк” партиясини демократик дея эътироф этиб баёнот тарқатганди.
АҚШ ҳукумати баёноти шундай янграганди.
Бу баёнотдан 45 кун ўтгач, суд спектакли бўлиб ўтди, маҳкама ҳукми билан Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний сиртдан ўлимга маҳкум этилдилар, Муҳаммад Солиҳ эса 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд фақат бир одам, фақат Муҳаммад Солиҳ учун ташкил этилгани, мақсад уни ўзбекистонга қайтиб келишига тўсиқ ўрнатиш эканлиги аён эди.Уни 15,5 йилга озодликдан маҳрум этишдан яна бир мақсад, Солиҳга ўз ватанида ўлим таҳдид этмаётганини намойиш этиш ҳам эди.
Бироқ суд қарори мухолифат лидерини ҳукумат қўлига топшириш учун етарли эмас эди. Бу Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон талаби билан Интерпол томонидан Прагада ҳибсга олинганда очиқ кўринди.


Прагадаги ҳибс

Муҳаммад Солиҳ 2001 йилнинг 27 ноябрида, ҳибсга олинишидан бир кун олдин Брюсселда бўлиб ўтган Бўҳронларни олдини олиш гуруҳининг Марказий Осиёда террорчилик (айни шу) мавзуидаги семенарда иштирок этганди.

2001 йилнинг 28 ноябрида Солиҳ “Озодлик” радиосининг таклифга кўра Амстердамдан Прагага учди.Прага қўнимгоҳида (аэрапорти) уни ҳибсга олишди. У бир вақтлар Чехия президенти Вацлав Хавел ўтирган Панкрас турмасига жойлаштирилди. Солиҳ турмада 14 кун бўлди, бу кунлар эса ташқарида демократия тўлқини остида кечди. Нафақат Солиҳ учун, балки Марказий Осиё демократик жамияти учун демократия тантанаси эди у кунлар. Ғарб жамияти тўлалигича ўзбек мухолифати лидери томонида эди. Шу 14 кун ичида ўзбек демократияси ҳақида кейинги ўн йил ичида ёзилганидан кўпроқ нарсалар ёзилгандир. Қисқача бу воқеа муносабати билан эълон қилинган фикрларга эътибор қаратсак:
“Ассошейтед Пресс”, 29.11.2001 йил, Анқара, Карел Яничек. Прага. Чехия Республикаси (АП).

“Озодлик” радиоси таклифи билан Прагага келган ўзбек мухолифати лидери “Интерпол” талабига кўра ҳибсга олинди. Ҳимоячи Мирослав Кохоутовнинг айтишича, Муҳаммад Солиҳ чоршанба куни Прагадаги Рузина қўнимгоҳида ҳибсга олинган ва кейинги пайшанба куни уни ватанига экстрадиция қилиш масаласи ҳал бўлади. Ўзбекистон президенти Каримов Америка Қўшма Штатларига ўз ҳарбий базасини тақдим этиб Ғарб эътиборига сазовор бўлди, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари уни қатағонлар зўридан асосий оппонентлари радикаллашаётган мамлакатда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келаётганликда айбламоқдалар.”

“Хюман Райтс Вотч” ташкилоти қуйидаги баёнотни тарқатди: “Таниқли ўзбек диссиденти Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий сабаблар билан эълон қилган айбловига кўра ҳибсга олинди ва экстрадиция билан юзма -юз турибди. Солиҳ “Эрк” демократик партияси раисидир. У 1991 йилги президентлик сайловида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ҳақиқий муқобил сифатида қатнашганди.2000 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Олий Суди Солиҳни “террорчилик ва ҳукуматга қарши фаолияти учун” 15,5 йилга озодликдан маҳрум этганди. Бироқ маҳкама жараёнини кузатган “Хюман Райтс Вотч” ушбу судни совет даврини ёдга солувчи спектакл деб топди. Унда Солиҳ айбини исботловчи бирорта ҳам далил йўқ эди.”

“Уруш ва Тинчликни ёритиш институти” шарҳловчиси Галима Бухарбаева ёзади: “Тошкент ҳукуматини Солиҳни панжара ортида кўриш истагини тушуниш мумкин. Орадан саккиз йил ўтганига қарамай, у (Солиҳ) Каримов бошқарувидаги автократик ҳукумат ва ўзининг ҳақиқий рақиблари учун дунёвий мухолифат тимсоли бўлиб қолди.”

Чехия Информация Агентлиги СТК 2001 йилнинг 30 ноябр куни қуйидаги маълумотни тарқатди: “Прага (СТК). Президент Вацлав Хавел ўткан куни ҳибсга олинган Муҳаммад Солиҳ иши билан қизиқди. Хавелнинг матбуот котиби Ладислав Спачек шундай деди: Президентнинг бу ишга аралашишга ҳаққи йўқ. Бироқ у бу ишда қандайдир рол ўйнаши мумкинлигини ҳис қилган пайтдан бошлаб, ишга киришади. Маълумки, Солиҳ Каримовнинг диктаторлик режимидан қочиб чиқишга мажбур бўлган ва айни пайтда Норвегиядан сиёсий бошпана олган. Пайшанба куни Норвегия Ташқи Ишлар Вазири, Ўзбекистон уч марта Солиҳни экстрадиция қилишни сўрагани ва ҳар гал рад жавобини олганини айтди. Вазир бундан кейин бу ишни жуда эътибор билан кузатишларини билдирди.”

“Хюман Райтс Вотч”, “Амнести Интернейшнл”, “Мемориал”, “Лига фор Хюман Райтс” ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Солиҳни ҳибсга олинишини дастлабки кундан кузата бошладилар ва зудлик билан уни озодликка чиқаришни талаб қилиб чиқдилар. 30 ноябр куни Брюселда, “Европа Парламенти” аъзоси ва Марказий Осиё бўйича Парламент делегацияси президенти Барт Стаес матбуот анжумани чақириб, Муҳаммад Солиҳни ҳибсга олинишини кескин муҳокама қилди.Жамоатчиликнинг кучли эътирозига қарамасдан, Прага шаҳар суди 30 ноябрда бўлган мажлисида Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши эҳтимоли билан қирқ кунлик қамоққа ҳукм қилди.Вазият анча таранглашган эди.

