Ёдгорой Йўлдошева: ”Биз албатта Ватанга қайтамиз”.

”Акромийлар” ҳаракати лидери деб айтилаётган Акром Йўлдошевнинг турмуш ўртоғи Ёдгорой Йўлдошева ”Исёнкор”га интервю берди.

Баъзи бир интернет нашрларида, жумладан Демократик Ўзбекистон Конгресси сайтида АҚШнинг Айдаҳо штатида яшаётган 65 нафар Андижонлик ватанга қайтишга ҳозирлик кўрмоқда, уларга Акром Йўлдошевнинг турмуш ўртоғи бошчилик қилмоқда, деган хабар берилди. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ёдгорой Йўлдошева билан боғланиб, унга баъзи бир саволлар билан мурожаат қилдик.

Ёдгорой опа аввалига жуда кўп журналистлар интервю олиб, нотўғри хабарларни тарқатганликлари боис биз билан суҳбатлашишга рози бўлмадилар. Ҳеч бўлмаса интернетда чиқаётган баъзи хабарларга изоҳ беришларини сўраганимиздан кейингина бироз иккиланишдан сўнг саволларимизга жавоб қайтара бошладилар.


-Баъзи интернет саҳифалар, жумладан Демократик Ўзбекистон Конресси сайтига кўра сиз бошчилигингиздаги 65 нафар андижонликлар ортга қайтаётган эмиш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

-Бу нотуғри фикр. Биз қайтаётганимиз йўқ. Биз Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига август ойида қайтишга ёрдам беришларини сўраб ариза бергандик, бироқ ҳозиргача жавоб олмадик. Шу сабабли ҳаммамиз ишга кириб кетдик. Ишламасангиз квартира учун ижара ҳаққини тўлай олмайсиз. Ҳозир ишлаб юрибмиз.

– Демак Демократик Ўзбекистон Конгресси сайтида чиққан маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, шундайми?

-Ҳа , бу гаплар ҳаммаси ёлғон. Жаҳонгир Муҳаммад сайтида сентябр ойида ҳам шундай ёлғон хабар тарқатилган экан. Ўшандан сўнг бу ерда катта тўполон бўлиб кетди, биз билан ишлайдиган муҳожирлик хизмати вакиллари, ”Нега қайтаётганингиз ҳақида бизга айтмайсизлар?”, дея бизга бериладиган моддий ёрдамни қисқартириб ташлашди. Мен ҳайрон буламан, бу одамлар бизга дўстми ёки душманми? Ҳар хил гапларни тарқатаверишади. Мен қандай қилиб барча қочқинларни олиб кета оламан?. Тасаввур қилинг, ўзингизни фарзандингиз баъзи ҳолларда гапингизга кирмайдику! Мен қандай қилиб шунча одамни кетишга кўндира оламан? Бу осон иш эканми?

Бу ҳақдаги хабарни бошқалардан эшитиб, Жаҳонгир Муҳаммаддан жуда хафа бўлдик. Биз ўзимиз шунча қийналиб юрган одамлар бўлсак, нима қилар экан бунақа ёлғон гап тарқатиб?!

– Лекин сиз ўзингиз айтаяпсизку, ортга қайтишга ёрдам беришларини сўраб Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилганингизни! Сизни Қирғизистонда ҳибсга олиган қизингиз Гулмира Мақсудовани қамоқдан озод этишлари эвазига андижонлик қочкинларни ватанга қайтариб олиб кетмоқда, деган хабар ҳам тарқатилган, шу гап қанчалик ҳақиқатга яқин?

-Бунақа ёлғон гапларни тарқатишганини қаранг? Умуман тўғри эмас бу гаплар. Ёлғон гапирибди ким бўлса…

-Демак, Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз йўқ, шундайми?

-Йўқ, қайтиш ниятимиз бор. Айтаяпманку, уч ой олдин ариза бериб қўйганмиз элчихонага. Қайтамиз деганмиз, мен оилам билан қайтаман деганман. Мен билан бирга ўғлим бор, қизим бор, қайнопам бор, опам бор, жияним бор иккита. Мен бошқа одамга қанақа қилиб жавоб бера оламан?

-Демак сиз ўзингиз қайтмоқчисиз?

-Ҳа, мен ўзим қайтаман. Қизим Гулмирани 18 июлда қамоққа олишганди, у мен ариза берган пайтда қамоқда ўтирганди. Ана шу қизим учун қайтаман деб ҳаракат қилганман мен. Нима бўлса ҳам қайтаман. Ахир, она қандай чидайди қизи қамоқда қийналиб ётган бўлса.
(Изоҳ: Айни пайтда Гулмира Мақсудова ўзига бошпана берилган Германияда яшамоқда).

-Сизлар Ўзбекистонга қайтганларингизда бирор тазйиққа дучор бўлишингиз мумкинку!. Ёки тазйиқлар бўлмаслигига бирор ишончингиз борми?

