”Акромийларми” ёки ”Биродарлар” ҳаракати?

Ҳотам Ҳожиматов билан суҳбат.

Ҳотам Ҳожиматов ҳақида қисқача маълумот: 1962 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Мутахассислиги: нефт муҳандиси. Россиянинг Тюмен шаҳридаги нефт корхоналарида ишлаган. 2003 йилидан Иваново шаҳридаги текстил импорт экспорт савдоси билан шуғулланувчи ”Ростекс” фирмаси директори. ”Иваново ўзбеклари” жамоат ташкилотини асосчиси. Бу ташкилот Россиядаги ўзбек сиёсий қочқинларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланган.

2005 йилнинг 18 июнида Иванова шаҳрида 14 этник ўзбеклар қаторида, Ўзбекистон ҳукумати талаби билан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган. Иванова тергов ҳибсхонасида 4 ойга яқин ассоссиз равишда ушлаб турилган. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари талаби билан ва Россия граждани бўлгани сабабли озодликка чиқарилган. Лекин Россия ҳукумати уни Ўзбекистонга топшириб юбориш мақсадида шошилинч равишда Россия гражданлигидан маҳрум қилган. Ҳотам Ҳожиматов яна қайта қамокқа олиниш хавфи борлиги сабабли Россияни ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Ҳотам Ҳожиматов айни пайтда сиёсий қочқин мақоми билан Норвегияда яшайди. Ҳуқуқ Ҳимоячилари Халқаро ташкилотининг Норвегия бўлими раҳбари.

 

****

”Акромийлар” ҳаракати аслида ”Биродарлар” ҳаракатидир

Юсуф Расул: – ”Акромийлар” ҳаракати шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўйлаб топилган ташкилот эканлиги ҳақида жуда кўп маълумотлар тарқатилган. Айниқса, Андижон воқеаларини ёритган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари шу фикрда эдилар. Бироқ АҚШдан бошпана топган Андижонлик қочқинларни уюшган ҳолда Ўзбекистонга қайта бошлаши бу борадаги шубҳаларни йўққа чиқарди. Айниқса, сизни ”Акромийларнинг ҳукумат билан келишуви сотқинлик эмасми?” деб номланган мақолангиздан кейин бу ҳаракатни мавжудлигига кўпчилик ишонч ҳосил қилгандек бўлди. Бироқ ”Акромийлар” ҳаракати қандай ҳаракат эканлиги ва бу ҳаракат мақсад ҳамда вазифалари ҳақида етарли тасаввурга эга эмасмиз. Шахсан мен ўзим шу ном остидаги ҳаракат ҳақида жуда кўп манбаъларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Акром Йўлдошев қаламига мансуб деб айтиладиган ”Иймонга йўл” рисоласи менда ўзгача тасаввур пайдо қилди ва бу ҳақда суҳбатимиз давомида албатта баҳслашамиз деган умиддаман. Ҳукуматпараст олимлар Зуҳриддин Ҳусниддинов ва Бахтиёр Бобожонов тадқиқотлари ҳам гарчанд бирёқлама бўлсада бу ҳаракат ҳақида озми кўпми маълумот беради. Лекин ҳақиқатда ”Акромийлар” ҳаракати қандай ҳаракат ва бу ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат, 13 май кунги воқеалар қандай келиб чиққанди? Афсуски, бу каби саволларга шу пайтгача аниқ жавоблар йўқ.

Сиз ўзингизни бу ҳаракат билан яқиндан таниш дея оласизми?

Ҳотам Ҳожиматов: -Ҳа, албатта, мен бу ҳаракат билан ўзимни яқиндан таниш дея оламан. Мени бу жамоа аъзолари билан савдо ва тижорат алоқаларигина эмас, балки дўстона муносабатларим ҳам бор эди. ”Акрамийлар” ташкилоти борми ёки йўқми, деб тортишишни ўзи Акромжон Йўлдошев асос солган жамоа аъзоларига нисбатан беҳурматлик бўлар эди. Албатта бу жамоат бор. Уни инкор қила олмаймиз. Лекин бу жамоат аъзолари ўзларини ”Акромийлар” дейишларини хоҳламайдилар. Бу улар учун ёқимли эмас шекилли… Яна ким билади дейсиз?! Улар бир бирларини ”Биродарлар” деб чақирадилар ва Андижонда улар ”Биродарлар” номи билан танилганлар. Кейинроқ бу ҳаракатга Акромжон асос солгани учунми халқ уларни ”Акромийлар” деб ҳам атайдиган бўлиб қолганди.

