Бугун бу дунёда ўзбек яна хор бўлди

July 11th, 2010

Таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан билан журналист Юсуф Расул суҳбати.

Юсуф Расул: -Шу йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган хунрензликлар ҳақида ёзган шеърингизда, бу қирғин бошида мамлакат президенти Роза Отунбоева турганига ишора қилдингиз. Ҳақиқатдан бу қирғинга ҳукуматнинг алоқаси борлиги ҳақида сизда қандай далиллар ёки тахминлар бор?

Дадахон Ҳасан: -Қирғизистондаги ўзбекларга қарши бошланган қирғин бошида Роза Ўтинбоева раҳбарлигидаги муваққат ҳукумат турганлигини аниқлаш, далил қидириш, таҳлил қилиш учун Луқмони Ҳаким бўлиш шарт эмас. Фақат икки-учта далилни келтириш кифоя.

7-апрелъда бўлиб ўтган сохта инқилобни 3-ёки 4-куниси муваққат ҳукумат қарори билан Қирғизистон Олий Суди томонидан қамоқда ётган генерал майор Исмоил Исоқов озод этилди ва у муваққат ҳукумат томонидан Қирғизистон Мудофаа вазири этиб тайинланди. Ҳамма куч, қурол-аслаҳа, техника воситалари Исмоил Исоқов ихтиёрига ўтказилди.

Ўш, Жалолободдаги қирғинда иштирок этган аскар кийимидаги қуролланганлар БТР, БМП, бронажилет кийган снайперчилар осмондан тушмагандир. Бакиевчи тўдалар эса фурсатдан фойдаланиб уларга қўшилган, албатта. Босқинчи тўдаларни аскар кийимидаги бир қисми Алайдан келтирилган Исмоил Исоқовнинг кариндош уруғ-аймоқларидир.

Бу кучларнинг, техниканинг, қурол аслаҳаларнинг ҳаммаси мудофаа вазирига қарашли.

Яна бир далил – июнь ойи охирларида Роза Отунбоева Ўш ва Жалолободга, Новқатга келиб, фақат қирғизлар билан учрашди. Ўзбеклар йиғилган майдонга эса қадам босмади. Демак, Розахон ҳам ҳамма қирғизлар каби ўзбекларни хуш кўрмаслигини аён этди. У барча қирғизлар каби ҳар қандай йўл билан бўлмасин Қирғизистондан ўзбекларни қувиб чиқариш ёки қириб ташлаш тарафдоридир.

Қирғиз матбуотида ўзбеклар ҳақида уларни фожеаси ҳақида сираям гапирилмаяпти, аксинча нотўғри ахборот бериляпти, фақат қирғиз жабрдийда қилиб кўрсатиляпти. Бу билан қирғиз ҳукумати бу қирғинда фақат бандит тўдаларни ва Бакиевчиларни айблаб ўзларини панага оляптилар.

Қирғизлар азал-азалдан ўзбекнинг душмани бўлиб келган. Эрамиздан аввалги буюк олиму аллома Арасту (Аристотелъ) Александр Македонскийни чақириб, унга йўл-йўриқ кўрсатиб: “Мана шу машриқ томонларда варварлар яшайди, уларни бориб, тарбия қилиб келмасанг, улар яқин орада бостириб келиб бизни шашлик қилиб ейишади”, -деган экан. Арастунинг маслаҳати билан Александр биз томонларга юриш қилиб, Хўжанддан водий томонга ўтолмасдан, шашлик бўлишига сал қолиб, қочиб кетиб, жон сақлаган экан. Арастунинг назаридаги ваҳший варвар халқ шу қирғизлардир. Бобир Мирзо бу қирғизларни эса чукчалар деган экан.


Ю.Р.: -Ваҳший қирғиз тўдалари 90 йилда ҳам ўзбекларга қарши қирғин ўтказган эди. 90 йилда бўлган ўзбек қирғини сабаблари бугунгиси билан ўхшашми?

Д.Ҳ: -1990-йил 4-июньда бошланган ўзбекларга қарши Ўш -Ўзган қирғинини уюштирувчи Қирғизистон Компартия Марказий Қўмитаси котиби Масалиев эди. Бу галгисини ташаббускори эса Роза хонимдир. Фарқи фақат шу. Аввалгисини ҳам, бу йилгисининг ҳам сабаблари бир хилдир. 90-йилгисининг кўлами торроқ бўлган эди, чунки улар ўшанда тажрибасиз эдилар. Бу йилгиси аллақанча кенг миқёсда давом этди ва бу қирғин қирон бўлди. 3-эса қиёмат даражасида бўлиб, унда ўзбекларни ёппа қириб ташлашлари мумкин. Бу жаллоду қотил одамхўрлар ўзбекни қирғин қилиб, улардан бутунлай қутулишни мақсад қилиб қўйганлар.