2001 йилнинг 1 декабрида “Нью Йорк Таймс” шундай ёзди: “Хюман Райтс Вотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Ижрочи Директори Элезабет Андерсен Солиҳнинг ҳаёти хавф остида эканлигини айтди. Агар у Ўзбекистонга топширилса, қийнаб ўлдирилиши мумкин.”

Айни шу пайтда Норвегия Солиҳнинг тақдири борасида жиддий ташвишга тушиб қолганди ва Ташқи Ишлар вазирлиги даражасида ўзбек диссидентини озод қилиш учун дипломатик ишларни бошлади. Чех Информация Агентлиги СТК 2001 йилнинг 1 декабрида шуни маълум қилди: Норвегия Ташқи Ишлар вазири Ян Петерсен ўзининг Чехиядаги ҳамкасби Ян Кавандан Солиҳни Норвегияга қайтаришларини сўради. Петерсен ва Каван ҳафта охирида Бухарестда ЕХҲТ йиғилишида учрашдилар. Норвегиянинг бу борадаги расмий талаби Прагага етиб келганди. Солиҳнинг экстрадиция қилиниши эҳтимоли ЕХҲТ кўмитасида, Америка Қўшма Штатлари Конгрессида муҳокама қилинди.

Ҳимоячи Кохоутованинг айтишича: “Солиҳни озод этиш бўйича жуда катта халқаро босим мавжуд. Дунёдаги кўплаб одамлар мен билан алоқада туришибди ва кўп кишилар норозилик намойишига тайёрланишмоқда. Чехия ҳукумати Ўзбекистондан Солиҳни айбдор эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кутмоқда. Агар улар қирқ кун ичида юборилмаса Солиҳ турмадан озодликка чиқарилади”.

2001 йилнинг 3 декабр куни Норвегияда чиқадиган “Афтен Постен” газетаси шундай ёзди: Муҳаммад Солиҳнинг аёли Ойдин ва ўғли Темур Ослода яшайди. Улар оила бошлиғи ҳаётидан жуда хавотирда. Ойдин ўзини суратга олишимизни истамади.Бу оила 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этган ва шу вақтга қадар жуда таҳликали вазиятда яшаб келган.
-Биз Президент Хавелга умид қиламиз, деди Темур. Яна Темурнинг айтишича уни амакилари, отасининг уч укаси Ўзбекистон турмасида тутқун каби ўтиришибди.”
Солиҳни Прагада ҳибсга олиниши билан боғлиқ жуда кўп баёнотлар ичида ўта кескинлари ҳам бор эди.

Америкадаги Жорж Майсон Университети профессори Марк Катз “Москов Таймс” газетасида 2001 йилнинг 3 декабр куни босилган “Диктаторни эмас, демократияни ҳимоя қилинг” номли мақоласида ёзганди:

“Диктаторнинг “исломий террорчиликка қарши кураш” сафсатаси жонга тегиб кетди. Ўзбек лидери, диссидент Муҳаммад Солиҳ ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинганди. Мен Солиҳ билан 1992 йилнинг октябрида Тошкентда учрашганман. У ислом фундаменталисти эмас, балки демократдир.У 1991 йилги президентликка сайловда Каримовнинг рақиби бўлган. Ҳатто сайловда сохтакорликка йўл қўйилган бўлсада, у 12,7 фоиз сайловчилар овозини олган. Кузатувчилар фикрича, бу сайловда у кўп овоз олган. Солиҳ менга Каримов демократик мухолифатни ғарбга “исломий фунтаменталист” каби кўрсатиб келгани ҳақида гапирган эди. Солиҳ ғарбни бу каби ёлғонларга ишонадиган даражада содда эмас деб умид қилган, бироқ ишонишларидан хавотирга тушган эди. Солиҳнинг башоратига кўра Каримов дунёвий мухолифатдан жуда осон қутилиши мумкин, у ҳолда ҳақиқий исломий мухолифатдан қутилиш жуда қийин бўлади. Башорат тугади….

Кўпчилик ҳозир ўзига ўзи савол бермоқда: биз дунёнинг нариги қисмига нима олиб борамиз, демократиями ёки иттифоқдошлар қўлловидаги диктатураними? Солиҳнинг келажакдаги тақдири шу саволга жавоб бўлиши мумкин.”

Ҳибсга олишнинг бешинчи кунида Норвегиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Лассе Сеймга Солиҳ билан учрашишга рухсат этилди. Элчи Солиҳни Норвегия ҳукумати иш судга ҳам етмасдан қамоқдан озод қилиш учун барча имкониятларни ишга солиши ҳақида ишонтирди. У экстрадиция хавфи ҳали ҳам мавжудлигини ва шу боис бу жуда муҳим эканлигини айтди. Муҳаммад Солиҳ эса, судга қадар кутишини билдирди. Элчи ташвишга тушиб қолганди. У Солиҳни вазиятни жуда қалтис эканлигига ишонтиришга урунди, Солиҳ эса ўз сўзида туриб олди. У ўзини суд қилишларини, бу Ўзбекистон ҳукумати туҳматларини рад этиш учун ягона имконият эканлигини айтди. “Мен қанча вақт бўлса кутишга тайёрман, ўзбек ҳукумати мени айбдор эканлигим ҳақидаги барча ҳужжатларни тақдим этсин, суд эса уларга кўра ҳукм чиқарсин”, деди у.
Айни чоғда Озодлик ва Озод Европа радиоси президенти Томас Дайн Чехия пракуратурасига ўзига хос хат билан мурожаат қилди. У Муҳаммад Солиҳни Озодлик ва Озод Европа радиолари кафолати остида судга қадар озод этишни илтимос қилганди. Чехия судида шу пайтгача бунақа ҳодиса содир бўлмаган эди, агар содир этиладиган бўлса, бу мамлакат суд-ҳуқуқ соҳасида биринчи ҳодиса эди. Томас Дайн ўз хатида шундай ёзганди: “Биз жаноб Солиҳни ўз ватанини демократлаштириш ва инсон ҳуқуқларини яхшиланиши учун курашувчи, ажойиб, ростгуй ва жасур инсон сифатида яхши биламиз. Шунинг учун ҳамкасбларим ва мен Чеҳия қонунларига асосан уни судгача озод этишга чақирамиз. Биз суд қарори эълон қилингунича уни Чехияни тарк этмаслигига кафолат берамиз”. (05.12.2001, RFE\RL)

