Инсонга ўзгача қараш

Мансуралар

Шахсият ва Моҳият

Инсоннинг ташқи кўриниши, унинг ички дунёси инъикосидир.

Ички дунё Инсон Моҳияти асоси бўлса, ташқи дунё Инсон Шахсияти ифодасидир.

Инсон Шахсияти қанчалик етук бўлса, унинг Моҳияти шу қадар мукаммал бўлади.

Шахсият Инсоннинг Ўзидир, Моҳият эса Инсоннинг Илоҳий дунёга тааллуқли руҳий томони.

Фақат мукаммал Шахсият воситасида Инсон ичидаги Илоҳий Дунё, яъни Ўз Моҳияти билан ”дўстлашиши” мумкин.

Шахсиятсиз, оми одамларнинг Илоҳий Дунёга ошнолик иддаолари ўз – ўзини алдаш ва риёкорликдан бошқа нарса эмас.

хххх

Фикр ва Тафаккур

Фикр ва тафаккур Инсон умри ва тақдирини қай томонга қараб ўзгаришида асосий ҳодисадир.

Инсоннинг фикрлаш тарзи ва тафаккури қандай бўлса, унинг ҳаёти ҳам шундайдир.

Ҳар бир кишининг фикри ва сўзларига қараб унинг кимлигини билиш қийин эмас. Фикрлар унинг маънавий қиёфасини ошкор қилиб туради.

Инсон тафаккур орқали Ўзини Ўзи кашф этади. Ўзини Ўзи ”яратади”.

Яхши фикр, Эзгу сўз ва Эзгу амал ҳар бир оила ва жамият учун катта кучдир.

Эзгу фикрдан мосуво жамиятда ёвузликлар кўпаяди.

Яхши фикрли, илм тафаккурли кишилар ҳар бир халқ ва жамият учун асосий халоскор ва эзгу куч ўлароқ фойдалидир.

Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал йўқолган жойда ҳаёт ҳаёт эмас, жаҳаннамга айланади.

хххх

Табиат ва Инсон

Инсоният томонидан яратилган жамийки моддий ва маънавий неъматлар табиатга тақлиддан бошқа нарса эмас.

Айниқса, маънавий – руҳий кашфиётлар табиатдаги бор нарсаларнинг инъикосидир.

Адабиёт, санъат ва турли динлар табиат қаршисидаги Инсоннинг ўз – ўзини ифода этиши жараёнида, айнан шу табиатдан олган кўчирмасига ўхшайди.

Инсон бор экан маънавий қадриятлар яшайди. Маънавият эса Табиатнинг кўзга кўринмас руҳий томонининг инсонда акс этишидир.

Инсон табиатсиз яшай олмагани каби, табиат инсонсиз яшай олмайди.

Инсон табиат ёрдамида ўзини англайди, Ўзини кашф этади. Табиат ҳам ўз навбатида Инсон орқали ўзини ифода этади.

хххх

Ҳаёт ва Шахс

Ҳаёт ва Тирикчилик, Инсон ва Шахс муносабатлари борасидаги баҳс ва зиддиятлар ҳали бери тугамайди.

Ҳаётда яшасангу, лекин Ҳаёт моҳиятини тушуниб етмасанг, Ўзингни Инсон қиёфасида кўрсанг-у, бироқ Инсонлик нима эканлигини билмасанг, бундан-да ортиқ фожеа борми?

Бу Ҳаёт Инсонга Яшаш учун берилган беқиёс имкониятдир. Лекин, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, ҳамиша бу имконият бой берилади. Кунларингиз бесамар ўтади. Ҳаёт кечиришни тирикчилик ўтказиш, кун кўриш воситасига айлантириб олганингизни сезмай қоласиз.

Яшаш учун курашни, тирикчилик ўтказиш учун курашдан қандай фарқи борлигига эътибор бериб ўтирмайсиз.

Ҳаёт кечириш ва тирикчилик ўтказиш бошқа – бошқа нарсалар эмасми?

Яшаш давомида Инсон Ўз – Ўзини англаб етади, Ўз Шахсиятини камол топтиради.

Тирикчилик ва кун ўтказиш учун елиб – югураётганлар ўз шахсиятларини камол топтириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Инсондаги икки хусусият: Инсонлик моҳияти ва Шахс туйғуси тирикчилик исканжасида ўз қадрини йўқотади.

