Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдош

Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдош: Ўзаро ўхшашликлар.
Диктатура ва ислом экстремизми эгизакларми?
Мўътадил исломга йўл қаердан бошланади?

Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

“Агар Ўзбекистон исломий ҳаракати мавжуд бўлмаганида, полиция давлатини яратиб, репрессияни асосий қурол сифатида қўллаётган Ислом Каримов, жамият эътиборини мураккаб ва долзарб ижтимоий сиёсий муаммолардан четлатиш, ҳокимиятни террор воситасида сақлаш мақсадида, бари бир бошқа ички ва ташқи “душман”ни ер остидан бўлсада топиб, у билан халқни қўрқитиб юриши муқаррар эди”.

Юсуф Расул: – 90 йиллар бошида иқтидорга келган президент Ислом Каримов кучли дунёвий авторитар режимга асос солди. Уни ашаддий рақиби сифатида кўриладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг эса мамлакатда диний исломий давлат қўриш орзуси амалга ошмай қолиб кетди. Албатта, Ўзбекистонда барча куч ишлатар тизимларни ўз қўлига олган Ислом Каримовни исломий жиҳод йўлида тоғу тошларни кезиб умр ўтказган Тоҳир Йўлдош билан қиёслаш тўғри келмас. Лекин бу икки лидернинг ўзбек жамияти келажаги учун қанчалик хизмат қилганлари биз учун қизиқарлидир. Йигирма йил ичида Ислом Каримовни дунё ҳамжамияти кучли диктатор сифатида тан олган бўлса, Тоҳир Йўлдош ва унинг гуруҳи ўта радикал, экстремистик, террорчилик ташкилоти ўлароқ халқаро ташкилотлар рўйхатига киритилди.
Йигирма йиллик ортда қолган тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, халқ ва жамият учун Ислом Каримовнинг дунёвий давлат қуриш йўлидаги қаттиққўллик билан олиб борган сиёсатини оқлаш мумкинми? Ўша пайтда Тоҳир Йўлдош бошлиқ ўта радикал исломчиларнинг сиёсий саҳнага чиқишларига йўл қўйиб берилганда эди, бунинг оқибати қандай якун топарди?

Тошпўлат Йўлдошев: – Каримовнинг ашаддий рақиби, ўзбек жамияти лидеридан бири ҳисоблаб террорчи Тоҳир Йўлдошни давлат раҳбарига қиёслаш устида сўз юритишнинг ўзи нотўғри. Исломчилар гуруҳи амири Тоҳир Йўлдошев сиёсий ҳаётининг илк қадамлариданоқ ўта радикал йўл танлаб, 1991 йил декабрида Ўзбекистонни исломий давлат, исломни эса давлат дини деб эълон қилишни талаб қилиб чиқишига Каримовнинг ўзи замин яратган.
Россияга қарамликдан қутилиш ҳамда Туркия ва араб давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга ваъда бериб, улардан мўмай молиявий, иқтисодий ёрдам, сиёсий ва маънавий кўмак олиш орзусида, Каримов президент лавозимини эгаллаши билан, ўзини Ўзбекистонда исломий жамият ва анъаналарни тиклаш тарафдори сифатида намоён этиб, Маккага умрага ҳам бориб қайтди. Арабистонлик фуқаролар ва хайрия ташкилотлари маблағига юртимизда юзлаб масжидлар бунёд этилди. Кўпчиликни ўз гапига ишонтира билган Каримов, 1992 йил мартида исломий сиёсий ташкилотларни қонундан ташқарига чиқариш тўғрисида қонунни тасдиқлаб, репрессияларга йўл очгандан сўнг, Тоҳир Йўлдош мамлакатдан қочиб жон сақлаб қолди, унга эргашганларни эса таъқибга олиниб, 556 таси қамалди.
Тоҳир Йўлдош етакчилигида олдин Тожикистонда қуролли гуруҳлар, 1996 йилдан бошлаб эса Афғонистон ва Покистон ҳудудида Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) мавжуд бўлишининг ўзи, биринчидан, Каримов ва ундан қолган салқитларни еб юрган лаганбардорларига жуда қўл келди, иккинчидан, мамлакатимиз обрўсига, ўзбек жамияти, мусулмонларнинг осойишталиги, ижтимоий сиёсий ҳаётига ниҳоятда катта зиён етказди.
“Исломчи экстремист ва террорчилар ичкари ва ташқаридан Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солмоқда” деб жар солиб, Каримов олдин ЎИҲ, кейинроқ Исломий Жиҳод Иттиҳоди (ИЖИ)ни экстремизм ва терроризмнинг ёрқин тимсоли сифатида тасвирлаб, мамлакатда ўзининг яккаҳокимлигини мустаҳкамлаш мақсадида у куч ишлатувчи органларни мисли кўрилмаган даражада кучайтирди. Сўнгра улар воситасида жамиятни репрессиялар билан муттасил қўрқитиб, террор сиёсатини пайтгача давом эттирмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда диний ва сиёсий важлар замирида экстремистик ташкилотларнинг аъзолари ва ғоявий хайрихоҳлари тамғасини ёпиштириб турмага ташланган виждон маҳбусларининг сони ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовнинг ҳисобига кўра 9000дан ортиқ. Шу рақамга қамоқдан қутилганларни қўшиб ҳисоблаганда, кейинги 10 йил мобайнида камида 20000 диндор қамоқ азобини тортган. Уларнинг яқинлари бошига тушган кулфат маҳбусларникига қараганда кам эмас.
Саволнинг қолган қисми бир бирига боғлиқлиги боис унга кейинроқ жавоб бераман.