Бу хатга умуман кутилмаган жавоб олинди. Чехия Республикаси Полицииси спикери Данис Храблов шундай деганди: “Бизни жаноб Солиҳ қанақа одам эканлиги қизиқтирмайди. Муҳими шундаки, уни қамоққа олишга ордер бор”. (The Prague Post, by James Pitkin , 05.12.2001)

Чехияга халқаро жамоатчилик босими кундан кун ортиб борарди. Чехия Республикаси Президенти Вацлав Хавел радио орқали чиқиш қилиб, вазиятга баҳо беришга мажбур бўлди. “Мен ишонаманки, у тоталитар ҳукмдорга тортиқ этилмайди, аксинча Норвегияга жўнатилади. Мен бу воқеадан ниҳоятда таассуфдаман. Бу ҳодиса бизни Республикамиз нуфузига соя солади”. Хавел Солиҳ учун барча имкониятни ишга солишини таъкидлади. (07.12.2001, RFE\RL, Jolyon Naegele).

Бироқ Солиҳни озод этилиши борасида бирор мужда йўқ эди. “Нью Йорқ Таймс” газетаси махсус мухбири Питер Грин Панкрас турмасида Солиҳ билан учрашуви ҳақида ёзди: “Панкратс турмасидаги оқ рангга бўялган учрашув хонасида, турма кийим бошида, қимирлоқ ўриндиқ устида ўз халқининг эътироф этилган шоири ўтирарди. Унинг боши ортидаги панжара орқасида эса бир парча булутли осмонни кўриш мумкин эди”. (09.12.2001, “New York Times”)

Ниҳоят, 10 декабр куни Президент Хавел Солиҳ иши бўйича Ички Ишлар вазири Станислав Гросс билан суҳбатлашганини матбуот ходимларига маълум қилиб, Солиҳ тез кунларда турмадан озод қилинишини айтди. “Балки, бу мени кафолатим остида бўлади”, деди у. Президент Хавел шунингдек, озод этилгач Солиҳ билан учрашиш нияти борлигини қўшимча қилди”. (СТК, 10.12.2001).

Ниҳоят 11 декабр куни Рейтер Агентлиги шундай маълумот тарқатди: “Чехия суди Ўзбекистон мухолифати партияси лидерини турмадан озодликка чиқарди ва энди у ўзини экстрадиция қилиниши масаласи кўриб чиқиладиган маҳкамани кутади.
Ўтган ҳафтада Осло Солиҳни Норвегияга қайтаришни расман талаб қилганди. Совет пайтидан буён мамлакатни бошқариб келаётган Каримов Солиҳ партияси “Эрк”ни ислом давлати қуришга урунишда айблаган”. (Reuters, 11.12.2001)

Муҳаммад Солиҳ турмадан озод этилганидан икки соат ўтиб, Озодлик ва Озод Европа радиоларининг катта залида матбуот анжумани ўтказди. У суднинг экстрадиция борасидаги ҳар қандай қарори демократия учун ўзининг ҳаётидан кўпроқ аҳамиятга эга эканлигини айтди.”Президент Буш террорчиликни илдизи билан қўпориб ташламоқни истайди. Биз унга бу илдизларни кўрсата оламиз. Бу илдизлар диктаторлик режимидир” деди у.

Матбуот анжуманида 80 дан ошиқ маҳаллий ва халқаро журналистлар иштирок этишди.
Ўша куни Президент Хавел СТК агентлиги мухбирига 12 декабр куни Солиҳ билан Прага Қасрида учрашишини маълум қилди. Унинг таъкидлашига кўра, Президент офиси Солиҳ ҳимоясига бутун дунёдан келган чақириқларга тўлиб кетган.

12 декабр куни Солиҳ Президент саройида қабулда бўлди. Чехия Президенти Вацлав Хавел меҳмон билан суҳбатда Ўзбекистондаги вазият ва Солиҳнинг режалари билан қизиқди.

Учрашув жуда илиқ вазиятда ўтди.Солиҳ Президентга турмада ёзган ўз эссесини совға қилди.
Учрашув сўнггида Муҳаммад Солиҳ Президент билан биргаликда матбуот вакиллари учун қисқача суҳбат ўтказди.

14 декабр куни Солиҳни экстарадиция қилиш масаласида шаҳар суди мажлис ўтказди. Бироқ у экстарадиция қилинмаслигини ҳамма биларди. Суд Муҳаммад Солиҳга Каримов режими маҳкамаси сохтакорликларини исботлаш учун оз бўлсада имконият берган эди. Ҳақиқатдан ҳам Прага суди Ўзбекистон вакиллари тақдим этган ҳужжатларни ўрганиш натижаси ҳақидаги ўз хулосаларини эълон қилгач, бу мамлакатдаги инсонларнинг ҳуқуқий аҳволллари қай даражада эканлиги барчага маълум бўлганди.

Суд ўзбек томони тақдим этган барча материалларни сиёсийлаштирилганини эътироф этди ва Муҳаммад Солиҳни айбсиз деб эълон қилди.

