Парижга йўл

Юсуф Расул

Ҳикоя

…Йўлларда туман…Анча вақтки бу қадар кўнгилга яқин сафар бўлмаган. Олдимизда Дания, Олмония, Нидерландия, Бельгия каби мамлакатлар. Сўнг Франция. Париж…

Биз Парижга борамиз. Орзулар шаҳрига…

“Дадажон…Ўзимни англаб етгач сизни тушуна бошладим. Нима десам экан, туйғуларимни сўзда ифодалай олмайман…”

“Ўғлим сен ҳам мени деб анча толиқдинг. Ўжар боласанда. Парижга борамиз деб туриб олдинг. Сенга ачиниб кетаяпман . Бироз дам олсанг бўларди.”

“Йўқ менга ачинманг, дада. Қаранг, шунча узоқ йўл босдик. Мен сира ҳам чарчаганим йўқ. Ёнимда бўлсангиз сира толиқмайман. Дунёнинг қайси бурчагига бўлсин кетаверамиз.Ахир бу мен учун катта бахт. Омад. Ўз падарингни дунё кездириш ҳар бир фарзанд учун шундай руҳий далда ички қониқиш билан амалга ошириладиган бир неъмат..”

“Майли, ўзингни қийнамасдан мошинани секин ҳайдайвер. Толиқсанг тўхта. Бироз дам олиб яна кетамиз. Йўлда ухлаб қолмасанг бўлди. Чиройли жойлар экан…”

“Ҳа, қаранг, денгиз устида қурилган дунёдаги энг узун кўприкдан ўтаяпмиз.
Мана буни мўъжиза деса бўлади. Ҳеч қандай устунсиз шунча узун кўприкни қандай қуришган экан?. “

“Ҳа, ҳақиқатдан, ишонгинг келмайди. Олдин киноларда кўрардим. Болтиқ бўйида шимолни жануб билан боғловчи бу узун кўприк ҳақида жуда кўп филмлар ишланган. Шуни ҳам ўзимизга ўхшаган одамлар қурганми? Биз томонларда оддий кўприкни қуриш катта муаммо. Булар эса денгиз устида шу қадар улкан кўприк тиклашибди. Тараққиёт дегани мана шунақа бўларканда.”

“Ҳа, дада, Европа халқлари қанчалик улкан тараққиётга эришганини шу кўприкка қараб билса бўлади. Булар биздан жуда ҳам олдинлаб кетишган. Биз эса ҳали ҳам молларга сомон йиғамиз. Пахса деворлар қурамиз. Турмушимиздаги оддий муаммоларни ўзимиз ҳал қилиш йўлларини билмаймиз. Интилиш йўқ. Ҳаракат йўқ. Фикр йўқ. Тафаккур йўқ…”

“Сен жуда ҳам ўзгариб кетибсан, ўғлим….”

“Ҳа, ўзгардим дада. Ҳаёт, турмуш, йиллар инсон дунёқарашини ўзгартириб юборар экан. Энг муҳими қандай жойда , қандай жамиятда яшаш .. “Муҳит кучли
экан, эгдим бўйнимни” деб ёзганди Чўлпон. Чўлпон ҳам дунё кезган. Европа
шаҳарларини келиб кўрган. Билганки бу томонда ҳаёт бошқача. У томонда эса эски ҳаммом, эски тос. “

“Парижага олдин ҳам борганмисан, ўғлим. Жуда чиройли шаҳар дейишади. Бир марта бўлса ҳам Парижга боришни орзу қилардим. “

“Ҳа, дада, икки марта борганман Парижга. Эйфел минорасига чиққанман. Сена дарёси соҳилларида узоқ хаёлга толиб юрганларим эсимда. Қайтиб кетгим келмаган. Юрагимда ўрнашиб қолган ўша манзара. Париж – орзу умидлар шаҳри. Севишганлар шаҳри ҳам дейишади. Эйфелга чиққан ёшлар бир умр бахтли бўлишар экан. Қайдам!. Ким билади?. Бунда ҳам бир сир бўлса керак…”

“Ҳа, эшитганман…”

“Ухлаяпсизми? Майли, бемалол дам олиб кетаверинг. Мендан хавотир олманг. Йўл юравериб ўрганиб кетганман.”