Ю.Р.: -Тоҳир Йўлдош бошлиқ исломий ҳаракатнинг 20 йиллик фаолияти ҳақида турли хил қарашлар бор. Халқаро ташкилотлар ва АҚШ бошчилигидаги демократик дунё ҳар қандай йўл билан бу гуруҳни йўқотиш учун ҳаракат олиб борди. Дунё бўйлаб Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қарши аксил кайфиятнинг кучайишидан бу ҳаракатнинг ашаддий рақиби Ислом Каримов ҳукумати жуда яхши фойдалангани, терроризм ва диний радикализмга қарши кураш баҳонасида ғарб ва Европа давлатларидан жуда катта молиявий ёрдам олиб келгани кўпчиликка сир эмас. Ўзбекистонда диний радикализм қандай асосда пайдо бўлган эди? Ўзбекистон ичида ва ташқарисида диний экстремистик гуруҳлар ҳақиқатдан табиий ҳолда кучайдими ёки атайин “кучайтирилдими”? Умуман Ислом Каримов рақиби Тоҳир Йўлдошдан ўз манфаати йўлида қандай фойдаланди, деб ўйлайсиз?

Т. Ю.: – Тоҳир Йўлдош олдин Тожикистонда, кейинроқ Афғонистон ва Покистонда ҳарбий лагерлар барпо этиб, қўл остидаги жангариларни “Ал Қоида”, исломий фундаменталистлар маблағига Покистон, Кашмирлик ва араб инструкторлари партизан урушига, террор ва қўпорувчилик амалиётларни бажаришга тайёрлади.
Тошкентдаги портлашларга ЎИҲнинг алоқаси борлигини тасдиқлаш ниятида бўлса керак, Жума Намангоний бошлиқ 20тача мужоҳид 1999 йил феврал-август ойларида Тожикистоннинг Қоратегин воҳасида, сўнгра Қирғизистоннинг Боткен тумани Зардали қишлоғида бир неча одамни гаровга олиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтишга ҳаракат қилган. Лекин ҳукумат қўшинлари билан бир неча бор тўқнашгандан сўнг, жангариларнинг аксари ҳалок бўлган. “Ғалати ҳарбий амалиёт” жараёнида Жума Наманганий шубҳали равишда отиб ташланди. 2000 йил август ойида Тожикистон билан чегарадош Сурхандарё вилоятининг Сариосиё туманида ва яна Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ЎИҲ отрядларининг ҳужуми олдиндан маълум бўлгани боис, ҳукумат қўшинлари томонидан улар осонгина яксон этилди.
Аслида 200-300 нафар, максимум 2000 нафардан ошмайдиган жангарилар ҳужуми, қўпорув-террористик амалиётлар билан, “тирик бомба” – “шаҳидлар” воситасида фақат биноларни вайрон этиб, 5-10та ҳарбий ва фуқароларни ҳалок этиш, мамлакат ичида ва ташқарисида таҳликали вазият вужудга келтириши мумкин. Бундай услуб қўллаб тарафдорлар сонини орттириш, Ўзбекистонда ҳокимиятни эгаллаш амри маҳол. Шуни кўпчилик қатори англаган Т. Йўлдош маслакдошлари билан ва кейинчалик Исломий жиҳод иттиҳоди асосан Интернетда ахборот жангини олиб боришга аҳд қилишган.
Мисол. ЎИҲ сухандони чиқишларидан бирида: “Бир нарсани эълон қилмоқчиманки¸ Ўзбекистонда яқинда шу даражада қатлиом¸ жиҳод бошланадики¸ буни на Каримов¸ на Бирлашган миллатлар ташкилоти тўхтата олади. Чунки жуда қаттиқ тайëргарлик кетаяпти. Бизнинг йигитларимиз бу жиҳод йўлидан қайтмайди”, каби баёнот тарқатганди. Ўша онларда “Ҳизбу-т Таҳрир” ва бошқа радикал исломий уюшмаларнинг варақалари Тошкентда пайдо бўлганди.