Инсон тирикчилик иштиёқида оила қуради, фарзанд ўстиради, невара кўради.

Насл қолдириш ва фароғат илинжида яшаш ҳар қандай махлуқотларга хос хусусиятдир. Лекин ўз Шахсиятини камол топтириш фақат Инсонга хос фазилат эмасми?

Инсон Инсон ўлароқ, Шахс ўлароқ Инсондир.

Инсонда Инсонийлик туйғуси кучли бўлса, бу унинг оиласи, атрофидаги кишилар учун айни муддаодир.

Ундаги инсонийликдан кўпчилик кишилар баҳраманд бўлишлари мумкин.

Агар инсон Шахс ўлароқ етук бўлса, ундан бутун Миллат, Халқ ва Жамият катта фойда кўради.

Афсуски, Ўз моҳиятига, Ўзлигига эътиборсиз кишилар Ўзларидаги Шахс хусусиятларини унутиб юборадилар.

Инсоннинг Ўзига эътиборсизлиги барча бахтсизликларнинг ибтидосидир.

Ғарб индивидуалликни ёқлаб, бу бахтга эришган бўлса, Шарқ жамоа бўлиб яшашни тарғиб қилиб, инсонда ҳайвоний хусусиятларни кучайиб кетишига йўл очди.

хххх

Туғилиш ва Ўлим оралиғи

Инсон ҳаётидаги энг улуғ жумбоқлардан бири Туғилиш ва Ўлимдир.

Ҳеч ким ўз ихтиёри билан дунёга келмагани каби , Ўзи истаган куни бу ҳаётни тарк эта олмайди.

Демак, инсон ҳаётининг ибтидоси ва интиҳоси унинг ихтиёридан ташқаридаги сирли ҳодисадир.

Лекин, Туғилиш ва Ўлим оралиғида неки мавжуд бўлса, одам болаларининг истак ва хоҳишлари, саъйи ҳаракатлари билан амалга ошади.

Ҳар бир киши мурғак гўдаклик чоғидан Ўзини Ўзи ҳимоя қилиб улғаяди. Унинг Ўзини Ўзи англаб етиши, ШАХС сифатида камол топиши, ҳаётдан ўз ўрнини топишга урунишлари фақат ҳаракат, умид ва интилишлар боис амалга ошади.

Фикрлаш ва Тафаккурдан мосуво одамлар нима сабабдан дунёга келганликларини ва қачон вафот этишларини тушуниб етиш у ёқда турсин, Яшаш ва Инсонлик моҳиятини ҳам англамай бу дунёдан ўтиб кетадилар.

Ҳаёт Туғилиш ва Ўлим оралиғида Инсонга ўзининг Инсонлигини намоён этиши учун энг улуғ имкониятдир. Ҳаётдан олдин ҳам, Ўлимдан кейин ҳам бу имконият йўқ.

хххх

АҚЛ ва Худо

Инсон ўз ҳаракатлари маҳсулидир, дейишади. Ҳаракат, интилиш, илм ва тафаккур йўқ жойда фаол ҳаёт кечириш, бир инсон ўлароқ яшаш имконсиз.

Ниманидир ўрганиш ва билиш инсон ҳаётининг асл моҳиятидир. Бунинг учун АҚЛ инсонга энг яхши ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. ”Мен фикрлаш учун яшайман”, деганда Киркегард бу дунёда тафаккур қилиш қанчалик муҳим неъмат эканлигини назарда тутган эди. Лекин ақл , тафаккур инсонга дўстми ёки ғанимми, деган азалий саволга ким жавоб бера олади?

Ақл инсонни тўлақонли бахтли қила оладими? Нега ақли бор одам ҳамиша ўзини бахтсиз, ёлғиз ҳис қилади. Нега у ҳамиша ғам ғуссалар ичида яшайди? Нега ақл ва тафаккурдан мосуво, руҳий бемор ва девона кишилар бу дунёнинг ташвишлари ҳақида ўйлаб бош қотиришмайди? Улар ақли бор кишига қараганда минг чандон бахтли эмасмилар?

Гегел ёзадики, одамлар таъқиқланган АҚЛ дарахти мевасини еганларидан кейин худди яратувчига ўхшаб фикрлайдиган бўлдилар. Ўртадаги сир кўтарилди. Ҳамма яширин нарсалар аён бўлди.