Бу ҳаракатнинг баъзи аъзоларини ўзлари Андижонлик бўла туриб, ”Бундай ҳаракат борлигини билмаймиз ва ҳеч эшитмаган эканмиз” дейишгани кулгилидир. Лекин биз ”Биродарлар”ни тўғри тушинишимиз керак, негаки улар ҳеч қачон ”Акрамийлар” деган жамоага аъзо бўлмаганлар. Чунки бундай расмий номдаги ташкилот аслида ҳам йўқ… Лекин расмий бошқа уюшмалари бор эди уларни. Масалан, Андижондаги «Қурилиш СавдоТаъминот» корхонаси… Бу корхона 2000 йилда ташкил қилинган эди.

Таъсис аъзолари қуйидагилар:
1. Орифхўжаев Дилшод Тожихўжаевич,
1963 йили туғилган.
2. Усманов Искандарбек Мамадалиевич,
1966 йили туғилган.
3. Маҳмудов Оббосхон Зикиряхонович,
1973 йили туғилган.
4. Нуриддинов Исомиддин Бадриддинович,
1966 йили туғилган.
5. Холмирзаев Бахтиёр, 1957 туғилган.
6. Нуриддинов Бурҳониддин Бадриддинович, 1974 йили туғилган.
7. Алимов Умарали Шарифжонович, 1965 йили туғилган.
8. Қаюмов Тойиржон, 1952 йили туғилган.

Бу корхона кейинчалик ўз атрофида бешта янги фирмаларни бирлаштирди. Булар: «Бетон таъминот», «Транс таъминот», «Капитал қурилиш», «Турон Мебель» ва Тошкентда «Турон Продакшн» фирмалари эди. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилинган эди. Бу хўжалик раиси Маҳмудов Оббосхон эди.

Бу маълумотлар ҳеч кимга сир эмас, буни кўпчилик яхши билади. Интернет саҳифаларида ҳам улар ҳақида кўп маълумотлар тарқатилган. ”Биродарлар” ўзларини холис ва сидқи дилдан қилган меҳнатлари билан халқ ичида обрў қозонган эдилар. Уларни корхоналарига ишга кириш ўта қийин масала эди. Кўпчилик йиллаб навбат кутар эди.

Уларнинг қурилиш ташкилоти вилоятда кўплаб колледж, спорт иншоотлари қурилишларида қатнаштиб, шаҳар ва вилоят халқига жуда таниш бўлган эди. Улар ишлаб чиқариган мебеллар сифатлилиги билан машҳур эди. Ҳатто шаҳар ҳокими кабинети ҳам улар ишлаб чиқарган шинам мебеллар билан жиҳозланган эди. Умумий овқатланиш тизимида ҳам анча ютуқлари бор эди.

Масалан икки уч йил аввал Андижонга борганимда албатта ”Биродарлар”ни ”Шинам” номли чойхона – кафесида овқатланмасдан кетмас эдим. Бу бутун Андижонга машҳур чойхона ”Биродарлар”нинг биринчи расмий корхоналаридан бири эди. Бу номигагина ”чойхона” бўлгани билан, анча мунча ресторанлардан қолишмас эди. ”Биродарлар” ишлаб чиқарган нон ва кондитер маҳсулотлари бутун водийда ва ҳатто Тошкентда ҳам машҳур эди. Хуллас, ”Биродарлар” ҳаракати бор ва борлиги ҳақиқатдир. Биз уларни икки оғиз сўз билан тарифлайдиган булсак, бу ҳаракат ижтимоий ва иқтисодий, руҳий масалаларни жамоатга уюшган ҳолда ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб олганди. Балки, уни ”Биродарлар” уюшган жамоати десак тўғрироқ бўлар…

”Акромийлар” ҳаракати сектантликнинг бир кўринишидир

Ю.Р.:- ”Акромийлар” ёки ”Биродарлар” ҳаракати қачон ва қандай мақсадда билан ташкил топган? Уларни тинч мусулмонлар жамоаси десак бўладими? Ўтмишда Ўрта Осиёда шу каби ҳаракатлар бўлган, масалан ”Жувонмардлар” ҳаракатини олайлик. Улар ёрдамга муҳтож кишиларга кўмаклашишни ўз олдиларига мақсад қилиб олган эдилар. Ёки Нақшбандия тариқати… Бу тариқатдагилар ”Дил ба ёру, даст а кор”, яъни ”Қўлинг ишда, қалбинг Оллоҳда бўлсин” шиорига амал қилганлар….