Бошқа мисол. Қирғизистонда ўзбеклар қирғини муносабати билан шу йил июн ойида чоп этилган “Исломий Жиҳод” Иттиҳодининг баёноти қирғин қурбони бўлган ўзбек хотин қизлар, болаларни отиб, ёқиб, зўрлаб ўлдирган, уйларига ўт қўйган қирғиз ваҳшийларини, ёки минглаб мусулмонларни ҳибсга олиб, даҳшатли қийноқларга солиб юрган Каримов ҳукуматини очиқ ойдин қоралаш ўрнига, жамиятимизни “босқинчилик сиёсатини юритаётган” АҚШ ва НАТО аъзоларига, барча “кофирлар”га қарши қуролли жиҳодга ундаган. Мазкур баёнотдан иқтибос: “Ислом ҳокимлигини Аллоҳнинг мадади билан ер юзида ўрнатмас эканмиз, дунёнинг ҳар бир чеккасидаги биродар ва опа-сингилларимизнинг динлари, номуслари, моллари ва жонлари кофир малъунлар тажовузи остида қолишликда давом этаверади”.
Мамлакатда иқтисодий ижтимоий аҳвол танглигидан, ишсизлик, ҳуқуқсизлик, давлат террори жовуридан эзилган ўзбекларнинг аксари мардикорлик орқали оиласини зўрға тебратиб юрган пайтда, мамлакатдаги муаммоларни ечишни долзарб вазифа ҳисоблаб, Каримов диктатор тизимига барҳам бериш йўлларини қидириш ўрнига, эътиборни “кофир” Ғарб давлатларига қарши исломий жиҳодни уюштиришга қаратиш, соғлом ақлга сиғмайдиган номаъқул, экстремистик йўлдир.
Айбсиз диндорлар, уларнинг хотин қизлари, болалари бошига тушган азоб уқубатларни ИЖИ камдан кам тилга олиб, уларни қатағон этувчи Каримовнинг террористик сиёсатини номигагина сал танқид қилади. ИЖИнинг сиёсий масалаларга ёндошиши расмий Тошкент сиёсатининг акс садосидек туюлади. Интернет сайт зиёратчиларининг ўринли танқиди ва саволларига аниқ жавоб бериш ўрнига, ИЖИни ҳар томонлама ҳимоя қилаётган дин аҳли ва пешволари жиҳодий кураш йўлида “шаҳид” бўлишга тайёрланган ёшларни эъзозлаб мақташи, “мунофиқларга қарши жиҳод кофирларга қарши жиҳоддан устунроқ” принципидан келиб чиқиб, мустақил журналистларни қўполлик билан камситиши, ўлдираман деб қўрқитиши, Ўзбекистон куч ишлатувчи органлар ходимларнинг қўполликларини эслатади.
Интернет сайтларни экстремистик руҳдаги мақолалар, талқинлар билан тўлдириб, ёқмаганини сайтдан хакерлар воситасида йўқотиб, холис журналистларга ҳужум қилаётганларнинг асосий қисми ЎИҲ, ИЖИ даъватчилари ва СНБнинг аксилпропаганда бошқармаси ходимлари, қолганлари эса билар билмас махсус хизматнинг ўйинига рақсга тушаётган фанатикларга ўхшайди.
“Кофир” Ғарб давлатларига қарши исломий жиҳодни жонлантириш мақсадида АҚШ ва Европа мамлакатларида қўпорувчилик амалиётини уюштиришга ҳаракат қилаётган, Интернетда “дунёни ваҳимага солиб титратадиган” баёнот, мақолалар чоп этаётган Исломий жиҳод иттиҳоди, Каримов диктатор режимини ўзига душман деб кўрмай, ҳақиқатда унинг террор сиёсатини оқловчи, моҳияти ила миллий хавфсизлик хизмати (СНБ)нинг “меваси”дек кўринади. У, бошқа радикал исломий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, аслида кимнинг манфаатига хизмат қилаётганини аниқ билади.
Фикримга қаршилар ҳамда қизиқувчилар ИЖИ чоп этган баёнот, мақолалар ва уларга берилган танқидий ва ижобий талқинларни қайтадан синчиклаб ўқиб, холисона хулоса чиқаришса, айни муддао бўларди. Таҳлилда хатоларга йўл қўйганлигимни оппонентлар исботлашса, тушкунликка тушишга ҳали эрта эканку деб, кўнглим таскин топарди.