Ю.Р.: -Қирғизистондаги ўзбекларга қилинган мудҳиш жиноятлар Ўзбекистон ичида қандай акс – садо берди? Ўзбек халқининг ва зиёларнинг бу қатлиомга нисбатан реакцияси ҳақида қандай фикрдасиз?

Д.Ҳ: -Ўзбекистонда бу қирғин- қирон ҳақида ҳеч қанақанги реакция, шов-шув, гап- сўз бўлган эмас. Кўпчилик бу мудхиш воқеадан ҳаттоки бехабар. Ҳамма ўз иши, юмуши билан, қорин дардида югур-югур қилмоқда. Ваҳима ҳам, таҳлика ҳам бўлган эмас. Кўчаларда жим-житлик, ҳеч ким қирғин ҳақида баралла гапирганини эшитмадим. Фақат 159- чиларни биринчи апрелдан бошлаб РУВДга чақириш бошланган, ҳануз чақир-чақир, қара-қара, тушунтириш хати ёзиш, излаб қидириб топиш, РУВДга олиб келтириш жараёнлари авжида. Ўзбекистонда зиёли йўқку, битта – иккита бори ҳам пичилган. Кўча кўйга ҳам чиқмайди. Байрам ва ҳайитларни ҳам ертўлада ўтқазади. Йўталгани ҳам қўрқиб писиб ётишибди. Ўзбек зиёлиси эмиш, ўзбекда бугун зиёли борми?

Келажаги йўқ экани билинган бу юрт,
Зиёлиси ёппа ахта қилинган бу юрт.

Ю.Р.: -Ўзбекистон ҳукуматининг Қирғизистонда ўлдирилган , ёндирилган ва йўқ қилинган ўзбеклар тақдирига нисбатан совуққонлиги ҳақида қандай фикрдасиз? Бу ҳаракатлари билан ҳукумат катта хатога йўл қўйиб, ўзининг қўрқоқлигини намойиш этдими ёки ўзбек матбуотида жар солинаётганидек Ислом Каримов Марказий Осиёни уруш оловидан сақлаб қолдими?

Д.Ҳ: -Севимли ҳукуматимиз ўз халқига иссиқ қон бўлмайди-ю, хориждаги миллатдошларига иссиқ қон бўладими? Жумладан, хориждаги мардикор фуқароларига ғамхўрлик қилмайди-ю, ўзга юртдаги миллатдошлар билан нима иши бор? Ўзбекнинг мардикорга чиқиб, хорижларда меҳнат қилиши, ҳукуматимизга ёқмаса керак-да. Мамлакатда тирикчилик бўлмагандан кейин, бола-чақаси билан очдан ўлсинми? Тирикчилик қилмоққа, пул топмоққа, бола – чақа боқмоққа чет элга чиқади-да.

Бизда колхоз, совхоз аллақачон тугатилган, завод -фабрика, корхоналар, ҳокимлар томонидан бойларга, ўғри каззобларга, бадавлат ҳожиларга сотилган. Талон-тарож қилинган. Коррупция, порахўрлик авжига чиққан, нарх-наво осмонда. Бошқа давлатлар барча фуқаро миллатдошларига ғамхўрлик қилади, бизникилар эса жим-жим, баттар бўл, деб томошабин бўлиб турадилар. Бугун ўзбекнинг меҳрибон раҳнамоси, суянадиган тоғи йўқда, начора. Ўзлари уюштиришмаса, агар Ўрта Осиёда ҳеч қачон уруш олови ёқилмаган, ёқилмайди ҳам. Уруш олови ёқилишининг олдини олди деганлари, бу “арпа уни баҳона” деганларидир. Ўзбекнинг бугунги матбуоти ўриснинг фақат битта нотани чаладиган “шарман” деб номланган чолғу асбобига ўхшайди.


Ю.Р.: -Сиз, хунрезликлар сабабчилари, улар ким булишидан катъий назар, албатта жазоланишига ишонасизми?

