Юракдаги уй

Юсуф Расул

Ҳикоя

1.

Кўпинча ичингдаги у нилий дунёнинг ташқаридаги мовий олам билан муросага кела олмаслиги сени ташвишга солади. Худди ички ва ташқи дунёлар ўртасидаги рақобат ёки зиддият ичида, аросатда қолган кишидек ҳис қиласан ўзингни. Сен аслида кимсан? Ичкаридаги дунёга тааллуқлимисан ёки ташқаридаги одамгами? Буни-да билмайсан…
Ҳаётда тасодифлару, ғайритабий ҳодисалар кўп учрайди. Сен дунёга келган пайтингни хотирлай олмайсан. Лекин болалик кунларинг кечагидек ёдингда. Ўшанда ўзинг тенги болалар билан урушиб қолсанг ёки ўз тенгдошларингдан ранжисанг ичингда нимадир бош кўтаргандай бўларди.

Ёшинг улғайган сари ичингда жисму жонинг, сийрату сувратингга тамоман бегона, бошқа бир инсон яшаётганини ҳис қила бошладинг.
Атрофингдаги одамлар тирикчилик ўтказиш, фаровон ҳаёт илинжида яшашар, жамиятдаги ҳақсизликлару адолатсизликларга қарши ошкора курашиш, ҳеч бўлмаса ўз норозиликларини билдириш ҳақида ўйлаб
ҳам кўришмасди. “Оч қорним – тинч қулоғим”, “Мендан ўтгунча – эгасига етгунча”, яна нималардир деган шиорлари бор эди уларнинг. Лекин сен ундан эмасдинг. Ичингдаги кимса жамиятдаги адолатсизликлару одамлардаги ҳақсизликларга тоқатсиз эди. У сени тинимсиз курашга чорлагани чорлаган. Нега одамлар бу қадар танбал ва қўрқоқ? Нега эзгуликлар ёвузлик олдида мутеъ ва паст? Нега халқимиз ва жамиятимизни маънавий таназзул ўз гирдобига тортиб кетмоқда? Нега тараққиёт оқими доимо бизни четлаб ўтади? Ўзимиз янги замонда яшасак ҳам фикру ўйларимиз ўрта асрларда қотиб қолгандек? Бу каби саволлар сенитинч қўймасди.
Ёшинг бир қадар ўлғайгач, тушуниб етдингки, ичингдаги одам сени эзгулик, ҳалоллик, маънавий покликка даъват қиларди. Кўпинча уни овозига қулоқ солмас, арзу додларига эътибор бермасдинг. “Одамлар қандай яшаётган бўлса, мен ҳам шундай қиламан”, “Кўпчилик нима деса шу-да” деб, ўзингга ўзинг таскин берардинг. Бу билан ғайришуурий тарзда ичингдаги одамга зулм қилаётганингни тушуниб етмасдинг.
Бир кун келиб шуни англаб етдингки, кўпчилик одамлар қандай яшасалар, улардек бўлиш инсоннинг ички дунёсини чил – парчин
қилиб ташлаши мумкин экан. Аждодларнинг яшаш тарзи, урф – одатлари, фикр ва тафаккур дунёларини ҳамиша ҳам фаровон ҳаётга элтувчи одилона йўл сифатида қабул қилиш – уларнинг хатоларини такрорлаш билан баробардир. Билъакс, ҳар бир киши ўз даврининг одамидир. У ўз замонасидан ташқарига чиқиб кета олмагани каби, унинг дунёқараши, фикр – тафаккур тарзи ҳам кўпинча ўзи яшаб турган вақт ва маконга ипсиз ва иложсиз боғлаб ташланган бўлиши табий ҳол эди.
Лекин сени ичингдаги одам буларни истамасди. Давру замон бўронларига қарши тургиси келарди. Вақт шамолларига бўйин эгишни истамасди.
Бир кун келиб бир нарсага ишонч ҳосил қилдинг. Инсон ташқаридаги дунё билан бақамти яшаса, ичкаридаги улуғвор ва мафтункор, покиза дунёдан узоқлашиб кетади. Нафақат ички дунёдан, балки эзгуликдан, ҳақиқатдан, илоҳий дунёдан айро тушади.
Сен эса – икки дарё оралиғида яшайдиган одам – икки дунё ўртасида сарсон кезинардинг. У дарёга яқинлашсанг, бунисидан мосуво бўласан. Ташқаридаги мовий дунё билан дўстлашсанг, ичкаридаги нилий дунёдан узоқлашасан.
Бу аросатнинг ўзи эди. Бир умр аросат ичида яшамоқдан оғир мусибат йўқ…
Мана умр шоминг ҳам яқинлашиб қолди. Энди ҳисоб берадиган ёки ўзинг ўзингга ҳукм чиқарадиган вақт етиб келганди. Умр бўйи қайси томонда эдинг? Энди қайга кетмоқдасан? Шуни фарқига борасанми?
Ўзинг ўзингга шундай ҳукм чиқардинг: Мен шоир Ғайрат, ҳаётим давомида ташқаридаги дунё , одамлар ва ўзим кун кечирган муҳит билан бақамти яшашга мажбур эдим. Одамлар ва улар яратган жамият қонунларига бўйин эгдим. Ичимдаги дунёни унутдим. Мени севган ва ҳамиша яхшиликлар соғинган ичимдаги дунё ташқаридаги мудҳиш оламни рад этишимни истасада, унга қулоқ солмадим. Мен енгилдим…”
Лекин, ичингдаги нилий дунё сен билан бирга қолди. У сендан воз кечмоқчи эмасди. Сўнгги кунларингга қадар сен билан қолишни истарди.