Ю.Р.: -Баъзи таҳлилчилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзбек масус хизматлари дунёга келтирган қўғирчоқ ҳаракат деган фикрдалар. Сабаби ойда ёки йилда узоқдан туриб “Ўзбекистонга таҳдид” солиб турадиган бу ҳаракат аслида Каримов режимига қарши ҳеч қандай кураш олиб бормади, қайтанга бу ҳаракат баҳонасида мамлактада диктатура кучайди, кўплаб диндорлар кучли босим остида қолдилар. Агар бу фикрларда жон бўлса, ўтган йилдан бошлаб Каримов режими иккинчи – муқобил исломий гуруҳни “яратиш” учун ҳаракатга тушиб қолмадими? Фақат интернетдагина бор бўлган “Исломий жиҳод” иттифоқини пайдо бўлиши сизнингча нимани англатади?

Т. Ю.: – Ўзбекистон исломий ҳаракати СНБ қўлида қўғирчоқ эканлигини унинг етакчи аъзолари аллақачон тасдиқлашган. 1999 йил 3 июнда Ўзбекистон Олий суди 16 феврал Тошкентда уюштирилган портлашларга алоқадорликда 22 киши қатори айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазо муддатини ўтаётган ЎИҲ етакчиларидан бири Асқаров кўрсатмасидан иқтибослар: “…«взрыв» 15-га кўчирилаяпти. Бу болалар умуман СНБнинг одамлари эмас, ҳалиги 9 та бола. Улар ҳеч нарсани билмайди. Мақсади холис – Каримовни ўлдириш. Бу ерда бошқа мақсад йўқ бу ерда. Лекин бу ерда давлат «курс»да бўлиб қолаяпти, шу ишнинг бўлишидан «курс»да бўлиб қолаяпти.
Олдиндан билиб қолаяпти ҳаммасини. Ва давлатни булар қаердан билади 16 феврал воқеасини, деса, Баҳром Абдуллаев давлатнинг ичида ишлайдиган буларга информация бериб турган одамларимиз ҳам бор деяпти. Қайси куни бўлади, қанақа бўлади ҳаммасини. Булар ошкора эълон қилаяпти 25-кундан 16 февралга кўчирилди, деган нарсани. Ошкор эълон қилганидан кейин, буни одамлар ошкора ходимларга айтилганидан кейин, демак буни кутилган меҳмон даражасида бомбалар кутиб олинаяпти Тошкентда.
6 та машина келаяпти. Каримов келадиган вақтда билсанглар – бу дунёга, ёш болагаям, каттагаям аён – битта қуш учиб ўта олмайди у ёққа. Лекин 6 та катта машина хотиржам келиб, вазирлар маҳкамасининг олдига қўйилаяпти. Ҳеч ким қарши чиқмайди.
– Ҳукуматнинг ўзи кузатиб турибдими?
Кузатиб турибди ҳамма нарсани. Банкка қўйилаяпти, вазирлар маҳкамасига қўйилаяпти, ҳаммаси қўйилаяпти. Булар керак эмас. Мақсад – буларни ушлаш эмас, портлатишни тўхтатиш ҳам эмас. Мақсад, кейин мақсадга ўтаман, асосий мақсадга. «Взрыв» бада-баданг портлашганидан 5 минут ўтар-ўтмас, Ислом Каримов, Рустам Иноятов, Зокир Алматов майдонга етиб келишаяпти ва худди олдинги тайёрланган сценарийдан хабардор бўлгандай, бу нарсаларни диний «религиозный фанатик» лар қилди, ким қилганлигиниям биламиз, бирон муддатда ҳаммасини тутамиз, деган хитоб билан чиқаяпти, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ. Нимага деса, олдиндан Баҳром Абдуллаев «курс» га қўйган бу нарсани”. Иқтибослар тугади. Террорчи ваъда қилган асосий мақсадни қуйидаги манбада қайта ўқиб, эшитинг. http://www.ozodlik.org/archive/uz-rubrics/20081001/816/816.html?id=1332587

