Худодан узоқларда

Юсуф Расул

Ҳикоя

”Бу мактубни ҳаётимнинг сўнгги кунларини яшаётган бир вақтда, сўнгги васият ёки пушаймонлик ҳислари, хатоларга иқрорлик оҳанглари билан, қайғу ва ҳасратларимдан бироз бўлсада фориғ бўлиш мақсадида битмоқдаман. Биламан, сен ёзганларимни ўқий бошлаганингда, мен бу дунёдан ўтган бўламан. Балки, сен ҳам мен каби айрилиқ ўтида ёниб, умр ўтказгандирсан.

Балки, ёшликнинг у гўзал онларида сени бутун қалби билан севган, ардоқлаган, бироқ қадрингга етмаган бир йигит ҳақидаги хотиралар хаёлингнинг бир четида сақланиб қолгандир. Унутгандирсан, ёки унутмасдан яшаш қандай мусибат эканлигини ҳис қилиб, умр ўтказгандирсан.
Бироқ энди кеч… Ҳижрону мусибатлар билан ўтган дамларни ҳеч ким қайтариб бера олмайди. Кўзларим мангуга юмилгач, балки сену менга нотаниш руҳий дунёга кўчиб ўтарман. Балки, биз тасаввур қилган охират, нариги дунё деган нарсалар йўқдир. Балки, жисмим тупроққа кўмилгач, қайта кўз очмасман. Кимдир эслаб йиғлаши учун ортимдан бир уюм тупроқ ортилган қабр қолар ва у ҳам йиллар ўтгач, нураб битар. Мени ҳеч ким эсламас. Унутилган бир одамга айланарман.
Йўқ, мен у қадар бечора эмасман. “Ҳаётимни яшаб ўтсам, ҳамма нарсадан ажралиб қоламан”, деган фикр аслида ёлғон. Чунки, инсон яшар экан, нимагадир эга бўлади. Вафот этса унга ҳеч нарса керак эмас. Демак, нимагадир эга бўлиш ёки кимдандир айрилиш деган қарашлар марҳум учун бегона. Муҳаббатнинг давоми – айрилиқ бўлгани каби, ҳаётнинг давоми – ўлимдир. Ўлим , бу – абадийлик, сўнгсизлик… Ўлим, бу – барча инсонлар орзиқиб кутадиган сукунат, фароғат ойидир…
Булар ҳаётимнинг сўнгги дақиқаларида ҳаёлимга келган фикрлар эмас. Ўтган умрим давомида айрилиқ билан яшадим. Ҳижрон азоблари умрим мазмунига айланди. Айрилиқ билан ўтган кунларим, сен билан бирга кечган ўша масъум чоғлардан сира қолишмасди. Севсанг – қоронғу қалбинг ёришиб кетади, қушдай енгил тортасан, англаб бўлмас, тушунарсиз бахтиёрлик чўлғаб олади, ишқдан жудо бўлсанг, айрилсанг, ундан -да олий ва азиз бўлган чексиз бахту- саодатга эга бўласан.
Ҳа, шундай… Умрида бир марта ишқ дардига дучор бўлган одам, бу туйғуни нақадар муқаддаслигини англаб етади. Энг муҳими – кимнидир севиш… Севгисиз ўтган кунларинг – нурсиз зулматга айланади. Қоронғу умрингни ёритиб турадиган меҳрли хилқат ҳам аслида шу. Ҳаёт- севги, муҳаббат туфайли мавжуд, йўқса, ишқсиз кечган кунларнинг мазмунсиз бир кўланкадан асло фарқи йўқ.
…Биз атиги бир марта учрашганмиз. Ҳаётимиз давомида бундан кейин асло йўлларимиз туташмади. Лекин… ўша мунис чеҳранг, кулиб турган кўзларинг ҳеч қачон кўз ўнгимдан нари кетмайди. Эсингда борми, адабиёт бўйича вилоятлараро ўтказилган ўқувчи ёшлар йиғини… Бир ҳафта давомида бирга бўлдик. Сени қўнғироқдай овозинг маҳзун туйғуларга тўла сатрларни кўнгилларимизга сочганда, ҳайратдан донг қотиб қолардим. Кейин бу туйғулар бизни ўзаро бирлаштирди. Сени севиб қолгандим… Сен ҳам… Бир дақиқа бўлсин мендан узоқлашишни истамасдинг. Бу нима эди? Биринчи муҳаббатми?