2.

У кўнгил дунёсида одам қадами етмас бир манзил борлигини биларди. У манзилга борар йўлларни ҳам яхши англаб етганди. Эзгулик йўли эди у… ”Одамийлик ёки ундан-да юқори, инсонийлик ва илоҳийлик йўли бу!”, дерди ўзига ўзи.
Лекин бу фикрларини ҳеч кимга тушунтириб беролмасди. ”Одамлар барибир кўнгил дунёмни ҳис қилишмайди…” деб ўйларди. Ёки бу фикрларига ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўларди. Ҳаммада ҳам кўнгил бор ва ҳаммани кўнглида бир эзгу уй бор. Бу уйга етганлар бахтли инсонлардир. Бахтли инсонлар яшайдиган уй – кўнгилдаги уйдир…
У ёшлигида бир гўзал қизга меҳр қўйди. Ёниб севди. Муҳаббат боис ўз – ўзини унутди. Шу туйғу сабаб у ўз кўнглига йўл топди. Кейинчалик айрилиқ бошига тушди. Лекин кўнгил уйини тарк этмади. Шу уйда
бир умр яшади. Тушуниб етдики, кўнгил уйига нафақат эзгулик, балки муҳаббат билан ҳам кириб бориш мумкин экан.
Ҳаёти давомида не – не кўчаларга кириб чиқмади. Хато қилса куюнди, ранжиса ўксинди, қайғуга ботди. Шундай лаҳзаларда яна кўнгил уйига йўл ахтарди. Билдики, ўз ички дунёсига, ёки кўнгилдаги у мўътабар уйга ранжу машаққатлар, қайғу ва изтироблар билан ҳам кириб бориш
мумкин экан.
Ҳаёти тирикчилик ўтказиш ва қандай бўлмасин яхши яшаш иштиёқида кечарди. Умр бўйи ўз шахсий манфаатлари учун яшаб келганини
ва бир куни жамики моддий нарсалар, бу дунёда тўплаган обрў эътибори, дўсту душманлари ўзидан узоқлашиб, йўқолиб
кетишларини билиб қолди. Охири шундай хулосага келдики, моддий неъматлар ва бу дунёнинг зийнатлари юракдаги одмигина уй олдида қадрсиз ва ҳеч нарсага арзимас экан.
Бир кун келиб оғир дардга чалинди, хасталик уни гирибонидан олди. Жисми сарғайиб сўлди. Охири ҳаётининг сўнгги лаҳзалари яқинлашаётганида тушуниб етдики, ташқаридаги дунё жуда ҳам
кичкина, ичидаги дунё эса беҳад кенг ва муаззам эди.
У ташқаридаги кўримсиз дунёни ва мазмунсиз ҳаётни тарк этиб, жисм дунёсидан узоқлашган онларидан бошлаб, ўзини им– илиқ, ложувард бир уйда яшаётганини ҳис қилди. У бир умр соғиниб кутгани ва севиб яшагани – кўнгил уйида эканлигини англаб етди.
Кўнгил уйи Худонинг даргоҳида эди….

2017 йил, январь, Швеция.

Kommentera