“Los Angeles Times” газетаси махсус мухбири Давид Холлей 2001 йилнинг 15 декабр куни шундай ёзди: “Адолат тантана қилди, деди Муҳаммад Солиҳ суддан чиққач. Ўзбекистонда минглаб одамлар ўз ғоялари ва сиёсий қарашлари учун таъқиб қилинмоқда ва қийноқларга тутилмоқда, деди у. Чоршанба куни у, коммунистларга қарши ҳаракати учун Солиҳ ўтирган айни шу турмага қамалган Президент Хавел билан учрашувга, Прага Қалъасига таклиф этилганди. Мен шундай хулосага келдим, Солиҳ, ҳукумат томонидан сохта айблов қўйилган инсон, аслида ҳақиқий демократ ва инсон ҳуқуқлари учун курашчидир, деди Президент Хавел”.

Суддан кейин, 14 декабр куни кечқурун, Солиҳ кейинги уч йил ичида ўзи яшаб келаётган Осло томон учди.


Адолатли қарор учун қасос

Ўзбекистон Президенти Каримов Прага “иши” натижаларидан қаттиқ ғазабга келган эди. Каримов бундай вазиятда ўзини хафа қилган тарафга қарши қаттиқ чоралар кўришини кўпчилик яхши биларди. Бу гал шундай “тараф” Чехия Республикаси эди. Ва шахсан ўзининг бир галги чиқишида Каримовни “диктатор лидер” деган Президент Хавел эди.

Ислом Каримов Чехия билан барча савдо шартномаларини кўздан кечирди ва трамвайлар сотиб олиш бўйича тузилган шартномага тўхталди.Бу муҳим шартнома эди, агар уни бекор қилса, Чехия ким билан ҳамкорлик қилганини ҳеч қачон ёддан чиқармаслиги мумкин эди. Шартнома бекор қилинди. Ва ҳеч ким Каримовга бундай қадам Чехиядан кўра Ўзбекистонга катта зарар келтириши мумкинлигини айта олмади. Чехия трамвайлари Ўзбекистон учун жуда арзон ва қулай эди.

Каримовнинг АҚШга ташрифи

2002 йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Вашингтонга келди. Матбуот Каримовнинг ташрифини деярли ёритмади. Гўёки америкаликлар ўзбек диктатори билан зарурий иттифоқчиликдан уялишган ва буни оммавий сукунат билан ифода этишаётган эди.
Бошқа томондан қудратли давлат ўз ишини қилди. Америка томони хавфсизликнинг муҳим нуқталарини урғулаган, Ўзбекистонни АҚШ принципларини бажаришга мажбур этадиган ўзаро ҳамкорлик бўйича муҳим шартномани имзолади. Балки маълум ёпиқлик талаб қиладиган нозик нуқталари бўлса керакки, шартнома матни эълон қилинмади.
Конгресснинг бир гуруҳ депутатлари Каримовга, таркибида ёзувчи Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Солиҳнинг уч укаси бўлган сиёсий маҳбусларни озод этиш сўралган хатни тақдим этишди. Афтидан, Каримовга бу илтимос ёқмаган эди, у Ўзбекистонга қайтгач бу масалани батамом унутди.
Шунга қарамай Америкаликлар турли усуллар билан Каримовни кўндиришга урунишар, минтақада бор кучлари билан америка манфаатлари учун курашишга, ўз мавқеъларини сақлаб қолишга тайёр эдилар. Каримов узоқ куттирмай ва ортиқча шов-шувларсиз бир инсон ҳуқуқлари ташкилотини рўйхатдан ўтказиб, Қизил Хоч ташкилотини маҳбусхоналарга киришларига рухсат бергани учун, АҚШ Каримовга миннатдорчилик изҳор қилди. Каримов “Бирлик” партиясини ҳам рўйхатдан ўтказиши мумкинлигига ишора қилгач, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида байрам бўлиб кетди.

Бироқ АҚШ шуни унутмаслиги керакки, у зўравон тузумни қанча қўлласа, Ўзбекистонда Америкага қарши норозиликлар шунча ўсиб бораверади. Бу борада Муҳммад Солиҳ ўзининг бир мақоласида шундай ёзганди: “Америкаликлар бир кун келиб ўзбек халқи американи Каримов деб қабул қилишларидан эҳтиёт бўлиши керак”.