Йиғин тугаб, автобусда шаҳар марказигача бирга бордик. Сен қўлларимни маҳкам ушлаб олгандинг. Бармоқларинг тафти юрагимни куйдирарди. Ҳадемай ажрашамиз. Худди энди ҳеч қачон учрашолмаслигимизни сезиб тургандай эдинг… Кўзларинг … илтижо қиларди… Мен ҳам иккимизни ажратмасликни Худодан ялиниб сўрардим…
Лекин… биз икки йўлга қараб кетдик. Сен туғилиб ўсган қишлоғингга, ота- онанг бағрига, мен эса шаҳарга – ўқишга… Бу тасодифмиди? Нега учрашдиг-у, яна ажрашдик!?. Кейин эса сени ҳеч қачон излаб тополмадим.
Ўшандан кейин юракни тилка- пора қилиб юборадиган ҳижрон онлари бошланди. Кундузлари хаёлинг билан яшардим. Тунда эса тушларимда сени кўрардим. Қўнғироқдек овозинг, илтижо билан боқиб турган кўзларинг ва қайноқ бармоқларинг…
Орадан бир йил ўтгач, олийгоҳнинг адабиёт бўлимига ўқишга кирганингни эшитдим. Излаб бориб, тополмай келдим. Сени шу ерда дейишди, лекин йўқ эдинг. Талабалар орасидан кўзларингни изладим. Кимдир кузатиб тургандай эди. Сени ўттиздан ошиқ йигит- қизлар ичида борлигингни юрак – юракдан ҳис қилдим. Лекин … сен йўқ эдинг…
Кейин ҳам қайта – қайта урунишларим натижасиз кетди. Ҳар куни тўлқинланиб ёзган хатларим жавобсиз эди. Кейинчалик олийгоҳни битириб, турмушга чиққанингни эшитдим. Сен билан бир курсда ўқиган дугонанг бу ҳақда кимгадир айтган экан. Сени қишлоқдош бир йигитга турмушга беришибди.
Кейин эса… ҳаётингга аралашишни истамадим. Шусиз ҳам ташвишларинг ошиб ётгандир, дедим. Ўзинг билан тинчиб кетган бўлсанг етарли… Шунинг ўзи қалбимга ҳаловат бахш этарди. ”Менга ўша севгимиздан қолган хотиралар етарли”, дедим…
Тасаввур қил, агар биз турмуш қурганимизда, бу қадар бахтли бўлолмасдик. Сен ҳам бу ҳаётда инсон каби яшашинг керак. Ўз орзу- умидларинг, заминий истакларинг бор. Агар ҳар куни озиқ – овқат, тўкин – сочин яшаш илинжида елиб – югурсак, тирикчилик залворлари елкамизни букиб, ўз – ўзимизни унутиш даражасига етсак, бундан севгимиз қаттиқ зарар кўрарди. У ҳолда биз бошқа одамларга ўхшаб қолардик. ”Ҳамма одамлар каби тинчгина кун ўтказиш – энг катта фожеадир”, деб ўйлардим.
Ҳаммасига кўникдим… Сени ҳижронингда умримни ўтказиш йўлини танладим. Бу бир томондан кўнгилга битмас – туганмас қайғу соларди. Қайғу ва изтироблар эса инсоннинг кўнгил кўзларини очиши, унинг ўзига нисбатан ўзгача назар билан қарашга ўргатиши тасаввурга сиғмайдиган бир ҳолат эди.
Биласанми, сени севган пайтларимда ўзимни қандайдир илоҳий дунёга кириб қолгандек ҳис қила бошлагандим. Кейин… айрилиқ онлари бошлангач, у дунёдан ташқарида эканлигимни сезиб қолдим. Севги инсон қалбини тозалаб, илоҳий дунёга йўл очадиган нурли туйғу эди. Йўқ, севги, бу – Худонинг ўзи эди. Севсанг – Худога дўст тутинасан, муҳаббатдан айро тушсанг – Худодан узоқлашасан. Мен эса сендан айрилдиму, умр бўйи Худодан узоқларда яшадим… Мана, энди қайтмоқдаман. Бироқ қайга? Яна ранжу мусибатларга тўла сенсизлик дунёсигами? ”.
…Мактуб шу ерга етганда тўхтаб қолган. Бу хатни менга Кимдир почта орқали юборган, анча вақтдирки, ғаладонимда ётган эди. Энди у ўз эгасини топишига ишончим комил…

Швеция, 2017 йил, февраль.

Kommentera