Ҳ.Ҳ.:- ”Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз» дейилади Қуръоннинг Бақара сураси, 156 оятида. Инсон ўз олдида турган муоммоларни ҳал қилиш учун қадим замонлардан жамоа бўлиб ҳаракат қилган. Бу инсонларга Яратгувчидан берилган бир неъматдир албатта. Одамлар жамоаларга бирлашар экан, улар ўз олдиларига иқтисодий, маънавий ва руҳий масалаларни ҳал қилишликни мақсад қилиб қўяр эдилар.

”Биродарлар” ҳаракатининг ҳам ўз ғоялари борми? Акромжон Йўлдошев ўз атрофига жамлаган ҳамфикрлари қандай инсонлар ва уларни қайси муаммолар бирлаштирди? Бу жамоани қандай куч бирлаштириб туради? Бу қадар уюшганлик ва тартиб ила ҳаракат қилиш нималар асосида бўлди? Улар ҳукумат айтганидай террорчилик ташкилотими? Қандай мақсадлар билан улар ҳеч иккиланмай ўз ёнларидан пешона тери билан топган пулларини бешдан бир қисмини, яъни 20 фоизини ўртага ташлайдилар? Айниқса, шу кунларда кўпчилигимиз учун даромадни бешдан бири эмас, балки 100 дан бирини беришлик муаммо булиб турганда бу каби мужодала ҳайратланарлидир. Бу саволлар кўпчиликни қизиқтирса керак деб ўйлайман.

Бу саволларга жавоб топишдан олдин гапни узоқдан бошлашга тўғри келади. Ҳурматли олимимиз Алоуддин Мансурнинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) 1991 охирида ёзиб тугатган ва ”Шарқ Юлдузи” ойномасида илк бор ва кейинчалик ”Чўлпон” нашриётида чоп этилган ”Қуръони Карим изоҳли таржималари” китоби бутун ўзбек халқи учун ажойиб бир совға бўлганди. Кўпчилик Ислом дини ҳақида илк тасаввурни шу китоб орқали олганди. Бу китоб Акромжон Йўлдошев ҳаётида тубдан ўзгариш ясайди.

Акромжонни суҳбат олиб боришлик ва ораторлик маҳорати бор эди. У киши билан соатлаб суҳбат қурсангиз ҳам зерикиш сезмасдингиз. У суҳбат давомида ўз сўзларини Қуръони Каримдан жуда кўплаб суралар билан тасдиқларди. Ҳар бир оятни қайси сурада ва қай ўринда, китобни қайси варағида турганини у киши китоб муаллифидан ҳам яхшироқ билса керак деган фикр хаёл келарди. У билан суҳбатдош бўлган киши Акромжон Қуръонни жуда зўр билар экан деб ўйлаши табиий эди. Акромжон суҳбат давомида математика, физика фанларидан ва бошқа дунёвий фанлардан мисоллар келтирар эди. Институтда Марксистик ва Ленинистик Философия фанидан олган билимлари унинг тарғиботида жуда фойда берар эди.

Аста секин ”Иймонга йўл” ва ”Қуръони Карим изоҳли таржималари” асари ”Биродарлар” ҳаракатининг асосий қўлланмасига айланди. Кейинчалик диний илмдан хабордор инсонлар Акромжонни Қуръони Каримни Аллоҳ нозил қилган араб тилида билмаслиги динда бир ёқлама ва тор йўл тутишига олиб келганлигини таъкидлашган эди. Лекин Акромжон ва унинг сафдошлари ҳар бир инсон учун Қуръонни араб тилида билишлик шарт эмас, асл мақсад китобнинг моҳияти – маъносини билишлик, деб такидлар эдилар.

Ю.Р. Шу пайтгача Акром Йўлдошевнинг ”Иймонга йўл” деб номланган кичик рисоласигина маълум. Бу ҳаракат аъзолари диний билим олиш ва ўзаро бирдамликда тижорат қилиш ишларини олиб боришда ушбу рисолага таянишганми?

Ҳ.Ҳ.: Ҳа, ҳаракат аъзолари ўртасида ”Қуръони Карим изоҳли таржималари” китобини ўқиш ва ўрганиш ”Иймонга йўл” китоби асосида системали равишда олиб борилар эди. Китобдан асосан харакат учун керакли сура ва оятлар ўрганилар эди. Кўпроқ Бақара сураси -122 ва охирги оятлари, Оли-имрон сураси- 101 – 200 оятлар,Атфол, Тавба, Азхоб, Рум- 40,Фотир, Соф каби сура ва бошқа оятлар шулар жумласидандир. Бу сура ва оятлар тафсири ”Биродарлар” ҳаракати манфатларига ҳамда бўлаётган воқеаларга мосланиб изоҳланар эди.