…Инсон туғилган кунидан бошлаб қаршиликка дуч келади. Ҳаёт, дунё, инсонлар жамияти уни қаршисидан чиқади. Ўзи каби инсонлар… Уларга қарши туриб яшаши керак. Бўлмаса ҳаётини чил- парчин қилиб ташлашади. Ҳаёт дегани қарши туриш дегани. Мен кўпинча шулар ҳақида ўйламан.

Эҳ, дадажон. Сизни Парижга олиб бораман, деб ваъдалар берардим. Мана келдингиз. Энди орзуларимни амалга ошириш фурсати етди.

Кўп одамлар ўзлари яшаб турган қишлоқдан чиқмай ўтиб кетишади. Дунёда Париж деган шаҳар борлигини билишмайди ҳам. Аслида ҳаёт, умр саёҳат учун берилганини улар тушуниб етишмайди. Сафар қанчалик улкан машаққат бўлмасин, инсонни тоблайди. Сафарга чиқмаган одам ҳеч нарсани англамайди.

Инсонни улғайтирадиган, инсон қиладиган аслида сайру саёҳат… Ҳеч бўлмаса ҳаёл дунёсига сафар қилиш керак. Ўзига сафар қилиши керак инсон, дейман. Туйғулар, орзу хаёлларга .

Инсон ботинида ҳам улкан дунё бор. Шу дунёни кашф қилолмасанг яшашдан не маъни бор?!. Лекин одамлар ўз ички дунёларига чуқурроқ разм солишга
ийманишади. Кўпчилик ўзи билан ўзи ёлғиз қолишдан қўрқади. Ёлғиз қолдими одамлар олдига чопади. Жамиятга кириб яшириниб олади.

…“Дада, ухлаяпсизми?”

“Йўқ. Хаёл суриб кетаяпман. Сен ухлаб қолмагин тағин”.

“Ухламайман… Қаранг, денгиз устида қурилган йўл ҳам тугади. Энди улкан кемага чиқамиз. Етти қаватли уйдек келади. Автомашиналар, автобуслар ҳам жой бўлади ичида. Кичкина шаҳарнинг ўзи. Магазинлар, ресторанлар, концерт заллари дейсизми… Ташқарида нима бўлса ичкарида ҳам бор”

“Бунақа катта кемани биринчи марта кўришим. Ҳақиқатдан улкан экан. Шуни ҳам одамлар ясаганми ўғлим? Қойил қолмасдан илож йўқ.”

“Мен ҳам биринчи марта бу кемага чиққанимда ҳайрон бўлганман. Данияни Олмония билан боғлаб туради булар. Ҳар соатда, кечасию кундузи қатнайди. Болтиқ денгизи шу ердан бошланган. Нариги томонда Эстония, Латвия, Литва… Тепада Финландия…”

“Ҳа, олдинлари харитадан кўрардим. Энди ўз кўзларим билан кўриб турибман. Расмдан кўра ўзини кўриш керак экан. Денгизни гўзаллигини қара! Дунёда шундай чиройли жойлар бор экан… Биз эса қишлоқдан чиқмай яшаб юрибмиз. “

“Дада, сиз боя хаёлга толиб жимиб қолганингизда мен ҳам шулар ҳақида ўйладим. Бизни одамларимиз қишлоқни дунё деб ўйлашади. Улар учун кичкина қишлоқча катта дунё. Оила , фарзанд, тирикчилик ташвишларидан ортиб дунё кезишга ҳам имконлари йўқ бечораларни.

Европа халқлари топадиган мояналарининг нақд олтмиш фоизини сайру саёҳатларга сарфлашар экан. Бизни одамларимиз эса нари борса икки – уч фоиз
маблағларини. Шуни ўзидан ҳар икки томондаги илму фан, маданият ва тараққиёт ҳақида хулоса чиқариш мумкин”.

“Бизни одамларимизда пул йўқда, ўғлим. Бўлса ҳам уйим жойим дейди улар. Саёҳатга пул сарфлагунча тўй қилгиси келади. Уй қуради. “

“Буни менталитет дейишади. Ўзбекчасига зеҳният. Европада одамлар зеҳниятини чуқур ўрганган руҳшунослар кўп бўлган. Уларга динсиз, агностик ёки даҳрий деган тамғалар босишади. Лекин инсон руҳиятини ҳеч ким уларчалик чуқур таҳлил қилиб бера олмади.

