Ҳаётнинг эртаси

Юсуф Расул

Ҳикоя

”…Сен бечора одамсан… Нега кўникмайсан?. Ҳаёт дегани сени қўлингга мажбурлаб тиқиштирилган эски матоҳ эмас-ку! Отсанг, улоқтириб юборсанг. Лекин.. бундай қилолмайсан, яшашга мажбурсан… Айт, “бу ҳаёт менга маъқул эмас”, де, “ҳамма каби тинчгина чориғимни судраб яшолмайман”, дея бақир… Бу билан нима ўзгаради? Ҳеч нарса! Оёқ қўлларингни боғлаб ташлашган…. Ҳеч қаерга қочиб кетолмайсан..“

…“Кундалик” дафтарни секин варақлайман. Менга нотаниш, қандайдир ўжар одамнинг ёзганлари булар. У ҳамиша ўзига ўзи саволлар беради. Саволларига эса жавоб тополмайди. Худди кимдир уни мажбурлаб бу дунёда ушлаб тургандек… Ўзини атроф – оламга, дунёга, ҳатто ҳаётга бегонадек тутади.
…Бир куни узун бўйли, қорачадан келган, сочлари жингалак бир йигит ишхонамга мени қидириб келганини айтишди. Ўша пайтда хизмат сафари билан қаёққадир кетган эдим. У ”отамнинг васияти” деб кимнидир “Кундалик” дафтарини қолдириб кетибди. Муқоваси қора, қалин дафтар орқасига муаллифнинг яшаб ўтган манзилгоҳи кўрсатилган. Қаранг, эсдаликлар эгаси билан бир қишлоқда туғилиб ўсган эканман. Манзилини кўриб, кўзларимга ишонмадим – у ерда мен туғилиб ўсган уй рақами ёзилган эди. Ажабо, бу нимаси? Кимдир мен билан ўйнамоқчими? Ёки бирор яқин дўстим ҳазиллашмоқчи бўлдимикан?
Шу каби хаёллар билан дафтарни китоб жавонимга ташлаб қўйганча, очиб ҳам кўрмадим. Бир куни уюлиб ётган ҳар хил китобларни тартибга солаётган пайтда Лев Шестов асарлари ёнида турган қора дафтарга кўзим тушди.

Бу Унинг “Кундалик” дафтари эди.

