Ўтмиш юки

Юсуф Расул

Ҳикоя

У тузалмас дардга чалинган эди. Саратон касаллиги юзларини сарғайтирган, олдин ошқозон ости безини ишдан чиқариб, кейин жигари, бўйрагига ҳужум қилган. Аста- секин бутун вужудини зарпечакдек ўраб олган…
Ҳаёт ва ўлим оралиғида кечаётган кунлар, уйқусиз тунлар… Хаёлига нималар келмайди… Кечган умрини таҳлил қилади. Болалик даври, ўсмирлик, ёшлик қувончлари, талабалик ва илк муҳаббат онлари… Кейин айрилик, айрилиқ, яна айрилиқ…

Нега шундай бўлди? Умри фақат айрилиқ билан ўтдими? Биринчи муҳаббатидан айрилган онларидан бошлаб ўтган кунларини мушоҳада қилиб кўрса, ўшандан буён деярли яшамабди. Худди айрилиқ кунигача яшаган-у, ундан кейин ҳеч нима бўлмагандек. Ҳаёт биринчи муҳаббатдан бошланиб айрилиққача давом этадими? Ундан кейин кечирган кунлари, ҳасрат билан яшаган умри нима эди?
Ҳаёт ва ўлим оралиғида турган одам, гарчи, сўнгги кунларини яшаётган бўлса ҳам, нимадандир умид қилади. Умид ва ишонч гўёки инсоннинг икки қанотидек. Энди эса кеч, уни бу туйғуларга ишончи йўқолган. Ҳамма нарсадан кўнгли қолиб кетган. Бу туйғулар ёлғон.. Муҳаббатнинг сўнгги – айрилиқ бўлгани каби , умид ва ишончнинг охири – пушаймонликдир. Инсон айрилиқ учун севади, пушаймонлик учун умр ўтказади. Ҳаётининг сўнгги кунларида ўзи иқрор бўлган хулосалар бу…
…Яна бир оғир ғам бор. Бу шундай бир оғир қайғуки, қоп – қора тошдек юрагининг ич – ичига кириб, ястаниб туриб олган. Бир умр шу оғир тошни елкасида кўтариб яшаб келди. Бу оғир юкдан воз кечолмайди. Улоқтириб ташлай, деса жисму жони билан бирлашиб кетган. Юлиб отиш – ўз жонингга қасд қилиш билан баробар.
…Улар оилада уч ўғил эдилар. Учовлон эмин – эркин ўсиб – улғайишди. Оталари нима деса шуни қилишар, ҳеч қачон уни измидан чиқишмас эди.
Бирин – кетин ўрта мактабни битириб, олийгоҳга ўқишга киришди. (У оилада ўртанчи ўғил эди). Ҳаётни ўйин деб билишар, оила қуриш, фарзанд ўстириш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмас, бу ҳақда фақат оталари қайғурар эди. Катта ака ота истаган қариндош бир қизга уйланди. Унга кўникди. Ота қуриб берган уйда жимгина яшай бошлади. Навбат ўзига келган эди. Бу орада уни ҳаётида бир гўзал қиз пайдо бўлди. У қўшни республикадан келиб таълим олаётган бир талаба эди. Бир курсда ўқишар, кўнгиллари тўғри келган, кўринмас бир ришта уларни ўзаро боғлаб турарди. У буни тақдир деб ўйлади. “Тақдирим шу қиз билан”, деб уни севди.
Тўрт йиллик соғинчли, энг ширин ва армонли дамлари у билан бирга кечди. Кунлар ва тунларда ҳамроҳи эди.
Бу орада ота ўз қатъий хулосасини чиқарди. Унга ўз қишлоқларидан бир қизни унаштириб қўйишганини билди. Ўшанда осмон жуда узоқлиги, ер ўта қаттиқлигини юракдан ҳис қилганди. Қайга қочиб кетишни билмади. Ҳаётининг мазмуни, умрининг зийнати бўлган биринчи муҳаббатидан қандай қилиб воз кеча олади? Ота эса бир сўзлик эди. “Ота рози – Худо рози”. “Отангни юзига оёқ босмайсан, мени айтганим бўлади”, деди. “Урфимиз шу, одатимиз шу”…
Қандай бўлмасин Ота уларни ўрталарига совуқчилик солишга эришди. Қизга хат ёзиб, ўғлидан воз кечишга ундади. Уни бошқа бировга унаштириб қўйишганини билдирди. Қиз шўрлик ич – ичидан тўлиб йиғлади. Иложсиз эди. Юрагида, кўзларида тўла нафрат ва пушаймонликлар билан ўз қишлоғига кетди. Хотини вафот этган бир кишига эрга тегиб, ўз ёғида ўзи қоврилиб яшай бошлади.