Одам боласини дунёга келган чоғидан то умрини охиригача бошқариб турадиган нарса аслида унинг умри давомида кўрган – кечирган тажрибалари, олган билимлари, кўникмалари, тафаккури деб билишади. Инсон тақдирини яратадиган нарса ҳам аслида тажриба. Ҳиндлар буни карма дейишади.”

“Инсон тақдири олдиндан белгилаб қўйилган. Тақдир деганлари бор нарса! Ҳеч ким ўз тақдиридан қочиб қутила олмайди. Тақдирни Худо инсон туғилмасдан олдин яратган. Ҳаммамиз ўз тақдиримизга кўра яшаб ўтамиз. Тақдир ҳукмидан ҳеч ким қочиб қутила олмайди, ўғлим”.

“Сиз шундай дейсиз, дада. Лекин тақдири илоҳий билан инсон иродаси бошқа- бошқа нарсалар. Инсонда икки нарса мужассам. Моҳият ва шахсият. Биз моҳиятан инсонмиз. Яъни, инсон қиёфасида туғилганмиз. Инсон ўлароқ яшаймиз. Инсонлик моҳияти бизни ҳаётимиз, сиз айтгандек тақдиримиз. Лекин туғилган кунидан бошлаб то умринининг охиригача инсон ҳаётига катта таъсир қиладиган нарса шу инсоннинг ўзи, унинг шахсияти. Шахсият ва моҳият бир- бирига чамбарчас боғланган. Инсон моҳияти унинг шахсиятига таъсир қилмаслиги мумкин, лекин шахсият моҳиятга кучли босим ўтказади. Инсон ҳаёти шахсият атрофида турлича бўлади.”

“Билмадим ўғлим. Дунёнинг ишлари қизиқда. Ҳаёт ҳақида ҳамма ўзича фикрлайди.”

“Мана энди кемадан чиқамиз. Буёғи Олмония. “

“Чиройли жойлар экан. Олмония деганда немис фашистлари эсга тушади. Фашистларга қарши урушда совет халқи йигирма миллион қурбон берган. Йигирма миллион инсонни шулар қириб битирган. Ҳар бир оилага улар
шундай даҳшат солган. Ўлим лагерлари қуришган. одамларни тириклайин ўтда куйдиришган.

Инсоният тарихида бу қадар ваҳшийликни ҳеч ким қилмаган бўлса керак. Лекин
урушдан кейин немислар тезда ўзларини ўнглаб олишда. Яна кучли тараққиётга
эришди булар “.

“Тозалик, озодалик улар учун энг муҳим нарсага айланган. Дунё халқлари ичида инглизлар билан немислар энг тоза , озода халқлар деган гап бор. Ҳар куни эрталаб албатта чўмилишаркан. Инсон руҳиятига, тафаккурига энг керакли нарса ҳам ҳар куни тоза сувда чўмилиш аслида”.

“Далаларини чиройлилигини қара. Ҳамма нарса саранжом-саришта. Бирор ахлат
уюми кўринмайди. Халқи меҳнаткаш экан. Ҳа, немислар кучли тараққиётга бекорга эришмаган. Бунинг бирон сири бўлса керак. Немислар ишлаб чиқарган техника, транспорт воситаларини айтмайсанми? “Мерседес” “Ауди” “Опел”, БМВ… Бизни қишлоқда ҳамма Опел минади…“

— Бу ерда Худонинг берган куни ёмғир ёғади. Ҳар гал Олмонияга келганимда шу манзарага дуч келаман. Далалардан туман кўтарилади. Йўлни кўриш қийин. Йўл босасиз, йўлингиз кўпаймайди. Денгиз бўйига яқин жойлар-да …

Эҳ, дадажон. Жуда ажойиб инсонсиз-да Сиз йўлларни томоша қилиб кетаверинг. Мени ҳам ўз ишим бор. Нималардир хаёлимдан кетмайди. Болалик кунларимни эсламан. Хотиралар қуйилиб келади…

Муҳожирлик, ўзга юртларда дарбадар кезиш ҳам жонимга тегиб кетди. Ватанимни соғинаман. Лекин боролмайман. Болалар бор. Шулар ўқисин… Европа таълимини олишса ҳеч бўлса халқига , ватанига ёрдами тегадиган инсонлар бўлишади, деб орзу қиламан. Албатта келажакда… Лекин инсонни келажаги қоп – қоронғу. Ҳеч нарса кўринмайди. Ўтмиш хотиралари хаёлингизда ястаниб ётади. Келажак ҳақидаги тасаввурлар ўрни бўш.