P.S. Зайниддин Асқаров шу пайтгача қамоқ жазосини ўтамоқда. Чет эл матбуотига сенсацион интервью бергани боис, Каримов тириклигида у озодликка чиқа олмаса керак.

Яна бир мисол. “Акромийлар мазҳаби” дея тамға ёпиштирилган тадбиркорлар Андижонда 2005 йил 12-13 май кунларига мўлжалланган амалиёти режаланган пайтданоқ турли хил услуб билан СНБ, МВД ходимлари назоратига олиниб, бошқариб борилган.
Тадбиркорларга “ёрдамга келган” Маҳмуд Худойбердиев ва генерал В. Мамонинг “кўнгилли” қуролли гуруҳлари уларнинг вакилларига қўшилиб йўл-патрул хизмати бўлими, ҳарбий база, Андижон турмасини, у ерларда атайлаб тайёрлаб қўйилган қурол аслиҳа, ўқ дориларни, 20 канистрда бензин ортилган юк машинасини ҳеч бир қаршиликсиз қўлга киритиб, кейин вилоят маъмурий биносини босиб олишган. Шундан сўнг “Акромий оқимига мансуб диндор экстремист ва террорчилар” исён кўтарди дея, Бобир майдонига адолат, ижтимоий аҳволни яхшилашни талаб қилиб намойишга йиғилган қуролсиз халқни, шу жумладан хотин қиз ва болаларни Каримов буйруғига мувофиқ отиб ташлашган.
Энди баён этилган фактор ва жараёнларнинг оқибатига назар ташлайлик.
а). Махсус махфий хизматлар назорати остида 1999 йил 16 февралида уюштирилган портлашлар натижасида куч ишлатувчи органларни янада мустаҳкамлаш учун “зарур омил” яратилди. Прокуратура тизими, СНБ ва МВДнинг таркибида “тридцатка” – “диний ва сиёсий экстремизм, терроризмга қарши курашувчи”, яъни жуда катта ваколатлар берилган “аксилтеррорчи” бошқармалар барпо этилди. Ички сиёсатда репрессиялар муҳим рол ўйнай бошлади. Сидқидил диндорлар, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар “қора рўйхат”га туширилиб, қаттиқ таъқибга олинди.
б). Террористик ташкилотларнинг экстремистик руҳдаги баёнотлари, варақалари, ЎИҲ, ИЖИ террористларининг қуролли амалиётларидан ўз мақсадида фойдаланган Каримов режими улар террор ва қўпорувчилик билан шуғулланмоқда деб бонг уриб, юртимизда кенг кўламли репрессияларни кучайтирди.
в). 1999, 2004, 2005, 2009 йилларда Ўзбекистонда содир этилган портлашлар махсус хизматлар назорати остида чаласавод, соддадил фанатиклар томонидан уюштирилди. Ташкилотчилардан баъзилари алданиб, СНБ ходимларнинг ёлғон ваъдасига ишониб, улар билан ҳамкорлик қилган, топшириқларини астойдил бажариш борасида “даҳшатли сирлар”ни билганлар биринчи навбатда зудлик билан отиб ташланди, қолганларига эса узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланди.
г). Расмий ташвиқот ва чексиз репрессиялар таъсирида радикал исломчилар сиёсий саҳнага чиқиши эҳтимолидан кўпроқ қўрққан жамиятнинг муайян қисми диктатор Каримов сиёсатини қўллади. ЎИҲ, ИЖИ, “Ҳизбу т Таҳрир” ва бошқа экстремистик уюшмаларга қарши мамлакат ичкариси ва ташқарисида аксил кайфият кучайди.
д). Тоҳир Йўлдош бошлиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати, ИЖИ ва бошқалар экстремистик, террорчи уюшмалар қаторида халқаро ташкилотларнинг қора рўйхатига киритилди.
ж). Жирканчли сиёсий провокациялар уюштириш орқали халқаро майдонда Ўзбекистон хавфсизлигига исломий тероризмнинг таҳдиди кучаймоқда деб бонг урган Каримов иддаоларига ишонишни истаган Ғарб давлатлари, Россия ва Хитой уни ҳар томонлама қўллашди. Натижада Каримов режими халқаро терроризмга қарши курашаётган ҳукуматлар сафига киритилиб, уларнинг фаол ҳамкорига айланди ва шу тариқа катта моддий, иқтисодий, ҳарбий, маънавий ва сиёсий мадад олиб келмоқда.
з). Зикр этилган ҳолатлар халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг ҳафсаласи, фаоллигининг пасайишига таъсир қилди, бегуноҳ маҳбусларнинг қисматини енгиллатиш имкони чекланди.
и). Ўзбекистонни экстремизм манбаи, ўзбекларни фанатик диндорлар ҳисоблаб ишончсизлик билдириш, уларни камситиш ва хўрлаш ҳолатлари минтақада, МДҲ мамлакатларида кенг тус олабошлади.
Террористик ташкилотларга қарши курашиш баҳонасида шахсий диктатурани мустаҳкамлаб, ҳозирги пайтгача давлат террор сиёсатини юритиб, виждон маҳбусларини, уларнинг яқинларини камситиш ва таҳқирлаш етмаганидай, маҳбусларни даҳшатли қийноққа солаётган Каримов режимини асло оқлаб бўлмайди.
Бордию исломчилар мурод мақсадларига эришганида, ҳукуматнинг ички ва ташқи сиёсати, Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий вазият, халқимизнинг турмуш савияси, ҳаёт тарзи ва ҳатто кийими қўшни Афғонистон, Покистон каби давлатлардагидан фарқ қилмай қоларди. Жамиятимиз дунёвий тараққиётдан юз ўгириб, илк исломий замонга қараб йўл оларди.
Юқорида келтирилган факторлар таъсирида Ўзбекистонда диндорлик даражаси ошиб, жамият борган сари радикаллашиб бормоқда. ЎИҲ, ИЖИ, “Ҳизбу-т Таҳрир”, “Жамоат ат-Таблиғ” ва бошқа радикал исломий ташкилотларининг оз бўлсада аъзолари бордир. 2006-2007 йиллардаги тадқиқотларим давомида диний экстремистик ташкилотларнинг тарафдорлари борлигини сезгандим, лекин жанговор аъзолари, шаклланган қуролли гуруҳлари борлиги хусусида бирор аниқ далолат тополмаганман.