1992-93 йиллари Акромжон Юлдашев ”Хизб ут Таҳрир” ҳаракатидан ўзининг бир неча тарафдорлари билан ажралиб чиқди ва янги жамоатга асос солди. Ўшанда кўпчилик Андижонликлар улар ҳақида киноя ва кулги билан гапиришар ва ҳеч ким уларга жиддий қарамас эди. Кўпчилик булар тез орада тарқаб кетишса керак деб ўйлар эди. Бировга зарари ҳам, фойдаси ҳам йўқ буларни деб ўйлашган. Ўшанда ”Биродарлар”ни Ўзбекистон тарихида бундай из қолдириши кимни хаёлига ҳам келибди дейсиз! Мавжуд тузум тамонидан уларнинг ҳаракатига нисбатан маълум вақтгача бефарқлик сабаблари ҳам шунда бўлса керак.

Ю.Р.: Умуман бу ҳаракат қачондан бошлаб очиқ майдонга чиқиб ўзини намоён этганди?

Ҳ.Ҳ.: Бу ҳаракат вакиллари ўша йилларда, яъни 1992 -93 йилларда Андижоннинг ”Боғи шамол” массивида янги участкалар олиб, ўша ерда илк бор алоҳида бир жамоат бўлишиб яшай бошлашган эди. Улар ”Бизлар соф иймон эгалари ва ислом динини уйғотувчилар жамоасимиз!”, деб даъво қилиб чиқдилар. Улар бутун дунёда бирон бир жойда Муҳаммад(САВ) мерос қолдирган ҳақиқий Ислом дини қолмагани, ўзлари Аллоҳ ўз динини қайта кўтаришлик учун маъсул қилинганлигини таъкидлай бошлашганди.

Ҳаракатнинг илк даври давлатдан алоҳида ажраган ҳолда, давлат ичидаги давлат сифатида шаклланган эди.Улар биргалашиб меҳнат қилишар ва унинг маҳсулини биргалашиб баҳам кўришар эди. Жамоат ўзининг мустақил молия системасини ташкил қилганди. Бунинг учун жамғарма-байтул мол ташкил қилгандилар ва ҳар бир жамоа аъзоси ўз даромадидан бешдан бир қисмни бу жамғармага топширар эди.

Ўрта Осиёда машҳур ислом олими Шайх Абдували Қорини давлат томонидан 1995 йилнинг 29 августида Тошкент аэропортида ўғирлаб кетилиши ва оқибатда Андижон жомий масжидини ёпилиши ”Биродарлар” сафига кўплаб ишбилармон, тадбиркор ва илмли йигитларни қўшилишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида ”Биродарлар” ҳаракатида жиддий ривожланишга туртки бўлди. ”Биродарлар” ўз ҳаракатларини ривожлангани сари пайдо бўлаётган муаммоларни ҳал қилиш учун Қуръони Каримдан воқеликқа мос керакли оятлар олар эдилар. Масалан, ўз вақтида улар ташкил қилган нонвойхоналар ва кичик булочка пишириш цехлари даромадларидан ҳеч бир солиқ тўланмас эди. Уларни бирор давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаром ҳисобланар эди.

Пора беришлик Исломда умуман ман қилинган ва ҳеч кимга берилмас эди. Лекин маълум вақтдан кейин, хар хил газ ёки электр муассасаларидан ва шунга ўхшаш келган ”текширувчиларга” пора бера бошладилар. Мен бундан жуда ҳайрон бўлдим ва Акромжонни биринчи ёрдамчиларидан бўлган бир дўстимдан бунинг сабабини сўрадим. У менга, ”Бугун биз уларнинг қўлига улар сиғинаётган бутларини тутқазмоқдамиз, улар ўз бутларини қўлга олишиб тинчланадилар”,-деган эди… Сўнгра ”Биродарлар” ҳар турли ишлаб чиқарув ва савдо фирмалар оча бошладилар. Улар ўз ҳаракатларини қонунийлаштириш йўлига ўтишди. Улар ҳукумат бизга қарши давлат қонунлари билан курашар экан, бизлар ҳам жавоб тариқасида шу қуролдан фойдаланамиз, қонунга биноан фаолият олиб борамиз”, дейишганди.