Радикал мухолиф гуруҳлар

Каримов дунёвий мухолифат билан қасдлашиб юрган пайтда, “исломий мухолифат” кучга тўлиб борди.
90 йиллар бошида “исломий гуруҳлар” ташкиллашмаган эди, тўғрироғи улар сиёсий куч сифатида мавжуд эмас эди.
1992 йилда, Ислом Уйғониш партияси (Тошкент) лидери Абдулла Ўтаевнинг ҳибсга олиниши ва “Адолат” (Наманган) жамиятини тарқатиб юборилишидан кейин, бу гуруҳлар аҳоли орасида ўз таъсирини деярли йўқотиб бўлди. Бироқ ҳукуматнинг исломни сиёсийлаштиришга алоқадор бўлмаган тинч мусулмонларга қарши қатағонларини давом эттиши, адолатсизлик ҳамда жабр – зулмдан қутилиш учун “халифат”, “ислом давлати” каби муқобил ҳукумат тарафдорлари кўпайишига олиб келди.Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дея номланган гуруҳ ана шундай заминда вужудга келган эди. Бу гуруҳ Тожикистон режимига қарши кураш олиб борган Тожикистон Исломий Мухолифати таркибида тузилган. Кейинчалик, бирлашган тожик мухолифати Раҳмонов режими билан сулҳга келиб, ҳукумат таркибига киргач, Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдошев бошчилигидаги ўзбеклар гуруҳи Афғонистонда қолишди, Ўзбекистон эса уларни душман деб ҳисоблашда давом этаверди. Агар ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти истаганда эди, бу гуруҳларни ватанга қайтишларига ва тинч ҳаёт билан машғул бўлишларига ижозат бериб, беқарорликнинг бу ўчоғини жуда осон йўқотган бўлар эди. Бироқ у бундай қилмади. Афтидан ҳукуматга “исломий фундаменталист” каби душман сиймоси жуда керак эди.
Агар Нью Йоркда 11 сентябр фожеаси содир бўлмаганда эди, бу гуруҳ Ўзбекистон режими учун жиддий хавф сифатида сақланиб қолаверарди. Тақдир ўйини шундай бўлди, Америка фожеаси Каримов режимини бу хавфдан қутқариб қолди. ЎИҲ АҚШнинг ҳарбий машиналари ёрдамида йўқ қилинди.
Ўзбекистонда эса энди Ҳизбут таҳрир фаоллаша бошлаганди.
Араб дунёсидан келтирилган бу партия дунёда (биринчи навбатда мусулмон мамлакатларда) Халифалик тузумини жорий қилишни тарғиб қилади ва ўз мақсадлари йўлида тинч йўл билан курашади. Ислом давлати ёки Халифалик ғояси асосан адолатсизликлар ва ҳукумат қатағони энг юқори чўққига етиб, одамлар давлат терроридан қутулиш учун дуч келган оқимга қўшилаётган бизни юртимизда кенг қулоқ ёйди.
Хизбут таҳрир мусулмонларга адолатли ҳаёт ваъда қилмоқда. Бу партия балки Ўзбекистонда кейинги йилларда фаол ҳаракат қилгани учун, мамлакатда анча танилган ташкилотга айланди.

Айни пайтда Ўзбекистонда расман тан олинган 8 минг сиёсий маҳбус борлиги айтилади. Уларнинг аосий қисми “исломий гуруҳлар” аъзолари ҳисобланади. Шу нарса аниқки, ҳукумат истаган одамини диний экстремизмга алоқадорликда айблаб узоқ йилга озодликдан маҳрум этиши мумкин, бироқ ҳеч ким бундай ҳукмлар устидан адолатга эриша олмайди, эришмоқчи бўлганларнинг ўзлари қамалади. Кузатувчиларнинг тасдиқлашича, Каримов режими маҳбусхоналарида Ички Ишлар вазирлиги ҳисоботида виждон тутқунлари рўйхатига киритилмаган минглаб маҳбуслар бор. Улар асосан бирор сиёсий гуруҳларга дахли бўлмаган оддий одамлардир. Уларни Аллоҳга ҳар куни беш маҳал ибодат қилганликлари учун қамаганлар.

Мухолифат ичидаги муаммолар

Айтиш керакки, бу муаммолар фақат “лидерлар” ўртасида кузатилади. Аслида “Эрк” ва “Бирлик” ўртасида ҳеч бир муаммо бўлмаган. Бу иккала ташкилотнинг оддий аъзолари Ўзбекистондаги барча демократик акцияларда биргаликда ҳаракат қилиб келишган.

Зиддиятли муаммолар эса чет элда муҳолифат учун чигал вазиятларда юзага келган. Масалан, Прагада Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга топшириш ёки топширмаслик масаласи ҳал бўлаётганида, “Бирлик” сайти қўллаб- қувватлаш ўрнига, унга қарши туҳматларни тарқатди. Солиҳга бўлган суиқасд фош қилинганида, “Бирлик” сайти бутун кучини бу нарса “Эрк” томонидан тарқатилган ёлғон хабар эканини “исботлашга” уринди. Бир сўз билан айтганда бир ҳовуч кимсалар, Интернет ёрдамида қувғиндаги муҳолифатнинг бирлашишига тўсиқ қўйишга уриниб келишди.

Бу фаолиятдан кўнгли тўлган Ўзбекистондаги режим 2002 йили ҳар галгидай “айримлар”ни ватанга таклиф этди. “Айримлар” дегани ака – ука Пўлатовлар эди.

Абдуманноп Пўлатов Америка фуқаролигини қабул қилди ва кейинги йилларда режимнинг ҳимоячисига айланди. Бузилган асабини даволатиш учун Туркияга келган акаси Абдураҳим Пўлатов эса бир неча бор қайтиши ҳақида эълон берганига қарамай ҳануз қайтгани йўқ. У АҚШда қолиб, бутун фаолиятини “Эрк” ва унинг лидерини обрўсизлантиришга бағишлашди. (102-бетдаги ловага қаранг).
Бундай фаолиятда қандай мантиқ бўлиши мумкин?
Унинг ўтмишидан хабардор кишилар ўйлагани каби, бу фақат ҳасад ва кўролмасликми? Мен эса бундай фикрда эмасман.

Мен бундай деб ўйламайман. Пўлатов кетди, аммо унинг қайтишига ҳеч нарса монеълик қилмаётган эди. Ҳукумат унга қарши “Эрк” лидери билан бўлгани каби бирор жиноий иш очгани йўқ. Муҳаммад Солиҳ ва унинг қариндошлари каби Пўлатовнинг мол мулки мусодара этилмади. Солиҳ билан бўлгани каби унинг яқинлари, қариндошларига тазйиқлар ўтказилмади.

Чет элга келиб бу одам нима иш билан шуғулланди?

Унинг номини бор йўғи “Ҳаракат” деб номланган ўзининг шахсий журналида “Эрк”ка қарши қайралган мақолалардагина кўриш мумкин холос.Ўзбек оммавий ахборот воситалари 10 йил давомида бирор марта унинг номини тилга олгани йўқ.

Хўш, Пўлатовларнинг фаолиятини қайси тоифага киритиш мумкин?