-Мени ҳеч нарсага ишончим йўқ. Менга биров ваъда ҳам бераётгани йўқ. Ёки ундай қилгин, бундай қилма деб буйруқ ҳам бераётгани йўқ. Лекин нима бўлса ҳам мен ўзимдан кўраман. Мана хужаиним билан кўришмаганимизга ҳам бир ярим йил бўлаяти. 2005 йилнинг март ойининг охирида кўришганмиз. Шу бўйича мен ундан битта гап эшитганим йўқ. Орқаваротдан у киши ҳақида эшитганларим бор.

-Нима учун айнан бугунги кунда ватанга қайтиш тараддудига тушиб қолдингизлар?

-Биз Руминияда ҳам қайтамиз деб ҳаракат қилганмиз, лекин ООНдагилар, ”Ҳозир сизлар ”нейтралний” зонада турибсизлар, учинчи давлатга чиқарсак дардларингизни айтасизлар”, деб қаршилик қилишган. Учинчи давлатга чиқишдан мақсадимиз ҳам юртимизга қайтиш бўлган.
Роса катта шоклар, қўрқув секин секин одамдан қайтар экан. Қирғизистонда ҳам қариндошларимиз олиб кетамиз деб келишар эди. Роса қўрқоқ бўлиб қолгандик. Одамлар ҳам ҳар хил ваҳимали гаплар тарқатишарди…”Қайтсангизлар ундай бўлади, бундай бўлади, қамаб қўяди, бизларга қарши гувоҳлик берасизлар”, дейишарди.Ўшанда жуда қўрқиб кетганмиз.

-Интернетда Акром Йўлдошев номидан хат тарқатилди…Бу хатни у кишини ўзи ёзганлигига ишонасизми?

– Бу хатни менга ҳам қоғозга чиқариб олиб келиб беришди, чунки ўзимда интернет йўқ. Бу хатни ўқигач Андижонга телефон қилиб, қайноғаларимдан бирига хўжаинимни излаб топиб, бу хатни ёзи ёзганми ёки йўқми, билиб беришини илтимос қилдим. Уйдагилар ҳам жуда қўрқоқ бўлиб қолишган. Шундан сўнг овсиниб хўжаинимни излаб Тошкентга борибди, ”Тоштурма”га, ”Сангород”га ҳам борибди. ”Сангород”га борса уни ”Сиз кимни излаётганингизни биласизми?” деб қўрқитишган. Ҳамма одам бундай вазиятда қўрқадида. У шундан сўнг бошқа изламай қўйган. Ҳозиргача ҳеч қанақа хабар йўқ хўжаинимдан.

-Ҳозир Акром Йўлдошевни қайси қамоқхонада сақланаётганлари маълум эмасми?

-Йўқ қаерда ётганларини ҳам мен билмайман. Баъзи кишилардан эшитишимча Бахтиёр Бобожонов деган олим хўжаиним билан гаплашган экан, у киши алоҳида маҳбуслар касалхонасида эмиш.Булар ҳаммаси орқаваротдан келган гаплар. Лекин у кишини қаердалигини аниқ билмайман.

-Хўжаинингизни ўша хатни ёзганларига ишонасизми?

-Ишонмайман… Қандай қилиб ишонаман?!. Ўзи йўқ одамни ёзганларига қандай қилиб ишонаман…

-Андижонлик 43 қочқин август ойида Акром Йўлдошевнинг шу хати сабаб Ўзбекистонга қайтиб кетганлиги ҳақида тахминлар билдирилганди. Сиз қандай фикрдасиз, бу иддаоларда асос борми?

-Бу гапларни Андижонга қайтиб кетган қочқинлар айтишганми?

-Йўқ, баъзи бир таҳлилчилар шундай фикрда эди?

-Йўқ, мен билмайман буларни…

-”Акромия” деган яширин диний ташкилот бор, кўп қочқинлар шу ташкилот аъзолари деган фикрлар айтилаяпти… Ҳақиқатдан шундай ташкилот борми?

-Йўқ, бунақа ташкилот борлигини билмайман. Мен хўжаинимни судларида ҳам гувоҳ сифатида қатнашганман, лекин бунақа ташкилот борлигига ишонмаганман. Ҳеч қандай Акромийлар гуруҳи йўқ. Одамлар шунақа деяверар эканда. Ҳақиқатдан хўжаиним каллали, ўта билимдон киши. Дунёда иккита эсли одам бўлса биттаси мени хўжаиним дейман. Азалдан бор билимли, эсли одамларни йўқотиб юборишлик. Ҳеч қанақа хўжаинимга бу гуруҳни тааллуқли жойи йўқ. Жуда ҳам қийин кунлар кўрганмиз биз. 95 йилдан буён бекордан бекорга тазйикқа яшадик.Ҳеч қанақа гуруҳга аъзо ҳам эмас у киши. Хўжаиним ҳақиқатдан ўзи мана шу динни (Исломни) қабул қилган. Эътиқоди кучли инсон бўлган. У киши туфали биз ҳам динни қабул қилдик. Оллоҳни танидик, Бу инсонни ўзини тутиши, хулқи ҳамма томонлама ибрат бўлган оиламизда. Дадам ҳам хўжаиним орқасидан Ислом динини қабул қилган. Инсон ўзига келмаса, бировни зўри билан динни қабул қила олмайди, бу вақтинчалик бўлади. Биз ҳам шу динга эътиқод қиламиз. Ҳеч кимни бу динга мажбур қилиш мумкин эмаску! Бировни динга мажбур қилолмайсиз ҳам.