 

Матбуот, сўз ва дин эркинлиги ”Биродарлар” ҳаракатига ёт нарсалардир

Юсуф Расул: -Бу ҳаракат ёки жамоани оддий мусулмонлардан қандай фарқли томонлари бор?

Ҳотам Ҳожиматов: -Дастлаб мен бу ҳаракатга хос бўлган баъзи бир тушунчалар ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Банда фақат Аллоҳнинг қулидир. У ҳеч бир жамоанинг ёки бошқа ўзига ўхшаш банданинг қули қилиб яратилмаган. Қулликнинг икки тури бор. Бири жисмоний, иккинчиси маънавий қулликдир. Жисмоний қул бу ўз ихтиёридан ташқари ҳолда озодликдан маҳрум қилинган шахс. У бирор шахснинг, жамоат ёки давлат мулки бўлиши мумкин. Ундан бир жонлик буюм сифатида фойдаланилади.

Маънавий қул бу бирор ғоя тасирида ўз ихтиёри билан қулга айланган шахсдир. Жисман қулнинг кишани унинг қўлида бўлади ва доимо у кишанни узиб озодликка чиқиш умиди билан яшайди. Маънан қул бўлган инсоннинг қалбига эса кишон солинган ва у бу кишанни борлигини баъзан ўзи ҳатто сезмайди ва ўзини озод ва эркинман деб ўйлайди. Хурсандлик билан ўз эгаларига қуллик вазифасини бажариб юраверади мисоли бир зомби, манқурт каби. Кимдир унга бу ҳақда хабар берса, бундан ранжийди. Ҳатто хабар берувчига раҳм билан назар солади ва ”Бу бечора нақадар адашган кўринади” деб ўйлайди. Бу ҳақда ўқувчиларга эслатма беришимдан мақсад мен ”Биродарлар” жамоасини худди бир қулдорлик жамоасига ўхшаш эканлигини айтишдир.

”Биродарлар” ўз жамоасига кўринмас занжирлар билан кишанбанд қилинган зотларга ўхшайди. Бу ҳолатни жамоа аъзолари билан мулоқот қилгудек бўлсангиз дарҳол сезасиз. Оддий ишчи ходим биродарлар ўз раҳбарларидан фарқли ўлароқ қандайдир оғир юк остида юрган инсонларга ўхшайди. Кўзлари доимий ғамгин, ўйчан ва нимадандир хавотирда, худди ҳозир хўжайини буйруқ бериб қоладию, уни бажара олмай ишдан ҳайдалишдан қўрқаётган бир ишчига ўхшайди у.

Дарҳақиқат улар ўз иш жойларидан манмун эдилар. Чунки бутун Ўзбекистонда мавжуд тузумнинг иқтисодий сиёсати инқирозга учраб, инсонлар ойлаб зиғирдек кичик маошларини ҳам ололмаётган бир пайтда, ”Биродарлар” корхоналарида ойлик маошлар ўз вақтида берилар эди ва биродарларнинг хизмат ҳақлари бошқаларга қараганда анча юқори эди. Хусусан, жамоат ишчи хизматчиларга қўшимча ёрдамлар ташкил қилинган эди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, биродарлар иқтисодий ривожланиш, иш жойлари ташкил қилиш ва таъминот соҳаларида ўрнак олса арзугулик ютуқларга эришдилар. ”Биродарлар” корхоналарига ишга кириш учун ойлаб навбат кутиш сабаблари ҳам шунда.

Аксарият янги ишчиларни ”Биродарлар” ҳаракатини диний сиёсий мақсадлари қизиқтирмасди, уларни фақат бир нарса, яъни ўзларининг молиявий муоммоси ҳал бўлиши қизиқтирарди. Шунинг учун у ўзининг янги раҳбарларини ҳар қандай фикрларини қўллайди, рози бўлади. Секин -аста ва мунтазам равишда олиб бориладиган ”ўқув-тарғибот” ишлари ишчилар онгини секин аста ўзгартириб боради ва улар маълум бир синов муддатидан сўнг ҳақиқий ”биродарга” айланар эдилар. Баъзи бир дин илмидан хабардор, ўз фикрига эга ишчи хизматчилар эса синовдан ўтмаган ва ҳали ”маънан тайёр” бўлмаган ҳисобланганлар ва ишдан четлантирилганлар. Ишдан четлатиш жуда чиройли ҳолда амалга оширилган, яъни ишчи енгилрок ва пулликрок ишдан, оғирроқ ва кам маошлик ишга ўтказилар эди. Бунда ишчига бу Аллоҳ иродаси билан бўлаётгани уқтирилар эди. Кимда ким янги жойда ҳам ўз фикр мулоҳазасида эркин қолаверса ва у масъуллар чизган чизиқдан юрмаса у яна ҳам кам маошлик, яна ҳам оғирроқ ишга кўчирилади. Ва бу ҳолатга чидамай унинг ўзи ишдан кетишга мажбур бўлар эди. Агар ишчи янги жойда кам маош олса ҳам чидаб ишласа ва ўқув машғулотларга мунтазам қатнаша бориб, ўз масъуллари олдида ҳуда-беҳуда гаплар сўзламай, ўзини ”тўғри йўлга” тушганини кўрсата олса, у яна тузикроқ ишга қайтарилади. Бу воқеълик ишчига Аллоҳни хоҳиши билан бўлаётганини билдиришади ва у бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилади. Бу биродар ўзини хатоларини тўғрилагани таъкидланади.