Бунга том маънодаги жавобни “Бирлик”нинг ахборот нашри ҳисобланмиш “Бирлик” сайтидан топамиз: Пўлатовлар ўзбек ҳуқуқ- тартибот идоралари билан бирга муҳолиф кучларнинг бирлашишига ҳалақит беришдек умумий вазифани бажаришмоқда. “Бирлик” сайтининг асосий материаллари жамоатчилик орасида Ўзбек Муҳолифати обрўсини тўкишга қаратилган. Бу сайтга кўз югуртирган одам маданиятсизлик, масъулиятсизликнинг даражасини кўриб даҳшатга тушади. Расмий саҳифа ҳақорат ва ғийбат, бир -бирини талаш ва доимий дезинформация билан тўлдирилган.

Пўлатов бундан ташқари провокация ва чақимчиликка ҳам ружу қўйган; бу кўпчиликнинг фикри. Бу фикр қуруқ сўздан иборат бўлиб қолмаслиги учун бир мисол келтираман. Аввал, А. Пўлатовнинг “Эврил Турон фожеаси” мақоласидан иқтибос: “…1997 йилнинг 26-29 июлида Анқарада бўладиган “Туркий халқлар ассамблеясига” Шукрулла Мирсаидов ва Мамадали Маҳмудовларни таклиф қиладиган бўлдим. Улар билан шахсан гаплашиш учун Васила Иноятовадан уларни уйига таклиф этишини сўрадим. 29 июл куни (1997 йил. Мух.) менинг архив маълумотларим бўйича Истанбул вақти билан кечки бешда мен Василага қўнғироқ қилдим ва аввал Шукрулло ака билан, кейин Мамадали (Маҳмудов) билан гаплашдим. У (М.Маҳмудов) ҳатто мен билан сўрашмай туриб эҳтирос билан гапира кетди: “Агар Истанбулга келсам, Муҳаммад Солиҳни фош қиламан… у ҳаммани русларга сотмоқчи”. Ўшанда мен бу сўзларнинг маъносини тушунмаган эканман. Амма 16 феврал портлашларидан кейин, Мамадали Маҳмудов қамалган пайтда ҳукумат томонидан олинган фильмда, унинг иқрорини кўриб, мен ҳаммасини тушундим. Англашилдики, мен билан телефондаги сухбатгача (!) у “Эрк” лидери билан кўришган ва Киевда унинг рус шовинисти генерал Лебед билан учрашувидан (!) ва Ўзбекистондаги режимга қарши курашда у билан ҳамкорлик қилиш ниятидан воқиф бўлган. Мамадали шундай машҳур сиёсатчи (Лебед) билан учрашув шунчаки бўлади деб ўйлайдиган анойилардан эмас эди. Бас шундай экан ўша ҳужжатли фильмда акс этган: “Муҳаммад Солиҳни тинглаб туриб, яна қуллик бўларкан-да деб ўйладим…” деган иқрори ҳақиқий эканига шубҳа йўқ. (Харакат № 2 (35) 2002 Март-Апрел, сайт.www.birlik.net).

Абдураҳим Пулатов, ушбу уйдирмани тўқир экан, ҳатто ҳужжатларга, ҳеч бўлмаса М. Солиҳ ва М. Махмудов учрашувидан далолат берувчи ҳукумат олган ўша фильмга бир зеҳн солиб қараб қўйишни ҳам хаёлига келтирмайди. Бу воқеа Киевда март ва май ойларида Пўлатов ёзаётганидек 1997 йил эмас 1998 йили бўлган эди. Бу учрашув ҳақида жуда кўп Интернет сайтларида мақолалар чоп этилган, ҳатто М. Маҳмудовнинг ўзи ёзган мактуб ҳам бор. Солиҳнинг Лебед билан учрашуви 1998 йилнинг ноябрида Пўлатов ва М.Маҳмудов ўртасидаги суҳбатдан бир ярим йил кейин бўлиб ўтган. Солиҳнинг Лебед билан учрашуви ҳақида “Эрк” газетасининг 1998 йил декабр сонида кўришув жойи ва вақти келтирилган мақола (суратлари билан) бор.

Бу каби иғвогарона мақоладан сўнг М. Маҳмудов турмадан А.Пўлатовга хат йўллайди: “Абдураҳим салом! Мен бу ерда маҳбуслар орасида бир гап эшитдим. Аммо бу гапларни сиз ёзганингизга ишонмадим. Сиз бундай қила олмайсиз, чунки бунга виждонингиз йўл қўймайди. Ҳа, биз Шукрулло ака (Мирсаитов) билан учрашдик. Василанинг уйига бордик. Хонада иккита қора телефон борлигини аниқ эслайман. Ҳонтахта атрофида ўтирдик… Васила чой ва бир нечта манти олиб келди. На мен, на Шукрулло ака Муҳаммад Солиҳ ҳақида гапирганимиз йўқ. Ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилгани йўқ. Сиз бўлсангиз “Мен М. билан гаплашдим у Муҳаммад Солиҳни ёмонлади”… деб ёзибсиз. Мен бу сўзларни сиз ёзганингизга ишонмайман. Балки, Васила… Аммо у бизнинг суҳбатимизга қўшилмади, уйга кириб – чиқиб турди.

Муҳаммад Солиҳ билан Лебед дўстлашадими ёки йўқми, бу унинг иши. Муҳаммад Солиҳ билан биз узоқ йиллардан бери дўстмиз. Бу каби сассиқ ғийбат эркакнинг иши эмас. Мен хонада Одил Ёқубов бўлганини эсламайман. Аммо Солиҳнинг бу гапларни айтганига ишонмайман. Агар у гапирса одамнинг юзига гапиради, орқасидан эмас. Балки бу унинг кучли шахс эканидандир. У ўзининг шарттакилиги одамга ёқадими, ёқмайдими ўйлаб ўтирмайди. Аммо чақимчилик унга бегона. Мен сиз ҳақингиздаям шундай деб ўйлайман. (А. Пўлатовга ва Би Би Си га, Эврил, 29 июнь 2002 йил)”.