Биласизми, дада, мен кўпинча инсоннинг ҳеч қандай келажаги йўқ, деб ўйлайман. Аслида вақт бугундан ўтмишга қараб ҳаракат қилаётгандек туюлади. Биз келажакка эмас, ўтмишга қараб кетаётгандекмиз. Келажак орқада қолади. Нега шундай?…

Тасаввур қилинг, мусаввир сурат чизаяпти. Қоғозда ҳеч нарса йўқ. Бу келажак. Мусаввир суратни чизиб бўлди. Таблода тасвирлар кўринди. Бу ўтмиш. Айни дақиқада мусаввир келажакдан ўтмишга қараб ҳаракат қилмадими? Бу бундай қараганда одатдаги тасаввурларга тўғри келмайдиган мураккаб тушунчалардек туюлади. Лекин аслида ундай эмас. Инсон туғилади. Туғилиш одам боласининг энг сўнгги даври аслида. Яшаш, умр кечириш, тирикчилик ўтказиш билан вақт ўтади, холос. Ҳар бир ўтаётган кунлар инсонни келажакдан ўтмишга олиб
бораверади.

”Ўғлим, ёшлигингда жуда шўх бола эдинг. Ҳозир эса оғир-вазмин бўлиб қолибсан. У пайтларда қаттиқ назорат осида яшардик. Совет давлати, коммунистик режим инсонларни бир қолипга солиб турганди. Мақтовлар авжига чиққан замонлар. Лекин ўша пайтда ҳам фикрларинг бошқача эди. ..

“Билмадим дада. Ўша пайтларда ҳам озми- кўпми адабиётга қизиқар эдим. Нималардир ёзардим, ўзим тушунмасдим. Ёзганларимни ўқиб, ҳайрон
бўлардим. Уларни худди бошқа киши ёзгандек туюларди. Олдин бу ҳақда ўйлаб
кўрмаганман. Кейинчалик шунга ишона бошладим. Мени ичимда мендан бошқа яна кимдир бор эди. У айтарди, мен ёзардим. Кейинчалик менга ёздираётган киши у мени ўзим, шахсиятим эканлигини тушуниб кетдим. Шахсият инсон моҳиятига зид ўлароқ мустақил ривожланар экан. Бу кўпинча адабиётда намоён бўлади..”

“Ҳа, эсимда бор, бир шеъринг бўларди “Кетаяпман ўзимдан хавотирланиб…” деган. Шу шеъринг менга ёқарди, ўғлим..

Қаричлаб, белгилаб чораларимни,
Хаёлимга тизиб бор имконимни.
Кетиб бораяпман ҳаёт оралаб,
Танимга яшириб сабил жонимни.

Кўзларимдан кимдир атрофга боқар,
Қалбимда қўр тўкиб ўтирар кимдир.
Кетаяпман… ўзимдан хавотирланиб,
Ичимдаги кимдир ҳанузки жимдир”.

“Ҳа шу шеър ўша пайтда ўзимдан ҳайратланиб юрганимда ёзилган дада. Эсингизда қолган эканда?”

“Ҳа, албатта. Кўп шеърларингни ёддан биламан, ўғлим. Ахир сен мени юрагимдаги гапларни ёзасан”.

“Дада, биласизми, саксон беш фоиз отанинг фазилатлари ўғилга ўтар экан. Бу дегани мен сизнинг ўзингизман, дегани.Мен сизман, сиз эса менсиз. Фақат тасаввурларимиз, дунёқарашимизда фарқ бўлиши мумкин.

Энди тасаввур қилинг, одам авлодлари нима учун инсонлик фазилатлари билан
ўзларининг асл манбаълари Одам Атога, Одам Ато орқали Яратувчига боғланган. Бу ерда ҳеч қандай ҳайратланарли сир йўқ.”

”Ўғлим, бу дунёда биз тушуниб етмаган нарсалар жуда кўп. Инсон онги, маънавияти чегаралангани боис бу ҳаётнинг моҳиятига етиш жуда қийин.