“…Ўзи қилмаган айби учун жазога ортилган одам. .. У ўзи истамаган ҳолда туғилган. Чунки, ундан ҳеч ким қачон ва қаерда дунёга келиши ҳақида сўраб ҳам ўтирмаган. У ўзи истамаган жамиятда яшашга маҳкум бўлади. Ўзи истамаган таълимни олади. Ўзи истамаган динни бўйнига илишади. Ўзи истамаган аёл билан яшашга маъруз қолади. Ўзи истамаган касбга эга бўлади. Ва бир куни ўзи истамаган куни вафот этади. Мен ҳам истамасдан яшаётган одамлар тоифасиданман. Яшашни истамайман, лекин яшайман. Ўлимни истамайман, лекин бир куни аниқ бу дунёни тарк этаман”.
Ажабо! Бу нимаси? Инсон ҳаёти фожеалари ҳақида бу қадар шиддат билан ёзилган мисраларни ўқимаган эдим. Бу дафтарни ким олиб келган? Бу битиклар муаллифи аслида ким? Бу ҳақда аниқ тасаввурга эга эмасман. Нега нотаниш одам бу каби фожеаларга тўла ҳаёт йўлини танлаган ва нима учун умр бўйи йиққан фикрларини менга васият қилиб қолдиргани сабаби ҳам аён эмас.
“Кундалик”ни варақлашда давом этаман:
“Умр ўтар экан, хар хил кўргуликларни кўравериб, ҳаётнинг маънисизлиги ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Дунёқарашимни шакллантириш ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларимни бойитиш учун кўплаб китобларни ўқиб чиққандим”, деб ёзади У. “Лекин улардан ўз саволларимга жавоб тополмадим. Жавобсиз саволлар умримнинг охирги дақиқаларигача мени қийнаб келди. Балки, кўзларим мангуга юмилгач, бемаъни ҳаётдан ва бу каби бўлмағур саволлардан
бир йўла озод бўларман…”
…Бундан кейин нотаниш одам инсон ва ҳаёт ҳақидаги хотираларини мен учун ёзаётганини билдиришни истайди:
“Балки, бу фикрларимни ўқиб, ҳайрон бўларсан, эй нотаниш одам? Уларни сен учун битмоқдаман”.
“Сен билан бир пайтда дунёга келганмиз. Сен билан бир замонда
яшадик. Шу боис мен сени яхши танийман”, дея давом этади У. “Сен бир нарсани яхши тушуниб олишингни истардим. Аслида мен мен эмасман, сен ҳам сен эмассан. Биз иккимиз, ўзга оламларнинг фикримиз”.
хххх
”Мен зерикарли ва тунд ҳаёт тарзига кўникиб кетолмадим. Аста – секин қалбимни атроф – оламга нисбатан муросасизлик туйғулари эгаллаб олди. Эртадан кечгача тирикчилик истагида ғимирлаб яшайдиган одамлар жонимга тега бошлади.
Ҳар куни бир хил манзара… Одамлар уйларидан ташқарига чиққанча тизилиб ўтиришади. Эркаклар бекорчиликдан қарта ўйнашади, ёки арзон- гаров маст қилувчи ичимликлар ичишади. Аёллар эса ўтган – кетгандан баҳс очишади, ёки кимнидир ғийбатини қилишади.
Ўша куни ҳам шундай манзарага кўзим тушди. Хаёлимда “бу бекорчиларни суратга олиб, пўстагини қоқсам-чи!?”, деган фикр туғилди. “Келинглар, сизларни газетада мақтаб чиқараман”, дедим. Улар қаршилик қилишмади. Эртаси куни бекорчиликдан зериккан, ўз тақдирига бефарқ одамлар ҳақидаги танқидий мақола ўша сурат билан газетада босилгач, ҳаммаёқ ола-тасир бўлиб кетди. Қишлоққа келсам одамлар менга душманга қарагандай қарашларини сезиб қолдим. Сурати чиққан кишилар эса режа тузиб, ҳаётимга қасд қилишни ният қилишибди. Улардан бири йўлдан ўтаётганимда калтак кўтариб ташланиб қолса бўладими? Хайрият, яхши инсонлар кўмагида ундан осон қутилиб қолдим.
Шундан сўнг бу ерда ортиқ яшолмаслигимни англаб етдим. Мен бу юртга бегона эдим, ёки бегона одамга айлангандим.
“Бу ердан кетаман”, дедим, ўзимга ўзим. Кетаману ҳеч қачон бу жаҳаннамга қайтиб оёқ босмайман”.

“Кундалик”нинг бундан кейинги саҳифалари кутилмаган оҳангда давом
этарди:

”…Мен ўз қутбини йўқотиб қўйган одамман. Нима қилишни, қаерга
боришни билмайман. Худо яратиб берган ҳаёт ортиқчалик қилади. Одамлар ўйлаб топган қонунларни тан олгим келмайди. Инсоният яратган турли динлар кўзбўямачилик, ўз- ўзини алдашдан бошқа нарса эмас. Маҳаллий урф – одатлар ҳар бир жамиятнинг кушандаси, деган қарорга келганман. Бундай аҳволда кун ўтказиш азоб эди. Шу боис мен ҳаётдан кўра ўлим деб номланган абадият йўлини танладим ва ўз жонимга қасд қилишга қарор қилдим”..

Кундалик дафтар шундай оғриқли фикрлар билан интиҳосига етганди:

“Бу эсдаликлар муаллифи кимлигини яхши биласан. Қўшни уйда яшовчи йигит орқали бу ёзувларни Сенга бериб юбордим. Уларни битган инсон бу ҳаётни тарк этиб улгурган бўлсада, Ер юзида ўзга оламларнинг фикри ўлароқ яшаб юрибди”.

Швеция, 2017 йил, февраль.

Kommentera