Бунинг учун халқ уйғоқ бўлиши керак…

October 17th, 2009

“Янги Дунё” “Бирдамлик” ҳаракати лидери Баҳодир Чориевни ватанга қайтиши муносабати билан мухолифат фаолларига бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Бизнинг суҳбатдошимиз Швецияда расмий рўйхатдан ўтган Ҳуқуқ Ҳимоячилари Халқаро Жамияти раиси Муҳиддин Қурбонов.

– Сизнинг назарингизда “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг ватанга қайтиши ўзбек мухолифатини ватанга қайтишига йўл очиши мумкинми?

– Менимча Б.Чориевни ватанга қайтиши мухолифат учун йўл очиб бермайди. Бундай дейишимга айрим сабаблар бор: Биринчи навбатда ватанга қайтишдан олдин ҳар бир инсон у ерда яшаш яшаш имконияти, оддий қилиб айтганда кун кўриш, яъни тирикчилик қилиш қандай даражада бўлишини инобатга олади. Ўзбекистон аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ўз ихтиёри билан иш қидириб ватандан чиқиб кетаётган бир пайтда Чориевни ватанга қайтишини бошқалар учун ҳеч қандан таъсири бўлмайди.

– Сизнингча, Чориевнинг бу ҳаракати нимани англатади – бу мардликми, ҳукумат билан келишиб қилинган ишми ёки ўйламай ташланган кадамми?

– Аллохга таваккал қилиб қилмоқчи бўлган ишини қилди деб ўйлайман. Лекин кўпчилик ҳукумат билан келишган дейишса, кўпчилик ахмоқлик деб билмоқда Чориевни бу қадамини.

– Хориждаги мухолифат мамлакат ичидаги “Бирдамлик” лидерини қўллаши керакми, ёки ўз фаолиятини олдингидек давом эттиравериши лозимми?

– Албатта қўллаши керак. Бундан ташқари мухолифат ҳам, оддий халқ ҳам қўллаб – қувватлаши керак бўлган кўпгина инсонлар борки, улар халқ фаровонлиги учун курашиб, ҳозирда қамоқхоналарда хўрланмоқдалар. Шоир Юсуф Жума ва бошқа бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналист ва мухолифат вакиллари… Бир мисолни келтирмоқчиман. 1998 йилда оммавий қама – қамалар бошланганда, “Тоштурма”да мен турган 16 кишилик камерага 57 тагача одам қамалган эди. Ўшанда бир масжид имомини қамашган ва ўша маҳаллани 15 дан ортиқ чоллари келиб, “Бизни имомимиз нашаванд, яъни наркоман бўлса, биз ҳам наркоманмиз, бизни ҳам қамайсанлар” деб туриб олишганда эртаси куни шу имомни қамоқдан чиқариб юборишганди. Бир хуқуқ ҳимоячисни орган ходимлари авлоқ жойга олиб бориб, ўласи қилиб уришганда, 500 дан ортиқ фермерлар шу совхозда 2 милиция машинасини ёқиб, совхоз милиция бўлимини идорасини эшик ва ойналарини сидириб ташлашганди. Халқ ҳимоясига олган ҳар қандай шахсни ҳеч қандай ҳукумат раҳбари қамашга ботина олмайди, деб ҳисоблайман. Бунинг учун халқ уйғоқ бўлиши керак. Халқи учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган киши учун халқ хам жонини фидо қилиш даражасида ҳимоя қилиши лозим бўлади. Акс ҳолда халқ ҳеч қандай яхши кунларни кўрмайди.

Ҳалқ хаммасин билади…

Халқ хаммасин билади,
Лек индамай туради.

Зўравон раҳбарларга
Тиржайишиб кулади.

Қўрқоқликлари боис,
Бошин эгиб юради.

Охирги бурда нонин,
Дўқлаганга беради.

Оч қоринга тепма деб,
Кетин тутиб туради.

Заҳматкаш шўрлик халқим
Қанча чидаб юради?

Менинг бу кўрқоқ халқим
Қачон роҳат кўради?

Бошинг кўтарсанг халқим,
Бутун жаҳон кўради.

Оҳу додларинг эшитиб,
Сенга ёрдам беради.

Пешонаси шўр халқим

Пешонаси шўр халқим,
Икки кўзи кўр халқим.

Сен пишиб етилмадинг,
Ҳануз сенсан ғўр халқим.

Қонхўру золимларни,
Ҳамон тинглайдур халқим.

Сенларни лақиллатур,
Англамассан хур халқим.

Наҳот хақни кўрмассан,
Соғ – омон бўлгур халқим.

Юртинг қамоқхонадир,
Атрофинг сим тўр халқим.

Сен ишонган раҳбарлар,
Бўлмади ғамхўр халқим.

Сен уларга бош эгсанг,
Бошинг ғажиб ер халқим.

Золимга бўйин эгма,
Қаддинг ростла, тур халқим.

Ўзингда журъат топиб,
Жаҳонга юз бур халқим.

Улардан ибрат олиб,
Олға қараб юр халқим.

Иймонсиз рахбарлардан,
Қочмоққа шай тур халқим.

Ёки обдон бирлашиб,
Раҳбарларни ур халқим.

Сен ҳам ўзга халқлардек,
Давру даврон сур халқим.

(Камина Қўқондийдан).

-Чориевни мамлакат ичидаги фаолияти бундан кейин қандай бўлиши мумкин – ҳукумат унга ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишига йўл очиб беради деб ўйлайсизми?

– Ҳукумат уни қамоққа олмаса ҳам катта гап. Ўзбекистонда ҳақ – хуқуқ тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда ўйлаш хом хаёлдан бошқа нарса эмас менинг назаримда. Чориев ташқарида туриб кўпчиликка ёрдами тегиб турганди.

www.yangidunyo.com

Kommentera