Бу эса Яратувчи ғазабини қўзғаши аён эди. Одам авлодлари АҚЛ туфайли жаннатдан бадарға этилдилар. Улар энди ўз ақлларини ЎЛИМ воситасида Яратувчига топширмас эканлар, келган жойларига қайтиб боролмайдилар.

АҚЛ инсон ва Худо ўртасидаги тўсиқдир.

Ақл дарахти мевасини еган Одам Ато Яратувчидан – асл ҳақиқатдан узоқда яшашлари учун ўз авлодларига ақл ва билимни мерос қилиб қолдирмаганмикан?

хххх

Ақидапарастлик ва тафаккур

Динлар инсоният учун яшаш тарзини кўрсатиб берувчи тайёр андозалар, яшаш учун бир қолипдир.
Инсоният ҳаётининг мазмуни – Худо яратиб берган тартиб бўйича яшаш…
Фикрлашга, тафаккур қилишга ҳожат йўқ.

Динлар инсондаги гуноҳкорлик туйғусини кучайтиради, айбдорлик ҳиссини юксалтиради. Гуноҳкорлик, гуноҳ учун жазодан қўрқиш ва гуноҳдан қутилиш учун белгилаб берилган тайёр андозалар бўйича яшашга маҳкумлик, инсонда фикрлаш ва тафаккур қилиш имкониятини йўқолишига сабаб бўлади. Киркегард айтганидек ”диний догма бошланган жойда тафаккур қилиш туйғуси ўз- ўзидан йўқолади”.

Ўзларини ”Худо ихтиёри”га ташлаб қўйган, ўз тақдирлари, келажаклари учун курашмайдиган, тайёр андозалар бўйича яшашни одат қилиб олган фикр ва тафаккурга лаёқатсиз минглаб ақидапараст кишилар инсоният ҳаётига фақат зарар келтиришлари мумкин, холос.

хххх

Гуноҳкорлик туйғуси

Гуноҳкорлик туйғуси инсонни бир умр таъқиб этади.
”Биз ҳаммамиз гуноҳкор бандалармиз” деган туйғу ҳар бир кишининг онгу шуурига маҳкам ўрнашиб олган.
Умр давомида одам боласи бу туйғудан воз кечолмайди.

Йиллар ўтган сари инсонда гуноҳкорлик ҳисси улғайиб бораверади. Ўлим қаршисидаги қурқув бу туйғуни баттар кучайтиради.

Диний ақидалар ҳам гуноҳкорлик ва ўлим қурқувини баттар оловлантиради.

Инсон умри гуноҳкорлик исканжасида ҳавога совурилиб кетади.

”Ўзингизни гуноҳкордек ҳис қилманг”, дейди бир донишманд.
”Сиз гуноҳкор эмассиз” .

Айбдорлик туйғуси боис инсонларни бир қолипга солиб туриш осон. Айбдорлик тамғаси билан сизни осонгина қул қилиб олишлари мумкин. Гуноҳкорлик туйғусини рўкач қилиб ҳаётингизни барбод қилишларига йўл қўйманг.

Сиз гуноҳкор эмассиз.
Биз гуноҳкор эмасмиз.

Гуноҳкорлик туйғуси инсон руҳиятига ташланган қафасдир…

хххх

Тушда ҳақиқий ҳаёт бор

Туш кўрсам ўзимни кўраман. Ўзим ўзимга тикиламан. Худди хаёл каби узоқ узоқлардан кўринаман ўзимга.

Уйғонсам ўзимни унутаман.

Туш ҳақиқий ҳаётга ўхшайди. Уйғоқлик эса ҳаётнинг акси, тескарисидек гўё.

Ҳаёт, тирикчилик ва инсоннинг ўзи ҳаракатлар натижасида пайдо бўладиган воқеъликдек. Тушда эса ҳаракат йўқ. Вақт муаллақ қотиб қолгандек.

Тушда инсон руҳий дунёда кезиб юради. Уйғонгач у дунёни эслай олмайди.

Тушга эътибор бермайдиганлар ҳақиқий ҳаётдан узоқлашиб кетган одамлардир.

Тушда биз ўтмишимиз ва келажагимиз билан учрашамиз.

Тушда олдинги ҳаётимиз ва жисм дунёсидан кейинги умримиз давомини яшаймиз…

2015 йил. Швеция.

Kommentera