…Бу воқеага ҳам қирқ йилдан ошиқ вақт ўтибди. Оталари истагига кўра оила қурган кенжа укага барча уй -жойлар мерос қолди. У эса ота ёрдамида ўзига бошқа уй тиклади. Ота ёрдамида қишлоқ мактабига ўқитувчилик қила бошлади. Отанинг кўмаги билан дўстлар орттирди. Катта давраларга чиқди. Ҳавас қилса арзигулик обрў – эътиборга эга бўлди. Лекин кўнгли негадир нотинч эди. У фарзандсиз эди. Худо унга бир тирноқни раво кўрмади. Отанинг розилиги билан хотинидан ажралиб бошқа бир аёлга уйланди. Ундан ҳам умид қилгани бўлмади. Бу орада ота вафот этди. Отадан ўғилга нимадир қолган эди. У айрилиқ эди. У ғам – қайғу, мусибат ва нафрат эди…
…Бу оғир юкни унга отаси мерос қилиб қолдирган эди. Отасига бобоси… Бобосига катта бобоси… Шундай силсила давом этади. Ота – боболари қанчалик оғир бўлмасин бу вазмин юкми, дардми, баломи, ундан халос бўла олишмаган. Иложсизликдан ўз фарзандларига ўтказиб юбораверишган. Мана энди у бу мусибат азобини чекиши, боболаридан қолган лаънати оғриқни яшаши керак…
Олдинлари бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Ўйлашга сабаб ҳам бўлмаган. Ёки нега дунёга келганини, қандай яшаётгани, ёки қандай яшаши кераклигини фарқига бормасди.
Ҳаёт давом этар, ҳаёт ҳақидаги саволлар ҳам кўпайиб бораверар экан. Бу саволларга ҳар бир киши ўз даври, замонасидан келиб чиқиб жавоб излаши керак эди. Ўтган авлодлар турмушлари ва яшаш шароитлари балки ҳаёт ҳақидаги саволларга тўлақонли жавоб топишга монеълик қилгандир. Уларнинг ақл ва тафаккур кенгликларида бу саволларга жавоб топгулик бирор восита бўлмагандир.!
…Авлодлар алмашаверар экан, улар эскича қарашларни ҳам ўзгартириш пайида бўлишади. Тараққиёт ўз ишини қилади. Тамаддунлар шуни тақоза қилади. Бир авлод ўзгарса бўлди, иккинчиси ўтган кишилар хатолари ёки камчиликларини такрорлашни исташмайди. Олдин турмуш ва урф одатлар, зеҳният тарзи қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолмайди. Одамлар ўзгаришга мажбурдирлар. Лекин нега тараққиётлару тамаддунлар силсиласида ўтмиш юки бир жойда қотиб тураверади. Бу юк нима ўзи? Аждодлардан қолган хотирами? Бу хотира урф-одатлар, одат – анъаналар, тил, дин ёки маданият шаклидаги маънавий мерос ўлароқ келажак авлодлар гарданида осилиб тураверади. Уларни келажакда кимлардир кўтариб яшашга маъруз қолиши керак. Бу меросни янги давр ва шароит нуқтаи назаридан ўзгартириш ёки янгилаш шу қадар қийинки, у худди қаттиқ бетондан қурилган муҳташам уйнинг пойдеворидек қотиб қолган бўлади.
Наҳот бир умр ота – боболаридан қолган оғир юкни кўтариб яшади!?. Энди бу зил – замбил юкни кимни елкасига қўйиши керак?. Фарзанди бўлмаса… Ортидан ”отам!” деб йиғлайдиган ўз зурриёди бўлганда, албатта, бу лаънати юкни уни елкасига илган бўлармиди?! Бу бир томондан уни юпантирса, иккинчи томондан ўз наслини давом эттира оладиган одамнинг йўқлиги қалбига қоронғулик солади. Наслсиз одам мевасиз дарахтдек. Бундан кейин уни ҳаёти шу нуқтада тугайди. Бу ҳақда ўйлаш жуда оғир. Мусибат…
Лекин … Уни ўз сири бор. Бу сирни ҳеч ким билмайди. Умрининг сўнгги дақиқаларида фақат бир кишига бу ҳақда айтиши мумкин. Фақат унга ишонади.
.,, Эртаси куни кўзлари тийран бир йигит беморни йўқлаб келганини айтишди. У тилдан қолган эди. Кўзлари тўқнашди. Тилсиз суҳбатлашиб ўтиришди.
…Шу куни кечки пайт у ўз омонатини Худога топширди.

2017 йил, январь. Швеция.

Kommentera