”Ҳа, ҳаёт жуда мураккаб, дада! Ҳаётнинг моҳиятига етиш қийин. Аслида ҳам шундай. Маъносиз нарсанинг моҳияти бўлмайди”.

“Бу нима деганинг ўғлим? Ҳаётнинг маъноси йўқ, демоқчимисан?”

“Ҳа, ҳаётнинг маъноси йўқ, дада. Лекин ҳар ким ҳаётдан маъно излаши керак. Ҳар бир киши ўз умри давомида ҳаёт ҳақидаги саволларига ўзи жавоб топиши керак. Чунки, ҳаёт олдида, ўлим олдида инсон ёлғиздир. Бу дегани ҳар кимнинг ҳаётдан сўрайдиган нарсаси бўлиши керак. Излайдиган, интиладиган, умид қиладиган нарсаси ҳам.”

”Қара, Рейн дарёси ёнидан ўтаяпмиз. Карл Маркс шу ерда туғилганми? Қойил, инсоният тарихида катта из қолдирган кўп кишилар Олмонияда туғилиб ўсишган…”

“Дунёда немислар, инглизлар, славян халқлари жамики ихтироларни қилишган. Қолган халқлар уларнинг кашфиётлари орқасидан яшаб келишади. Ўзимиздан мисол. Руслар Марказий Осиёни босиб олишгач, замонавий таълим
марказларини, шифохоналарни қуришди. Турли завод ва фабрикаларни тиклашди. Улар бўлмаганда ибтидоий аҳволда яшашда давом этармидик. Мени ҳайратга солган нарса собиқ иттифоқ қулаб, руслар таъсири кесилгач, саноат корхоналари кескин камайиб кетди. Оддий асфалт йўллар қуриш ишларини хитойликлар қўлга олганини эшитиб халқимизга жуда ачиниб кетдим. Мактабни битирган ёшлар борки Россияга мардикорчиликка жўнайди. Замонавий
ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшлар жуда кам. Бармоқ билан санарли.
Нега шундай?”

“Таълим соҳасида кучли ислоҳотлар қилинмас экан, аҳвол ўзгармайди, ўғлим. Бу бир ёки икки йилда амалга ошадиган нарса эмас.Саноат корхоналарини бошқара
оладиган илм ва тафаккурли ёшлар секин – аста кўпайиб бормоқда. Лекин улар жуда кам. Ёшлар билан жиддий шуғулланмас эканмиз, улардан яхши мутахассис бўлишни таълаб қилишга ҳаққимиз йўқ.”

“Мен ҳам шундай фикрдаман, дада. Барча муаммоларни илм билан ечиш мумкин. Муаммолар эса қалашиб ётибди. Халқимиз Европача таълим олган зукко ёшларга ҳамиша муҳтож. Ўтган йили Швециядаги “Волво” ширкатида амалиёт ўтагани келган Хўжандлик бир йигит билан танишиб қолдим. Жуда ҳам тиришқоқ, билимли экан. Қанийди, унга ўхшаган ёшларимиз кўпайса”.

“Бунинг учун шароит бўлиши керак. Ёшларга йўл бериш шарт. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.”

Албатта, дада. Мен ҳам шундай фикрдаман.
Мана гап-гаштак билан бўлиб Нидерландиядан ҳам ўтиб қетибмиз. Бу ёғи Бельгия. Кейин эса Франция чегарасига қадам қўямиз.”

“Сени кўзларинг йўлда. Мен эса атрофни кузатиб кетаяпман. Голландия, сен айтган Нидкрландиядан ўтаётганимизда табиатнинг, далаларнинг гўзаллигини кўриб, ҳайратда қолдим. Далалардаги экинлар ранги бир – бирига ўхшамайди. Ўзи кичкина мамлакат бўлса ҳам бутун дунёга машҳур. Голландия сигирлари…
Голландия гуллари…Буларнинг ҳаммаси меҳнат, илм, изланиш натижаси”.

“Дада, анча толиқдингиз шекилли. Майли, бироз дам олинг. Секин кетаверамиз. Парижга яқинлашганда уйғотаман”.

…Эҳ, дадажон! Жимгина, овоз чиқармай ухлайсиз-да. Сизга ҳавасим келади. Ваҳший дунёда қанчалик қийин бўлмасин ўз ҳаётингизни қуриб яшадингиз. Халқ ичида ўз обрў -эътиборингиз бор. Мен-чи,бу ҳаётда нима қилдим-у, нимага эришдим? Шулар ҳақида ўйлайман. Гоҳ ўтган кунларимдан қониқиш ҳосил
қиламан. Гоҳ ўзим ўзимга ачинаман.