Д. Ҳ: -Қирғизистондаги хунрезликларни уюштирганлар – ўзбекнинг қонини ичган вампир қирғиз жаллодлари, албатта ўз жазосини олиши шарт. Аммо бу гаплар айтмоққагина осон. Амалга ошириш эса жуда қийин, қийин. Бундай қонхўрликларнинг жазоси, авваллари бизда бўлганми? 1990-йилги қирғин иштирокчилари жазоландими, буниси ҳам жазолансин, деб шоу қилаверишимиз мумкин, афсус буни амалга оширилишига ишонмайман. Жумладан, Андижон қатлиоми қонхўрлари жазоланмади-ку! Мустақил комиссия текширмади-ку! Бизларда шунақа, инсоният қирилиб кетаверади, золимлар қон қўлларини ялаб, давру даврон сураверадилар. Вақт энг яхши ҳакам деганларидай, бу фожеа ҳам вақт ўтган сари ортда қолиб, унут бўлаверади. Тарих ғилдираги айланаверади. Ўзбекниг қўлидан эса ҳеч иш келмайди. Шўринг қурисин ўзбегим.

Ю.Р.: -Қиргизистонда ўзбек қирғини келажакда яна такрорланмаслиги учун нима қилиш керак, деб уйлайсиз?

Д. Ҳ: -Қирғизистондаги ўзбекларнинг ўзидан ҳам ўтди-да… Улар ҳам биз каби ўзбек-да. Уларда ҳам аҳиллик, бирдамлик йўқ, бўлиниш, парчаланиш мавжуд. Бас шундай экан, қирғизлар бундан фойдаланиб, ўзбекларни отади, ўлдиради, гўштини ейдида. Ўзбеклар ўзларини ўзлари ҳимоя қилсалар бўлмасмиди? Ҳеч қурса ўриснинг “калашников” деган матоҳидан битта – битта уйларида сақласалар бўлмасмиди? Шундай қилганларида навбатдаги бу қирғинни олди олинган бўлар эди. Бу дунёда яхшига ёғ, ёмонга доғ бўлиши керак.

Бугун бу дунёда ўзбек яна хор бўлди, хор бўлди…

Қирғизистондаги ўзбеклар келажакни кўзлаб, бирлашиб, аҳиллик билан БМТнинг қочқинлар билан ишлаш қўмитасига мурожаат қилишлари керак. Қочқинлик мақомига эришмоқлари лозим. Натижада, балки, Ўзбекистон ҳукумати уларни ўз бағрига олиши мумкин, акс ҳолда ярашиш- парашиш деган афсоналарнинг бари чўпчакдир. Қирғизлар барибир яна қирғинбаротга қўл урадилар. Чунки, уларни илон пайтида боши янчилмади, бугун аждарга айландилар. Улар энди ўзбекларни ёппасига қирғин қилишга ҳаракат қиладилар. Чунки, қирғизлар ўзбекни ёмон кўради.

Қирғин – қирон тинчиди, деб аюҳаннос солишяпти, аммо бугун ҳам тинтув, отчистка ишлари, талон- тарож этиш, калтаклаш, қамоққа олиб кетиш, қирғиз ҳукумати, милицияси ва солдатлари томонидан амалга ошириляпти-ку. Бундай бедодликларни барини ҳукумат кўриб турипти, билиб турипти, индамаяпти, бефарқ боқиб, кўрмасликка оляпти. Билингки, демак ҳукумат ўзи буюряпти, қама, тала, калтакла, деб ўзбекнинг уруғини қуритяпти. Ёқиб юборилган ўзбек хонадонлари ташқарисида қирғиз деган ёзувлар пайдо бўляптику.

Москвадан келган экспертлар, назоратчилар қаёққа қарашяпти, улар нималар билан машғул, тушунарсиздир. Хориждан келаётган инсонпарварлик ёрдамлар ўзбекларга етиб бормаяпти, ўзбекларнинг уйларини қирғизлар эгаллаб оляпти экан-ку. Роза Отинбоева ва унинг хукумати қаёққа қараяпти, нималар билан машғул бўляпти?

Буларнинг барибир қадам босишлари бежо. Фалокат яна давом этадиганга ўхшайди. Ўзбекистон исломий ҳаракатининг жиҳот гуруҳининг, толибларнинг бу қирғинда қўли бор деганлари тўқиб чиқарилган афсонадир. Жиноятчини бошқа томонлардан қидириш, бошқалар бўйнига илиш “ўйин”ларини қирғизлар биздан ўрганди шекилли. Учинчи кучлар деган гап сўзлар ҳам чўпчакдир. Ҳамма фожеанинг сабабчиси қирғиз ҳукуматини ўзи ва халқининг жангари бир қисмидир тамом.

Келажакда яна такрорланиши мумкин бўлган қирғинни олдини олишнинг уч варианти бор.

1. Қирғизистонга БМТнинг тинчликни сақлаш кучлари киритилиши керак.

2. Қирғизистондаги ўзбеклар БМТ воситачилигида Ўзбекистонга кўчирилиши керак.