 

Ю.Р.: – ”Биродарлар”нинг оилавий муносабатлари қандай бўлган?

Ҳ.Ҳ.: -Улар жамоат ичида бир- бирларидан қиз олиб, қиз беришликка ва жамоа ичидан уйланишликка катта эътибор беришади. Оилавий, яъни эр хотин ўғил қизлар билан жамоат аъзоси бўлишлик янада рағбатлантирилади. Бундай тўйларга кушимча маблағлар ажратилар эди. Бу ўз навбатида ишчиларни янада жамоага қаттиқроқ боғлар эди. Чунки бирор биродар жамоат билан алоқани узишни ихтиёр қилса у бирданига ҳам оиласидан ҳам ишидан айрилар эди.

Ишсизлик ва иқтисодий муаммолар авжига чиққан бир пайтда бу каби усуллар жамоатга боғлиқликни жуда ҳам оширади. Мунтазам ўқув эса ишчилар онгига таъъсир ўтказмай қолмайди албатда. Секин аста у ўзини тўғри йўлда кетаётганини ҳис қила бошлайди. ”Биродарлар” ўз жамоаларига инсониятни қутқариш вазифаси юклатилганига борган сари кучлироқ ишонч ҳосил қилиб боришади. Улар ўзларини жаннат эшикларини калитларини қўлга киритгандай ҳис қилишади. Шу билан бирга ”Биродарлар”ни ўз масъулларига боғлиқлиги эса кундан кунга ошиб бораверади. Ҳар бир жамоат аъзоси ўз раҳбарини ҳар бир буйруқ ва таклифини сўзсиз қабул қиладиган бўлиб қолади…

Ю.Р.: ”Биродарлар” Исломдаги қандай фирқа ёки тариқатга амал қилишган?

Ҳ.Ҳ.: Улар асосан Пайғамбаримиз Муҳаммад Саллолоҳу Алайҳи Вассаллам босиб ўтган йўлни қайта қадамма қадам ўтишимиз керак деб даъво қиладилар. Улар 13 йилда бирор бир катта ғалабага албатда эришамиз дер эдилар. Негаки Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ўн уч йил деганда ҳижрат қилган ва Мадинада биринчи ислом давлатига асос солган эдилар. Бу инсоният тарихида янги оламшумул босқич бўлган. Мана уларни ҳаракат бошлаган йилини 1992-1993 йиллардан ҳисобласак 13 йил ҳам ўтибди. Хўш, ”Биродарлар” қандай натижага эришдилар? Инсоният тарихига, ислом тарихига қандай улуғ янгилик киритдилар?. Бугун мудроқ босиб турган Ислом динини уйғота олдиларми?

Бундан ўн бир йил аввал мен Акромжондан ”Хўш, агар сизлар 13 йил ичида Пайғамбаримиз (САВ) эришганларидай бирор ютуққа эга бўла олмасангиз унда нима бўлади?” деб сўраган эдим. У киши бир оз ўйланиб туриб: ”Демак бизлар хато қилган ва адашган бўламиз”,- деганди. Шундан сўнгра давом этиб: ”Биз хатоларимизни ўнглаймиз ва Аллоҳ бизларга тўғри йўлни кўрсатади”,- деган эди…