Университетни битиргач, маҳаллий газеталарда ишладим. Кейин ҳаётим
халқаро матбуот билан боғланди. Эндигина уй -жой қилиб, тинчгина яшай бошлаган пайтимда, Европага йўл олдиму, шу жойларда абадий қолиб кетдим.

Бу ерда мени ҳеч ким танимайди. Қўни-қўшнилар оддий муҳожирларга қарагандек
қарашади. Одам билан одамнинг иши йўқ. Ҳеч кимга кераги йўқ, ташландиқ матодекман. Фарзандларим Европача таълим олишаяпти-ку, деб ўзимга тасалли берган бўламан. Лекин дардим кўп менинг. Ғамим кўп. Шундай жимгина, осуда яшаб, ўлиб кетишни истамайман. Худди қоронғу уйда чироқ қидириб юрган кўр одамдекман…

Бу дунёда инсонни тўлақонли бахтли қиладиган нима бор? Кўнгилга ёқадиган касбми? Тўкис ҳаётми? Хотин халажларми? Фарзандларми? Яхши касбим бор, оилам бор, фарзандларим бор. Лекин нимагадир ҳеч нарсадан қониқиш ҳосил қилмайман. Ҳамиша ич- ичимдан ёлғиз одамдек ҳис қиламан ўзимни. Ташқарида одамлар билан ҳамнафасман, лекин ичимда ёлғизман. Мен ёлғизман, дада. Ёлғизман.. Нега шундай? Нима учун?…

“Ўғлим, нима ҳақда ўйлаяпсан? Кўзларинг қизариб кетибди, анча толиққан кўринасан?”

“Йўқ дада, шунчаки ўзим хаёлга толиб кетаяпман. Уйғондингизми? Мана, ҳадемай Париж шаҳрига кириб борамиз. Мазза қилиб шаҳар айланамиз. Тарихий жойларни кўрамиз. Меҳмонхонага жой буюртма қилиб қўйганман. Эртага ҳам бир кун вақтимиз бор”.

“Раҳмат, ўғлим. Умрингдан барака топ. Бу мени ҳаётим давомида ҳеч унутилмас сафар бўлди. Сендан мингдан минг розиман.”

“Ҳар бир фарзанд қилиши керак бўлган иш-да бу, дада. Мен ҳам ўз фарзандлик бурчимни адо қилсам, қандай яхши. Ҳали сизни кўп айлантираман. Бошқа тарихий шаҳарларни ҳам бориб кўрамиз. Инсоният яратган мўъжизалардан ҳайратланиш қандай яхши”.

“Қара, Париз, деган ёзув кўринди. Бу Париж деганими?”

“Ҳа, дада. Французлар Парижни Париз дейишади. Бу ёғи ўша афсонвавий шаҳар. Биз Парижга кириб келдик. Мен ўз орзуимга эришдим. Анча вақтдан буён шуни орзусида эдим”.

“Ҳа, эсимда бор. Қишлоққа борганингда Эйфел минораси олдида тушган суратингни кўриб, мени ҳам албатта Парижга олиб борасан, деганимда, сен ваъда бергандинг.Мен орзуимга эришдим. Сен ваъдангни бажардинг, ўғлим”.

…. Ўшанда қоронғу туша бошлаган пайт эди. Биз меҳмонхонага юкларимни қолдириб, Парижни томоша қилдик. Эйфел минорасига чиқиб, шаҳарнинг тунги манзарасини кўрдик. Сайёҳлар кемасида Сена дарёси бўйлаб сузиб, тарихий жойларни кўздан кечирдик.

Дадам ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Кейинчалик қишлоққа қайтгач, одамларга Париж ҳақида тўлқинланиб гапириб юрганларини эшитдим.

…Ўшанда биз Парижга йўл олганимизда,нафақат орзулар шаҳрига, балки ўз ўтмишимиз, Ўзлигимиз сари йўлга чиққанимизни ва бу сафарни ҳали узоқ вақт орзиқиш билан эслаб юришимизни ўйлаб ҳам кўрмаган эдим.

Швеция, 2015 йил.

Kommentera