3. Ўзбеклар бирлашиб автономия талаб қилишлари керак. Ва бунга муяссар бўлмоқлари шарт ва зарур.

Ўзбекларни бугунги Қирғизистон худудларида, яъни ўз она юртларида яшаб қолишлари учун бундан бошқа йўл йўқ.

Ю.Р.: -Бу қирғин ҳақида кўплаб ижодкорлар, жумладан сиз ҳам шеърлар ёздингиз? Айниқса Исмат Хушевнинг “Қирғизларга очиқ хат” шеъри ва Юлдуз Усмонованинг “Қирғизларга” деб номланган қўшиғи машҳур бўлиб кетди. Ижодкор ва ҳофиз сифатида бу шеър ва қўшиққа муносабатингиз қандай?

Д.Ҳ: -Исматнинг шеърини ўқимадим. Юлдузни қўшиғини ҳам эшитмадим. Эл-юртда бу ҳақда ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Шеър ёзган бўлса, қўшиқ айтган бўлса, уларга раҳмат. Демак, уларниг томирида ўзбек қони ҳам бор эканда.

Ю.Р.: -21 асрнинг энг мудҳиш қонли воқеаси бўлган Қирғизистондаги ўзбек геноциди ҳақида сизнинг фикрларингиз ёки қўшиқларингизни хорижий радиолардан бирортасида эшитмадик. Бунинг сабаблари нимада?

Д.Ҳ: -Ўзбек геноциди ҳақида ўз вақтида қўшиқлар айтганман ва айтдим ҳам. 1990-йилги қирғин ҳақида Ёдгор Обид шеъри билан “Мотам тут” деган қўшиқ айтганман. Бу йилгиси ҳақида ҳам қўшиқлар тайёрладим ва айтдим. Ҳар учта қўшиғимнинг матни “Янги Дунё”да нашр этилди. Хорижда ўзбек тилида эшиттирув олиб борувчи радиоларнинг биронтаси ҳам ўз вақтида менга телефон этмадилар, интервью олмадилар. Мен уларнинг арпасини хом ўриб қўйган бўлсам керак.

“Озодлик” деган радио эса авваллари ўзбекнинг озодлиги учун эшиттирувлар олиб борарди, ўзбек учун курашарди. Ўшанда мен у радиони АҚШ марказий разведка бошқармасининг радиоси деб билардим. Бугун эса бу радио “оқсарой”нинг радиосига айланибди. Мендан интервью олишга оқсарой рухсат бермади, шекилли, менга телефон этишмади. Интервью олишганда эди қонхўр қирғизларга қарата айтган янги қўшиқларимдан жиндай- жиндай айтиб берардим.

Радиода ўзбеклар йўқда, буларнинг ўзбекнинг дарди, фожеаси билан мутлақо ишлари йўқ. Улар фақат важир- вужур қилиб, савод -савиясиз даражадаги овозлар билан эфирни тўлдириш ва доллар йиғиш билан банддирлар.

Ю.Р.: -Қирғизистонда улкан мусибат ичида яшаётган миллатдошларимизга айтар сўзингиз?…

Д. Ҳ: -Қирғизистондаги миллатдошларимга айтадиган гапим шу: Сабр қилиб, қабр ичинда фақат худодан тилаб ётавермай, курашинглар, курашинглар. Ўзларингни ҳимоя қилинглар. Худо ҳам сендан ҳаракат, мендан баракат деган экан-ку! 1990-йилдан буён худодан тиладиларинг, худога солдиларинг ва албатта сабр қилдиларинг. Натижада 20 йил бадалида нимага эришдиларинг? Фақат қорин дардида жавлон ураверганларга, еб -ичиб, қоринни силаб ётганларга худо ҳам раҳм қилмас ва бермас экан-да.

Аҳил бўлиб, бирлашиб, бир ёқа, бир енг бўлиб, БМТ воситасида Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилинглар, дейман. Худо раҳм этмаган қирғизистондаги сиз ўзбекларга бизнинг ҳукуматимиз раҳм этиб, сизларни зора-мора ўз бағрига олса дейман. Ахир бизнинг дунёга машҳур, бағри кенг юртбошимиз бор-ку! Унинг олийжаноб марҳаматига сазовор бўлсаларинг ажабмас, дейман.

Сўзимнинг охирида барча -барчага, хитойда ишланган ўттиз сериялик “Чингизхон”номли фильмни синчковлик билан томошо қилишни тавсия қиламан. Шунда мўғулни ким, нима эканлигини кўрасизлар ва таскин топасизлар, дейман.

www.yangidunyo.com

Kommentera