Ижодкор Яратганнинг кўзгусидир

Жияним Достонбекка хат ўрнида

Юсуф Расул

Ассалому алайкум Достонбек!
Соғ – саломат юрибсанми?

Шеърлар китобинг чиқаётган экан, бугун онанг айтиб қолдилар. Табриклайман!

Сен анча ақлли йигитсан? Жуда ҳам камтаринсан. Яхшигина шоир бўлсанг ҳам, ҳеч жойда ўзингни шоир деб танитмайсан. Бу жуда яхши.

Аслида шоирлик касб эмас. Шоирман деб мақтаниб юрган одам шоир бўладими? Баъзи бир ёшларни уялмай ўзини шоир деб таништириши мени кулгумни келтиради. Ким уларни шоир дейди?

Мен тўртинчи синфдан шеър ёзишни бошлаганман, лекин ҳеч бир жойда шоирман деб айтганим йўқ. Шоир деб халқ, миллат, одамлар тан олса, шунинг ўзи катта гап. Шоирни шоирлигини унинг ўзи белгиламайди.

Аслида, ижодкор одамнинг оддий одамлардан фарқи уни дунёга, одамларга ва ўзига нисбатан ўзгача қараши, оддий қолипларга сиғмаслиги, ҳеч нарсадан қониқмаслиги, деб биламан. Ижодкор аввало ўзига нисбатан муросасиз бўлади. Ўзини жуда кўп тафтиш қилиб яшайди. Одатдаги тушунчалар ва фикрларга, одат ва анъаналарга нисбатан тоқатсиз бўлади.

Умуман, ижодкор жамиятнинг юзига тутилган Яратганнинг кўзгусидир. Одамлар ижодкор орқали ўзларини танийдилар. Ўзларини ўзлари англаб етадилар. Бу жуда катта фалсафа.

Мана сенга оддий мисол. Умрида бир китоб ўқимаган одам албатта қўшиқ эшитади. Қўшиқда ўз кўнглидаги нарсасини топгандек бўлади. Ишқ, вафо , садоқат, ота – онага муҳаббат мавзуларидаги қўшиқлардан таъсирланади, қайғуга ботади, кўзларига ёш келади. Бу қўшиқлар сўзларини шоирлар ёзган эмасми?

Оддий одам шоирнинг кўнглидан чиққан туйғуларда ўзининг дарду армонлари ифодалангани боис шу ҳолатга тушади. У шоир шеърлари орқали ўз қалбидаги туйғуларни ҳис қилади, ўзини теранроқ англай бошлайди. Ижодкорнинг зиммасидаги масъулият шу боис ҳам жуда улуғдир.

Умуман, шеър ва шоирлик илоҳий ҳолатдир. Шоир ўз дардларини қоғозга тўкар экан, худди оғир юкдан халос бўлиб осмонга кўтарилган улкан шардек елгил тортади. Шоирнинг дардлари, туйғулари юзлаб, балки минглаб одамларга таниш эканлиги сабаби – ижодкор ижод қилиш пайтида кўнгли орқали илоҳий дунёга боғланади. Ғарб файласуфлари кўнгил дунёсини инсоният хотираси жойлашган улкан хазина ёки онг ости оқими дейишади. Ўқувчилар шеър ўқиётганларида нафақат ижодкор қалбига, балки илоҳиёт дунёсига боғланиб қолганликларини сезмайдилар ҳам…

Достонбек, узр шеър баҳона баъзи фикрларимни кенгроқ ифодалашга киришиб кетибман.. Майли, шоир бўлмоқчи бўлсанг шуларни эсдан чиқармасанг бўлгани.

Шоир шеър орқали ўзини ўзи қутқаради. Шеър воситасида у жамиятдан, майда туйғулардан, маънавияти пас, бадбин одамлардан юқорига кўтарилади. Шоир учун энг муҳими шу.

Саломат бўлгин!!!

Швеция. 2016 йил 5 май.

Kommentera