-Интернетда Ҳотам Ҳожиматов деган кишини мақоласи эълон қилинди. Унда Акромийлар сектаси ҳақиқатдан борлиги, уларни маълум бир бўлимлар ва бу бўлимларни масъуллари борлиги ва жуда яширин иш олиб боришлари айтилган. Ҳақиқатдан ҳам Андижонда шунда яширин гуруҳлар ташкил қилинганидан хабарингиз борми?

-Йўқ, бунақа гуруҳлар ва диний ўкишлар бўлмаган. Ёлғонларни ёзишаверадида. Ҳозир ҳеч кимни гапига ишонмай қўйганман. Журналистларга ҳам, бошқаларга ҳам, ҳеч кимга интервью беришни хоҳлаймай қўйганман. Ҳар хил гаплар, ёлғон яшиқдан шунақа тўйиб кетдикки. Ҳамма ўзини шахсий манфаати йўлида ишлайди. Ҳеч ким шуни ёзсак бу одамни шахсий ҳаёти нима бўлар экан деб ўйламайди. Хафа бўлдим мен халқаро ташкилотлардан, ўзини шахсий манфаати учун тўппилаттиб инфрмацияларни бериб юбораверар экан. Бор нарсани берсин, бор нарсани…

-Сиз қайтаман деган гапни айтдингиз, қачон қайтишингиз мумкин?

-Худо хоҳласа албатта қайтамиз. Қанийди бугун бўлса бугун қайтардим. Ариза берганимизга уч ой бўлган бўлса бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳаммаси жим жит. Энди ишга кирдик, бу ёғи совуқ тушиб қолди. Пулларимизни қирқиб ташлашди. Битта оилада кўпчиликмиз. Уйни пулини тўлаш керак.

-Қолган қочқинларчи, улар ҳам сиз билан қайтишмокчими?

-Ҳаммаси ишлаб юрибди бу ерда, қайтиш қайтмаслигини билмайман. Аёлларни ҳаммаси қайтамиз дейишади. Кўпчилиги. Бу ерда еттита аёлмиз, етталаси ҳам кетаман дейди, оиламиздан ташкари. Қанийди ҳозир бўлса ҳозир кетамиз деб туришибди булар. Эркакларни билмайман мен.

-Ҳозир энди элчихонадан виза олишни кутиб турибсизларми?

-Йўқ агар виза беришмоқчи бўлса документ сўрашарди. Документларингни беринглар дейиларди. Бизлар ариза ёзганмиз холос. Ёрдам беринглар, бизни кетишимизга деб ёзганмиз холос.Элчихонадагилар на документ сўрашди на бошкқ нарса. Ҳеч нима сўрашмади.

-Олдинги кетганлар қандай кетишганидан хабарингиз борми?

-Йўқ, олдин кетганлар билан гаплашмаганман мен. Билмайман. Мени интернетдаги гаплардан кўнглим совиган, уларни ўқимайман ҳам, ишонмайман ҳам. Худойим ўзимизни йўлимизни очсин. Бизга ўзи рози бўладиган кунларни берсин. Одам ўзидан ўтказиб бунақа нарсаларга кейин ишониши керак экан.

– Сизлар яшайдиган жойдаги миграция бўлими бошқа қочоқларга бериладиган моддий ёрдамни ҳам қисқартирганми ёки фақат сизларникиними?

-Биз кетамиз деганимиз учун фақат бизга бериладиган ёрдам пулини қисқартиришганди. Бошқаларникини эмас. Бошқалар ишлаяпти. Ёрдам олишаяпти. Уйларини пулини тўлашаяпти. Ҳамма жойда уларга чиройли қарашаяпти.Мана Ҳайит байрамида ҳам бизга жуда катта ёрдам беришди.Бизни ишга киришимизга ёрдам беришди.Улар (яъни миграция хизматидагилар) ўзлари ҳам уялиб қолишди ёлғон хабарларга ишониб бизга бериладиган ёрдамни қисқартириб қўйишгани учун. ”Хафа бўлманг”, дейишди. Ҳозир ёрдамни яна йўлга қўйишаяпти.

Лекин биз яқин кунларда қайтиш ёки қайтмаслигимизни яхши билмаймиз.Балки эртага кетармиз, балки индинга, бу ёлғиз Оллоҳга боғлиқ…

Бизни ниятимиз албатта қайтиш. Худо хоҳласа, агар йўл берса албатта Ватанга қайтамиз.


Суҳбатдош Юсуф Расул, Швеция.

2006-11-07

Kommentera