Кўраяпсизки, М. Маҳмудов мактуби сўнгида дипломатик бир тарзда Пўлатовни ғийбат ва чақимчилик қилмасликка чақирмоқда. Пўлатов эса айни чақимчиликни касб қилган. Бу ҳам етмагандай унинг гаплари ёлғон ва туҳматга асосланган. У бир томондан Маҳмудовга айтмаган гапни айтди деб, Муҳаммад Солиҳга эса қилмаган ишини қилди деб туҳмат қилмоқда. Бу одам бугунги кунда аъзолари аҳоли орасида ўз дастурларини эркин тарғиб қилаётган ва ўз йиғилишларини ҳеч қандай монеъликларсиз олиб бораётган сиёсий ташкилот раҳбари ҳисобланади. Айни пайтда эса “Эрк” аъзоларига ҳатто чойхонада ҳам йиғилишга рухсат этилмаётир. Пўлатов фаолиятининг “Бирлик”ка нисбатан Каримов режими бағрикенглиги билан алоқаси борми? Бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ.

Афсуски, “Бирлик” сайти фаолиятида “Америка овози” ходими Жаҳонгир Муҳаммад жуда катта рол ўйнади. “Эрк” ка қарши асосий материалларни ва буҳтонларни тайёрлаган ҳам шу одамдир. “Ҳаракат” журналини ташкил этган ва нашрга тайёрлаган ҳам у эди. “Совет Ўзбекистони” газетаси собиқ мухбири бўлган Маматов, ўтмишдаги порахўрликлари ва Самарқанддаги жиноятчилар тўдаси билан яқинлиги билан танилган эди. У жамоа хўжаликлари раисларидан фош этувчи мақола ёзиш билан шантаж қилиб катта пуллар ундирган. Бир гал у жиноят гуруҳи бошлиғи Пардага фелеъетонни чоп этмаслик ҳақида берган ваъдасини бажармайди, натижада ўртада жанжал чиқади. Парда ундан ўз пулларини қайтариб беришини сўрайди, Маматов пулни қайтариб бермаслик мақсадида уни милицияга чақади. Натижада Пардани қамашади. Парда бир йилдан сўнг (1992) турмадан чиқади ва ўзи қурдириб берган Маматовнинг уйини ёқиб юборади. Маматов жиноий тўда бошлиғи қўлида ўлимдан омон қолиш учун олдин Бокуга, у ердан эса Туркияга қочади.

Шуни айтиш керакки, Муҳаммад Солиҳ “Бирлик”даги буҳтонларга ҳеч қачон жавоб бермади. Фақат, яқинда “Эрк” сайтида кичик бир мақола пайдо бўлди, уни атрофда бўлаётган воқеаларга Солиҳнинг жавоби сифатида қабул қилиш мумкин.

“Озодлик, бу нақадар аччиқ сўз”

(Мухолифат ва ҳукумат муаммолари)

Озодлик- шафқатсиз имтиҳон.
Озодлик имтиҳони олийнасаб инсонни улуғлайди, қулни эса баттарроқ хўрлайди. Олийнасаб инсон уни имтиҳон эканлигини билади ва шунга мувофиқ иш қилади: у бошқаларнинг эркинлигига раҳна солувчи қатъий белгиланган таъқиқлардан нарига ўтмайди.
Қул эса чексизликларни писанд қилмай, ўзгалар эркинлигига дахл қилиб, атайин эркинликлар чегарасини бузишга интилади. Инсоният фожеаси доимо шундай бошланган. Қул қачон озодликка эришса ўзини кимлигини унутади. Диктатор қачон масрур бўлса, у озодликка ўзидан бошқа ҳеч ким муносиб эмас деб ўйлайди.

Улар қулга қандай қилиб ўз ҳаракатини оқлаш учун кўрсатмалар беришади. Қул уларни ҳокимиятини машрулигини хаспўшлаш учун бир ҳужжатдир. Диктаторлар айтади: агар мен қаттиққўл бўлмаганимда эди, сени мендан юз карра ёмон одам ўз тасарруфига олган бўларди. У сени менга қараганда ноинсонийларча таҳқирлаган бўларди. У сени секин ёнгувчи ўтга ташлаб куйдирарди, мен эса сени ўлимингга ҳурмат билан ёндошаман.
Идеалистлар олийнасаб кишилардан қандай фойдалансалар, диктаторлар қулларга нисбатан айнан шундай муносабатда бўладилар. Олийнасаб кишилар сони қанча кам бўлмасин, жамият тараққиёти йўлида қуллар қандай кучга эга бўлсалар улар ҳам шундай таъсирга эга бўлишади. Икки хил ўзаро тенг бўлмаган кучлар ижтимоий ҳаёт анархия ўпқонига тушиб кетмаслиги учун тенгликни сақлаб туришади.
1991 йилда, Совет Иттифоқи қулаб Ўзбекистон озодликка эришгач, олийнасаб кишилар ва қулларга муносабатда Совет Иттифоқи андозалари сақлаб қолинди. Бироқ вақт ўтган сари бу хилдаги муносабат қуллар фойдасига ўзгарди. Қуллар ҳамма жойда, ҳукуматдан тортиб мухолифат ичида ҳам бор эди. Қуллар ва олийнасаб кишиларни ўзаро боғлаб турган ўрта синф вакиллари йўқотилди. Бу синфнинг катта қисми қулларга қўшилиб кетди, оз қисми эса барча кўргуликларга тоқат қилиб, олийнасаб кишилар сафидан жой олди.
Ва эркни тилкалай бошлашди.
Собиқ Қул, диктаторга айлангач, ўзининг ўзи каби қулликдаги биродарларини таҳқирлай бошлади. Улар эса, ўзларини англаш ўрнига, бир – бирларини ғажий бошлашди, бу билан улар Бош Қулга кўмак беришарди.
Ва мувозанат йўқолди. Қуллар зулмати ичра зувиллаган диктатор қамчини эзилган бир ҳовуч ғамнок сарбадорлар боши узра даҳшат соларди.
Эрк – шафқатсиз имтиҳон.
Тағин, бир замонлар бўлгани каби, ўша олийнасаб шахслардан ўзга ҳеч ким ундан олдинга ўта олмади.