”Биродарлар” янги янги иш жойлари ташкил қилаётган эдилар. Болалар уйига, боғчаларга хайрия эҳсон қилишликни мунтазам равишда йўлга қўйган эдилар. Ишчи хизматчиларни уй жой масалари ҳал қилиш йўлга қўйилаётган эди. Азиз ўқувчиларда табий савол туғилиши мумкин. Бундай яхши, савобли ишларни амалга оширган эканлар, нимаси ёмон экан бу жамоани? Нима зарар экан булардан жамиятга? Ахир бу ишларни бутун Республика миқёсида амалга оширилса қандай яхши бўлади?! Албатта, бу саволларда жон бор. Бу каби эзгу ишларни бутун ресрубликада амалга оширсалар жуда яхши буларди! Аммо ҳар қандай тангани орт томони ҳам бор. Агар ”Акромийлар” жамоси ҳукумат тепасига келса, мамлакатда тоталитар система ўрнатилади. Ҳар қандай ўзга фикрлилик ман қилинади. Чунки, матбуот, сўз ва дин эркинлиги ”Биродарлар” ҳаракатига ёт нарсалардир.

Совет давлати, коммунистлар даврини эсланг! Бу жамият ҳам ўша социалистик системани диний кўринишдаги модели бўларди. Тенг тақсимотлик тарғибот қилинади. Лекин бора бора яна бир қучоқ раҳбарият роҳат фароғатда яшайди, қолганлар дамлари ичда юраверардилар! Қўшни давлатлар билан доимий уруш олиб боришга тўғри келарди. Чунки, қўшни давлатлар ”Биродарлар” ҳаракатига албатта қўшилишлари шарт қилиб қўйилган, агар қўшилмасалар солиқ тўлашлари керак булади…

”Биродарлар” жаннат аҳлллариданми? Юсуф Расул: 2005 йилнинг 13 май куни юз берган қонли воқеаларнинг юзага келиши сабаблари ва бу воқеаларда ”Акромийлар” ҳаракати аъзоларининг иштироки ҳақида сизда қандай маълмотлар бор?

Ҳотам Ҳожиматов: Албатта 13 май воқеалари ҳақида батафсил гаплашамиз. Ундан олдин бу ҳаракатнинг ғоявий маслаклари ҳақида маълумот берсак. Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, улар ”Биродарлар” жамоати аъзосигина мусулмон деган шарафли унвонга лойиқдирлар, чунки, Ислом динини қабул қилишлик шаҳодат калимасини келтириш билангина хосил бўлмайди, қачонки инсон ”Биродарлар” ҳаракати ғояларига ишонган ҳолда, уларга эргашган ҳолда иймон калимасини келтирар экан, шундагина у мусулмон бўла олади, деган ишончда эдилар. Уларнинг фикрича фақат ”Биродарлар”га эргашган кишилар жаннат аҳли бўлишликка номзодлардир .

Хўш, ”Биродарлар” мусулмон бўлса, қолган иймон келтириб Аллоҳ розилиги олиш ғамида юрганларчи? Улар ким? Бу саволга ”Биродарлар”: ”Бизлардан бошқа мусулмонлик даво қилувчилар – адашганлардир, кимки ”Биродарлар” йўлига хайрихоҳ бўлса кўнгли мойиллар, кўз тутувчидирлар”, деб жавоб қилишади. Демак, кимки мусулмон бўлишлик шарафига эришиши учун дарҳол ”Биродарлар” ғоясини ўрганиб чиқиши ва шундан сўнг у жамоага аъзо бўлиши керак… Бу барчага, энг оддий иймон келтирган одамдан то энг катта илм соҳиблари, олиму уламоларгача таълуқлидир.

Ю.Р.: ”Биродарлар” ҳаракатининг ички тартиби қоидалари ҳақида сизда қандай маълумотлар бор?

Ҳ.Ҳ.: ”Акромийлар” жамоасини сектанлар ҳаракатига хос томонларидан бири, улар ”Бизлар бутун инсониятни дунё ва охират азобларидан қутқариш учун Аллоҳ томонидан танланган бир гуруҳмиз” деб даъво қиладилар. ”Биродарлар” жамоати ички тартиблари ҳарбийларнинг тартиб қоидаларига ўхшашлиги ҳам сектантлик ҳаракатларида табиий бир ҳолдир.

Ички тартиб шундай тузилганки, ҳар бир жамоа аъзоси устидан бир назорат бор. Ҳар бир ишчини ўз масъули бор. Масъуллар устидан ўз навбатида яна масъул бор… Ҳар бир ишда ҳатто ўта шахсий масалалар бўйича ҳам ўз масъуллари билан маслаҳатлашиш лозим булади. Ишчи ўзининг бошқа жамоа аъзолари билан бўлаётган муносабатлари хақида, ҳар кунги унинг ҳаётида учраётган воқеликлар ҳақида доимо ўз масъулларига ҳеч сир сақламай етказиб туриши керак. Бу жамоа ички интизомини оширади ва ишчиларни бошқарув янада кучаяди.