Ю.Р.: -Айни пайтда дунё бўйлаб мўътадил диний гуруҳларга рағбат кучаймоқда. Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ўта радикал исломий гуруҳлар фаолияти ниҳоясига етиб, унинг ўрнига мўътадил диний жамоаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинми?

Т. Ю.: – Кенг кўламли диний қарама – қаршиликлар охир оқибат глобал урушга айланиб жуда оғир мусибатлар содир этиши муқаррар. Ислом дунёсида мўътадил диний жамоалар, гуруҳларнинг шаклланиши кескинлашиб бораётган халқаро вазиятни юмшашига ва бундай жараённи халқаро ҳамжамият олқишлашига ишонч катта.
Ўзбек мухолифатида муътадил диний гуруҳлар етарли ва улар сиёсий мавқеъларини баён этишга ҳар қандай имкониятдан фойдаланадилар, деб юрардим. Аммо менга берилган саволларга олдинроқ жавоб берган, Интернетга мақола, талқинлар ёзиб турдиган диний ва сиёсий арбоблар ЎИҲ, ИЖИ ва шу каби экстремистик ташкилотлар, уларнинг сардорлари фаолиятини қоралашга журъат қилмадилар. Т. Йўлдош ўлимидан сўнг минтақада ёки юртимизда диний сиёсий соҳада сезиларли ўзгариш юз беришига, хусусан кейинги ойларда Интернет саҳифаларини таҳлил қилганимдан сўнг, менда ишонч қолмади.