Тағин – минг йиллар оша неча бор! – ҳамма кўрдики, олийнасаб асл инсонлардан ўзга ҳеч ким эркка муносиб эмас”.


(www.uzbekistanerk.org)

Хотима

“Эрк” партияси пайдо бўлган пайтларда ўз келажагини партия эмас, балки халқ ҳаракатида кўрганди. Уни “постсовет миллий ҳаракат” дея аташ балки тўғри бўлар. У кўп ўтмай бир қанча ижтимоий гуруҳларни қамраб олди, бу эса оддий партиялар амалга ошириши амримаҳол бўлган иш эди. “Эрк” аслини олганда кучли ташкиллаша олмаган “Бирлик”нинг давоми эди. Ижтимоий платформадаги жозибалар бу ҳаракатни ташкилий ишларига тўсқинлик қилди.
Бироқ, бу тизимли кучсизлик сиёсий ташкилот муаммолари, жамиятдаги бирмунча фаол ижтимоий гуруҳларга таъсир ўтказиш масаласига келганда кучга айланади.
“Эрк” бугунги кунда миллий бирлик байроғини кўтариши мумкин бўлган ягона сиёсий партия эмас. “Эрк” ўз сафларида жамиятдаги деярли барча қатламлар: зиёлилар, ишчилар, фермерлар ва диний гуруҳлар вакилларини жамлаган.
Бу жозиба гўёки “Эрк” лидери шахсиятини ўзида ифода этаётгандек: У зиёли, диндор, ватанпарвар ва миллиятчи.
Балки, ҳукумат тепасида “Эрк” турганда эди, на Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, на Ҳизбут -таҳрир, на бошқа радикал гуруҳлар пайдо бўлмасмиди. Уларнинг барчаси ташкил топмасданоқ, қонуний ижтимоий-сиёсий соҳаларга мослашишар, алоҳида сиёсий кучлар сифатида намоён бўлишмасди. Ўзбекистонда эса куч билан ушлаб туриш зарурати бўлмаган ҳақиқий барқарорлик ўрнатиларди.

Сўзимнинг охирида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, қатағонлар даврида “Эрк” газетаси ва Муҳаммад Солиҳнинг китоблари мамлакатда ўзгача қарашларни яшаб қолишига сезиларли рол ўйнади.

Фойдаланилган адабиётлар

1 – ”The hidden nation”, Nadia Diuk and Adrian Karatnycky, 1990, New York
2 – “New nation rising”, Nadia Diuk and Adrian Karatnycky, 1993, New York
3 – “Red Odyssey”, Marat Akchurin, 1992, New York
4 – “Emrire’s edge”, Scott Malcomson, 1994, London-New York, “Conflict, Cleavage and Change in Central Asia and Caucasus”, 1997, Cambridge. University Press.
5 – “Literatura and Politics: Mohammad Salih and Political Change in Uzbekistan frpm 1979 to 1995. Ruth Diebler, Indiana University , 1996, Indiana, USA
6 – “The Opponent”, Komen publikation, 2002, Konya, Turkey
7 – ”Muhalif”, Komen yayinlari, 2002, Konya, Turkiye
8 – ”Нариги дунё дарчаси олдида”, Сафар Бекжон, 1997, Истанбул, “Эрк” нашриёти.
9 – ”Ойдинлик сари”, 1993, Истанбул, “ЭРК” нашриёти)
10 – ”Эътиқоднинг чорраҳаси бўлмайди”, 1994, Истанбул (“ЭРК” нашриёти).
11 – ”Иқрор”, 1995, Истанбул, “ЭРК” нашриёти).
12 – ”Девлет сирлери” (турк тилида) 1997, Токер нашриёти.
13 – ”Туркистан шууру” (турк тилида) 1997, Отукен нашриёти.
14 – ”Агачлар шаир олса”, 1997, (турк тилида), Отукен нашриёти.
15 – ”Йўлнома”, 1999, Истанбул, “ЭРК” нашриёти.
16 – ”Йолнаме” (турк тилида) 2002, Истанбул, Отукен нашриёти.
17 – The san Francisco Chronicle (19.02.1993)
18 – The Baltimor Sun (30.09.1990)
19 – The Sunday Telegraph (10.01.1993)
20 – The New York Times (06.11.1988, 01.12.2001, 09.12.2001)
21 – Los Angeles Times (15.12.2001)
22 – The Wall Street Journal (28.06.1989, 31.08.1998)
23 – The Prague Post (05.12.2001)
24 – «ЭРК» газетаси (№4, 1999)
25 – “Защита парав и свобод человека” журнали (№4 21.05.1999)
26 – “Москов Таймс” газетаси (03.11.2001)
27 – “Правда Востока” газетаси (15.12.1988)
28 – “Жумхурият” газетаси (Турк тилида) (11.11.1999)
29 – “Радикал” газетаси (Турк тилида) (11.11.1999)
30 – “Афтен Постен” газетаси (Норвегия.) (03.12.2001)
31 – www.uzbekistanerk.org
32 – www.svoboda.org
33 – www.hrv.org
34 – www.amnesty.org
35 – www.stability.uz
36 – www.uzweb.net
37 – www.birlik.net
38 – СТК Чехия Ахборот Агентлиги (30.11.2001, 01.12.2001, 10.12.2001, 12.12.2001)
39 – “Ассошейтед Пресс” Агентлиги (29.11.2001)
40 – “Рейтер”( Reuters) Агентлиги (11.12.2001)

41 – “Озодлик” (RFE\RL) радиоси (15.05.2001, 05.12.2001, 07.12.2001, 17.01.2002)


Рус тилидан Юсуф Расул таржимаси.

www.yangidunyo.com

Kommentera