Жамоат ичидан бирор сир хабарларни ташқарига чиқишидан сақлайди ва ўз навбатида ҳар бир шахсни жамоатга ўз бошлиқларига қарамлигини янада оширади.

Ю.Р.: Бу ҳаракатнинг бошқа диний оқимлардан фарқли томонлари нимада?

Ҳ.Ҳ.: Юкорида айтиб ўтганимиздек ”Биродарлар” ҳаракати Пайғамбаримиз Муҳаммад САВ йўлидан изма из боришликни тарғиб этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам (САВ) дини Исломни ўз даврида қандай барпо қилган бўлсалар, ”Биродарлар” ҳам худди шу тарзда қадамма қадам динимизни тиклаймиз ва Ислом давлатини қурамиз дейдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад САВ асос солган давлат тарихини ҳозирги замонда изма из қайта тиклашлик ниятларини ўзи бир хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. На Қуръони Каримда на Расулу Аллоҳ САВ ҳадисларида дини исломни янгитдан тиклаш учун бир янги қавм чиқишлиги ва тиклаганда ҳам қадамма қадам тиклаши ҳақида ҳеч бир сўз йўқ… Лекин Аллох ўз динини тўла тўкис барпо қилгани ҳақида бу оятни нозил қилди: «Бугун сизларга динингизни комил (қилдим), неъматимни тўла қилдим ва сизлар учун Исломни дин килиб танладим» (Моида:3).

Аллоҳ тамонидан 23 йил давомида Пайғамбаримиз САВга инсоният учун дини Ислом тўла тўкис ҳолда берилди. Бу мерос охират кунигача ўзгармасдир. Биздан бугунги кунда қилиндиган талаб Қуръон ва суннатга тўғри амал қилишик халос. Қайтадан уни бошдан ўтказишлик эмас. Пайғамбаримиз САВ меросларини маҳкам тутишлик бизни вазифамиз! Ахир ташқаридан қараганда уларнинг баъзи ҳаракатлари кулгилидир. Улар ”Ҳали бу оят воқелиги келмади, яқинда бу оят воқелиги келади, ҳали замон рўза тутиш воқелиги келиб қолади, шунда мазза қилиб рўза тутамиз! Ҳали жума ўқишлик фарз бўлмади, воқелиги келса сўнгра масжитга борамиз! Ҳозирча суннат ўқишлик воқелиги ҳам келмади, фарзни ўқиб тураверайлик” каби сўзлар билан яшашади. Баъзи бир биродарлар ароқ ичиб қўйишса мабода ”адашиб”, унга нисбатан ҳали бу инсонга ичилмасин оятининг воқелиги етиб келмади дейилса!? Нима килади у бечора мабода ўлиб қолсачи у воқелик келгунча?! Аллоҳ олдида нима деб жавоб қилади!?

Қандоқ қилиб биз шундай жамоат йўлини тўғри дея оламиз!? Алоҳида гуруҳларга бўлиниб олиб, ”Мана бу ерда ҳақиқат ва мана биз хақиқий мусулмонмиз” дея даъво қилишни Аллоҳ ман қилди ва бу ҳақида ушбу оятларни нозил қилган: ”Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг” (Рум-32 оят).

Ёки бу оятга эътибор беринг: «Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисида бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур» (Анъом -159оят)

Аслини олганда ”Биродарлар” тутган йўл ҳеч бир янгилик эмас, бу тарихдан маълум бўлган масонлик ҳаракатининг XVIII асрдан бошлаб амалда қўллаб келаётган классик усулубидир: аввал ҳамфикр кичик бир жамоа ташкил қилинади, сўнгра ўз аъзоларининг савдо тижорат лойиҳаларини қўллаган ҳолда, бу жамоа ўзини молиявий ҳолатини мустаҳкамлаб, сафларини кенгайтира боради. Кейин хайриячиилик ва маърифатпарварлик ҳаракатлари билан кенг жамоатчилик ўртасида яхши фикрлар ҳосил қилинади. Ундан кейин ҳукумат бошқарув тузулмалари ичидан ўзларига тарафдорлар ортира борадилар. Жамоат аъзолари эса секин аста ҳокимият тепасига чиқа бошлайди.

 

Суҳбатдош Юсуф Расул, Швеция.

Декабр, 2006 йил.

Kommentera