Ю.Р.: – Ўзбекистондан қочиб чиққан фанатик диндорлар ва ўта радикал диний гуруҳлар келажакда ўзлари яшаб турган Европа ва ғарб давлатларига ҳам фундаментал хавф сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистонда Каримов режими қулагач, ашаддий исломчиларнинг оммавий ватанга қайтиши юз бериши ва Тоҳир Йўлдош бошлаган исломий давлат қуриш учун жиҳод амаллари қайта бошланиши эҳтимолга яқин. Бундай ҳолда исломчиларга қарши ўта шафқатсиз янги бир диктаторнинг пайдо бўлишига ишониш мумкинми?

Т.Ю.: -Агар ЎИҲ мавжуд бўлмаганида, полиция давлатини яратиб, репрессияни асосий қурол сифатида қўллаётган Ислом Каримов, жамият эътиборини мураккаб ва долзарб ижтимоий сиёсий муаммолардан четлатиш, ҳокимиятни террор воситасида сақлаш мақсадида, бари бир бошқа ички ва ташқи “душман”ни ер остидан бўлсада топиб, у билан халқни қўрқитиб юриши муқаррар эди.
ЎИҲ, ИЖИ ва бошқа экстремистик ташкилотлар аслида кимнинг тегирмонига сув қуяётганини ва айни пайтда ўзбек халқига беқиёс зиён етказганлини англаб, тезроқ тарқалиб кетса, бироз бўлсада жамиятимиз олдида ўзини оқлаши мумкин.
АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа ғарб давлатларида бошпана топган ўзбек қочқинлари яшаб турган мамлакатларига хавф туғдиради, деган фикрга қўшилмайман. Ораларида экстремистлар топилса ҳам, уюшиб ҳаракат қилишга улар журъат этолмайдилар. Улар ва чет элда ин қурган СНБчилар, агент ва айғоқчилар кўпроқ Интернет сайтларда демократик жараёнлар тарафдори бўлган зиёлилар билан шиддатли информацион жанглар қилиб, уларни ва халқаро ҳамжамиятни қўрқитиб юраверадилар.
Каримов сиёсий саҳнани бўшатгандан сўнг, Ўзбекистонда ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида унинг ҳозирги хизматкорлари ўртасида аёвсиз қонли кураш бошланиши эҳтимоли кучли. Чет элда фаолият кўрсатаётган, моддий ва сиёсий жиҳатдан ҳолсиз ўзбек мухолифати Тошкентда ҳукумат 3-4 марта алмашгандан кейингина сиёсий майдонга тушиши мумкин.
Коррупцияга ҳирс қўйган, Конституция ва Қонунларни менсимайдиган адолатсиз, золим диктатор режимидан безиган диндорлар, эркин сайловлар ўтказилса, мўътадил исломий партияга овоз беришлари эҳтимолдан холи эмас. Лекин ҳокимиятни ҳозирги пайтда матбуотда асосан безорилик билан шуғулланиб юрган радикал исломчилар эгаллашига кўзим етмайди.

Суҳбатдош: Юсуф Расул.

www.yangidunyo.com

5 Responses to “Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдош

1. Умид says:
September 7, 2010 at 7:25 pm (Edit)

Жуда яхши тахлил бупти, рахмат сизга!

Мен сизларга бир мужда етказмокчиман.
Динимиз мукаммал, хар ким динни уз каричига мослаб кабул килади. Инсон канча саводсиз ва оми булса бир икки сурани узига мослаб террорчи булиб кетаверади. Инсон канчалик олим ва зукко булса мукаддас китобдан узига керакли билимларни олиб узга сайёраларга парвоз килади. Хозирги кунда тараккиётдан четда колган мамлакатларда яшаётганлар исломни уз дунёкарашларидан келиб чикиб тафсир килмокдалар ва уларни тафсири узларига ухшаган колок. Ислом динини юксак илм-маърифат билан урганган ва динимизни энг яхши томонларини узлаштириб олган демократик мамлакатлар инсоният хаёти давомида юксак тараккиётга эришдилар. Каранг, толиблар ва колок вахобийлар уз жахолатлари ва колокликлари сабаб динни тушунмай канчалик тубанликка кулаган булсалар, маърифатли инсонлар исломни дунёвий дин эканлигини тугри тушуниб осмонларга учмокдалар.
Мен айтмокчи булган мужда шундаки, дунёда покистон ва афгонистон каби жахолат ривожланган мамлакатлар энди булмайди. Бундан кейинги дунёмиз исломий маданият ва ахлок асосида курилган демократик жамиятдир.

