Шеърият – Ўзликка қайтишдир

Юсуф Расул

…Хайрият адабиёт, санъат каби инсон руҳиятини покловчи, инсон қалбини ваҳший тирикчилик зарбидан асраб турувчи илоҳий неъматлар бор. Йўқса, пул топиш, моддий бойлик тўплаш, фаровон ҳаёт иштиёқида ўзлигини унутиб бораётган одамларга ким ҳам ёрдам қўлини чўзарди.

…Хайрият инсонни Ўзлигига қайтарувчи шеърият бор. Шеър бор…

”Олис қишлоқ қорга бурканиб,
Мўрилари кўкка оҳ урар.
Ташқарида изғирин, онам
Юпунгина, ғам суриб турар…

Балки ўйлар, қор босиб қолган,
Эрта кетган отам қабрини.
Шундай кунда кимга ҳам айтар,
Дил тубига чўккан дардини.

Қор кўп ёққан, синдирмасин, деб
Тиргак қўяр олма шохига.
Лекин ўзи тиргакка муҳтож,
Бўлиб турар гоҳи-гоҳида.

Фарзандлардан ортган ушоқни,
Мусичага тўкар, илиниб.
Қабарган қўл бармоқларининг,
Ёриқлари турар билиниб.

Уйга кирди, чироқ ҳам ўчди,
Қоронғи тун чўкканди, бироқ.
Мунис онам қалби тубида,
Ёнар эди умидли чироқ.”

(Облоқул Мусоев).

Адабиётнинг мақсади инсон қалбини қутқариш эмасми?

Ўзини унутган одамларга Ўзлигини танитгувчи яна нима бор?

Капиталистик тузум сабаб инсоният моддий неъматларга боши билан шўнғиб кетди. Ишлаб чиқариш, бозор иқтисодиёти шароитида одамлар ҳаётида яна пул топиш ва тўкис яшаш иштиёқи ғолиб келди.

Йигирма биринчи асрдаги техникавий тараққиёт ҳаммасидан ошиб тушди. Инсоният тарихида ҳеч бир ижтимоий тузум инсон қалбига бу қадар зулм қилмаган эди.

Борган сари Инсон ўз аслини, Ўзлигини, Ўзининг асл манбаи бўлган илоҳий дунёни унутиб бормоқда. Одамлар ўз турмушларидаги муаммоларни ечаман деб жуда катта муаммога дучор бўлмоқдалар. Бу муаммо Инсоннинг асли, Инсоннинг Ўзи билан боғлиқ муаммодир.

”Олис қишлоқ қорга бурканиб,
Мўрилари кўкка оҳ урар…”

Нақадар таниш манзара… Узун қиш тунлари олис қишлоқ уйлари мўриларидан кўкка ўрлаётган тутунлар одамлар қалби туйнукларидан кўтарилаётган оҳу зорларни эслатмайдими Сизга?!

Совуқдан тош қотган деворлар ичида хаёлга толиб ўтирган муштипар она Ер юзидаги ўзи каби ёлғиз инсонларнинг ғамангиз тимсоли эмасми?

Тўкин ҳаёт албатта бир куни жонга тегади. Ҳаётингизда нимадир камдек, нимадир етмаётгандек туюлаверади. Излаб тополмаётган, кўнглингизнинг туб- тубида яшириниб ётган нарса тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, асло моддий неъматлар эмасдир.

Инсон қалбидаги сирли туйғулар Шеърият воситасида юзага чиқади. Кўнгилга маҳзунлик ҳисларини солувчи шеърларни ўқир экансиз, излаб юрган нимангизнидир топгандек бўласиз. Руҳингиз поклангандек сезасиз ўзингизни. Одамларга, ҳаётга ва дунёга ўзгача қарай бошлайсиз. Шеърият сизни моддий неъматлардан юқорига, қандайдир сирли, илоҳий дунёга ошно қилгани ҳақида эса ўйлаб ҳам ўтирмайсиз.

Аслида қор босиб қолган қишлоқ уйлари мўриларидан кўтарилаётган тутунлар бир воситадир. Хаёл суриш учун, хотирлаш учун, бир дам руҳий ҳаловат топиш учун бир имкониятдир. Мақсад – турмуш ташвишлари ортидан Ўзидан узоқлашган, Ўзлигини унутган одамлар қалбига ойна тутиш, одамларни Ўзини Ўзига танитиш эмасми?

Шеърият Инсонни Ўзини Ўзига ошно қилади. Инсонни Ўзи билан ”гаплаштиради” . Инсонни турмуш ташвишлари ва нафс истакларига берилиб унутиб қўйгани – Ўзлигига қайтаради. Шу боис ҳам чин шоирнинг ва шеърнинг қадри баланддир…

Швеция. 2016.03.21.

Kommentera