Reply
muslim says:
September 7, 2010 at 7:47 pm (Edit)

Uzr Umidbek siz qaysi diningiz haqida gapirmoqdasiz? Tushunolmadim.

Reply

2. Холис says:
September 7, 2010 at 1:51 pm (Edit)

“Агар ЎИҲ мавжуд бўлмаганида, полиция давлатини яратиб, репрессияни асосий қурол сифатида қўллаётган Ислом Каримов, жамият эътиборини мураккаб ва долзарб ижтимоий сиёсий муаммолардан четлатиш, ҳокимиятни террор воситасида сақлаш мақсадида, бари бир бошқа ички ва ташқи “душман”ни ер остидан бўлсада топиб, у билан халқни қўрқитиб юриши муқаррар эди.
ЎИҲ, ИЖИ ва бошқа экстремистик ташкилотлар аслида кимнинг тегирмонига сув қуяётганини ва айни пайтда ўзбек халқига беқиёс зиён етказганлини англаб, тезроқ тарқалиб кетса, бироз бўлсада жамиятимиз олдида ўзини оқлаши мумкин”.
Д-к,булар таркалиб кетсин.Кейин эса… “бари бир бошқа ички ва ташқи “душман”ни ер остидан бўлсада” топилади,энди улар хам “аслида кимнинг тегирмонига сув қуяётганини ва айни пайтда ўзбек халқига беқиёс зиён етказганлини англаб, тезроқ тарқалиб кетса, бироз бўлсада жамиятимиз олдида ўзини оқласа”. Булар хам таркалиб кетди. Кейин эса…

Reply
3. Musulmon says:
September 7, 2010 at 7:32 am (Edit)

Allohga shukurki hozirda Toshpulat Yuldoshevga uhshagan komunist tarbiyasini olgan odamlar zamoni utib yangi `islomchi` avlod kelmoqda.Uzb.Islomiy harakati haqida ham deyarlik hech narsa bilmas ekansiz.Harakatni nimalarga qodirligini Pokiston,Amerika va Uzb. specnazi bilan bulgan janglarida shu armiyalarni hammasi tan olgan bularni kuchini.Surhondaryodagi urushda qatnashga spetnaz komandiri bilan uzim gaplashganman.Uzlarini juda kup askarlarini qirib tashlaganini aytgan edi.
Umid qilaman,Toshpulat Yuldoshev sal uzoqroq umr kurib Uzbekistonda INSHALLOH islomiy davlat qurganimizni kuradi.
Toshpulat Yuldoshev eski kommunist chollarning navbatdagisi edi.

Reply
4. Тўлқин Қораев says:
September 7, 2010 at 5:52 am (Edit)

Ажоиб таҳлил бўлибти. Кўпчилик диндорларимиз ўзи яшаб турган жамиятнинг кичик бир бўлаги эканликларини унутмасликлари лозим. Биз жаннатни орзу қилсакда, аммо мана шу заминда, ёлғон дунёдамиз ва боқий дунёга ҳечам шошаётганимиз йўқ. Бас, шу жамиятнинг бир бўлаги эканмиз, унинг қай куринишда бўлишидан қатъий назар, унинг тараққиётига хизмат қилишимиз шарт! Акс ҳолда бизни итқитиб ташларига шубҳа йўқ.
Исломий жиҳод ва ҳаракатлар сингари ташкилотларнинг Ислом Каримов режими пойига сув қуяётганини кўплар биларди, лекин вазиятнинг бунақа кўринишдаги таҳлили эса бирор саволга ўрин қолдирмабти. Балки фақат менда бунақа таасурот қолгандир.
Ҳар қандай кўринишдаги диктаторлик ҳукуматлари ташқи ва ички душман омилига таянади. Жамиятни қўрқувда ушлаб туриш керак ахир. Мана шу йўналишда “қурол” бўлиб қолишдан сақланиш зарур. Раҳмат сизга ТОшпўлат ака, ажойиб таҳлилингиз учун.

www.yangidunyo.com

Kommentera